jump to navigation

Муҳаммад Солиҳ: ТУРКИСТОН ШУУРИ Май 28, 2007

Posted by yusufrasulov in Маколалар.
trackback

(Мақолалар)

Куллиёт
4

2007

ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Мақолалар)
 Муҳаммад Солиҳ

TÜRKİSTAN ŞUURU
(Makaleler)
Muhammed Salih

Тўпловчи: Пирмуҳаммад Холмуҳаммад
Hazırlayan: Pirmuhammed Halmuhammed

Тираж: 1000 дона
Tiraj: 1000 Adet

ISBN: 000 000 000 000

Bayrak Yayıncılık Matbaacılık San. Ve Tic. Ltd Şti
Davutpaşa Cd. No: 14/2 Topkapı/İst. — Türkiye
Байрак Яйинжилик Матбаажилик Сан. ве Тиж. Лтд. Шти.
Давутпаша Жад. Но: 14/2 Топкапи / Истанбул — Турция

Тел: +90 212 493 1106
Фах: + 90 212 493 1107
http://www.bayrakyayincilik.com

ФАРИШТАЛАРНИ УНУТМАНГ

(ёш шоирларга маслаҳат) 

“Ҳижрат эркаклар учун вожиб”, дейдилар, аммо, тўғриси, мен Ўзбекистондан чиқиб кетишни орзу қилмаган эдим.
Турғунлик йилларида чоп этилган китобларимни варақлайман. Аксари шеърлар айрилиқ, уйқусизлик, видолашув, қўмсаш ҳақида. Аксари шеърлар ҳеч қачон уйидан чиқмаган одамнинг саёҳати ҳақида, ҳеч қачон йиғламаган одамнинг кўз ёшлари ҳақида ёзган шеърларидир.
Шеър табиатан англанмас бир нарсадир. Эски шеърларимни ўқиётиб, уларни англамайман:  

Тобора оқарар бошидаги соч,
Тобора узоқлашар ундан,
Бошини силаган ул меҳрибон қўл. 
Тобора узоқлашар,
Узоқ-узоқларда ҳилпирар
Ўзга бир давлатнинг байроғи каби.
(“Она билан хайрлашув”, 1981)  

Бу шеърни мен бугун ёзишим керак эди. Агар у бугун ёзилганда эди, муболаға бўлмас эди. Лекин бу ва бунга ўхшаган матнлар 1981 йилда “муболаға ва тушунарсиз” деб топилган эди ва бу тўғри эди.
Ёки мана бу шеърга қаранг: 

Сен ҳам ўша йўлдан кетдинг-а, болам,
Қайт, дедим, қайтмадинг, энди кеч, эвоҳ —
Ром этди сени ҳам лаънати оҳанг.
(шеър назарда тутилмоқда — М.С.)
Ром этди юртидан ҳайдалган арвоҳ
(Абдулҳамид Чўлпон назарда тутилади — М.С.)
Ахир, ўша йўлдан кетдинг-ку ахир,
Энди гуллар эмас, тикон босгайсан —
Сен ҳам арвоҳ янглиғ юргайсан фақир,
Ўз тилингни сен ҳам шифтга осгайсан.
Ўшал эски йўлдан кетдинг-а болам,
Қўрқмай тикилдинг-а қоронғи ғорга —
Эвоҳ, бошгинангни урарсан сен ҳам
Арвоҳ бошин урган ўша деворга!..
(“Онамнинг дегани”, 1985)  

Бу сатрлар иссиқ уйда, турғунлик салтанатининг меваларини тановул қилиб, ёстиққа ёнбошлаган ҳолда битилгандир.
Улар очиқчасига иддаоли, ўз тақдирини Чўлпон тақдирига ўхшатишдан ҳам қайтмайдиган такаббурона руҳда ёзилгандир. Бундай хаёлпарастликнинг нақадар таҳликали эканлиги 1985 йилда хаёлимга ҳам келмаган эди.
Чунки фаришталар доимо уйғоқдирлар ва доимо сизнинг ёнингиздадир. Буни асло унутмаслик керак.
Сизга бунинг яна бир исботини келтираман: 

Ҳеч қачон ўлолмас
Асли ўлик бўлган китоблар.
Ҳиди ҳам чиқмайди жасадларидан
Китоб дўконига кирсангиз.
Ҳақиқий китоблар ўлиши мумкин,
Ҳидланиши мумкин
Ҳақиқий китобнинг жасади.
Шу сабаб уларни кўммаса бўлмас,
Ёндирмаса бўлмас шу сабаб. 
(“Китоблар”, 1978)  

Бу шеър ёзилганидан ўн беш йил кейин Ўзбекистонда ўз китобларимнинг ёндирилишини билганимда, бундай уйдирмани асло битмаган бўлардим. 1993 йили Қозоғистонда босилган “Давлат сирлари” китоби бу уйдирманинг қурбони бўлди. Шеърларимнинг мактаб программасидан чиқариб ташланиши, ҳатто таржималарим остига “М. Солиҳ” олиб ташланиб, “С. Мадаминов” қўйилишига ҳам юқоридаги уйдирма сабабдир.
Минг тўққиз юз саксон иккинчи йил биз дард нима эканини билмаган, такаббур ва ўзига ишонган жайдарилар эдик. Биз фожеа эмас, гўзаллик ахтардик дунёдан. Энди ўша саксон иккинчи йилда ёзилган уйдирмани қаранг: 

Телефон жирингласа, титраб кетаман,
Эшик тақилласа, сапчиб тушаман —
Хабардан қўрқаман.
Қариндошим келса, қочиб кетаман,
Яширинаман оғайним келса —
Хабардан қўрқаман.
Почта қутиси ёнидан чопиб ўтаман,
Қайрилиб қарайман, биров чақирса —
Хабардан қўрқаман.
Йўқ, мен бу дунёнинг фожеа тўла
Кўзларига тик қаролмайман. 
(“Қўрқоқ одам”)  

Мен учун 93-94-йиллар худди шу шеърда тасвирланган воқеалар ичида кечди. Ўзбекистондан келаётган хабарларнинг ҳаммаси фожеали ва уларни эшитишдан, ҳақиқатан ҳам зада бўлдим.
Худди шундай бўлишини билгандай, худди шу саксон иккида яна шу сатрларни уйдиришга тўғри келган экан: 

Менга уйқу бермас жасоратнинг кўзи.
“Нега жисман, қўлинг озод бўлиб. Оёғинг соғ бўлиб, нега жимсан?”  дейди у менга тикилиб.
“Бу қўллар боғлиқ бўлиши мумкин эди”, дейди менинг қўлимни кўрсатиб.
“Бу оёқларда кишан бўлиши мумкин эди-ку”, дейди у менинг оёқларимга имо қилиб.
“Тўғри, — дейман, — сенинг тажрибанг бор, сен боғлиқ қўлларни ҳам кўргансан, кишанли оёқларни ҳам. Лекин мендан нима истайсан, Жасоратнинг кўзи!”
Бақирганим кор қилмайди, тепамдан кетмайди, тонггача қадалиб туради Жасоратнинг кўзи.
(“Жасоратнинг кўзи”)  

Бу жасоратнинг кўзи мени — юмшоқ ерда ўтириб, ширин емаклар ейишни севадиган бир одамни — тарбиялай олдими-йўқми, ҳар ҳолда, 1993 йилнинг апрелида қўлимга кишан солиб ички ишлар вазирлиги ертўласига туширишганда, мен ўз уйдирмаларимга лойиқ бўлишга қаттиқ ҳаракат қилдим.
Турғунлик йилларида ҳам Ўзбекистонда цензура бор эди. Аммо цензорларнинг кўпчилиги бадиий адабиётни тафтиш қилар экан, уни тушунмаганга оларди ёки ҳақиқатан ҳам тушунмас эдилар. Хусусан, 70-йиллар шеъриятдаги фикрий юксалишда нафақат шоирларнинг, балки биз ҳеч қачон севмаган цензорларнинг ҳам ҳиссаси бордир.
Албатта, бу жараённи машруъ (легитим)  бир ҳолда давом этишида, цензорлар каби, муҳтарам танқидчиларимизнинг ҳам хизматлари бор. Улар замонавий шеъриятни изоҳлар экан, ҳеч қачон шеърнинг социал моҳиятига тегинмас эдилар, тегинсалар ҳам юзаки тегинар ва ҳеч нарса бўлмагандай, ўқ илдиз четда қолиб, бошқа нарсалар ҳақида муноқаша этардилар.
Мен бу суҳбатимизда ўз шеърларимнинг таҳлили воситасида баъзи нарсаларни англатишни истардим ва буни нокамтарликка йўймангиз. Бу демак, ўзбек шеъриятида энг яхши уста менман, дегани эмас. Уста шоирлар, Худога шукр, бизда жуда кўп. Фақат одам ўзи ёзган нарсани бошқа бирининг ёзган матнига кўра яхши билади, яъни мен ўз шеърларимга бир техник қулайлик сифатида ёндошдим.
Гап цензура тўғрисида бўлди, ўша ҳақда битта шеърни ўқинг: 

Унинг оғзи
Бир йил муддат билан тикилган эди.
Роппа-роса бир йилдан кейин
Суғуриб олишди
Унинг оғзидаги ипларни.
Ингради,
Қора терга тушди
Битиб қолган оғиз очилар экан.
Шунда у англади ўз сўзларининг
Бу даҳшатли ипга нисбатан
Нақадар оғриқсиз суғурилишини.
(“Муддатдан сўнг”, 1979)  

Бу шеър 1979 йилда эмас, 1994 йилда ёзилганда эди, ҳамма тушунган бўлар эди. Чунки, етмиш тўққизинчи йиллари Ўзбекистонда “оғзи тикилган” (таъқиқланган) бирорта тирик шоир йўқ эди. Шунинг учун ҳам бу қабил шеърларни шеър шайдолари ва мунаққидларимиз тушунмади, чунки бу шеърлар уйдирма эди.
Мунаққидларимиз бундай шеърларни “бармоқдан сўриб олинган ребус”, дея атар экан, мутлақо ҳақли эдилар.
Иккинчи томондан, бу шеърлар бугун ёзилиши керак эди, чунки бугун Ўзбекистонда энг яхши шоирларимизниг “оғзи тикилгандир”, уларнинг оғзидан ипларни суғуриб олиш муддати ҳамон келгани йўқ.
Валлоҳ, бу уйдирманинг йиллар ўтиб, ҳақиқатга айланишини ўйламагандим. Ва энди ёш шоирларга дарҳол маслаҳат бергим келаяпти: асло уйдирманглар, чунки ёзганингизга фаришта “Омин!” деб юбориши мумкин. Агар уйдирмасликнинг иложини топмасанглар, майли, уйдирингиз, фақат хайрли нарсалар ҳақида уйдиринг.
Минг тўққиз юз саксон  бешинчи йилда “Туркистон” калимаси муомалага кирмаган эди. Бугун нафақат кирди, балки “Туркистон” деган газета ҳам чиқа бошлади. Саксон бешинчи йилда “тинтув”, “сўроқ”, “қамчи”, “занжир” каби сўзларни фақат бадиий китоблардагина ўқирдик, бугун эса улар биз учун турмушда ишлатиладиган сўзлардир. Бугун ўзбек зиёлиларининг ватанпарварлари сўроқ қилинаяпти, калтакланаяпти, кишанга солинаяпти. Шунга қарамай, улар ўз қўлларидаги занжирларни шалдиратиб, зулм сукунатини бузишдан қўрқмаяптилар. Атрофдаги жим-жит дунёни уйғотишга ҳаракат қилаяптилар. 

Ҳар сонияда юз бор тинтилган,
Юз бор сўроқланган шаппатдай диёр —
Сенми, ҳали кўкка интилган,
Сенми қоронғуда ахтарган зиё?! 
Фаровон ҳаётдан ношукр банда,
Нон эмас, эрк ҳақида куйлаган сенми —
Ёмон отли бўлиб ҳаммага бунда,
Яна ҳамма ҳақида ўйлаган  сенми?! 
Сенми, тутиб қолган Адл қамчисин,
Сенми, ҳақ жазога ҳалақит берган —
Сенми, нишон олган кўзёш томчисин,
Сенми, ҳали ўша такаббур  мерган?! 
Сенми ҳамон бўйсунмаган бўйин,
Қақраган лабларнинг ол қаҳри — сенми?
Қуллар саҳросида кўтариб қуюн,
Ҳеч не кўрмагандай лол даҳрий — сенми?! 
Соқчи уйқуда деб умид-ла боққан,
Қочишни кўзлаган сенми пиёда —
Бу оғир занжирни шалдиратмоққа
Журъат этган сенми жим-жит дунёда?!
А-ҳа, сенми?!
(“Туркистон”, 1985)  

Энди баъзи шоирларнинг нега шеър ёзмай қўйганини тушунгандирсизлар. Фаришталар атрофида учиб-қўниб юрар  экан, шеър уйдириш хатарли маслакдир. 
Маслаҳатчи Муҳаммад Солиҳ. 

1994 йил, июл. 

ТЎҚСОН ОЛТИНЧИ ЙИЛГА БИР НАЗАР

Ўтган 1996 йил халқимиз учун худди ундан аввалги йиллар каби йил бўлмади. Ўзбекистон ҳақида ташқи дунёга берилган маълумотлар нақадар силлиқ кўринмасин, ичкаридаги аҳволни бу билан хас-пўшлаб бўлмади. Расмий статистикага зид ўлароқ, ўзбекларнинг асосий қисми йўқсиллик ва сафолат ичида чирпинди ва ҳамон чирпинмоқда. Бозорларда гўё ҳамма нарса бор, аммо бу нарсаларни олишга қодир одам оз, бу хиёбонларда кезишга ҳафсала қиладиган бахтиёрлар жуда кам; ҳамма бир бурда нон топиш мақсадида зир югуради. Бу нон топиш жазаваси инсонларимизни иймон ва виждондан бегоналаштирмоқда. Улар борган сари бир-бирига шафқатсизроқ, борган сари меҳрсиз ва оқибатсизроқ бўлиб бормоқдалар. Моддий қашшоқлик уларни маънавий йўқсиллик тузоғига туширмоқда, уларнинг бу тузоқдан қутилишга ҳеч кучлари йўқ, чунки бутун кучлари ўша бир парча нон топиш учун сарф бўлмоқда. Яқинда самарқандлик бир ўқитувчи билан суҳбатлашиб қолдим. У мавжуд аҳволни қисқа ва лўнда ифода этди: “ўқийман дегани ҳам йўқ, ўқитаман дегани ҳам”. Бу гап нафақат маориф системасини, балки бутун жамиятимизни изоҳлайди. Бизнинг жамият зиёлиларни иккинчи нав одам қаторига қўшиб қўйган жамиятдир. Бугун Ўзбекистонда мактаб ўқитувчилари бозорда қурт ёки чакки сотиб, кун кўрмоқдалар. Бугун Тошкентда фан доктори ва профессор унвонига соҳиб олимларнинг киракашлик қилиб юрганини кўришингиз мумкин.
Тошкентда чиқадиган “Мулоқот” журналининг 96-йил, 6-сонида Рашид Раупов деган журналист ўз мақоласида одамлар инсофсиз бўлиб бораётгани ҳақида ёзади, аммо бунинг социал сабабларини ёзишдан истиҳола қилади. Бу табиий, чунки ёзилса, уни Ўзбекистон матбуоти босмайди, борди-ю, босса, бир қанча одам бунинг учун жазоланган бўларди. Лекин Раупов айтишга истиҳола қилган баъзи нарсаларни айтиш зарур: Совет даврида пахта, яъни “оқ олтин” деганимиз пахта толаси етиштириш ўзбек халқининг асосий машғулоти бўлиб қолган ва бу машғулотдан олинган чой-чақа билан кун кечирардик. Энди мустақил бўлган халқимизга ўша чойчақа ҳам кўп кўринмоқда: деҳқон ойларча, ҳатто йилларча маош ололмайди. Бугун 1992 йил маоши тўланмаган ўзбек деҳқони совет давридагига нисбатан ўн карра шафқатсизроқ эксплуатация қилинмоқда. Қишлоқда мактаб ўқувчилари қор ёққунга қадар пахта даласидан чиқмайди ва уларнинг аксариятининг иссиқ кийими йўқ, пойабзали йўқ, ярим яланғоч меҳнат қиладилар. Баъзи мактабларнинг 10 – 11-синфлари тамомила бекитилган.
Бизда истеъмол маҳсулотларининг асосийси нон бўлган. Анча вақтгача нон арзон нархда сотилиб келинди. Бу нон тараққий қилган мамлакат стандартига кўтарилди, ҳатто ундан ҳам ошиб тушди. Лекин бу мамлакатлар стандартида минимум маош 1500 америка долларидир. Бизда-чи, бизда бу маош 10 долларга ҳам етмайди.
Ақл бовар қилмайдиган жойи шундаки, буғдойни деҳқон етиштиради, аммо нонга қорни тўймайди. Чунки ҳукумат ундан буғдойнинг килосини 3 сўмдан олиб, ун қилади, уннинг килосини 50 сўмдан қилиб, яна ўша деҳқон шўрликка сотади. Буғдой сотилар экан, унинг нархини сотувчи қўймайди, бу нархни харидор, яъни ҳукумат қўяди. Бундай «бозор муносабатлари»ни ақлга қандай сиғдириш мумкин?
Ҳали юқорида, инсонлар бир парча нон топиш учун югурадилар, деганда, мажозий шаклда гапирмадим. Яъни, бундай деркан, инсонлар бой бўлиши учун, бадавлат бўлиши учун чопмоқдалар, деганим йўқ. Балки тўппа-тўғри маънода бир парча нон топиш учун югурмоқда бизнинг фуқароларимиз. Бой бўлиш, бадавлат бўлиш имкони эса бир ҳовуч тўраларда бор. Улар халқнинг юздан бир фоизини ҳам ташкил қилмайди. Шу кичик зумра кимсалар иқтисод машинасининг бутун дастакларини ушлаб турибди. Банк операциялари, ташқи дунёдан келган кредит ва сармояларига оид ҳужжатлаштиришлар, ширкатларнинг қурилишлари, фаолияти ва бутун хусусийлаштириш жараёни ўша бир ҳовуч кимсалар назорати остидадир. Аслида, Ўзбекистонда ҳеч қандай эркин бозор ёки хусусийлаштириш йўқдир. Кеча хусусийлаштирилган мулкни эртага давлат яна тортиб олиши мумкин. Буни Ўзбекистонда хусусийлаштирилган бензоколонкалар, такси ширкатлари мисолида кўрдик. Ҳукуматнинг ижтимоиятда бўлгани каби, иқтисодда ҳам истиқрорли бир сиёсат юритишга ортиқ ҳеч ким ишонмайди. Масалан, иқтисод учун ҳаётий аҳамиятга эга бўлган валюта конвертацияси Ўзбекистонда бугун тўхтагандир. Конвертация ҳуқуқи яна ўша катталарнинг қариндош-уруғларининг ва мафиянинг қўлига берилган. Шу сабабли жуда кўп қўшма корхоналар касодга учради, жуда кўпи фаолиятини тўхтатиб, Ўзбекистондан кетиб қолмоқда. Бизнинг маълумотларга кўра, 1500 қўшма корхонадан 1300 таси ўз фаолиятини тўхтатгандир. Фаолиятдаги 200 та ширкат, демак, ўша «қариндош-уруғлар»га пора бериб жон сақлаган ширкатлардир.
Ўзбекистон иқтисодидаги бу бузилиш истиқрорсизликни кўрган дунё мамлакатлари ва иқтисодий сиёсат кузатувчилари бугун қаттиқ тараддуд ичида қолдилар. Бундан бор-йўғи бир неча ой олдин Ўзбекистон ҳақида баъзи ижобий башоратлар қила бошлаган давралар ҳам тилини тишлаб қолди. Бу кайфиятнинг маҳсули ўлароқ, куни-кеча Дунё банки Ўзбекистонга берилиши лозим бўлган катта миқдордаги молиявий ёрдамни бермасликка қарор қилди. Бу тадбир, афсуски, яна ўша жафокаш ўзбек халқига зарар келтирадиган бўлди. Чунки тепадаги тўралар Дунё банкининг миллионларига муҳтож эмас, улар ўз халқининг миллионларини ўзлаштириб, бемалол яшаяптилар. Бутун оғирлик ва зулм миллатнинг чекига тушаяпти. Ўтган 1996 йилда Ўзбекистонда жуда кўплаб инсонлар ўз жонига қасд қилиб, ҳаётдан кўз юмдилар. Сабаби — қашшоқлик. Биз Оллоҳга дуо қилайликки, бу янги йилда бундай интихорлар тўхтасин, бу қашшоқлик, бу сафолат битсин, бу собир миллатимиз, ниҳоят, ёруғликни кўрсин, бошини бир зум бўлса-да, ердан кўтарсин.

(02.01.1997, Истанбул) 

БУГУН ЎЗБЕКИСТОНДА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК ?

(“Озодлик” радиоси мухбири саволларига жавоб)

Мухбир: Ўзини Ўзбекистон ҳукуматига нисбатан “конструктив мухолифат ташкилоти” деб эълон қилган “ЭРК” демократик партияси ва Сизнинг Ўзбекистондаги мавжуд аҳвол хусусидаги танқидий мулоҳазаларингиз тингловчиларга маълум. Аммо “конструктив мухолифат” сифатида “ЭРК” Партияси ва унинг лидери, яъни Сиз, 1997 йилда Ўзбекистонда мавжуд вазиятни яхшилаш борасида қандай ишларни амалга ошириш керак, деб ҳисоблайсиз?
Агар мумкин бўлса, сиёсий, иқтисодий-ижтимоий, маънавий ва хавфсизлик соҳасида қилиниши керак, деб ўйлаганингиз ишларга қисқа, аммо алоҳида тўхталсангиз.
Муҳаммад Солиҳ: Агар Ўзбекистон ҳукумати ўзининг сўнгги баёнотларида билдиргандек, 97-йилни ўзгариш йили қилмоқчи бўлса, бизнинг фикримизча, биринчи навбатда шу ишларни амалга ошириши керак бўлади:
Ички сиёсатда:
1 — модда. 1992 йилдан бери таъқиқланиб келаётган сиёсий партия ва ташкилотларни расман тан олиш, уларга конституцион ҳуқуқларини қайтариб бериб, фаолиятларига қўйилган тўсиқларни бартараф қилиш, сургундаги сиёсий мухолифат вакиллари ва дин арбобларини мамлакатга қайтариш, уларнинг поймол қилинган ҳуқуқларини тиклаш, кейинги 4 йил ичида сиёсий ва идеологик сабаблар билан қамоққа ташланган сиёсат ва дин одамларини озод қилиш ва уларнинг бутун фуқаролик ҳуқуқларини тиклаш;
2 — модда. Цензурани таъқиқлаш, сўз ва матбуот эркинлигини амалга ошириш. Мустақил газета, журнал таъсис этиш ва чоп қилиш ҳуқуқи, мустақил телевизион канал ва радио қуриш ҳуқуқи берилиши лозим. Бугунги мавжуд газета ва журналларнинг ҳаммаси давлатникидир, уларнинг ҳаммаси давлат дотацияси билан яшаяпти. Бу газеталарнинг биттасини “Расмий газета” деб аташ мумкин ва бу газета ҳукумат органи бўлиб, унинг ижро фаолиятини ёритиши, унинг қарорномаларини эълон қиладиган минбар бўлиши мумкин. Иккинчи бир газетани Олий мажлис органи сифатида қолдириш мумкин. Бу газета қонун чиқарувчи ҳокимият фаолиятини ёритган бўларди. Қолган бутун газеталар хусусийлаштириши, яъни фуқаро ёки ташкилотларга сотилиши лозим. Бугунги қўғирчоқ партиялар чиқараётган ҳеч бир газетага давлат ёрдам бермаслиги керак. Бу нашрлар партиянинг ўз маблағи ҳисобига чиқарилиши лозим. Матбуот устидан яккаҳокимлик қилаётган Госкомиздат деган паразит ташкилотни бутунлай бекор қилиш керак.
3 — модда. Ўлкада демократик институтларнинг яратилиши учун сўзда эмас, амалда имкон яратиш. Яъни бутун жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар, жамиятлар, клуб ва тўгараклар, вақфлар, профсоюзлар, қисқаси, давлат ташкилоти саналмаган барча қурилишларни конституцион ҳуқуқлар билан таъминлаш керак. Уларнинг эркин фаолиятини қонун воситаси билан мустаҳкам кафолатлаш лозим. Шундай кафолатлансинки, уларнинг ишига ҳукумат ҳеч бир баҳона билан аралаша олмасин. Шу маънода, бугунги мавжуд профсоюз ташкилотини тарқатиб юбориш ва унинг базасида эркин ишчи синдикатлари тузиш керак.
4 — модда. Суд ва тергов муассасаларини давлат назоратидан озод қилиш ва уларнинг эркинлигини қонун асосида ва амалда кафолатлаш. Бу тадбир олинмас экан, фуқароларнинг нафақат шахсий ҳаётида, балки ижтимоий, сиёсий ва ҳатто иқтисодий ҳаётида ҳам ҳеч қачон адолат қарор топмайди.
5 — модда. Совет паспорт системасини бекор қилиш лозим, фуқароларнинг чет элларга чиқиши ва чет элдан мамлакатга кириши қонун-қоидаларини қулайлаштириш, бу соҳага миллий хавфсизлик қўмитасининг аралашувига чек қўйиш ва ҳаказо. Бу ҳаммаси ўлкамизда қилиниши керак бўлган сиёсий ўзгаришлар, тузум ислоҳотининг бошланғичи ва энг зарур нуқталаридир.
Иқтисодий соҳада зудлик билан олинадиган тадбирлар:
Модда 1. Давлат ўзининг бозор устидан назоратидан зудлик билан воз кечиш керак. Бозорни сўзда эмас, амалда либераллаштириш керак. Товарнинг мамлакатга эркин кириб, эркин чиқишини таъминлаш зарур.
Модда 2. Валютанинг конвертациясини бир сония ҳам тўхтатмаслик лозим. Сизга маълум, бугун Ўзбекистонда конвертация тўхтатилгани сабабли жуда кўп чет эл ширкатлари ўлкамизни тарк этмоқда.
Модда 3. Ўлкамизда чет эллик иш одамлари таклиф қилаётган катта-кичик бутун сармоя лойиҳалари очиқ муҳокама қилиниши лозим ва бу соҳани бир ҳовуч порахўр ва мафиоз кимсалардан қутқариш керак.
Модда 4. Ўзбекистон иқтисоди фақат хом-ашё ҳисобига яшайдиган чалажон бир иқтисод ролидан чиқиши керак. Бизнинг фахримиз саналган пахтамиз ҳам, олтин ва бошқа қимматбахо қазилма бойликларимиз ҳаммаси хом ашёдир ва уларнинг бизнинг иқтисодимизга трансформацияси доим мустамлакачилар томонидан амалга оширилган. Бугун сиёсий мустақилликка эришдик, аммо вазият ўзгармади. Нега? Чунки пахта ёки бошқа бойликларимиз бугун ҳам хом ашё сифатида сотилмоқда, чунки бундай сотишдан ўн-ўн беш вазир, ўн-ўн беш ҳоким, ўн-ўн беш мафиоз фойда кўрмоқда, миллионлаб долларни швейцар банкларига қўймоқда, халқ эса совет давридагидан беш баттар аҳволда забунлик ва йўқсиллик ичида азоб чекмоқда. Халқни бу сафолатдан, иқтисодни бўҳрондан чиқармоқчи бўлсак, хом ашё сотишдан воз кечиб, ҳаялламай тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тамалларини қўйишимиз лозим. Бунинг учун иқтисодимизнинг оғир саноат ва пахта монокультураси томон йўналган ориентациясини ўзгартириб, уни кичик ва ўрта ҳажмдаги завод ва фабрикаларнинг қурилиши томонга буриш лозим. Бу кичик ва ўрта саноат корхоналари шаҳардаги каби, қишлоқларда ҳам кенг миқёсда қурила бошлаши лозим. Бу завод ва фабрика соҳибларига илк босқичда давлат моддий ёрдам кўрсатиши керак. Улар оёққа туриб олгунга қадар солиқдан озод қилиниши ва ҳаказо имтиёзларга эга бўлиши лозим.
Ўзбекистонда халқ бугун икки синфга ажралгандир: ишчи — деҳқон ва интеллегенция синфига эмас, қашшоқлар ва бойлар синфига. Қашшоқлар аҳоли нуфузининг 95 фоизини ташкил қилса, бойлар 5 фоизини ташкил қилади. Ўртаҳоллар синфи йўқ, ўрта синф йўқ. Бу ижтимоий адолатсизлик мавжуд истиқрорни мувозанатсиз бир ҳолатга олиб келади ва жамият доим портлашга ҳозир бочканинг устида ўтиргандек яшайди. Мувозанат — йўқсиллар ва бойлар ўртасидаги бўшлиқ тўлгандагина вужудга келиши мумкин. Бу бўшлиқни фақат ўртаҳоллар синфи тўлдира олади. Биз юқорида зикр этган иқтисод ориентацияси, ўрта ва кичик корхоналари соҳибларини етиштиради. Бу етишган ўртаҳол инсонлар биз қуришни орзу этаётган демократик жамиятнинг тамали бўлажакдир, ўртаҳоллар, сиёсий термин билан айтсак, ўрта синф. Бу синфнинг кичик фабрикаси ёки дўкони бор, у давлатга фақат солиқ тўлайди, қолган бутун даромади хусусий бойлигидир. Бу синф одамни сайловда сотиб олиш мумкин эмас, бу одамга ҳеч ким “Менга овоз бермасанг, ишдан ҳайдаймиз”, ҳам дея олмайди, чунки иш соҳиби унинг ўзи. Бу одам моддий жиҳатдан давлатга қарам бўлмагани каби, алоҳида шахсга ҳам қарам бўлмаган кишидир. Бу киши биз кўришни орзу қилаётган ҳур кишининг ибтидосидир. Демак, бу киши демократик жамиятнинг марказий унсуридир, демократия таъминоти ва кафолатидир.
Мухбир: Аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, 1996 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб, Ўзбекистон ҳукумати республикада унга қадар мухолифат ва Ғарб кузатувчилари таъкидлаб келган муаммолар мавжудлигини очиқ тан олди. Ва эндиликда Ўзбекистон раҳбарияти демократик ислоҳотларни жадаллаштириш, эркин матбуот яратиш ва уни рағбатлантириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бошқа шу каби фундаментал ўзгаришларни амалга ошириш борасида қарори қатъий эканини таъкидламоқда. Шу пайтга қадар Ўзбекистондаги тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида орқага сурилган бу ислоҳотлар, бугун айни шу мақсадда олдинги планга ўтмоқда. Ана шундай янги шароитда, яъни мухолифат ва Ўзбекистон ҳукумати ўз олдиларига қўйган мақсад ва вазифалар кесишган нуқтада, уларнинг ўзаро муросага келишлари ва ушбу муштарак мақсад йўлида конструктив мулоқот ҳамда ҳамкорлик қилишларига умид борми?
Муҳаммад Солиҳ: Сизнинг саволингиз жуда гўзал савол, тўғрироғи, унда баён қилинаётган ишлар жуда ажойиб ишлар. Агар ҳақиқатан ҳам Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар олдинги планга ўтган бўлса, Ўзбекистон раҳбарияти инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби фундаментал ўзгаришларни амалга ошириш учун қатъий қарор қилган бўлса, бундан ҳам қувончлироқ нарса бўлиши мумкинми? Лекин бу ишларнинг бошланганини билдирадиган бирорта белги, бирорта далил борми? Бошланмаса ҳам, бошланмоқчи дея умид берувчи бирор ҳаракат борми, Сиз бу ҳаракатни сезаяпсизми? Агар сезган бўлсангиз, дарров менга ўхшаганларга кўрсатинг, токи бирга қувонайлик, дўппимизни бирга осмонга отайлик.
Ҳа, агар бу ҳаракатни кўрсак, агар жамиятимизнинг бу ҳалокат нуқтасидан бир қадам нарироқ силжиётганини кўрсайдик, биз, мухолифат вакиллари, буни биринчилардан бўлиб тан олган бўлар ва ҳукумат сиёсатини қўллаган бўлардик. Чунки тинчлик ва истиқрорни фақат ҳукумат эмас, биз ҳам истаймиз. Чунки миллатимизга фақат ҳукумат эмас, биз ҳам ёмонни раво кўрмаймиз.
Сиз, мана, Ўзбекистон ҳукумати 1996 йилдан бошлаб ўлкадаги мавжуд сиёсий муаммоларни очиқ тан олди, дедингиз. Хўп, тан олди ҳам дейлик, аммо бу муаммоларни ечиш учун у конкрет нима иш қилди?
Беш-олтита сиёсий маҳбусни озод қилди, дейишингиз мумкин, лекин бу маҳбуслар Ўзбекистон президентининг Америка сафари арафасида атайлаб, хўжакўрсинга озод қилинди ва бу озодликка чиққан маҳбусларнинг ҳеч бири ҳанузгача ҳақиқий маънода озод эмас: улар ҳанузгача ҳокимият тарафидан таъқиб қилинмоқда. Уларнинг ҳаммаси ишсиз ва яшаб турган жойини тарк этиш ҳуқуқидан маҳрумдирлар. Масалан, менинг укам Рашид Бегжон турмадан чиққанига 8 ой бўлди, унга ҳанузгача паспорт берилгани йўқ. Агар паспорт берсалар ҳам, унга вилоятдан чиқиш изни берилмаслиги аниқ.
Ўша қўштирноқ ичида озод қилинган сиёсий маҳбуслардан Сафар Бекжон яқинда хавфсизлик ходимлари тарафидан ваҳшийларча калтакланди. Озод қилинган сиёсий маҳбус Мамадали Маҳмуднинг изида ҳам доим одам бор ва ҳаказо.
Сиёсий мухолифатнинг умумий аҳволига келсак, мухолиф партиялардан ҳеч бири ва бу партияларнинг ҳеч бир аъзоси очиқ фаолият кўрсатаётгани йўқ. Улар 1992 йил таъқиқланган ва шу таъқиқланганича турибди.
Сиз эркин матбуот яратиш ва уни рағбатлантириш хусусида Ўзбекистон раҳбарияти бир иш қилмоқчи, дедингиз. Бугун ташқарида босилиб, Ўзбекистонга олиб кирилаётган мухолифат нашрлари Ўзбекистоннинг ўзида босилмагунча, бизда эркин матбуот бўлмайди. Ҳур фикр цензура қилинар экан, ҳур фикрни айтган шахс таъқиб қилинар экан, эркин матбуот ҳақида гапириш асло мумкин эмас.
Хабарингиз бўлса керак, Ўзбекистонда давлатга оид бўлган яна бир газета ташкил қилинди. Унга “Ҳуррият” дея жуда гўзал ном қўйишибди. Унинг тагига “мустақил газета” деб ёзилгани эса, одамни ҳам кулдиради, ҳам йиғлатади. Майли, бу газетани танқид қилмайлик – яхши ният ёрти мол, дейдилар. Бу «ҳуррият» сўзини ўқиб, бу “мустақил газета” иборасини ўқиб, фаришталар омин деб юборса, не ажаб? Омин десалар, бас, биз ҳурриятга ҳам, газеталарнинг мустақиллигига ҳам дарров эришамиз, иншоОллоҳ.
Энди ҳукумат билан мухолифатнинг муҳтамал ҳамкорлигига келайлик. Агар ҳукумат суҳбатимиз бошида орзу қилинган шаклда ўзгариш ясаса, бундай ҳукумат билан мулоқот қилиш биз учун уят эмас, шараф бўлар эди. Бундай ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлаш бизнинг ватанпарварлик бурчимиз ва фуқаролик вазифамиз бўларди. Агар мўъжиза юз бериб, бу ўзгаришлар бошланса эди, биз кабилар Франкфуртда эмас, Тошкентда жавлон уриб, ўз миллатига хизмат қилган бўлар ва бундан бахтиёр бўларди.
Мухбир: Ҳукумат ва мухолифат муносабатидан, мухолифат ичидаги вазиятга ўтсак. Сиз 1992 йилда ташкил этилган ва ўз олдига Ўзбекистондаги демократик кучларни бирлаштиришни мақсад қилиб қўйган “Ўзбекистон Демократик Форуми” ташаббускори ва унинг раиси эдингиз. Ўшанда, Форум ўз мақсадига охиригача эриша олмади ва Ўзбекистон демократик кучлари, афсуски, бирлашиш эмас, балки ажралиш, ичдан бўлиниш йўлидан кетди. Ўтгандаги хатоларни сарҳисоб қилиб, бугун яна шу вазифани кун тартибига қўйиш пайти келмадимикин? Ва агар бугун ана шу ҳаракат қайта бошланса, унинг ўтгандагидан фарқли натижа беришига ишонасизми? Йўқ бўлса, нега?
Муҳаммад Солиҳ: 1992 йилда тузилган “Демократик кучлар Форуми”ни ташкил қилган тамал, таъбир жоиз бўлса, унинг умуртқа поғонаси, бугун ҳам ҳаётий фаолиятини давом этмоқда. Ўша пайтда Форумга кирган ташкилотлрнинг деярли ҳаммаси билан алоқамиз давом этмоқда.
Демократик Форум сиёсий мухолифатнинг жумҳурият иқтисодини ривожлантириш программаси устида иш бошлаган эди. Бу программани тайёрлаш учун 27 та юксак малакали иқтисодчи профессионаллар, фан докторлари жалб қилинган эди. Олимларимиз ғайрат ва илҳом билан иш бошладилар. Бу одамлар “ЭРК” Партияси аъзоси эмасдилар. Улар ўз миллати ва мамлакатига хизмат қилиш учун қулай иқлим, ижодий атмосфера ахтариб юрган зиёлилар эди ва бу иқлим атмосферини бизнинг ташкилотда кўрдилар ва бизнинг программамизни қабул қилдилар. Бошланган бу иш ҳукумат доираларини қўрқитди. Нега қўрқитганини ҳануз тушунолмайман. Ҳар ҳолда, Демократик Форумнинг 1992 йил апрел ойида ўтган иккинчи мажлисидан кейин “ЭРК” Партиясига қарши репрессив сиёсат очиқчасига юритила бошлади ва сиз айтгандек, Демократик Форум ўз мақсадига эриша олмади. Бу нуқтада шуни ҳам айтиш лозимки, Демократик Форум фақат мухолифатни бирлаштиришни ўз олдига вазифа қилиб қўйгани йўқ эди. Бу бирлашган кучлар айни замонда мамлакат ривожига ўзининг альтернатив ғоялари билан ёрдам беришга қодир сиёсий гуруҳ эканини ҳам исбот қилиши керак эди. Афсуски, буни исбот қилишга улгурмадик. Лекин Ўзбекистонда сиёсий вазият бироз юмшаса, бас, бу кучлар бир зумда тўпланажак ва ишни қолган еридан давом эттиражакдир.
Мухбир: Бугун Ўзбекистон ҳукумати ва мухолифати бир нарсани – республикада демократик, эркин жамият қуриш ғоясини таъкидлаётган айни пайтда, ўз номидан “тарихлар тўқилиб, ҳукмлар ўқилаётган” халқнинг буларга муносабати ноаён. Демократия “олабўжи” қилиб кўрсатилганда ҳам у “миқ” этмади (деярли!) ва бугун бунинг акси гапирила бошлаганда ҳам, у жим. Ўз тақдирига ана шундай лоқайд ва масъулиятсиз бир халқ билан бирор жиддий ўзгаришлар қилиш мумкинлигига ишонасизми? Ёки Ўзбекистон тақдири уни бошқарадиганларнинг инсофига боғлиқ бўлиб қолаверадими?
Муҳаммад Солиҳ: Халқнинг ўз тақдирига лоқайдлигининг сабаблари, албатта, кўп. Бу сабабларнинг энг муҳим иккитасини кўрсатиш мумкин. Биринчиси, моддий сабабдир. Қорни оч одам ўзининг инсоний қадр-қимматини эмас, оч қорнини тўйғазишни ўйлайди. Бу, афсуски, аччиқ ҳақиқатдир.
Лоқайдликнинг иккинчи муҳим сабаби маънавий сабабдир. Халқимиз 100 йил давомида эътиқодсизликка ўргатилди, онгига атеизм сингдирилди. Оллоҳга инонмаган инсон моддий қийинчиликларга таҳаммул этолмайди, сабр қилолмайди, ўз инсоний ғурурини топташ ҳисобига бўлса ҳам, тезроқ қорнини тўйғазишга ҳаракат қилади.
Демак, халқнинг ижтимоий фаоллиги, биринчидан, унинг иймонига, иккинчидан, иқтисодий аҳволига боғлиқ экан. Етишиб келаётган авлод шу перспективада тарбияланиши лозим. Ўшанда биз ўз тақдирига лойиқ халқ категориясидан чиқиб, шуурли ва кучли миллат савиясига юксалишимиз мумкин. Оллоҳ ҳаммамизни бу кунларни кўришни насиб этсин.

(22.01.1997) 
 

ҚАЙТИШ ҲАҚИДА

(“Озодлик” радиоси саволларига жавоб)

Бугун Ўзбекистондан ташқарида яшаётган ва “мухолифатчилар” деб аталаётган кишилардан ҳеч бири ўз истаги билан ватанни тарк этгани йўқ. Уларнинг ҳаммаси мавжуд сиёсий тузум томонидан ўлкадан чиқиб кетишга мажбур қилинганлар. Албатта, уларнинг ҳаммаси дер экан, буни истисноли қабул этмоқ лозим. Масалан, бизнинг ичимизда юриб, ҳукумат топшириғини бажараётган гизли кимсалар ҳам йўқ эмас. Улар мухолифатни ичидан емириш учун ёлғон ва фисқу фасод тўқиб, бу тўқилган материални ҳар хил нашрлар воситасида Ўзбекистон жамоатчилиги орасида ёйишга ҳаракат қилиб келди. Бу одамларни бугун Президент Каримов Ўзбекистонга қайтишга даъват қилмоқда. Чунки Каримов мухолифатни етарли даражада парчаладим, деб ўйлайди ва янглишади. Аммо булар кўпчилик эмас. Кўпчилик ўз ватанини севган, сургун ҳаётни бутун қийинчиликларга қарамай, ўз эътиқодидан воз кечмаган ва бу йўлда қўлдан келганча хизмат қилаётган инсонлардир. Ҳеч шубҳасиз, бу кишиларнинг ҳаммаси ватанига қайтишни истайди. Улар ҳукумат газеталари ёзаётгандек, “Оврупонинг ресторанларда айш-ишрат қилишни эмас”, ўзининг йўқсил ўлкасига қайтиб, йўқсиллар қаторида яшашни ва бу мамлакатни йўқсилликдан қутқариш учун хизмат қилишни истайди.
Менинг шахсимга келадиган бўлсак, ватанга қайтиб бориш менинг шахсий ишим эмас. Бунга мен мансуб бўлган сиёсий ташкилот қарор бериши керак. Бу қарор берилгани йўқ, чунки Ўзбекистонда сиёсий вазият ўзгаргани йўқ. Баъзи ниқоб кийган мухолифатчиларнинг “Ўзбекистонда сиёсий вазият юмшади”, деган ташвиқотлари ҳақиқатдан узоқдир.
Ўзбекистонда “сиёсий вазият юмшагани”ни айғоқчи лаганбардорлар эмас, ҳукуматнинг ўзи расмий равишда эълон қилиши лозим. Эълон қилибгина қолмай, амалда исботлаши лозим. Яъни, таъқиқланган сиёсий партиялар фаолияти қонун асосида тикланса, сиёсий маҳбуслар озод қилинса ва оқланса, мустақил матбуот ва сўз эркинлиги таъминоти каби бошқа демократик тадбирлар олина бошласа, сиёсий вазиятнинг ўзгарганига ишониш мумкин. У куни ватанга қайтишдан бизни ҳеч ким, ҳеч нарса тўхтатолмайди.

(26.01.1997, Истанбул)

УМИД САСИ

Халқимиз тарихида оғир, фожеавий онлар жуда кўп бўлган. Қурғоқчилик, очарчилик, душман истилоси ёки бошқа кенг миқёсли офатлар қаршисида миллатимиз ўзлигини асло йўқотмаган, башарий қиёфасини доим сақлаб қола олган. Чунки бундай экстремал онларда, оғир замонларда бу халқ ўзининг нима учун яратилганини одатдагидан тезроқ англаб, саждага келгандир.
Бугун ҳам миллатимиз бир офат дарди яшамоқда. Биз бир ижтимоий тузум йиқилиб, ўрнига янгиси қурилмаган бир пайтда, жамиятни қонун эмас, зўравонлик бошқараётган бир пайтда яшамоқдамиз. Ўғирлик ва порахўрлик қонуний машғулот ҳолига келиб, ҳалоллик ва адолат кулгили ва аянчли ибораларга айланган бир замонда, жоҳилларга ҳурмат кўрсатилиб, оқилларга туҳмат қилинаётган бир замонда яшамоқдамиз. Юзларча инсонлар оч қолган оиласини боқиш учун бир парча нон тополмай, ўз жонига қасд қилаётган бир пайтда, миллатимизнинг азиз фарзандлари яна ўша парча нон учун, ўз номусини, ўз вужудини ўғри ва муттаҳамларга пуллаётган кунларда яшамоқдамиз.
Шундай бир пайтда беш-олти кишини боши саждага келган бўлса, нега ажабланасиз? Шундай бир соатда бу беш-олти киши золим муттаҳамга эмас, оламларни яратган Тангрига бош эгар экан, бундан нечун ҳафа бўласиз? Бундан қувонинг, чунки бу жамият ўша беш-олти кишининг имони эвазига ҳали ҳам жамият ўлароқ оёқда турибди.
Агар бу жамият шунча бузуқлик ва фуҳушдан сўнгра ҳам инсонлар жамият ўлароқ қолган бўлса, ваҳший оломонга айланмаган бўлса, бу сизнинг доно сиёсатингиз оқибати эмас, ўша сиз хор ва ҳақир кўрган бир ҳовуч мусулмоннинг эътиқоди ва илтижоли дуолари оқибатидир. Аёллар бошидан рўмолларни юлиб олиш, масжидларни йиқиш, дин арбобларини қувғин қилиш каби воқеаларни биринчи марта кўраётганимиз йўқ. Ва бу зўравонлик бошида турганларнинг шармандаю-шармисор бўлиб кетганини ҳам кўрганмиз. Бундан 12 йил аввал, 1985 йил январ ойида бир гуруҳ шоирлар ўша пайтнинг МҚ нинг дин ва маданиятимизга қарши сиёсатига норозилик билдириб, Политбюрога мактуб ёзган эди. Бунинг фойдаси бўлдими-йўқми, бунинг ҳакамлигини тарих қилсин, аммо бу мактуб ўша пайтда жумҳуриятдаги фикр одамлари ичида ижобий бир акс-садо бўлгани эсимда. Бу мактубдан сўнгра бизга тазйиқ кучайди, аммо шу билан бир қаторда, бизнинг ўз кучимизга бўлган ишонч ҳам кучайган эди. Мен ишонаманки, Ўзбекистонда дин одамларига қарши ўтказилаётган бугунги репрессия ҳам халқ тарафидан ўз жавобини олади.
28 январда “Озодлик” радиосида чиқиб гапирган ватандошларимизнинг саси шу умидни туғдиради. Фақат ўзларини диний лидерликка даъвогар, деб билган шахсларнинг сукунати бизни андишалантираяпти. Улар зулм қаршисида жимликни давом эттирмоқдалар ва буни ҳеч қандай баҳона билан хаспўшлаб бўлмайди.

(29.01.1997, Истанбул) 

САРОСИМАГА ТУШГАНЛАР ҲАҚИДА

Сиёсий курашни узоқ масофали марафон югуришига қиёс қиладилар. Менимча, бу қиёс тўғри қиёсдир. Ўн, юз, беш юз километрлик масофага чопиш учун спортчи, энг аввало, тўғри нафас олишни билиши керак. Буни билмаган киши мусобоқага қўшилмагани маъқул. Бугун мен сиёсий мухолифат командасида (тақимида) чопаётган биродарларимга қараб, уларнинг сафлари анчагина сийраклашиб қолганини кўрмоқдаман. Кеча ёнма-ён, елкама-елка югураётган баъзи дўстлар нафас олиш санъатини билмаганидан, йўлнинг ярмидан мусобақани тарк этдилар. Уларнинг баъзилари бугун ҳукумат тақимига (командасига) қўшилганлар. У ерда чопишнинг кераги йўқ, у ерда ҳамма машинада юради.
Чопар экан, тўғри нафас олаётганларнинг сони унчалик кўп эмас, аммо сифати яхши. Буни ҳукуматнинг тазйиқ-таъқибига қарамай, мужодаласини давом эттираётган дўстларимиз исбот қилмоқда. Аммо сафларимиз сийраклашди, дея саросимага тушаётганлар ҳам орамизда йўқ эмас. Бундан бир ой муқаддам бу саросимага тушганлардан бири “Озодлик”дан гапирган эди. Куни-кеча яна биттаси чиқиб гапирди. Бу одамларнинг руҳий ҳолатини мен яхши тушунаман ва уларга чин кўнгилдан ҳамдард бўлгим келади. Бу одамлар, табиийки, мухолифат сафларига маълум мақсадлар билан кирган ва бу уларнинг ҳаққидир. Аммо сиёсий вазият улар кутганчалик қулай бўлавермади ва мухолифат кутилмаган машаққатларга дуч кела бошлади. Мухолифатга гўзал умидлар билан кирган бу дўстларимиз ўзининг танлаган йўлидан шубҳалана бошладилар. Улар доим мўъжиза кутишди ва ҳукумат бирданига қулайди, биз орзумизга эришамиз, деб ўйладилар. Ҳукумат ҳам қулайвермади, аммо дўстларимизнинг ичидаги эътиқод қулай бошлади. Бу саросимага тушганлар энди ватанга қайтиш ҳақида ўйламоқдалар. Улар ўз нутқлари билан ватанга қайтиш йўлларини “трамбовка” қилаяптилар. Ватанга қайтиш учун мавжуд ҳокимиятнинг кўнглини олишга интилмоқдалар. Бунинг ягона йўли мухолифатни ерга уриб, ҳукуматни кўкка кўтаришдир. Бу ишни, албатта, мухолифат ичида туриб бажариш қийин, шунинг учун ҳам танқидчилар гўё мухолифат учун қайғураётган бўлиб, йиғлоқи оҳангда гапирадилар. Бундай мотамсаро нутқлар ўша юқорида айтганимиз марафон югуришидан ўлардай чарчаган заволлилар оғзидан чиқмоқда. Улар бугун сиёсатга аралашганларидан минг пушаймон, аммо бирданига “мен бу йўлдан қайтдим”, дейишга ҳам уяладилар. Бу аросатда туриб, жаҳли чиқади ва бутун аламини ўзи бир пайтлар мансуб бўлган мухолифатдан олади.
Бу аросатдагилар яна эски, алмисоқдан қолган бир иддао билан ўртага чиқади. Гўё “ЭРК” Партияси раҳбари мухолифатнинг бирлашувига қарши эмиш. Бу алмисоқдан қолган ва ҳамманинг жонига теккан иддао. “ЭРК” раҳбарлари доим миллий бирлик тарафдори бўлган ва 1990 йилдаёқ нафақат мухолифат ичида бирлик, балки ҳукумат билан ҳам конструктив мулоқот тарафдори бўлган. Бизни ҳозир танқид қилаётган аросатдагилар ўшанда бизни ҳукуматга сотилганликда айблаган эдилар. Бугун, уларнинг айтишича, ўша пайтда мулоқот қилиш тўғри йўл бўлган экан.
Бу шоввозлар 1990 йилда нисбатан либерал бир сиёсий вазиятда, халқ кўчага чиқиб митинг қилиши мумкин бўлган пайтда, оломоннинг кучидан маст бўлиб, радикал шиорларни кўтарган ва ҳукумат билан ҳеч қандай муроса бўлиши мумкин эмас, дея ҳайқирган эдилар. Бугун, ўзига бир оз зўр тушганда, дарров муроса ҳақида сайрай бошладилар. Ҳатто ўзлари муросасоз деб атаган “ЭРК” Партияси ҳам уларга бугун ортиқча радикал бўлиб кўрина бошлади. Ғаройиб трансформацияни кўриб, инсон ҳайратга тушади.
“ЭРК” Партияси доим мулоқот ва муроса тарафдори бўлган. Ҳайқириб турган оломонга ҳукумат билан муроса калимаси ёқмаган пайтда ҳам биз муроса тарафдори эдик. Аммо айни замонда эътиқодимиздан бир сония ҳам воз кечмаганмиз. Бугун ҳам муроса тарафдоримиз, аммо муроса эътиқоддан воз кечиш эвазига бўлса, биз уни рад қиламиз. Бизнинг бошқа сиёсий ташкилотлардан фарқимиз ҳам шу. Бугун муросани рад қилиш 1990 йил муросани рад қилишдан осмон билан ерча фарқ қилади. 1990 йил муросани рад қилиш осон эди, ҳатто муросани рад қилганлар қаҳрамон саналарди, бугун эса, муросани рад қилиш ўжарлик ёки нари борса, узоқни кўролмаслик сиёсати, дея баҳоланиши мумкин. Лекин қаранг, 1990 йил муросага қарши бақирган қаҳрамонлар бугун ватанга қайтайлик, дея йиғламоқдалар, ҳукуматга яхши кўриниш учун мухолифатнинг қолган қисмига тош отмоқдалар, аммо бу мухолифатнинг қолган қисми худди 1990 йилдагидай, балки ундан ҳам собитроқ бир инонч билан ўз мужодаласини давом эттирмоқдалар. Бунинг сири, бунинг асрори иймондандир. Иймон Оллоҳу таолонинг бир неъматидир, уни хоҳлаганига беради. Шу маънода, бу сўзларим билан ҳеч кимни тарбияламоқчи эмасман, чунки тарбия фақат Оллоҳдандир.
Сиёсий мухолифат, ҳақиқатан ҳам, мавжуд ҳокимиятга муқобил, янада ўзбекча айтсак, мавжуд ҳукуматни алмаштиришга мўлжалланган, унинг ўрнига ўтириб, давлатни бошқариб кетиш учун ташкил қилинган бир ташкилотдир. Агар бунга тайёр бўлмаган ва буни кўзламаган мухолиф ташкилот бўлса, унинг сиёсий мухолифатга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Тунов куни радиода гапирган дўстимизнинг “биз ҳукуматга альтернатив эмасмиз”, деганига ҳайрон қолдим. Альтернатив бўлмасангиз, мухолифат ичида нима қилиб юрибсиз? Сиёсий мухолифат сиёсий ҳокимиятга доим альтернативдир ва унинг бошқа ҳеч қандай моҳияти йўқ. “ЭРК” Партияси 1991 йил президентлик сайловларида 1 миллион 225 минг кишининг овозини олди. Бу рақам ҳукуматнинг сайловда кўрсатган бутун сохтакорликларидан кейин қолган рақам. Аслида, “ЭРК” Партиясининг бундан 3 карра кўпроқ овоз олгани ҳақида тахминлар бор.
Хўш, шу миллионларнинг овозини олган бир партия нега ўзини мавжуд ҳукуматга муқобил кўрмаслиги керак? Агар Ўзбекистонда демократик бир сайлов бўлса, бу партия сайловчиларнинг 1 миллиони эмас, 5-6 миллионининг овозини олмайди, деб айта оласизми?
“ЭРК” Партияси 1991 йил мавжуд ҳокимиятга нақадар альтернатив бўлса, бугун ҳам шу қадар, ҳатто ундан ҳам кўпроқ альтернативдир. Чунки ўтган олти йил ичида халқимиз бу ҳукуматнинг ижроатини кўрди, унинг мамлакатга моддий ва маънавий қашшоқликдан бошқа ҳеч нарса олиб келмаганлигини кўрди. Ўзбекистон президентини Америка раҳбари Клинтон қабул қилганини ҳукуматнинг муваффақияти қилиб кўрсатишга қанча уринмасин, бундан халқнинг қорни тўяётгани йўқ.
Шуни ғурур билан айтишим керакки, ўтган олти йил ичида “ЭРК” Партияси ақл бовар қилмас сиёсий тажрибага эришди. Ақл бовар қилмас тазйиқ ва қувғинлар бизнинг сафимизда қолишга журъат этган ҳар бир шахснинг закосини ўткирлаштирди, эътиқодини мустаҳкамлади, иродасини тоблади.
Сафимиз бироз сийраклашди, аммо бу сафларнинг матонати икки карра юксалди. Шундай экан, ҳокимиятга альтернатив бўлишдан нега қўрқайлик?
Бизнинг ташкилот аъзоларининг сони 1993 йилда 54 минг эди, бугун тазйиқдан чарчаган 1-2 минг киши ташкилотдан чиқишга мажбур бўлган бўлиши мумкин. Аммо ташкилотга аъзо бўлмаган, лекин сайловда бизга овоз берган миллионлар ҳам бизнинг сафимиздадир. Уларнинг қудратини биз ҳар доим ҳис қилиб турамиз ва бу қудрат ҳисси бизга доим мадад берган, бугун бизни оёқда тутиб турган нарса ҳам ўша қудрат ҳиссидир.

(30.01.1997)

САССИЗ ҲАЙҚИРИҚ

Тоталитар давлатларни истисно қилсак, дунёнинг ҳеч бир ерида бадиий адабиёт ва санъатни давлат тарғиб қилмайди. Совет давлати тоталитар эди ва бадиий адабиёт унинг мафкурасининг муҳим қуролларидан бири эди, шунинг учун ҳам китоб босиш, уни сотиш, ёзувчига қалам ҳақи тўлаш, ҳатто унга мукофот беришни ҳам давлат ўз зиммасига олганди. Бу система Ўзбекистонда бугун ҳам сақланиб қолган. Босилаётган китобларнинг биринчи саҳифасида муҳаққақ равишда раҳбарларга ҳамду-сано айтилади ёки улардан кўчирма келтирилади ва шундан кейингина мавзуга ўтилади. Бундай чиғириқдан ўтган китобларга албатта бирор бир мукофот ёки соврин эртами-кеч топширилади. Ҳатто шуни айтиш мумкин, бугун Ўзбекистонда китоби босилаётган ва бирор-бир мукофот олмаган бирор-бир ёзувчи ёки шоирни топиш қийин бўлса керак. Мукофотга булғанмаган одам кам қолди.
Санъат соҳасида ҳам шундай. Худди совет давридагидай, ҳақиқий санъаткорлар эмас, лаганбардор маддоҳлар шоҳсупага чиқарилмоқда. Аслида, бу нормалдир. Айниқса, тоталитар системада нормал бир ҳолдир.
Яқинда машҳур кинорежиссёр ва рассом Рустам Ҳамдамов Русия Федерациясининг мукофоти билан тақдирланди. Бу одам 70-80-йилларда ҳам санъат оламида худди бугунгидай машҳур эди, аммо ўзбек раҳбарлар ўша пайтда ҳам, бугун ҳам Рустам Ҳамдамов каби ноёб истеъдод эгаларига лоқайд қараб келган ва шундай қарашда давом этмоқда.
Аслида ўз мустақиллигига яқинда эришган бизнинг ёш давлатимиз каби давлат ўзининг миллий мафкурасини маддоҳ пигмейлар эмас, кучли санъаткорлар ёрдами билан халқ ўртасида ёйиши мумкин.
Иқтисодий тамал каби, сиёсий тамал каби, маънавий тамал ҳам мустаҳкам қўйилиши керак. Бу тамал фақат Темур меросини ўрганиш ва уни пропаганда қилишдан ташкил топмаслиги керак. Бу тамалга замонавий руҳ билан ва келажак руҳи билан йўғрилган эстетик зеҳниятни рўёбга чиқарадиган бадиий ва санъат асарларини ҳам қўйиш керак. Шундай асарларни тарғиб қилиш ва уларни ёзганларни рағбатлантириш лозим.
Лекин бундай асарларни юзага келтириш учун инсонга сўз ва тушунча эркинлиги лозим, демак, энг аввало, Ўзбекистонда цензура бекор қилиниши лозим экан. Адабиётга қарши, санъатга қарши цензура бекор қилиниши керак. Ҳақиқий шоирлар ва ёзувчилар, ҳақиқий рассом ва киночилар бугун сассиз ҳайқирмоқдалар: лутфан, бизга мукофот берманг, бизга битта эркинлик беринг, сўз эркинлиги, тушунча эркинлиги, ғоя эркинлиги беринг, бизга шунинг ўзи буюк мукофот, дея ҳайқирмоқдалар.
Бу ҳайқириққа раҳбарлар қулоқ солса, ўзига фойда қилган бўлади.

(20.02.1997) 

Зиё Бунёдов

Зиё Бунёдов вафот қилибди, Оллоҳ раҳмат айласин, жойи жаннатда бўлсин. Бу зот собиқ совет туркологиясининг кўзга кўринган сиймоларидан эди. Зиё Бунёдов Озарбойжондаги носоғлом сиёсий муҳит қурбони бўлди. Бу инсон номусли бир шахс эди, тўғри сўзли ва жасур одам эди. Унинг жасоратидан ва тўғри сўзидан қўрққанлар унга ўқ уздилар.
Сизга маълумки, совет давлати мафкураси турк халқларини тарихий шуурдан маҳрум қилиш учун узоқ мужодала қилди, бу халқлар тарихини бузиб кўрсатди ёки уни кўздан яширишга уринди. Бунга қарши бизнинг олимларимиз ўзига хос бир шаклда кураш олиб боришди. Ўзбекистонда академик Иброҳим Мўминов, профессор Эргаш Рустамов, профессор Ҳамид Сулаймон каби олимлар фаолияти бу курашнинг ўрнагидир. Улар оригинал асарлар ёзишдан кўпроқ мавжуд тарихий қўлёзма ёки инқилобдан аввал босилган илмий асарларга маънодор шарҳлар ёзардилар ва шу йўл билан бизнинг шууримизни ойдинлатиб турдилар.
70-йилларда озарбойжонлик олимимиз Зиё Бунёдов ҳам арабчадан таржима қилган “Жалолиддин Мангуберди ҳаёти” ҳақидаги китоби ва ўзи ёзган “Хоразмшоҳлар тарихи” асари билан турк жумҳуриятларида жуда машҳур бўлган эди.
Зиё Бунёдов, айни пайтда, масалага турк дунёсидаги баъзи олимлар каби тор ва маҳдуд перспективадан қарамас эди. У турк халқларининг умумманфаатларини қавмчиликдан, маҳаллийчиликдан устун қўйган ва турк халқларининг ўртоқ тақдирига ишонган соғлом руҳли, тийрак кўзли аллома эди.
Оллоҳ унинг руҳини шод қилсин.

(22. 02. 1997)


ЭСКИ МУХОЛИФ – ЯНГИ МАДДОҲ

Яқинда “Озодлик” радиосининг ўзбек тилидаги эшиттиришларидан бирида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи қўмита номидан бир шахс жумҳуриятда инсон ҳуқуқларига муносабат тобора яхшиланиб бораётганини гапирди. Бу баёнот ҳақиқатга хилофдир. Бу баёнот Ўзбекистондаги репрессив сиёсатни оқлашга уринишдир. Бундай баҳо Ўзбекистон турмаларида азоб чекаётган кўплаб сиёсий маҳбус ва дин арбоблари тақдирини менсимасликдир.
Бугун Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий ва диний эътиқоди сабаб 50 дан зиёд киши ўтирибди. Шулар ичида Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов каби халқ депутатлари, Муҳаммад Ражаб, Обидхон Қори, Абдурауф Қори каби дин арбоблари бор. Бундан ташқари, Абдулла Ўтаев ва Абдували Қори каби диний лидерларнинг қамалгандан бери ҳеч ким кўргани йўқ, уларнинг ҳозирда тириклиги ҳам шубҳа остида қолаяпти. Бу инсонларнинг қариндошлари давлат идораларига тинмасдан қатнаб, илтижо қилсалар-да, маҳбусларнинг ўлик-тириклиги айтилмаяпти.
Сиёсий маҳбуслар қамоқхоналар маъмурияти тарафидан энг тубан муомала кўрувчи гуруҳ ҳолига туширилган. Уларнинг кўпчилиги хаста, аммо сўнгги дамгача уларга тиббий ёрдам кўрсатилмайди. Қамоқхоналарда одам кўплигидан битта маҳбус ўрнига 3 та маҳбус тўғри келмоқда ва Ўзбекистонда санитария нормаларига жавоб берадиган бирорта зона йўқ. Байрам кунлари сиёсий маҳбусларнинг истисносиз ҳаммаси ШИЗОга (жазо камерасига) ташланадилар ва қийноққа солинадилар. Бу ошкора зулм ва зўравонликни ҳеч ким тафтиш қилолмайди, халқаро ташкилотлар у ёқда турсин, ҳатто қариндошлари ҳам сиёсий маҳбуслардан хабар ололмайдилар.
Аҳвол шундай экан, буни кўрмасликка олиш виждонсизликдир. Шундай виждонсизликни олдиндан кўриб бўлса керак, 1996 йил ноябр ойида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бошқарувидан 6 киши чиқиб кетган эди. Уларнинг бу ҳақдаги баёноти «Экспресс хроника» газетасининг 26 ноябр сонида босилди. Баёнотга Михаил Арзинов, Абдулла Ҳайитбоев, Ёдгор Обид, Полина Браунерг, Сафар Бекжонлар имзо чеккан. Демоқчиманки, бошқарувдан шунча киши чиқиб кетгандан сўнг бу ташкилотнинг машруълиги (легитимлиги) қоладими?
Ўзини «Ўзбекистон мухолифатининг координацион маркази» деб ҳисоблаётган ўртоқлар инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги ҳақиқатга хилоф баёнотларга нега жавоб бермаяпти? Жавоб бермаяпти, чунки бу ”координацион марказ» инсон ҳуқуқлари учун эмас, ўзининг шахсий ва маҳаллий манфаатлари учун курашаяпти. Бу одамлар ўзини мухолифатчи деб атайди, лекин ҳукуматга қарши эмас, «ЭРК» Партиясига қарши курашаяпти. Ўша «координацион марказ» нашри бўлган «Ҳаракат» журнали, мана, қўлимда. Бу журнал материалларининг энг муҳим қисми каминага қарши қаратилган. Бу материаллар бошдан-оёқ ёлғон ва туҳматга қурилган. Шунинг учун бўлса керак, «Ҳаракат» деб аталган бу журнал Ўзбекистонда бемалол тарқатилаяпти, ҳатто ҳукумат органлари томонидан кўпайтирилиб берилаяпти. Зотан, мухолифатни ичидан емириш хавфсизлик органларининг эски тактикасидир. «Ҳаракат» ва «Бирлик» деган иғво тўла нашрларни чиқараётган кимсаларни Ўзбекистон Президенти аллақачон ватанга қайтишига рухсат берган, лекин улар қайтишмаяпти. Сабабини тахмин қилиш мумкин: ҳали «ЭРК»чиларга қарши курашда тепадан олган вазифаларини тўла бажариб бўлганлари йўқ.
Мен бу туҳмат ва иғвонинг координацион марказига бир жумла билан жавоб бераман: Оллоҳдан қўрқинг, ўртоқ коммунистлар. Сиз баррикаданинг қайси тарафида бўлманг — хоҳ мухолифатда, хоҳ ҳукуматда — сизнинг табиатингиз ўзгармайди. Сиз ҳукуматда ҳам, мухолифатда ҳам ўз манфаатингиз учун ҳар нарсани қурбон қилишга тайёрсиз. Ортиқ буни халқ англаб етди. Энди унинг бошини қотирманг, иғвони тўхтатиб, майдонни бўшатинг.

(19.03.1997) 

ИСТАНБУЛДА ЖУМА

Истанбул ташқаридан қараганда этник ва маданий жиҳатдан космополит бир шаҳар бўлиб кўринади ва бу хусусиятни шаҳарга ҳар куни оқиб келаётган туристлар янада бўрттириб кўрсатади. Айниқса, Истанбулнинг савдо марказлари жойлашган кўча ва тор сўқоқлари сизга қадимги Бобилни эслатади. Бу ерда турли либосларга бурканган оломон тўлқин-тўлқин оқар экан, қулоғингизга чалинган узуқ-юлуқ ибора ва бақириқ-чақириқлар ҳам худди либослар каби ранг-баранг эканлигини сезасиз. Бу шовқин-сурон яна радио, магнитофон ва ёки телевизор сотувчилар тарафидан реклама қилинаётган янги қўшиқлар билан аралашиб, бир дев бастакор чалаётган абстракт мусиқа мисол Истанбул узра юксалади. Гўё бу шовқин-суронни тўхтатадиган куч йўқдай, гўё инсонларнинг дунё неъматларига бўлган ҳирс ва эҳтиросидан бошқа ҳеч нарса йўқдай, гўё бутун дунё тижорат билан машғул, ҳар нарсани сотиб олиш мумкин ва ҳар нарсани сотиш мумкин, пул бўлса, бас. «Пул бўлса, бас» деган ҳайқириқ бу оломоннинг шиоридир гўё.
Лекин бирдан, кутилмаганда, дафъатан бу ҳирс дунёсининг шовқин-сурони таққа тўхтайди. Тўхтайди эмас, шартта кесилади. Чунки Истанбулнинг юксак манзараларидан азон саси эшитилади. Азон юксалар экан, бир-бирига бақираётган одамлар дарров жим бўладилар, дўконлардан чиқаётган музика ва қўшиқ садолари дарров ўчади, ҳатто Истиқлол жаддасидан (Истиқлол жаддаси – Истанбулнинг марказидаги энг гавжум кўча) «ғийқиллаб» бораётган антиқа трамвай ҳам ғийқиллашдан тўхтаб, рельсларда дамини ичига ютиб кета бошлайди ёки шундай кетаётгандай туюлади.
Азон бошландими, бу бир неча сонияга жимиган Истанбулда бир сассиз талош бошланади.
Хусусан, сиз мусулмон бўлсангиз, хусусан кун жума куни бўлса, азон янграй бошлаган пайтда сиз атрофга олазарак боқиб, энг яқин жомеъ ёки масжидни ахтара бошлайсиз. Истанбулда жомеълар шундай кўпки, азонни эшитган пайтдаёқ чопсангиз, муҳаққақ бирор жомеъга етиб борасиз. Истанбулда жомеълар шу қадар етарлики, сиз жума намозига «етиб келолмадим, кечикдим», деб баҳона тополмайсиз. Жума намозига азон бошланар экан, кўчаларда, сўқоқларда югураётган одамларни кўрасиз. Улар жуда зарур ишларини ташлаб, ҳисоб-китобларини тўхтатиб, фойда-зарарини четга суриб, намозга шошаётган одамлардир. Улар бир неча дақиқага ўз ҳирсидан, ўз нафсониятидан воз кечишга куч топа олган қаҳрамонлардир. Улар бир неча сония, жуда оз муддатга бўлса ҳам, ғийбатдан, фисқу фасоддан, ёлғондан ва туҳматдан узоқ бўлишга қарор қилган қарорли инсонлардир. Азонни эшитиб чопаётган бу инсонлар қўрққан инсонлардир. Бойлигини йўқотишдан қўрққанлар эмас, ўз душманидан қўрққанлар эмас, кўчадаги итдан ёки қароқчидан қўрққанлар эмас, ғанимларининг туҳматидан қўрққанлар эмас, бу чопаётган инсонлар Оллоҳдан, ёлғиз Оллоҳдан қўрққан инсонлардир. Бу чопаётган инсонлар ҳақиқий қуллардир. Ўз бойлигининг қули эмас, ўз ҳирсининг, ўз нафсининг қули эмас, бу чопаётганлар Оллоҳнинг, ёлғиз Оллоҳнинг қулларидир.
Улар чопар экан, уларга эргашинг. Қадамингизни бироз тезлаштиринг, бу чопаётганларга етишишга, иложи борича етишишга ҳаракат қилинг.

(Март, 1997) 

ИЛМ

Илм келажакка қўйилган сармоядир. Олимларнинг фикрича, 21-асрда инсоният илм-маърифат ривожининг чўққисига эришиши мумкин эмиш. Бу осмондан олинган башорат эмас, рақамлар ва аниқ далилларга асосланган бир фикр. Илм давлат ва мамлакатларнинг моддий бойликларидан, иқтисодий потенциалидан ҳам муҳимроқ бир ижтимоий фактор сифатида ўртага чиқмоқда.
2000 йилларнинг илм мусобақаси бугун бошланган. Балки кеча, ундан олдин ҳам бошланган бўлиши керак.
Биз йилда 80 тонна олтин қазиб чиқариш билан мақтанишимиз мумкин. Аммо бу 80 тонна қурғурни ким қазиб чиқараяпти ва чиқарар экан, кимнинг технологиясидан фойдаланаётганимизни айтолмаймиз, чунки қазувни бошқараётган мутахассислар ҳам, олтинни рудадан ажратаётган технология ҳам бегонадир.
Америкалик «100 тонна олтиним бор», деб мақтанолмайди, бор бўлса ҳам уни қазиб чиқармайди, келажак учун қолдиради.

(1997)

АНГЛИЯДА САЙЛОВ

(Би-би-си радиоси саволларига жавоб)

Биринчидан: Англиядаги Ишчи партияси ва Консерваторлар партиясини асло «ЭРК» Партияси ва эски коммунистлар партияси бўлган Ўзбекистон Халқ демократик партияси билан тенглаштириб бўлмайди.
«ЭРК» Партияси ўз табиати билан консерваторларнинг партиясига, яъни сиёсий спектрнинг соғ (ўнг) қанотидаги партияга яқиндир. Лейбористлар (ишчилар) партияси эса, ўзининг социал программаси билан, балки, социал-демократларга яқин. Аммо Ғарб социал-демократлари бизнинг социалистлардан мутлақо фарқлидир.
Қисқаси, «ЭРК» Партияси ўзининг иқтисод ва сиёсатга қарашлари билан Ғарб стандартларига яқинлашса ҳам, Ўзбекистонда ҳокимиятдаги ХДП бу стандартдан жуда йироқдир.
Иккинчидан: Англиядаги бу сайлов кампаниясининг бир ғаройиблиги бор. Социал-демократ ғояга соҳиб лейбористлар ҳам, либерал ғояли консерваторлар ҳам бу сайловда ўрта синфнинг кўнглини олишга интилмоқда. Ўрта синф демак, биздаги эски совет термини билан айтсак, майда буржуа демакдир. Ўрта синф демак — ўз маоши ўзига етадиган, моддий тарафдан давлатга қарам бўлмаган синф одамлари. Булар ўрта ўлчовли ширкатлар соҳиблари, косиблар, тужжор ва ҳаказолар. Улар давлатдан социал ёрдам кутмайдиган, ўзини-ўзи идора қила оладиган одамлар синфи. Бу моддий мустақил одамлар ҳур фикрнинг маъноси бўлган жамоатдир. Давлатга қарам бўлмагани учун ҳам уни ўз талаблари билан назорат қила оладилар. Бу синфни давлат эксплуатация қилолмайди. Ижтимоий тарафдан ҳам, иқтисодий тарафдан ҳам, сиёсий тарафдан ҳам бу синфни суиистеъмол қилолмайди. Шунинг учун ҳам бу ўрта синфни демократиянинг тамали дейиш мумкин. Демократия моддий мустақил бўлган синф тарафидангина ҳимоя қилиниши мумкин.
Англияда бир-биридан фарқли икки партиянинг битта синф — ўрта синфга мурожаат қилишидаги ҳикмат — демократияни мустаҳкамлашдан иборатдир. Демак, ўрта синф овозини олиш бутун халқнинг овозини олишдир. Силлогизмни давом эттирсак, Англияда халқнинг аксарияти демократия тарафдоридир.
Бу сайловдан Ўзбекистонга сабоқ бўладиган муҳим бир нарса чиқаяпти. Демократия бўлиши учун ўрта синф ташкил қилиниши керак. Уни ташкил қилиш учун иқтисодий сиёсатда ўрта ва кичик корхоналарни қўллаш керак. Уларни рағбатлантириш керак, давлат кредити, биринчи навбатда, бу корхоналарга берилиши лозим. Биз бу гапни энди айтаётганимиз йўқ. Бу гапни биз роппа-роса 7 йилдан бери, яъни «ЭРК» Партияси тузилгандан бери гапираяпмиз. Бугунги Англияда ўтаётган сайловлар Ўзбекистон демократлари мақсад ва ғояларининг нақадар тўғри истиқоматда эканлигини кўрсатмоқда.
Сўнгги сўзим шуки, бир куни бизда ҳам Ғарбдаги каби ҳур сайловлар бўлади, иншоОллоҳ. Ўшанда сизнинг саволларингизга берадиган жавобимиз ҳам бугунгидан ширинроқ бўлажакдир.

(29.04.1997)

Миллат пора-пора бўлди порадан

Ўзбекистонда порахўрлик ва юлғичлик шу даражада очиқ ва ошкор давом этмоқдаки, яқинларда шонли Парламентимиз пора бериш ва олиш тартиб-қоидалари ҳақида қонун чиқариб қолса ажаб эмас.
Порахўрлик ва юлғичлик Ўзбекистон чегарасига — ҳаводанми, қуруқликданми, фарқи йўқ — кирган заҳотингиз бошланади. Божхонадаги божмон азаматлар паспортингизни ортиқча завқ билан томоша қила бошласа, жомадонингизни ортиқча ҳафсала билан кавлай бошласа, билингки, сиздан пора истарлар. Сиз хоҳ ерли ўзбек бўлинг, хоҳ бошқа мамлакатдан келаётган сайёҳ бўлинг, бундай вазиятда азаматларнинг истагини қондиришга мажбурсиз. Сиз чет эллик бўлиб поранинг қандай берилишини билмаслигингиз мумкин, аммо у ердаги азаматлар буни бир зумда ўргатади ва сиз порани қандай бериб қўйганингизни билмай қоласиз.
Лекин улар кўпинча ўзи яхши билган халқни — ўзбекни тўхтатади, чунки ўзбек жуда қулай миллат, у бошқаларга ўхшаб ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилмайди, порахўрликдан шикоят қилиб юрмайди. Шу юҳо билан пачакилашиб ўтираманми, дейди-ю юлғичга истаганини бериб, ўтиб кетаверади.
Ўзбекнинг бу одатини ҳотамтойлик дейиш керакми ёки ҳафсаласизликми? Ёки бу постсовет жамияти пайдо қилган реал ҳаётни англаган хушёр бир одамнинг фалсафасими? Яъни ўзбек порахўрдан унинг бошлиғига шикоят қилишнинг фойдасизлигини билади, чунки унинг бошлиғи ҳам порахўрдир, бошлиғининг бошлиғи ҳам порахўр. Бу занжир энг юқоригача давом этади. Бу ҳақда Президент Каримов ақлли бир мақол айтганлар: «Балиқ бошдан чирийди», деганлар. Фақат бу бош чирий бошлаганига анча бўлди, ҳалиям чириб битгани йўқ. Халқ шундан безовта. Халқ шунинг учун ҳам ҳар қадамда пора беришга мажбур.
Давлат идоралари билан боғлиқ бўлган ҳар қандай иш учун аввалдан баҳоси тайинланган. Масалан, ОВИРдан виза олмоқчи бўлсангиз, 100 доллар тўлашингиз керак. 95 доллар берсангиз ҳам олишмайди, айнан 100 доллар берасиз, чунки визанинг баҳоси шу. Ўғлингизни ҳарбий хизматга юборгингиз келмаса, марҳамат, 300 доллар тўлаб, унга ҳарбий билет олиб беринг. Ва бу севикли фарзандингизнинг олий маълумот эгаси бўлишини истасангиз, уни овора бўлиб ўқишга тайёрлаб юрманг, 500 доллар тўланг-да, педфак дипломини сотиб олинг. Агар арзандангиз обрўлироқ факультетда ўқимоқчи бўлса, 5 минг тўлаб, иқтисод факультетига, 10 минг доллар тўлаб ҳуқуқ факультетига, 15 минг доллар тўлаб халқаро факультетига киритиб қўйишингиз мумкин. 300 долларга медтехникумга киритинг фарзандингизни. Агар сиз 300 ни ҳам тополмасангиз, ўзингиздан кўринг. Унда болангиз ўқишга мажбур бўлади, у ўз кучи билан ўқишга киришга маҳкумдир, у ўқишни аъло баҳолар билан битириб, бу порахўрлар жамиятини тубдан ўзгартиришга бел боғлаган хаёлпарастлар қаторига қўшилади.
Хуллас, ўзбекнинг порахўрликка либерал қараши оқибатида «пора бермайман», деб ҳеч ким ўртага чиқмаяпти. Эҳтимол, бундай бир радикал ҳаракатни ичида ўйлаётганлар бордир, лекин уни ҳаётга татбиқ қилишга юраги бетламаяпти чамаси. Чунки томдан тараша тушгандай, «мен ортиқ пора бермайман», деб ўртага чиқса, одамлар уни «ақлдан озди», деб ўйлашлари мумкин. Бутун халқ тинч-тотув пора бераётган бир пайтда, унга қарши чиқиш шаккоклик бўларди.
Лекин фараз қилишингиз мумкинки, бир шоввоз, бир забардаст, бир қаҳрамон ўртага отилиб чиқсин ва осмондан тараша тушгандай: “Эй, ёронлар, мусулмонлар, мен пора беришни бас қилдим!” дея бақирсин.
Шунинг ўзи бас, орқасидан яна биттаси чиқарди, яна битта телба, яна бир «герой» чиқарди албат ва дерди: «мен ҳам, мен ҳам ортиқ пора бермайман», дерди ховлиқиб. Ана ундан кейин, ундан кейин нари ёғи осон, нари ёғида оломон пайдо бўларди. Пора бермасликка қасд қилган оломон. У шундай ҳайқирган бўлардики, бу ҳайқириқдан азиз юртимизни порахўрлик тўри билан чирмаб олган коммунист ўргимчаклар, азиз юртимизнинг қонини сўраётган юлғич зулуклар тору-мор бўлган бўларди.
Шу орзулар билан уйқуга кетган эдим, тушимда реалистик бир манзара пайдо бўлди. Бир ўзбек чопонини елкасига ташлаб Ўзбекистондан чиқиб кетаётган эмиш. Мен унга “йўл бўлсин”, десам, менга жавоб бермади, фақат ғамгин хиргойи қила бошлади. Қўшиғининг илк жумласи шундай эди:

Тошкенту Самарқанд, Бухорода
Миллат пора-пора бўлди порадан…

(Август, 1997) 

“ОЗОДЛИК” РАДИОСИНИНГ ТУРКМАН РЕДАКЦИЯСИ САВОЛЛАРИГА ЖАВОБ

Савол: Бизнинг билишимизча, июл ойида АҚШ ҳукуматининг юқори даражадаги расмий кишиларидан Строуб Тэлбоот ва Айзенстат чиқиш қилиб, ўз ҳукуматининг Кавказ ва Ўрта Осиё давлатларини кучлантиришга чақирдилар. Сизнингча, Америка расмийларининг бу чақириқлари нимани англатади? Ёки улар бу давлатларни Русиянинг таъсиридан холос этмоқ мақсадида бундай чиқишлар қилдиларми?
Жавоб: Аввал шуни билишимиз керакки, бизни ҳеч ким кучлантиришни истамайди. Буни биз ўзимиз исташимиз мумкин ва “кучланиш программаси”ни (агар шундай таъбир жоиз бўлса) Ўрта Осиё жумҳуриятлари ўзлари ишлаб чиқишлари керак. Америка Қўшма Штатларининг бизга бераётган эътиборига келсак, бу дунё сиёсатини йўналтиришга даъвогар бир давлат учун табиийдир. Ўрта Осиё Америка учун нефть, олтин, пахта каби бойликлар маконигина эмас, балки стратегик аҳамияти катта бўлган геополитик ҳавзалардан бири ҳамдир. Маданий дунё тарихида муҳим ўрин тутган учта асосий ҳавза бор: Пасифик ёки Тинч океани ҳавзаси, Оқ денгиз (Ўрта ер денгизи) ҳавзаси ва Ўрта Осиё геополитик ҳавзаси. Бу ҳавзалардан ҳар қандай бирини ўз назорати остига ола олган давлат дунё сиёсатида сўзи ўтадиган мақомга эришган.
Оқ денгиз ҳавзасига ҳоким бўлган византияликлар, кейин уларнинг ўрнига ўтган турклар ҳам ўз императорликларини узоқ вақт ушлаб турганлар. Тинч океани ҳавзаси қулайликлари бирданига тўртта давлатни юксалтти: Русия, Америка, Япония ва, мана, Хитой. Хитой 21-асрнинг супер давлатидир.
Ўрта Осиё ҳавзасида ҳам икки минг йил давомида узлуксиз давлатлар қурилган. Унча-мунча эмас, буюк давлатлар, императорликлар иншо этилган. Бу ҳавзага ҳоким бўлиш орзуси Александр Македонскийдан тортиб Пётр I гача, ундан Владимир Ильич Ленингача — ҳаммасининг юракларини орзиқтирган. Бу ҳавза қалбидан чиққан Ипак йўли фақат тижорат йўли эмас, балки дунёга узанган маданият нури эди.
Ўрта Осиё ҳавзасига ҳоким бўлиш учун сўнгги мужодалани рус большевиклари берди ва уларнинг ҳокимияти 75 йил давом этди. 1991 йил декабрда бу ҳокимият расман тугади, Ўрта Осиёда янги мустақил давлатлар қуриш имкони пайдо бўлди. Эски совет жумҳуриятларининг автоматик равишда “мустақил давлатларга” айланиши мумкин эмаслигини ҳамма биларди. Хусусан, Русия бу тарихий босқич парокандалигидан фойдаланиб, Ўрта Осиёда эски таъсирни тиклаш ниятидан бир сония ҳам воз кечмаслиги ҳам ҳеч кимга сир эмас. Лекин бизнинг давлатларимизнинг коммунистик зеҳниятдаги раҳбарлари миллий мустақиллик тушунчасидан ҳам, миллий давлат тушунчасидан ҳам маҳрум эдилар. Улар Совет Империяси қулаб, ўзларини мустақил хонлар каби ҳис қила бошладилар. Сиёсатлари ҳам шунга мос юритилди. Улар ички сиёсатда мустабид, ташқи сиёсатда маҳдуд феодал сифатида ўртага чиқдилар. Улар минтақа иқтисодининг мавжуд инфраструктурасини парчалаб ташладилар, транспорт, алоқа ва энергетика соҳасидаги жумҳуриятлараро ҳамкорлик тўхташ даражасига етди. Бир-бирига бегона бўлган Оврупо миллатлари ўз чегараларидаги божхоналарини олиб ташлаётган бир пайтда, бизнинг қон-қардош миллатларимизнинг шуурсиз “йўлбошчилари” ҳар бир маҳалла чегарасида божхона қуриб, товарнинг эркин ҳаракатини тўхтатдилар, йўл ва сўқмоқларда божмон кийимини кийган қароқчиларни кўпайтирдилар. Йўлбошчиларимиз ўз мустақилликларини кўрсатиш учун фақат бу билан чекланиб қолмадилар. Улар бир-бирига қарши иқтисодий тазйиқ ва сиёсий шантаж усулларини ҳам қўллай бошладилар. Бу сиёсат минтақа иқтисодини қисқа вақт ичида чўктирди. Бугун минтақадаги бешта жумҳуриятдан бирортаси ҳам “биздаги аҳвол сизникидан яхши”, дея олмайди.
Бу аҳволда бизга на Америка, на-да бошқа буюк давлат нажот бўла олади. Бу аҳволда биз, аввало Оллоҳ, кейин бир-биримиздан нажот кутмоғимиз керак. Минтақадаги бешта жумҳурият шуурли бир сиёсат ўртага қўйиб, иқтисодий жабҳада бирлашув жараёнини бошласа, инқироздан қисқа вақт ичида чиқиши мумкин. Зеро, биз бошқа ерларда излаган ҳам моддий, ҳам маънавий хом ашё ўзимизда мавжуддир. Фақат божхоналар йўқ қилиниб, таъқиқлар бекор қилинса бас. Лекин ҳамма нарсадан аввал биз кимлигимизни қаттиқ англаб олишимиз керак. Минтақада яшаётган халқлар бир-бирига бегона эмас, қариндош эканлигини асло ва асло унутмаслигимиз керак. Ҳатто совет даврида мавжуд бўлган қариндошлик руҳи бугун халқларимиз орасида йўқ. Бу иқтисодий бўҳрондан ҳам қўрқинчлироқ ҳодисадир.
Америкага келадиган бўлсак, унинг Ўрта Осиёдаги стратегик манфаатларини гапирдим. Албатта, Русия билан рақобат ҳам бор, лекин, менимча, Американинг энг яқин ташвиши “ислом фундаментализми”дир. Бу иборанинг нақадар уйдирма эканлиги ҳақида мен кўп гапирганман, аммо бу нуқтада шуни айтиш керакки, ислом дини кейинги 30 йилда бутун дунёда, шу жумладан, бизнинг минтақада ҳам кучайди. Маълумингиз, келажак 21-асрда миллатлараро мужодала иқтисодий ёки сиёсий жабҳадан маданий ва диний жабҳада кучаяди, деган тахминлар бор. Буни ҳисобга олганда, Американинг “фундаментализм” андишаси остида келажакда Ғарб ва Шарқ ўртасида бошланадиган омонсиз рақобатга ҳозирлик талошини кўриш мумкин.
Савол: Америка Кавказ ўлкаларини кучайтиришни бошлади, десак ҳам бўлади. Сабаби, аввал Гуржистон президенти Шеварнадзе, сўнгра Озарбойжон лидери Вашингтонга саёҳат қилдилар.
Ўрта Осиё жумҳуриятларидан эса Ақаев яқинда Америкага бориб, вице-президент Ал Гор ва Жаҳон Банки раҳбарлари билан учрашди. Ўрта Осиё минтақасидан яна қайси лидер Оқ уйга кираркан? Чунки уларнинг ичида Оқ уйга кирмаган президентлар ҳам бор.
Жавоб: Кундалик сиёсатда Америка Ўрта Осиё давлатларини инсон ҳуқуқлари борасида огоҳлантирса ҳам, уларни ўзидан юз ўгириш даражасида ҳафа қилмайди. Масалан, АҚШ раҳбарияти Ўзбекистон президентининг диктаторликка ҳавасманд эканлигини билатуриб, расмий бўлмаса-да, Оқ уйда беш-ўн дақиқа қабул қилди. Худди шундай шаклда Туркманбоши ҳам қабул қилиниши мумкин. Бунинг ажабланарли жойи йўқ. Ўзбекистон ҳам, Туркманистон ҳам Осиёнинг хом ашёга бой ўлкаларидир, бу бойликдан ҳисса олиш учун инсон ҳуқуқлари ва демократиядан кўз юмилиши ҳам мумкин.
Савол: Американинг юқори лавозимли раҳбарлари Туркманистон мустақилликка эришган илк кунларда Ашхободга сафар қилдилар. Американинг шу вақтдаги давлат секретари Бейкер ва бошқалар Ашхободга борсалар ҳам, сўнгра Америка Туркманистонни унутди. Сизнингча, қайси сабабларга кўра Америка Туркманистонга нисбатан тегишли чоралар кўрмаяпти?
Жавоб: Саволингизнинг сўнгидаги жумлага жавоб берай: Туркманистонга чорани Америка эмас, туркман халқи кўриши керак. Халқ ўзи уйғониб, ўз дардини ўзи айтиши керак. Биз авваллари совет мустамлакаси даврида маҳаллий раҳбарлардан Москвага шикоят қилар эдик, энди маҳаллий раҳбарлардан Вашингтонга шикоят қиладиган бўлсак, демак, аҳвол ўзгармаган. Аҳволни ўзгартириш мажбурияти бизнинг елкамиздадир. Сўз ҳуррияти, матбуот ва виждон эркинлигини биз ўзимиз талашиб олишимиз керак. Шунда Америка ёки бошқаси ёрдам бериши мумкин. Аммо биз жим турайлик-да, бошқаси биз учун курашсин десак, хато бўлади. Ишонаманки, бизнинг жафокаш халқларимиз туркман ҳам, ўзбек, қозоқ, қирғиз ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқларини ўзлари ҳимоя қилиш қудратига эгадирлар. Бунинг исботини, иншоОллоҳ, бутун дунё кўражакдир.

(Август, 1997)

Байрамдан беш юз метр нарида

Нима бўлса бўлсин, бу кун биз учун қутлуғдир. Ёки қутлуғ бўлмоғи керак ёки шундай саналмоғи лозим.
Албатта, байрам расмий нишонланаётган майдон муҳташамдир. У ерда тўпланган одамларнинг либослари башанг, сўйлаётган нутқлари баландпарвоз. Аммо бу байрам минтақасидан бор-йўғи 500 метр нарида аҳвол том бошқа. Аҳвол шу қадар бошқадирки, майдонда янграётган гўзал нутқлар ғалати келади қулоққа. Хусусан, улардаги “қутлуғ” деган сўз, хусусан, “муборак” деган ё “муқаддас” деган калималар жуда ҳам ғалати келади. Бу аслида гўзал сўзлар байрамдан 500 метр нарида турган одамнинг қулоғига бир сафсатабознинг уйдирган сўзларига ўхшаб эшитилади. Чунки байрам майдонидагилар, бу сўзларни ўз мазмунидан ажратиб талаффуз қиладилар. Демагог, яъни сафсатабоз шунинг учун ҳам сафсатабозки, у ўз нутқида мазмунидан ажраб қолган сўзлар қўлланади доим. Масалан, бу одам бир нарсани “қутлуғ” деса, унга ҳеч ким ишонмайди, чунки бу одам учун қутлуғ нарса йўқлигини билишади. Ёки бу одам “муқаддас ватаним” деб оҳ чекса, бунга ҳеч ким ишонмайди, чунки бу одам учун муқаддас нарса йўқдир.
Ҳар йил ўтказилаётган бу мустақиллик байрамларига қараб, мен ўзимни Абдулла Қаҳҳорнинг «Анор» деган ҳикоясидаги у чорасиз йигит каби ҳис қиламан. Эсингиздами, ҳикоя қаҳрамони бу йигитнинг хотини ҳомиладор ва унинг кўнгли анор тусайди. Драма шу истакдан бошланади. Йўқсил йигит, ҳомиладор хотин ва улардан 500 метр нарида фалончи бўйнинг арзанда ўғлига бераётган ҳашаматли тўйи. Ва бу тўйда отилаётган кўз қамаштирувчи мушаклар. Тинимсиз отилаётган, қимматбаҳо мушаклар.
Бу манзара мустақиллик байрамларимизнинг миниатюр кўринишидир. Бизнинг байрамларимизда сарф қилинаётган ҳаражатни Абдулла Қаҳҳорнинг бойваччалари кўрса эди, тил тишлаб, бош чайқаган бўлишарди. Бир тарафда одамлар оиласига нон топиб бера олмай, ўз ёнига қасд қилар экан, иккинчи тарафда ўша одамларнинг нонини туя қилганлар тантанаси. Юмшоқ қилиб айтганда, менда ваколат бўлса эди, оч-яланғоч халқдан беш юз метр нарида бундай исрофгарчиликка йўл қўймаган бўлардим. Табиийки, мустақиллик куни нишонланган бўларди. Иккинчидан, менда ваколат бўлганда, бу байрамда бевосита халқнинг ўзи иштирок этишини таъминлаган бўлардим. Байрамга бугунги ҳукумат каби мустақилликка қарши курашганларни эмас, мустақиллик учун курашганларни ва бугун ҳам курашаётганларни таклиф қилган бўлардим. Кейин, бу байрам маросимини телевизордан тинмай кўрсатишдан уялган бўлардим. Ҳатто халқнинг фаравонлик даражаси кўтарилмагунча, инсонлар юзидаги йўқсиллик тамғаси ўрнини ҳузур табассуми эгалламагунча, умуман бундай байрамларни бошламаган бўлардим.
Совет даврида байрам ишқибози бу президентлар компартиянинг биринчи секретарлари эди. У замонларда еттинчи ноябр ва Биринчи Май каби катта байрамлар бўларди. Бизнинг президентларимиз бу қуллик ва мустамлака байрамларини ҳам бугун мустақиллик байрамларини нишонлаётгандай завқ ва илҳом билан нишонлар эдилар.
Совет даврида байрамлар халқнинг кўзини бўяш учун ишлатиладиган рангли, ранго-ранг бир бўёқ эди. Бугунги мустақиллик байрамларини ҳам бизнинг раҳбарларимиз айни мақсадда қўлланмоқдалар. Фақат бир фарқи бор: совет байрамлари қанчалик расмий ва сохта бўлмасин, уларда халқ иштирок этар эди. Байрам ўтаётган майдонга истаган одам бориши ва тантанани томоша қилиши мумкин эди. Бугунги байрамларда халқ йўқ. Бугунги байрамларга фақат таклиф қилинган одамларгина бориши мумкин. Бу танланган «аслзодалар» давлат раҳбарлари, парламент аъзолари, ҳоким ва ҳокимчалар ҳамда бир-икки маддоҳ ёзувчидан иборат — қолгани бу одамларни кузатиб турадиган айғоқчилар лашкари.
Таклиф қилинган ҳар бир киши байрам майдонига кирар экан, тинтувдан ўтказилади, бундай тартиб советлар даврида йўқ эди. Совет даврида байрам баҳонасида инсонлар ўз раҳбарига яқинлаша билар, унга ўз орзуларини айта оларди. Бугун эса раҳбар билан халқ ўртасидаги жар шундай чуқурлашмоқдаки, унга тушиб кетган одам тирик чиқмайди. Икки йил аввал байрам асносида бизнинг президентимизга илтифот кўрсатмоқчи бўлган бир аёлнинг бошига нелар тушганини ҳамма билади.
Қисқаси, халқ бу байрамда қатнашмайди. Халқ бу байрамларни кулбасида қаттиқ нон-у иссиқ чой билан безатилган дастурхон атрофида тўпланиб, телевизордан томоша қилиши мумкин. Албатта, агар телевизори бўлса…
Мен ўша байрам майдонига киритилмаган одамларни байрам билан табрикламоқчиман. Ва шуни айтмоқчиманки, сизнинг бугунги қашшоқлигингиз ва изтиробларингиз сабабчиси асло мустақиллик эмасдир. Аксинча, ўша мустақилликни йўқ қилган кимсалар бунинг сабабчиси. «Улар кимлар?» деб сўраманг. Улар сиздан беш юз метр нарида қадаҳ кўтараётганлар ва минбардан нутқ сўйлаётганлардир. Телевизорингизга яхшилаб қаранг, уларнинг башараларини яхшилаб таниб олинг.

(29.08.1997)

Мустабид тузум матбуоти ва зиёлилар

Психиатрларнинг бир тажрибаси бор. Бир хонага бешта киши ўтқазилади. Психолог улар билан ўтказилажак тажриба ҳақида аввалдан келишиб олади. Сўнгра хонага ҳеч нарсадан хабари йўқ бир кишини киритадилар ва психолог унга оқ қоғозни кўрсатиб, унинг қайси рангда эканлигини сўрайди. Табиийки, одам қоғознинг ранги оқ эканлигини айтади. Шунда психолог қолган 5 та кишига айни саволни беради. Улар навбатма-навбат, ғоят жиддий қиёфада қоғознинг қора рангда эканлигини таъкидлайди. Қоғознинг асл рангини айтган бечора одам бунга жаҳли чиқади, аммо атрофдагиларнинг юзидаги ифодани кўриб, ўз кўзидан шубҳалана бошлайди: кўзимга бир бало бўлди-ёв, деб ўйлай бошлайди. Савол-жавоб яна бир-икки марта такрорланганидан сўнг, шўрлик одам қоғознинг оқ рангда эканлигидан жиддий шубҳалана бошлайди.
Психиатрларнинг бу ўйини тоталитар давлатлардаги матбуот ўйинига ўхшайди. Тоталитар тузум матбуоти оқни қора, қорани эса оқ дейиш учун мухбирлар лашкарини ишга солади. Бу мухбирлардан ҳеч бири тўғрини гапирмайди ва мабодо тўғрини гапирган бирортаси чиқса, унга дарҳол телбага қарагандай қарашади. Ва бу шўрлик одам ҳам атрофига боқиб, юқоридаги айтганимиз тажрибадаги шахс каби, ўзининг тўғрини сўйлаганидан шубҳалана бошлайди.
Ўзбекистон жамоатчилиги кейинги тўрт йил давомида шу гипноз остида яшади. Лекин мен бу гипноз таъсири у қадар кучли бўлганига ишонмайман. Агар бу таъсир бўлган бўлса ҳам, бугун у тугади. Бугун жамоатчилик ташқаридан кўрингани каби ғафлатда эмас. Матбуот, телевидение ва радио, бутун расмий ва норасмий маддоҳларнинг сайрашларига қарамай, халқнинг тузум ҳақидаги фикрини бугун очиқ эшитиш мумкин. Далада ёки цехда, кўчада-кўйда, чойхонада-тўйда, трамвай ёки автобусда айтилаётган аччиқ ва истеҳзоли сўзлар тузумга берилган ҳақиқий баҳо.
Фақат ачинадиган бир нарса бор. Халқдан бир неча қадам олдин юриши керак бўлган зиёлиларимиз қаерга ғойиб бўлди? Улар ғойиб бўлгани йўқ, кўринмаяптилар, холос. Улар бугун халқнинг олдида эмас, орқасида бораяптилар, шунинг учун ҳам кўринмаяптилар. Уларнинг билдирган фикрлари ва ёзган мақолалари, шеърларини ўқиб, кошки шу биродарларимиз жим турса, кошки ҳеч нарса ёзмаса эди, дея беихтиёр «оҳ» чекади киши. Чунки улар нима гапирса гапирсин, нимани ёзса ёзсин, ҳаммаси мавжуд мустабидликка хизмат қилади, холос. Бу қадрдон дўстларимиз «Ўзбекистонда ҳақиқатни ёзиш мумкин эмас, чунки цензура бор, зулм бор», дейишади.
Тўғри, Ўзбекистонда ҳақиқатни ёзишнинг имкони йўқ. Лекин бу вазият сизга ёлғонни ёзиш ҳуқуқини бермайди-ку! Халқни алдаш, ўша ўзингиз тан олган зулмни хаспўшлаш ҳуқуқини бермайди-ку! Майли, ҳақиқатни ёзманг, лекин ёлғонни ҳам ёзманг, деб сиздан илтимос қилаяпмиз.
Қаранг, бизнинг газеталаримиз ҳукумат ва унинг раҳбарига маддоҳликда бир-бири билан мусобақа қилмоқдалар, аммо халқ бу мусобақани томоша ҳам қилмайди. Халқ бу чиркин ўйиндан нафратланади, шунинг учун ҳам бу заволли нашрларнинг тиражи 10 мингдан ошмайди.
Бир пайтлар халқ наздида ҳақли равишда мўътабар бўлган шоир ва адабиётчилар энди кун сайин ўз обрўсини йўқотмоқда. Ҳатто совет замонида ўз қадр-қимматини сақлаб қола олган баъзи ёзувчиларимиз бугун бир золимнинг шарафсиз маддоҳларига айландилар. Улар бўйнимга медаль оссин, дея ергача энкайишади, ишдан ҳайдалмайин, дея ғаддорнинг қўлини ўпишади.
Бу танқидни бевосита менга яқин бўлган ёзувчи ва шоир синфига айтаяпман. Чунки улар зиёлилар ичида ўз фикр ва ғоясини халқ ичида ёйишга қодир бир синфдир. Қолганлар — олимлар, физика ёки химия олимлари, археолог ёки тарихчи олимлар — улар, минг афсус, бугун тижорат билан шуғулланмоқдалар. Чунки зиёли маоши билан оила боқиш қийин. Минг афсус, илмнинг бизда қадри йўқ, минг афсус, олимларимизга ҳомий йўқ, дейман. Бошқа тарафдан, яхшиямки, бу олимлар ёзувчи эмас, ёзувчи бўлсайди, улар ҳам тинмай ёлғон ёзишга мажбур бўлардилар, дейман. Чунки қашшоқликдан бир кун қутулиш мумкин, аммо ёлғоннинг асоратидан қутулиш осон бўлмайди. Бу асорат вируси бизнинг фарзандларимизга ҳам юқиш таҳликаси бор.
Менинг бу хил гапларимни эшитиб, баъзи биродарлар ҳафа бўлишади. «Ўзинг панада туриб, хавфсиз жойда туриб, бизни танқид қиласан», дейишади. Аввало шуни айтишим керакки, мен тўғри сўзни айтиш учун ҳеч қачон хавфсиз жой ахтармадим. Хавфли жойларда ҳам тўғри сўзни айтишга баҳоли-қудрат ҳаракат қилдим. Агар айтишга имкон бермасалар, бу жойни дарров тарк этдим. 1992 йил менга Парламентда сўз бермаганлари учунгина депутатликдан истеъфо қилдим. Ўзбекистонда кечган сўнгги кунга қадар ИИВнинг ертўласида терговчига сўроқ берганда ҳам тўғрини гапирдим. Ва ниҳоят, Ўзбекистондан чиқиб кетар экан, яна ўша ўзим тўғри деб билган фикрни айтиш имконига эга бўлиш учун чиқиб кетдим.
Асло ва асло айшу-ишрат учун ватанни тарк этганим йўқ.

(25.12.1997)

Миллий манфаат доирамиз

Шарқий Туркистондаги мусулмон турклар, бизнинг уйғур қардошларимиз ва бошқа турк қавмлари Хитой зулмига қарши биринчи марта бош кўтараётгани йўқ. Шарқий Туркистон диктатор Сталиннинг хиёнаткорона плани билан Хитойга берилгандан бери ярим аср ўтди ва шу вақт ичида уйғур турклари ўз озодлиги учун курашни бир зум ҳам тўхтатгани йўқ. Уларнинг катта-кичик миқёсдаги исёнлари хитойлар тарафидан доим шафқатсизларча бостирилди. Уйғур халқининг ватансевар йигитлари ҳеч бир судсиз, сўроқсиз кўча ўртасида отиб ташланди, уйларига ўт қўйилди, аммо кураш тўхтамади.
Бу йил рамазон ойининг охири, Қадр кечасида бошланган оёқланма (исён) ўша узун мужодала занжирининг навбатдаги халқасидир. Сўнгги олинган хабарларга кўра, шу соатларда уйғурлар Шарқий Туркистон ҳудудининг 88 та нуқтасини ўз назорати остида тутиб турибдилар. Бир ҳафта ичида ҳалок бўлган шаҳидлар сони 300 тага етган, аммо бу рақамни Хитойнинг расмий доиралари озайтириб кўрсатишга уринмоқда. Шунингдек, келаётган хабарларда, Ғарбий Хитойда ерлашган дунганлар ва тибетликлар ҳам мусулмон туркларнинг бу норозилик ҳаракатини очиқчасига қўллаб-қувватлай бошладилар. Улар «Демократик бир Хитой истаймиз», дея кўчаларга чиқмоқдалар.
Режим Шарқий Туркистонни атом бомбасини синаш майдонига айлантирди, кетма-кет портлатилган бу даҳшатли бомбалар фақат ер-сув ва ҳайвонот дунёсини заҳарлаб қолмади, балки минтақада яшаётган аҳолининг каттагина қисмини майиб-мажруҳ қилди ва қилаяпти.
Хитой ярим аср давомида уйғурларни этник ва маданий жиҳатдан ассимиляция қилишга уринди, аммо уйғурлардаги диний ва миллий шуур бунга тўсқинлик қилди. Инсон ҳуқуқлари ва демократия ҳомийси Ғарб Шарқий Туркистонда ярим асрдан бери давом этаётган бу изтиробли мужодалага доим лоқайд қараб келди. Ғарб давлатлари учун бу минтақа жуда узоқ кўринган ёки ғарбликлар тили билан айтганда «манфаат доирасига кирмаган». Лекин Хитойдаги аҳоли ўсишининг тезлиги, иқтисодий юксалиш ва бунга параллел равишда юксалаётган хитой шовинизми классик шаклда тартибланган ҳар қандай ҳисоб-китобни ағдар-тўнтар қилиб турибди. Энди бирор бир мамлакатнинг манфаат доирасига нима кириб, нима кирмаслигини айтиш ниҳоятда қийин. Дунё геополитик тарозисидаги тошлар ўзгарди, супер давлат бўлган АҚШнинг рақиби Совет Империяси парчаланди, унинг ўрнини янги бир супер давлат Хитой эгалламоқда. Бу янги вазиятда Оврупо ва НАТО ўз стратегиясида қандай ўзгаришлар ясаяжаги ҳозирча номаълум, аммо Оврупанинг собиқ душмани бўлган СССР меросхўри Русия бугун Оврупа учун учинчи бир кучга қарши иттифоқдош қўнимига тушиб қолаётгани аниқ. Бу учинчи куч, табиийки, космосдан келган мавжудотлар эмас — бу куч Хитой жумҳуриятидир. Демак, Оврупонинг НАТОни кенгайтириш учун қилаётган ҳаракатларига Русия шунчаки эринчоқлик билан қаршилик қилаётганига ҳайрон бўлмаса ҳам бўлади. Эҳтимол, яқин келажакда, НАТО аъзолигига нафақат Можаристон ёки Польша, Русия Федерацияси ҳам аъзо бўлиши мумкин. Янада илгари кетсак, турк жумҳуриятлари ҳам ўз мудофаа қувватларини НАТО каби тизимларга интеграция қилса, не ажаб. Албатта, бу бир фараз. Лекин фараз бўлмаган бир нарса бор: Бу Хитойдир. Хитой ҳозирча дунё истиқрорига таҳдид солаётгани йўқ. Аммо унинг биқинида яшаётган турк жумҳуриятлари қўшничилик сиёсатини ниҳоятда эҳтиёткорлик билан олиб боришга мажбурдирлар. Нима десангиз денг, нуфузи бир миллиарддан ошиқ бир мамлакатга қўшни бўлиш бироз таҳликалидир. Агар бу мамлакат қўлида нейтрон қалпоқли ракеталар ва ҳужумга мўлжалланган модерн учоқлар бўлса, таҳлика икки карра ошади. Агар бу ҳам етмаганидай, бу мамлакатда тоталитар режим бўлса, таҳлика яна ҳам кучаяди. Биз, 135 йил рус асоратида яшаган туркистонлик турклар, супер давлатга қўшни бўлишнинг нима эканлигини яхши биламиз. Шунинг учун ҳам бугун Хитойда кечаётган воқеалар бизни ҳақли равишда безовта қилаяпти.
Биз Хитойда демократик бир тузум ўрнатилмагунича, унинг ичида яшаётган мусулмон қардошларимизга қарши зулм тўхтамаслигини биламиз ва шунинг учун ҳам Хитойда тезроқ демократик ислоҳотларнинг ўтказилиши тарафдоримиз. Бу ислоҳотлар ўтказилса, нафақат ўлка ичидаги истиқрорни ўрнатишда, балки унга қўшни бўлган турк жумҳуриятларининг ҳам Хитойга нисбатан муомаласи самимийлашиб, алоқалари мустаҳкамланган бўларди. Зотан, биз Хитой билан шундай дўстона алоқаларни истаймиз.
Фақат буни деркан, бизнинг туркистонлик раҳбарларимизнинг бугунги жимлиги эсимга тушади. Бу арбобларнинг ҳеч бири Шарқий Туркистондаги воқеаларга жавобан «чурқ» этмади. Улар ҳам Ғарбдаги оғаларига тақлид қилиб, бу менинг манфаат доирамга кирмайди, деб ўтирибдилар, шекилли. Агар шундай бўлса, қаттиқ янглишадилар. Шарқий Туркистон воқеалари манфаат доирамизнинг қоқ ўртасидадир. Буни ҳозирданоқ англаб олмоғимиз керак, уч-тўрт йилдан сўнгра кеч бўлиши мумкин.

(1997)

Ушалмас орзулар

Русия ўзининг бутун дунёга қўрқув солғучи супердавлат бўлган дориламон даврини эслатаётгани, уни қўмсаётгани шубҳасиздир. Русия бу ўтмишини қайтариб бўлмаслигини билади, аммо ҳеч бўлмаса, унинг хотираси билан яшашни орзу қилади. Бугунги Русия тарафидан қурилаётган ва қурилиб бўлмасдан парчаланиб кетаётган мўрт иттифоқлар шу орзунинг зоҳирда кўринишларидир. Чеченистондаги уруш, Гуржистондаги рус қўшинлари, Озарбойжонга қарши Арманистонга очиқдан-очиқ ҳарбий ёрдамлар ва Тожикистондаги рус қўшинлари — ҳаммаси бу орзуни рўёбга чиқариш учун қилинган чирпинишлардир.
Лекин Совет империяси ўзининг табиий умрини тугатган бир системадир. Уни қайтадан тиклашга уриниш ўликни қабрдан олиб чиқиб, реанимация столига ётқизган каби маъносиздир.
Бугунги бўлаётган «иттифоқ» ва «бирдамлик декларациялари» оч ва йўқсил халқларига нон топиб беролмаган бахтсиз коммунистларнинг ўзини оқлашга уринишидан бошқа нарса эмас. Улар «мана, сизнинг қорнингизни тўйғазиш учун ҳатто эски кушандамга янгидан қул бўлишга ҳам тайёрман», демоқдалар.
Ва умид қиламизки, бу коммунистларнинг ўз халқларига қилган сўнгги хиёнати бўлажакдир. Чунки уларни ҳеч бир шартнома, ҳеч бир Русия қутқаролмайди. Халқнинг эрки ва ҳурриятини сотиб, қашшоқликни тузатишга уриниш энг катта хиёнатдир.

(1997)

Ҳайратланиш насиб бўлмади

Ўзбекистонда бундан бир ярим ой аввал бир газета ташкил қилинган эди ва унинг отини «Ҳуррият» қўйишган эди. «Ҳуррият» деган ҳашаматли исм бугунги Ўзбекистон шароитида нақадар ғалати эшитилмасин, сиёсий мухолифатдагилар бу газетанинг чиқишига ботиний бир умид билан боққан эди. Худди шу умидни қувватлантирган каби, бу янги газетада нисбатан мустақил фикрлар айтила бошлади гўё. Масалан, Ўзбекистон ТВсидаги мафиялашган гуруҳлар ҳақида гапириш Тошкент муҳитида жуда қийин ва шу қийин нарсани «Ҳуррият» жамоаси айтишга журъат қилди. Биз бу журъаткорликни табриклашга ҳам улгурмадикки, газетанинг муҳаррири Карим Баҳриевнинг ишдан олинганини эшитдик. Ва тасаввур қилинг, биз бундан ҳеч ҳайратланмадик. Аксинча, бу мақола чиққандан кейин ҳам муҳаррир ишдан олинмаса, ҳайратланган бўлардик. Бу мақола чиққандан кейин ҳам яна шунга ўхшаган дадил мақолалар чиқаверса, биз ҳайратланган бўлардик. Ўзбекистонда ҳақиқатан ҳам демократик ўзгаришлар бошланди, деб ҳайратланган бўлардик, биз янглишибмиз шекилли, биз ҳадеб танқид қилавериб, бўлаётган ўзгаришларни кўрмай қолаяпмиз шекилли, дея ҳайратланган бўлардик. Шундай ҳайратланишни жуда истардик, тўғриси. Афсуски, бундай ҳайрат бизга насиб бўлмади. Яна эски ҳаммом — эски тос, яна ўша цензура ва яна ўша Госкомиздат, яна ўша рустамбойлар, шоғуломовлар ва уларнинг Ўзбекистон матбуоти узра ўрнатган ҳақоратомуз ҳокимияти.
Мен «ҳақоратомуз» дедим, чунки мана, демократлашдик, ана ҳуррият келди, деб халқни сурункасига алдаш ҳақоратдир.
Яна бир хусус: рамазони шариф Ўзбекистон диндорлари учун оғир келди. Фарғона водийсининг учта вилоятида 15 суткага қамалган диндорларнинг сони 125 тага етди.
Зулмнинг шафқатсиз кўриниши Наманган шаҳрида, рамазон ойининг ўрталарида юз берди. Аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган олти қори ҳибсга олинди ва уларни 15 суткага эмас, бир неча йилга қамалиши аниққа ўхшаяпти. Жўравой қори, Фазлиддин қори, Юнусхон қори, Ҳусниддин қори, Юнусхон қори каби диндорлар ақлга сиғмайдиган уйдирма айблар билан қамоққа олинганлар.
«ЭРК» демократик партияси диндорларга қарши юритилаётган бу репрессив сиёсатни қаттиқ қоралайди ҳамда ўзбек зиёлиларини ва мухолифат ташкилотларини бу сиёсатга қарши овоз чиқаришга даъват қилади.

(1997)

Жасорат бер, Оллоҳим бизга!

Ўзбекистон президенти бизни ўзининг ажабтовур баёнотлари билан доим ҳайратлантириб келган. Лекин куни кеча Олий Мажлис минбаридан туриб айтган бир неча ибораси унинг шу кунгача айтган бутун нутқларини остин-устун қилди. Бу айтилган бир неча ибора президентнинг сўнгги йилларда нақадар эркинлашгани, нақадар ҳокими мутлақ бўлиб олганини шафқатсиз шаклда намойиш қилди. Президентимиз ҳукмдор бўлибгина қолмай, ўзи чиқарган ҳукмни ўзи ижро этишни ҳам истайди: у Олий Мажлис минбаридан туриб дабдурустдан, “мен ислом фундаменталистларини ўз қўлларим билан отиб ташлардим”, дейди.
Бир давлат бошлиғининг ўз қўллари билан кимнидир отиб ташлаётганини тасаввур қилсангиз, баданингиз жимирлаб кетади.
Ким экан бу душман? Бу душман, сизнинг укангиз, агар у намоз қилишни билса. Бу душман сизнинг акангиз, агар у масжидга қатнаб турган бўлса. Бу душман, сизнинг отангиз, агар у Қуръон ўқиса, бу душман сизсиз, агар сиз шунчаки мусулмон, оддий бир мусулмон бўлсангиз.
Бугун Ўзбекистон ҳукуматига қарши курашаётган «ваҳҳобийлар», «ислом фундаменталистлари», аслида, сизга ўхшаган оддий мусулмонлардир. Улар ваҳҳобийлик надир, фундаментализм надир, билмайдилар. Уларнинг битта айби бор — улар президентга эмас, Оллоҳга сиғинадилар ва шунинг учун ҳам зиндонга ташланмоқдалар.
Энди бу ҳам камлик қилди, шекилли, президентимиз шахсан ўзлари ўз қўллари билан бу фундаменталистларни отиб ташламоқчи эмишлар. Агар ўзбек ҳукумати мезони билан ўлчайдиган бўлсак, жумҳурият аҳолисининг юзда тўқсон фоизи «фундаменталист»дир. Чунки юзда тўқсони мусулмондир.
Тасаввур қилинг, Русия президенти Ельцин христиан фундаменталистларини отиб ташлайман, деб баёнот берса, нима бўлади? Уни ўша куниёқ лавозимидан истеъфо қилишга мажбур этган бўлардилар. Ёки Исроил Бош вазири яҳудий террористларини баҳона қилиб, яҳудий душманларини отиб ташлардим, деса нима бўларди? Тель-Авивда халқ исён кўтарган бўлар, Натаньяхуга сичқоннинг инини минг танга қилган бўларди.
Ёки Америка президенти Билл Клинтон… Йўқ, Билл Клинтон бунақа иборани қўллаш жасоратига эга эмас. Агар қўллаганда эди, у ҳеч қачон Америкага раҳбар бўла олмас, Америка эса, ҳеч қачон Америка бўлмаган бўларди.
Бундай ғаройиб баёнотлар фақат бизнинг минтақада эмин-эркин берилиши мумкин. Бундай ажабтовур истаклар, инсоннинг тўйларини тикан-тикан қилиб юборадиган бундай сўзлар бизнинг мажлисларда, бизнинг минбарлардан айтилиши мумкин. Ва бундай таҳдид, бундай ҳақоратга ҳам фақат биз, фақат биз ўзбеклар чидашимиз мумкин. Биз шундай метин, шундай темир миллатмиз. Бир бетимизга урса, иккинчи бетимизни тутадиган мусулмон бир миллат. Энди шу мусулмонликни ҳам кўп кўрмоқдалар. Эй, Оллоҳим, бизнинг журъатсизлигимизни кечир. Биз сендан халқ ўлароқ нон сўрамаймиз. Биз сендан бошқа халқлар ўртасида шону-шараф, обрў-эътибор ҳам сўрамаймиз. Биз сендан бойлик, мулку сарват ҳам тиламаймиз. Бизга бироз, бирозгина жасорат бер, бир оз, бир чимдим жасорат сўраймиз сендан. Токи, биз иймонимизни, инсоний шарафимизни ҳимоя қила билайлик.
Бизга жасорат бер бир оз, Оллоҳим.

(1998)

Қайтиш масаласида

Мусулмончиликнинг, умуман, инсонийликнинг бир одоби бор. Биров саломга қўл узатса, унинг қўлини олмоқ лозим. Шу инсоний одоб ҳурмати, биз Ўзбекистон Президенти Каримовнинг мухолифатга қаратилган ватанга қайтиш чақириғига самимий, бажонудил жавоб бераяпмиз.
Аммо бу дегани, Президент Каримовнинг чақириғига биз тўла ишондик, деган гап эмас. Бу чақириқнинг нақадар самимий эканини биз билмаймиз. Шунинг учун ҳам кичик, илк этапда бажариладиган шартлар қўйдик, агар бу шартлар бажарилса, демак, Каримовнинг бизни ватанга қайтариш нияти самимий, агар бажарилмаса, буни Ўзбекистон раҳбарининг навбатдаги ҳийласи, деб баҳолашга мажбур бўламиз. Чунки, мухолифатнинг бир қисмини қамоқда ушлаб, иккинчи қисмини юртга даъват қилиш, унга кечиримли бўлайлик, дейиш, иккиюзламачилик бўлади ва бу даъватга ҳеч ким ишонмайди. Ва биз ҳам ватанга қайтолмаймиз, чунки сиёсий ва диний мухолифатнинг мингларча бегуноҳ аъзолари қамоқда ўтираркан, бизнинг ватанга қайтишимиз ҳалол бўлмайди, агар қайтсак, бизнинг ватандан чиқиб кетишимизга сабаб бўлган ғояларимизга хиёнат қилган бўламиз, халқимизга хиёнат қилган бўламиз. Чунки халқнинг бир қисмига афв чиқариб, иккинчи қисмини яна қамоққа ташлаётган мунофиқ режим билан келишган бўламиз. Буни биз асло қилмаймиз.
Лекин ҳозирча, биз Ислом Каримовнинг фақат даъватига жавоб бераяпмиз, даъватнинг самимийлиги ёки носамимийлиги иккинчи масала. Каримов бир давлатнинг бошлиғи, минбардан бутун дунё кўзи ўнгида бир баёнот берди.
Муҳим баёнот берди. Унинг маъсулияти бир давлат Президентини ташийди. Биз мухолифат сифатида бу баёнотни жиддий қабул қилишга мажбурмиз. Бу даъватни самимий, деб фараз қилишга ва шунга яраша жавоб беришга мажбурмиз. Нега?
Чунки Каримов эртага яна: «Мен мухолифатни юртга чақирдим, менга жавоб бермади, менга ишонмади, менинг чақириғимни ҳийла, деб баҳолади, энди ўзидан кўрсин», дея дунёга жар солиши турган гап. Биз Каримовнинг шундай дейишига йўл қўймаслик учун ҳам унинг чақириғига жиддий жавоб бераяпмиз.
Баъзи дўстларимиз Тожикистон ҳукуматини мисол келтириб, «мана, ҳукумат ва мухолифат келишди-ку, улар бир-бирларига ўқ отди, икки тарафдан ҳам кўп одам ҳалок бўлди, шунга қарамай, туппа-тузук янги ҳаёт бошладилар-ку, Ўзбекистон мухолифати қуролли кураш олиб бормади, қамалди, азоб кўрди, энди бугун Каримов адолатни тикламоқчи экан, балки унинг нияти самимийдир», дея умид билдиришаяпти. Лекин Каримов баёнотидан кейин ҳам қатағон давом этаётган экан, бу умид пуч бўлиб қолаверади.
Мен мухолифат номидан қисқача шуни айтмоқчиман. Биз ҳорижга яхши яшаш учун, Ғарбнинг неъматларидан баҳраманд бўлиш учун чиқиб кетмадик. Биз режимнинг бизга қарши юритган терроридан, бизга қарши йўналтирган ўлим таҳликасидан ўзимизни, оиламизни амин қилмоқ учун юртдан кетишга мажбур бўлдик. Энди Ўзбекистон раҳбари бизни қайтишга даъват қилар экан, биз бу таклифга режимга кўзимиз учиб тургани учун жавоб қилаётганимиз йўқ. Биз қўлимиздан тортиб олинган ҳақларимизнинг қайтариб берилиши учун жавоб бераяпмиз. Агар булар қайтариб берилса, ватанга бориб, халқимизга хизмат қилиш учун жавоб бераяпмиз. Бизнинг бундан бошқа ҳеч бир илинжимиз йўқ.
Биз Ўзбекистон раҳбарининг бизга қарата қилган чақириғига ўз муносабатимизни билдирдик. Энди унинг жавобини кутаяпмиз. Унинг жавобига қараб, биз ҳам хулосавий сўзимизни айтамиз.

(1998)

Мунофиқликдан сақланинг

«Озодлик» радиосидан Ортиқов деган биродаримиз чиқиб, «мухолифат бир-бирига тош отишдан бошқа ишга ярамай қолди», деган жуда ёқимсиз гапни айтди. Менга ёқмади, чунки бу ноҳақ иддаодир. Мен мухолифат вакилиман, янада тўғрироғи, Ўзбекистондаги мавжуд тузумга қарши мухолифат ҳаракатининг вакилиман. Мен раҳбарлик қилаётган «ЭРК» Партияси Ортиқов айтгандай бошқа мухолифатчиларга ҳеч қачон тош отмаган ва бундан кейин ҳам отаётгани йўқ. Албатта, Ортиқовга жавоб бериш жуда ҳам шарт эмас эди, лекин ортиқовларга ўхшаган, ўзбек мухолифати ҳақида нотўғри тушунчада юрган одамлар кўпайиб бораяпти, чамамда. Бунинг олдини олиш учун, ҳеч бўлмаганда бунга ҳалақит бериш учун мухолифат нима-ю, нима мухолифат эмаслигини бир оғиз сиз билан биргаликда мушоҳада қилмоқчиман. Менинг назаримда, «ЭРК» демократик партияси чинакам мухолифат ташкилотидир. Сизнинг бу ҳақда бошқа фикрингиз бўлиши мумкин, аммо мен шундай деб ўйлайман. Чунки Ўзбекистонда йилларча давом этган террор ва таъқибга қарамай, туҳмат ва шантажга қарамай, ўз принципларидан воз кечмаган бирор сиёсий ташкилот бўлса, бу «ЭРК» Партиясидир. Сиёсий конъюнктурага алданмай, ўзига қарши қаратилган фисқу-фасодларга жавоб бермай, фақат халқ орзу-умидларини тилга келтираётган ташкилот ҳам «ЭРК» Партиясидир. Бу хусусиятлари билан «ЭРК» Партияси мавжуд ҳукуматга энг жиддий ва энг муносиб мухолифатдир. Агар шундай бўлмасайди, ҳукумат бизни фақат Ўзбекистонда эмас, чет элда ҳам таъқиб қилмаган бўларди. Биз беш йилдир юртдан чиқиб кетдик, аммо Ўзбекистон ҳукумати бизни ҳеч унута олмаяпти. Қайси давлатга борсак, ўша жойдан ҳам қувишга ҳаракат қилади. Ахир, бунинг бир сабаби бўлса керак, ўртоқ Ортиқов. Бугун мухолифатни танқид қилиш қулай ва хавфсиз. Уни танқид қилиш, ҳатто, фойдали. Масалан, ҳукуматга хуш кўринасиз, ишингиз юришади, ишингиз юришмаса ҳам, ҳеч бўлмаса, сизга халақит беришмайди. Аммо танқид қилар экан, адресни аниқ айтиш керак. Мен юқорида мухолифат ким эканини айтдим. Энди билмаганлар билсин, деб ким мухолифат эмаслигини айтмоқчиман: мухолифат номидан гапириб, мухолифатнинг обрўсини туширадиган кимса мухолифатчи эмас. Дейлик, фалончи халқ ҳаракатиданман, деб ўша ҳаракатнинг илдизига болта урадиган одам мухолифатчи эмас. Ёки ўша халқ ҳаракати номидан газета чиқариб, газетада халқ дардини айтиш ўрнига, дейлик, «ЭРК» Партиясига қарши фисқу-фасод нашр қиладиган одамлар мухолифатчи эмас. Ёки «ЭРК» тўғрисида Ўзбекистон КГБсига маълумот бериб турадиган, чет элларнинг идораларига чақимчи хабарномалар тарқатиб кун кўрадиган ичи қора кимсаларнинг мухолифатга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Тўғри, улар Совет даврининг сўнгги йилларида мухолифат сафида эдилар, ҳатто тоталитар бир давлатда плюрализмнинг пайдо бўлишида ижобий бир роль ўйнаган бўлишлари ҳам мумкин. Аммо бир неча йилдан бери, улар мухолифат ниқоби остида Ўзбекистон ҳукуматига ёрдам бермоқдалар. Диққат қилинг, 1991 йилдан бери бу номи маълум кимсалар ҳақида Ўзбекистон матбуотида бирорта ҳам танқидий мақола, наинки мақола, ҳатто бирор сатр ҳам босилгани йўқ. Аксинча, Ўзбекистон Президенти бу одамларни Ўзбекистонга қайтиб келишларини таклиф қилмоқда. Шунинг учун, мухолифат дер экан, бу фарқни доим назарда тутиб гапириш керак. Яккабоғлик дўстимиз Ортиқов мухолифатга дашном берар экан, бизга «шаҳарма-шаҳар айланиб юриш жонингизга тегмадими, ватанга қайтинг энди», дея хитоб қилади. Худди биз ватандан шаҳарма-шаҳар айланиш учун саёҳатга чиққандай. Бу ошнамизга «сизга ҳам айланиш насиб қилсин», деб дуо қилиш мумкин, аммо бу унга ёмонлик тилаш бўлган бўларди. Шунинг учун ҳам унга бундай саёҳатлар сизга насиб қилмасин, деймиз. Мухолифатни бугун кучи етган-етмаган ҳамма танқид қилаяпти. Бу танқидларни эшитиб, Ўзбекистондаги бугунги қашшоқлик ва сафолатнинг ҳам, маънавий ва аҳлоқий тушкунликнинг ҳам сабабчиси давлат бошида турган ҳукумат эмас, ўз юртидан узоқда сарсон-саргордон юрган мухолифатчилар айбдор, деган бемаъни хулоса чиқади.
Аввало, ҳориждаги мухолифатчиларни «мазза қилиб юрибди», дейиш учун жуда шаккок одам бўлиш керак. Мухолифатни танқид қиладиган одам бунга аввал маънавий ҳақ қозониши керак. Мухолифат ҳаракатининг нақадар оғир, нақадар фожеали босқичлардан ўтгани ва ҳамон ўтаётганини англаш учун, ҳеч бўлмаганда, бу ҳаракатнинг ичида бўлиш керак. Нима эмиш, агар бугун сайлов бўлса, Каримов 90 фоиз овоз олармиш ва бунинг сабабчиси ҳам мухолифат эмиш. Бу башоратни эшитиб, «офарин!» дейсиз, холос.
Биринчидан, ким қанча овоз олишини бир Оллоҳу таоло билади, у кунларга етказса, кўрармиз. Фақат, мен ўйлайманки, у кунларга етказса, бугунги ҳукуматга унинг бола-чақаси ҳам овоз бермаса керак, деб ўйлайман. Чунки бу ҳукуматнинг кирдикорлари ўртада. Ҳамма кўриб турибди. Умуман, оғайнимиз Ортиқовнинг танқид қилиш усули менга янги кўринмади. Оғайнимиз икки тарафга ҳам ёмон кўринишни истамайди. У худди мухолифат ҳақида қайғураётган бир фуқародай гапиради. Айни пайтда, Каримовнинг тўқсон фоиз овоз олишини каромат қилиб, зарур жойларга ёғ ҳам суркаб қўяди… Мен «Озодлик» радиоси тингловчиларидан узр сўрайман, «Муҳаммад Солиҳ нега бир камтарин одамнинг камтарин чиқишига бу қадар аҳамият бераяпти, мухолифатни озгина танқид қилса, нима бўпти», дейишингиз мумкин.
Гап шундаки, Ўзбекистондаги узлуксиз давом этаётган иқтисодий бўҳрон, қашшоқлик, зулм ва истибдод фақат иймони заиф одамларни эмас, балки иймонли кишиларни ҳам мунофиқлик қилишга мажбур қилмоқда. Мунофиқлик бизнинг жамиятда кенг тарқалган ижтимоий касалликдир. Ўзбекистонда 1992 йилдан кейин ижтимоий фикр ўлди. Расмий ахборот воситалари ва расмий нашр марказлари эълон қилаётган нашрларда Ўзбекистоннинг ҳақиқий аҳволи ҳақида бирорта тўғри фикр йўқ. Кейинги уч йил ичида Ўзбекистон нашриётларидан чиққан китобларни варақлаб кўринг. Уларнинг ҳаммасида мутлақо сўзбоши бор ва сўзбошида албатта юртбоши мадҳ қилинади. Бу мадҳия бўлмаса, истисносиз, ҳеч бир китоб босилмайди. Шундай бир мамлакатда қандай ижтимоий фикр бўлиши мумкин?
Баъзи одамлар бу диққинафас ҳаводан чарчаб, бир эркин нафас олай, деб баъзи чет эл радиоларидан, дейлик, «Озодлик» ёки «Би-би-си» радиосидан гапиришни истаб қолишади. Бу мақтовга сазовор истакдир, албатта. Аммо бизнинг одамимиз бечора «Озодлик»да гапираётиб ҳам озод бўлолмайди, кўнглидагини тўкиб сололмайди, чунки эртасигаёқ уйига миршаб келади.
Раҳбарлари «исломчиларни ўз қўлим билан отиб ташлайман», деб турган мамлакатда «Озодлик»дан гапириш осон эмас. Шунинг учун ҳам «Озодлик»да чиққан одам кўнгли нозик ҳукуматни инжитмайдиган шаклда гапиришга ҳаракат қилади. Бунинг йўли осон — мухолифатни озгина уриб кетсангиз, бўлди. Одамларнинг бу мантиғини билганимиз учун ҳам, биз мухолифатга қарши танқидларнинг кўпига жавоб бермаймиз. Фақат яккабоғлик танқидчимизнинг сўзлари бизга жуда ҳам типик кўринди. Масалан, мухолифатнинг программаси йўқ, деган иддао Яккабоғ халқининг иддаоси эмас, Президент Каримовнинг иддаоси. Лекин мухолифатнинг кенг ва жиддий программаси борлигини Президент ҳам, бошқалари ҳам билади. Бу гапларни айтар экан, мақсадим, оғайнимиз Ортиқовга жавоб бериш эмас. Менинг мақсадим — ҳали ҳам иймонини йитирмаган инсонларни ўша эслатилган хасталик — ижтимоий мунофиқликдан сақланишга даъват қилишдир.
Оллоҳ бизга бу оғир даврдан ёруғ юз билан чиқишни насиб қилсин!

(1998)

Қоп-қора ёлғон

16 февралда Тошкентда юз берган портлашларга «ЭРК» Партиясининг муносабатини биз эълон қилган эдик. Ҳатто ўз халқига террор ўтказаётган давлатга қарши ҳам террор билан жавоб беришни оқлаш мумкин эмаслигини айтгандик. «ЭРК» Партиясининг ҳам, менинг ҳам, Обидхон қорининг ёки унинг қариндошларининг ҳам, қамоққа олинган ёзувчи Мамадали Маҳмуд ва менинг укам Рашид Бекжонларнинг ҳам бу портлашларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини Ўзбекистон ҳукумати яхши билади. Билади-ю, фурсатни бой беришни истамайди. Ўз мухолифларини айблаш учун бундан ҳам қулайроқ фурсат қачон келади яна? Ва шу қора ният билан ўзига салгина мухолиф бўлган ким бўлса, ҳаммасини ёппасига, ҳеч бир исботсиз, далилсиз ва ҳужжатсиз жиноятчига чиқарди.
28 февралда «Халқ сўзи» газетасида босилган «Огоҳликка даъват» мақоласи ҳукуматнинг ҳали ҳам портлашни уюштирганларни топа олмаганини кўрсатмоқда. Бу ожизликнинг бутун аламини ҳукумат сиёсий мухолифатдан ва бегуноҳ инсонлардан олишга бошлади.
«Огоҳликка даъват» мақоласига келсак, шу қадар тутуриқсиз иддаолар қиладики, биринчи қарашда портлашни уюштирганларни ҳукумат топгиси келмаяпти ёки буни ўзи уюштирган, деган фикр туғилади. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса, мақолани мақсадсиз ёзилган, деб бўлмайди. Мақоланинг мақсади 16 февралда ҳалок бўлган бегуноҳ одамлар ҳақида қайғуриш ёки портлаш сабабчиларини фош қилиш эмас, балки яқинлашиб келаётган Парламент сайловларини режим учун максимал даражада қулай қилиш, унинг муҳтамал рақибларини пассивлаштириш, энг яхшиси, уларни сайловдан умуман четлаштириш. Бунинг синалган йўли бор. Буни амалга ошириш учун мухолифатни қонун ташқарисидаги куч, уни машруъ (легитим) бўлмаган ташкилот сифатида кўрсатиш керак. Уни «террорист» қилиб кўрсатиш энг эффектив йўл, бу усул 1994 йилги сайловларда қўлланилди ва режим ўзини қўғирчоқ Парламентини тузиб олди. «Нима қилиб бўлса ҳам мухолифатни сайловда қатнаштирмаслик керак, нариёғи осон». Ҳукумат шундай деб ўйлайди ва бу ўйларини амалга ошириш учун у бутун Ўзбекистон бўйлаб ҳаракатга кечди. «Огоҳликка даъват» мақоласи чиққанидан кейин, мақола Президентнинг шахсан буйруғи билан бутун жумҳурият бўйлаб муҳокама қилина бошлади. Президентнинг буйруғи билан ғазабга келган қариялар, хотин-қиз ва ёш-яланг сиёсий мухолифатга ва ислом фундаменталистларига лаънат ёғдирмоқда. Балки биз бу одамларни ноҳақ айблаётгандирмиз, деб ҳеч ким ўйламайди. Балки ҳукумат пропагандаси бизни яна алдаётгандир, деб ҳеч ким мушоҳада қилмайди. Бу одамлар Совет даврида ўзлари отини ҳам эшитиб кўрмаган ёзувчи ва олимлар (масалан, машҳур рус ёзувчиси А. Солженицин ва машҳур олим А. Сахаров кабилар)га ҳукумат буйруғи билан қандай лаънат ёғдиришган бўлса, бугун бизга қарши худди ўшандай лаънат ёғдирмоқдалар. Бу жазава пардаси орқасида нима бор, ҳукумат нега бирдан талвасага тушиб қолди?
Маълумки, Ўрта Осиёда ва унинг маркази саналган Ўзбекистонда озми-кўпми манфаати бўлган Ғарб давлатлари бу ўлкадаги воқеаларни диққат билан кузатмоқдалар. Ишонинг, Ғарбда ҳам худди биз каби Ўзбекистондаги бу таранг ижтимоий-сиёсий вазиятни қандай қилиб юмшатиш, бу мустабид бошқарувни қандай қилиб демократик чизиғига яқинлаштириш мумкинлиги ҳақида бош қотираётган инсонлар бор. Албатта, Ўзбекистондаги режим лаганбардорлари мени «ғарбдан умид қилаяпти», дея айблашлари мумкин. Аммо улар шуни билишлари керакки, Ғарб давлатлари ўзи билан алоқа қилаётган ўлкаларнинг ҳам иложи борича ўзи каби демократик бўлишини истайди. Буни биз ўзбеклар учун эмас, ўзлари учун истайдилар. Чунки фақат демократик ўлкадагина эркин ахборот олиш, эркин борди-келди қилиш мумкин. Ва шундай ўлкадагина истиқрорли сиёсат, демак истиқрорли иқтисод бўлиши мумкин. Шундай истиқрорли иқтисодга соҳиб ўлкагина ўз сармоячиларига кафолат берса, сармоячилар бу кафолатга ишонишлари мумкин. Фақат шундай ўлка билан ҳамкорлик қилиш хавфсиз ва фойдали улар учун.
Шу боис йил охирида ўтиши керак бўлган Парламент сайловлари фақат Ўзбекистон ҳукумати ва Ўзбекистон мухолифатини эмас, балки бу ўлкада манфаати бор бошқа давлатларни ҳам ўйлантираётгани табиий бир ҳолдир. Масалан, феврал ойининг бошида Американинг Миллий Демократия Институти вакиллари ўзбек мухолифати билан учрашиб, бўлажак сайловлар ҳақида фикр алмашдилар. Феврал ойининг ўртасида Ўзбекистон мухолифати Оврупо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти масъуллари билан учрашди. Бу учрашувнинг мавзуси ҳам келаётган Парламент сайловлари бўлди. Қизиғи шундаки, бу учрашувда мухолифат вакиллари ҳукуматнинг бу сафар ҳам сайловни мухолифатсиз ўтказиш учун ҳаракат қилаётганини айтганди. Айнан шундай бўлаяпти. «Халқ сўзи»да босилган «Огоҳликка даъват» мақоласи Ғарб давлатларининг мухолифатни сайловларга қатнаштириш тўғрисидаги келадиган таклифларини рад қилиш учун шоша-пиша, талваса ичида ҳозирланаётган ташвиқот дебочасидир.
Мақоланинг ёзилиш маҳорати унинг мақсадига лойиқ эмас. Мақсад қанчалик сиёсий ва режим учун қанчалик муҳим бўлмасин, мақола ўз муаллифининг фикрлаш миқёси торлигидан, примитив савияда қолиб кетган. Президент Каримовни кўкларга кўтариб, унинг рақибини кўча сўзлари билан ҳақорат қилиш на муаллифга, на Президентга обрў келтиради. Ва энг муҳими, ёлғон сўзни қандай оҳангда айтсанг айт, унинг ёлғонлиги билиниб тураверади. Ёлғонни нимага ўрасанг ўра, у худди қора сиёҳ каби ўртага чиқаверади. «Огоҳликка даъват « мақоласи шундай қоп-қора ёлғондир.
Ёлғон мақола муаллифнинг исмидан бошланади. Асадулло Ҳақназар деган бир журналист йўқ. Бу бир ёлғон, унинг орқасида ўз туҳматлари учун бир кун жавоб беришдан қўрқиб қалтираётган бир шўрлик турибди. Бу одам мени қўрқоқликда айблайди. Мен ҳеч қачон «жасурман» деб кўкрагимга урганим йўқ. Аммо, Оллоҳга шукурлар бўлсинки, у менга ватанда ҳам, ватан ташқарисида ҳам золимга, «золимсан», деб айтишни насиб қилди. Яна Унга шукрлар бўлсинки, у мени сўзимни айтмоқ учун исмимни яшириш даражасига тушишдан қутқарди.
Каминага ниқоб кийган муаллифларнинг хуружлари янгилик эмас. Ўтган йил «Нарзулло Қосимов» деган ниқоб остида чиққан бир шахс «Мустақиллик курашлар даври» деб аталган китоб ёзиб, унда худди Асадулло услубида менга ҳақоратлар ёғдирганди. Айтишларича, бу ниқоб ўз хизматлари учун Президент саройига ишга олинганмиш. Балки «Асадулло» ўша «Нарзулло»дир, балки у эмасдир, мен ҳозир буни ўйлаётганим йўқ. Мен зулмнинг табиати, зулмнинг анатомияси ҳақида ўйлаяпман. Унинг шу қадар примитив, калтабин зеҳниятларга таянган ҳолда, шу қадар кучли бўлиши мумкинлигининг сири нимада эканлигини ўйлаяпман. Бунда мутлақо Оллоҳнинг ҳикмати, мантиғи бор. Зулм, албатта, калтабин зеҳниятларга таянади ва албатта, примитив ақллардангина озиқланади. Чунки юксак ақл зулмни қабул қила олмайди, тоза зеҳният Оллоҳдан қўрқади ва ҳар қандай зулмдан ҳазар қилади. Табиийки, «Огоҳликка даъват» мақоласини ёзган ва ёздирганларнинг ташвиши бу эмас. Уларнинг битта ташвиши бор: зулмни машруъ қилиш, уни қонуний қилиш. Бу йўлда ҳар қандай ёлғонни тўқишга тайёрлар. «Огоҳликка даъват» мақоласи мени ўша портлашларга алоқадор кўрсатар экан, бирорта далил, бирорта исбот келтирмайди, фақат «ҳали вақти келади — ҳамма кирдикорларини фош қиламиз», дейди. Унга «Ҳай жонивор, ахир ўша вақт келсин ва унинг кирдикорларини фош қил, кейин айбла», дейдиган бир мард ҳам йўқ.
Нима эмиш, Муҳаммад Солиҳ беш вақт намоз қилармиш. Мен ниқоббойдан сўрамоқчиман, намозни неча вақт қилса, сизнинг қонунларга тўғри келади? Неча вақт намоз қилса, одамларга туҳмат қилишдан тўхтайсизлар? Неча вақт намоз қилса, диндорларга азоб беришни бас қиласизлар. Албатта, одамлар бир вақт ҳам намоз қилмаса, сиз учун яхши бўларди. Улар намоз ўрнига юртбошининг китобини ўқиб ўтирса, кўнглингиз жойига тушган бўларди. Улар Яратганга эмас, юртбошига сажда қилса, яна ҳам хурсанд бўлган бўлардингиз. Лекин ундай бўлмайди, сизлар қилаётган зулм қанчалик кучли бўлмасин, инсонлар ўз эътиқодидан воз кечмайдилар. Улар сизнинг сохта конституциянгизга қараб эмас, Яратганнинг иродасига қараб турмада бўлса турмада, сургунда бўлса сургунда ўзининг беш вақт намозини қилаверадилар.
Ниқоббой яна Муҳаммад Солиҳ уч марта уйланган, деб ёзади. Мен икки марта уйланганман ва буни китобимда очиқ ёзганман, ҳеч қачон яширмаганман. Биринчи оилам ва фарзандларим билан орамизда ҳеч қачон ихтилоф бўлмаган. Хўш, бунинг ва менинг намоз қилишимнинг 16 февралдаги портлашларга нима алоқаси бор?
Умуман, бировнинг шахсий ҳаётини ковлаштириш қайси аҳлоққа тўғри келади?
Ниқоббой яна «Муҳаммад Солиҳ намоз қилиб, гуноҳларини ювишга интилаяптими?» дея хитоб қилади. Албатта, гуноҳларимни ювишга интилаяпман. Ва сиз ҳам шунга интилинг, ниқоббой ошна. Чунки сиз ҳам бир гуноҳкор қулсиз. Бировга туҳмат қилиш гуноҳларнинг энг ёмонидир. Сиз менга туҳмат қилмоқдасиз. Сиз бу туҳматни буйруқ билан қилаяпсиз, аммо бу сиздан масъулиятни соқит қилмайди. Оллоҳга ямин қиламан, менинг қўлим қонга ботгани йўқ, қонга сизнинг ҳомийларингизнинг қўллари ботгандир. Ўзбекистонда дом-дараксиз йўқолиб кетаётган ва қамоқхоналарда уриб ўлдирилаётган инсонлар сон-саноқсиздир. Улар учун сизнинг ҳомийларингиз жавоб беражак. Менинг ва менинг қариндошларим ҳақида уйдираётган ифтиро ва туҳматлар менинг миллатимга ўтказилаётган зулм олдида ҳечдир. Сиз менга йўналтирган ҳар бир ҳақорат ва ҳар бир туҳмат учун жавоб бериб ўтиришни ўзимга эп кўрмадим. Сизларни Оллоҳга ҳавола қилдим. Фақат сўзимни бир эски шеър билан битирмоқчиман, маъзур тутасизлар.

Бир ёнда ожизу бир ёнда кучли,
Кураш бошланаркан тарафма-тараф.
Ожизнинг ёнини олганинг учун,
«Хоин» деб ном олмоқ нақадар шараф!
На шараф, ўз халқин қул этган подшоҳ
«Ашаддий душман» деб сени атаса,
Жазавага тушса номинг эшитган чоғ
Китобингни ёқса, йиртса, топтаса.
Нақадар шарафдир зулмга зулм десанг,
Синса ҳам бошингда ҳар куни тўқмоқ.
Шайтондан қўрқмаслик нақадар гўзал,
На гўзал, фақат бир Оллоҳдан қўрқмоқ!
(1994)

(1999)

Минтақадаги хавф

Шу йил куз ойларида Қирғизистондан Ўзбекистонга ўтишга ҳаракат қилган қуролланган гуруҳ, баъзилар айтаётгандай, фақат 1992 йил Наманганда диндорларга қарши бошланган Каримов терроридан қочган одамлардан иборат эмас. Бу гуруҳ 1992 йилдан бошлаб, то 1998 йилгача Ўзбекистондаги зулмдан қочган кишилардан иборатдир. Бу одамлар Аркадий Дубнов каби ёлғон-яшиқни ўзига касб қилиб олган мухбирлар ёзганидай, босмачи ҳам эмас. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Турсунбой Охуновнинг айтишича, бу одамларнинг 60 фоизи олий маълумотли кишилар. Қолганлари косиблар, ишодамлари экан.
Булар, ўзбек режимининг зулми бўлмасайди, бу одамлар юртидан қувилмасди ва табиийки, қўлига қурол ҳам олмасди ва Қирғизистон ҳудудида туриб, ўзбек диктаторларининг тушларига кириб чиқмасди. Демоқчимизки, Қирғизистонда вужудга келган таҳликали вазиятдан, Тожикистондаги, Ўзбекистондаги, борингки, бутун Ўрта Осиёда пайдо бўлган фуқаролар уруши бошланиши хавфига масъул битта тараф бор: бу — Ўзбекистондир. Ўзбекистон ҳукумати юритган сиёсат фақат Ўзбекистонда эмас, бутун Ўрта Осиё давлатларида истиқрорни хавф остига қўйди. Буни кўра-била туриб, ўзини демократик санаган баъзи давлатларнинг «минтақадаги энг барқарор ўлка», дея Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаётгани кишини ҳайратга солади.
Шунинг учун «минтақадаги хавф» дер экан, урғуларни, нуқталарни жой-жойига қўйиб гапириш лозим.
Ўзбек мухолифати учун масала кун каби ойдиндир. Каримов режими Ўзбекистонда ҳоким экан, Ўзбекистонда ҳам, Ўрта Осиёда ҳам ҳеч нарса яхши тарафга ўзгармайди. Шундан хулоса қиламизки, Ўзбекистондаги тоталитар режимни қўллаётган баъзи давлатлар ҳам Ўзбекистон ва Ўрта Осиёда бирор нарсанинг ўзгаришини истамаяптилар. Ва зулм остида қўлига қурол олишга мажбур бўлган бу мазлум йигитларни «бандит» деб атаётган матбуот ҳам ўша иккиюзламачи давлатларнинг ноғорачисидир.
Хулласи калом, бугун Ўрта Осиё минтақасидаги истиқрорга хавф солаётган иккита таҳлика бор: биринчиси – Ўзбекистондаги тоталитар режим, иккинчиси — бу режимни қўллаб-қувватлаётганлар. Учинчи бир хавф йўқ.

МАҲКАМАДАН АВВАЛ…

16 феврал портлашларига оид расмий айбловнинг 30 саҳифалик матн андозасини олдим. Унда каминага йўналтирилган айблов — бош айбдор қилиб кўрсатилишига қарамай — бор-йўғи бир саҳифага жо бўлибди. Ва бу саҳифа ҳам бошдан-оёқ ёлғон билан тўлдирилган. Маҳкама обрўсини янада пастроққа тушириб юборадиган ёлғон билан тўлдирилибди. Айбловда ёзилишича, Т. Йўлдошев бошчилигидаги беш киши 1997 йил июл ойи охирида Истанбулда мен ва укам Мақсуд билан учрашиб, Ўзбекистон ҳукуматини ағдариб ташлаш борасида келишиб олишган. Бу иддаонинг ёлғонлигини исбот қилиш жуда осон: укам Мақсуд у пайтда оиласи билан Украинада эди, у Туркияга сентябр ойида келган. Бунинг далил ва ҳужжатлари, тарафсиз гувоҳлари мавжуд.
Мен у пайтда Туркияда эдим, аммо Йўлдошев билан мен 1997 йил май ойида учрашганман. У бизникига менинг меҳмоним Зелимхон Яндарбиев билан танишиш учун келганди. Мен ва укам Мақсуд билан учрашди, деган одамлардан фақат Т. Йўлдошевни биламан ва қолганларини на укам, на-да мен кўрдик, на исми-шарифини биламиз.
Айбловда мен Йўлдошев билан бирга конституцион тузумни ағдариб ташлашга келишганлигим ҳақида ёзилади. Буни ҳурматли суд нима билан исбот қилмоқчи? Унда, лоақал, бу келишувни исботлайдиган менинг овозим ёзилган магнит лентаси борми? Балки бу ҳақдаги маҳфий протокол бордир сизларда? Агар шундай бир ашёвий далил, энг кичик бўлса ҳам биргина ашёвий далил топсангизлар, ишонинг, судга ўзим бораман. Гап шундаки, бундай далил йўқ, чунки бундай келишув йўқ. Шунингдек, менинг тузумни ағдариш учун 1.6 млн. доллар топишга ваъда берганим, 80 минг долларлик диний адабиётни Қозоғистонга исмини биринчи марта эшитаётганим Зокиров ва Маматқуловларга юборганим ҳақидаги гаплар ҳам куракда турмайдиган ёлғондир. Буни ҳам суд ҳеч нарса билан исботлай олмайди. Албатта, мени умрида кўрмаган сохта гувоҳлар чиқиб, «кўрдим, у фалон-фистон» деди, дейиши мумкин, аммо бу сафсатага Ўзбекистон Президентидан бошқа ҳеч кимни ишонтириш мумкин эмас. Президент ҳам ишонгиси келгани учун ишонади. Сизлар ҳам, жаноб мутасадди шахслар, бу ишнинг бизга қаратилган катта туҳмат эканлигини биласиз. Бу айбловнинг жиноий тамали йўқлигини, бу айблов тамомила сиёсий моҳиятга эга эканини биласиз. Биласиз-у ҳеч нарса қилолмайсиз. Чунки сиз чиқаришингиз керак бўлган биз ҳақдаги ҳукмни Президент аллақачон чиқариб қўйган. Сизнинг ишингиз бу ҳукмни тасдиқлаш, холос. Шундай экан, менинг сизларга дашном бериш ниятим йўқ. Бу мактубни ҳам «дашном» деб қабул қилмангизлар. Фақат 16 феврал портлашларида 13 та бегуноҳ киши ҳалок бўлди ва бу фожеа қаршисида сиз қанчалик қайғурган бўлсангиз, мен ҳам шунчалик қайғурганимга ишонишингизни истайман.
Портлашлар энг кўп бизга зарар берди, шундай бўлишини била туриб, бундай ишга қўл уриш даражасида жоҳил эмаслигимизни ҳам билишингизни истайман.
Бу портлашларни ким уюштиргани ҳақида менинг ўз тахмин ва гумонларим бор. Уларни қоғозга тушириб, сизларга йўллаяпман, бўш пайтингизда фикр гимнастикаси учун яраб қолар.
16 феврал провокацияси орқасида туриши мумкин бўлган учта муҳтамал куч бор: биринчи куч, бу Президент бошчилигидаги гуруҳ, тўғрироғи, ҳокимиятнинг ўзи. Бундай гумон қилишга, етарли бўлмаса ҳам, анча-мунча асос бор. Илк асос ўлароқ, бу воқеа юз берган онда ҳукуматнинг ўзини тутишини кўрсатиш мумкин. Ҳукумат худди портлашларни кутиб тургандай, фожеа сабабларини дарров айта бошлади. Энг муҳими, воқеага ҳеч иккиланмай «Президентга суиқасд» дея ташхис (диагноз) қўйди. Ваҳоланки, портлашларнинг суиқасд эмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турарди. Чунки куппа-кундузи Тошкентнинг қоқ марказида, ҳар сантиметри миршаблар томонидан назорат қилинадиган ҳукумат бинолари атрофига портловчи модда тўлдирилган машиналарни, битта эмас, иккита эмас, бешта машинани олиб бориб қўйишнинг ҳеч иложи йўқ. Уларни фақат миршаблар ёки хавфсизлик ходимларининг ўзларигина олиб бориб қўйиши мумкин, холос.
Иккинчидан, Президентнинг ёнига қасд қиладиган ваҳҳобий ёки мухолифатчи бомбани бешта жойга қўймайди. Ва уларни сайр қилиб юриб, бирин-кетин портлатмайди. Аввал биттасини, кейин иккинчисини, яна кейинроқ учинчисини портлатадими суиқасд қилган киши? Яъни, «ҳў, жаноб юртбоши, мана шу бомбани портлатгандик, бу сизга тегмади, энди иккинчисини портлатаяпман, яқинроқ келинг, илтимос», дейдими суиқасдчи? Суиқасд деган бир нуқтада, бир он, бир сонияда яшин тезлигида қилинадиган ҳаракатдир. Нима, буни Президент ва унинг лаганбардорлари билмайдими? Буни бугун бизни суд қилиш учун тайёрланаётган, ҳуқуқ тожини кийган ҳакамлар билмайдими? Ҳаммаси билади.
Гумонни кучайтирадиган яна бир омил, аввал ҳам эътироф қилганимдек, ҳукуматнинг келаётган сайловлардан бизни узоқлаштириш учун баҳона топиши муқаррарлиги эди. Чунки, биз «ЭРК» Партияси ўлароқ сайловларда қатнашиш учун дунё жамоатчилигига мурожаат қилиб, демократик ўлкалардан кўмак сўрай бошлагандик. Ўша мурожаатдан парча келтираман: «Ўзбекистонда парламент сайловлари яқинлашиб келмоқда. Мамлакатимиз келажаги бу сайловларнинг демократик тарзда ўтказилиши ёки ўтказилмаслигига боғлиқ. Бугунги режим сиёсий ҳаётда ҳеч бир ўзгариш истамаяпти ва жамиятни демократлаштиришга қаратилган ҳар қандай ташаббусни шавқатсиз бостиришда давом этмоқда. Албатта, бу режим ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш ва мухолифатни сайловда иштирок этолмаслиги учун яна бир ўйин ўйлаб топади».
Бу мурожаат остида «22 декабр, 1998 йил» санаси турибди. Ва менинг имзом бор. Кўриб турибсиз, ҳукуматнинг муҳтамал ўйинини биз кутгандик, аммо бу ўйин 16 феврал каби қонли бўлишини асло кутмагандик. Мен бу билан «портлашларни ҳукумат қилди» демоқчи эмасман, мен фақат гумонимни айтаяпман.
Бу гумонни кучайтирадиган яна бир нуқта шуки, «ЭРК» Партияси келажак сайловларни муҳокамага қўйган бир пайтда, унга параллел равишда 16 феврал провокацияси ҳам тайёрлангани энди маълум бўлаяпти. Масалан, 2 феврал куни «ЭРК» Партияси котиби Американинг «Миллий Демократия институти» вакиллари билан учрашиб, сайловни ва сургундаги мухолифларни ватанга қайтариш ҳақида фикр алмашганди. Энг ҳайратланарли тавофиқ эса 16 феврал куни бўлди. Худди ўша бомбалар бирин-кетин портлаётган дақиқаларда яна ўша «ЭРК» котиби ва бошқа мухолиф гуруҳ вакиллари «Интерконтинентал» отелида Оврупо хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тамсилчилари билан учрашиб, яна ўша қарғиш теккан сайловларни муҳокама қилаётгандилар.
Ҳукуматга нисбатан гумонни кучайтирадиган сўнгги ва жуда мантиқли кўринадиган нуқта шуки, 16 феврал воқеалари ҳукуматдан бошқа ҳеч кимга фойда келтирмади.
Бу воқеа ҳукумат учун чинакам омад бўлди. Бу воқеа шарофати билан жазолашга баҳона тополмай юргани юзларча ўзга фикрлини бир кунда қамоққа олди. Бу портлашлар туфайли бир неча йилдан бери чет элда юриб, газета чиқараётган мухолифат аъзолари ҳеч бир тўсиқсиз тутиб олиб келинди. Бу портлашлар туфайли ҳукумат ўз юзидан ҳар қандай аҳлоқий пардани сидириб ташлади ва зулм ўтказишда дунёнинг ҳеч бир диктатори орзу қилмайдиган бир миқёсга эришди: энди у нафақат мухолифатчи ёки диндорни, балки уларнинг хотинларини ҳам, ҳатто мўйсафид отасини, ҳатто оқсоч онаси-ю норасида боласини ҳам ҳеч тап тортмасдан ҳибсга олиши ва оёқ ости қилишга ўзини ҳақли ҳисоблай бошлаганди. Ўзбекистонда «Агар болалари таслим бўлмаса, уларнинг муттаҳам ота-оналарини қамоққа ташланг!» деган буйруқ миршаб бошлиғининг оғзидан чиққани йўқ, буни айтган одам бизнинг юртбошимиздир. Ҳатто Сталин ҳам халққа бунчалик очиқ шантаж қилишга журъат қилмаганди. Юртбошини шунчалик журъаткор қилган яна ўша 16 феврал портлашлари эди. Хўш, юртбошининг ҳукуматига шунча имтиёз қозонтирган бу провокацияни ким уюштирган бўлиши мумкин? Ҳукуматга бу яхшиликни ким қилган бўлиши мумкин? Албатта, уни яхши кўрганлар қилиши мумкин. Аммо ҳукуматни ким яхши кўради бугун? Ҳар ҳолда, уни унинг ўзидан бошқа ҳеч ким яхши кўрмаса керак. Шу силлогизм билан ҳукумат ҳақдаги гумонни нуқталаса ҳам бўлади.
Энди гумон қилиниши мумкин бўлган иккинчи кучга келайлик. Бу куч — маҳаллийчилардир. Уларни «клан» деб ҳам деб аташади.
Бу куч рус мустамлакаси даврида, кейин большевик-совет мустамлакаси даврида, энди эса мустақил-диктаторлик замонида ҳукмдорлар тарафидан доим ёлланма қувват сифатида фойдаланилиб келинди. Бу кучнинг иқтисодий пойдевори доим мустаҳкам бўлган, бу пойдевор мустақиллик даври анархияси даврида янада мустаҳкамланди, чамамда. Унинг қўли узун — Президент саройигача узанади. Таъсир миқёси кенг — хавфсизлик ва ҳуқуқ органларида юксак мақомлардаги одамлари мавжуд. Фақат унинг иккита заиф жойи бор: сиёсий калтабинлик ва социал қўрқоқлик. Шу боис, ҳеч қачон мустақил сиёсий кучга айлана олмайди. Сиёсий конъюнктурани ҳис қилмаганидан мўлжални янглиш олади ва сиёсий лидерлар ва мафия оталари ўртасида сарсон бориб келиб юради.
Каримов ҳокимиятга келганида маҳаллийчиликка қарши курашишга ваъда берган эди. Унинг ҳамма ваъдалари каби бу ваъдаси ҳам пуч чиқди. Бугун Ўзбекистон маҳаллийчиликнинг энг ривожланган жойи. Каримов атрофида унинг маҳалласи жамулжам бўлгандир. Жумҳуриятнинг бутун «ёғли» нуқталари юртбоши ва унинг оғайнилари қўлига топширилгандир. Бунга қарама-қарши албатта, тошкентлик маҳаллийчилар, водийлик, қашқадарёлик, бухоролик ва хоразмлик маҳаллийчилар ҳам ўз тирикчилигини кўриш учун жон-жаҳди билан кураш бошлагандир. Ўртада халқ, бечора халқ сарсон. Юпун ва қашшоқ халқ. Маҳаллийчилар бу халқнинг бир фоизини ҳам ташкил қилмайди, аммо бу халқ ейиши керак бўлган ноннинг тўқсон фоизини улар ейишади. Албатта, биринчи навбатда, Президент атрофидаги клан, сўнгра ундан нарироқдаги, сўнгра ундан ҳам нарироқдаги — ҳар бири Президентга яқинлигига пропорционал равишда халқ мулкини талон-тарож қилишади.
Президентга мансуб гуруҳ жуда ҳаддидан ошса, товоқдаги овқатнинг ҳаммасини еб қўйиб, қолган гуруҳларнинг «ҳаққи»га тажовуз қилса, бу кланлар ўртасида таҳликали вазиятлар туғдиради. 16 феврал провокацияси шу талашув оқибати бўлиши мумкин. Клан бундай таҳликали ўйинга кирар экан, унинг оқибатларини тасаввур қилган, албатта. Президентнинг илк ўлароқ кимга ҳамла қилиши мумкинлигини аниқ ҳисоблаган. Маълумки, портлашлар баҳонасида бошланган репрессиянинг асосий зарбалари диндорлар қаторида сиёсий мухолифатга йўналтирилди. Клан Президент ва унинг кланидан қанчалик нафратланса, мухолифатни ҳам шунчалик ёмон кўради. Чунки мухолифат маҳаллийчиликнинг душманидир. Миллий бирлик ҳимоячисидир. Бу эса клан мафкурасига зид. Клан учун миллат ва унинг бирлиги қуруқ сафсата. Клан учун пул ва мансаб — инсон ҳаётининг ягона ва сўнгги мақсадидир. Мавжуд диктаторлик режими унинг иш фаолиятига кўпроқ мос келади, чунки режим ҳам кланчилик мафкурасига таянади.
Агар 16 феврал провокациясини кланлардан бири қилган бўлса, у бу билан бир ўқда икки қушни уришни мўлжаллаган. Яъни у Президент зулми билан мухолифатни, халқ нафрати билан Президентни йўқ қилиш ёки, ҳеч бўлмаганда, заифлатишни режа қилган бўлиши мумкин.
Албатта, бу фикрларим ҳам бор-йўғи бир версия, бир гумон, холос. Агар бу гумон ҳам янглиш бўлса, у ҳолда учинчи бир кучни кўз олдимизга келтиришга тўғри келади. Буни қилиш мен учун қийин, чунки унинг ким бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч таҳминим йўқ. У ким бўлса бўлсин, агар портлашларни қилган ўша бўлса, унинг бу ишидан давлат органлари хабардор бўлганига шубҳам йўқ. Давлат органлари бу провокацияни бошдан-оёқ кузатиб турган ва аралашмаган (нега аралашмагани ҳам бошқа бир гумонга сабабдир). Чунки, аввалроқ айтганимдек, портлашлар юз берган майдонда давлат органларининг назоратисиз ҳеч нарса қилиш мумкин эмас.
16 феврал портлашлари ҳақидаги менинг тахмин ва гумонларим қисқача шулардан иборат. Албатта, ҳақиқатни ёлғиз Оллоҳ билади.

(24.05.1999) 

СОХТА ГУВОҲНИНГ ТУШИРГАН ҚОВУНИ

Сўзимни таассуф билан бошламоқчиман, кеча ҳориждан чиқадиган яна бир радиога интервью бергандим. Суҳбатдан жамоатчиликка эшиттирилиши лозим бўлган ўринлар кесилиб, даҳанаки мунозарани эслатувчи бир парча эфирга берилди. Суҳбатни тинглаганлардан узр сўрамоқчиман.
Аслида, туҳматга қарши қисқа қилиб «бу туҳмат», дея жавоб бериш энг маъқул услуб. Аммо баъзи одамларга бу ҳол ғалати кўриниши мумкин. Нега қисқа гапираяпти, бир нарсани яшираётганга ўхшайди, деб ўйлашлари мумкин. Агар узун-узун гапирсанг, бу одам нега чўзаяпти, ўзини оқлаяпти шекилли, деб шубҳаланиши мумкин. Бундай бир ҳолатда туҳматга қолган одам ҳар бир сўзини етти марта ўлчаб гапиришга мажбурдир. Мен бугун туҳматга қолган одамман. Баъзан ўз-ўзимга дейманки, «ҳали ҳам кўникмадингми, сенга сиёсатга киргандан бери ранг-баранг туҳматлар қилишди, ортиқ бунга кўникиш пайти келмадими”, деб танбеҳ бераман, аммо ҳеч кўниколмайман, қизишаман, ғазабланаман.
Аслида бунга на қизишмоқ, на-да ғазабланмоқ керак. Бир тоталитар давлат ўз душманини йўқ қилиш учун бутун арсеналини ишга солаяпти. Сен тоталитар давлатнинг душманисан. Бундай давлатнинг сиёсати, мафкураси, суд ва ҳуқуқ органлари ўз душманига қарши курашар экан, туҳмат ва ёлғонга суянмай нимага суянади? Агар у адолатга ва ҳақиқатга суянса, тоталитар давлат бўладими?
Агар адолатга ва ҳақиқатга суянса, сен бундай давлатга душман бўлармидинг, деб ўз-ўзимга тарбия бераман. Аммо навбатдаги, янги туҳмат келганда, мен такрор ғазабдан ўзимни тутолмайман. Кеча ўша радиодан гапирган гапларимда ўша ғазаб ҳарорати бор эди. Мен бунинг учун ватандошларимдан узр сўраяпман.
Ваҳоланки, Тошкентда бўлаётган суд чиқариши керак бўлган ҳукм аллақачон чиққан. Бундан икки ярим ой аввал Каримов бизга айбни қўйиб бўлган.
Бугунги суд деб аталаётган бу масхарабозларнинг томошаси ўша чиқарилган ҳукмдан бошқасини ўқимайди. Бу маълум. Бу ҳукмни чиқариш учун ҳукумат шу қадар шошаяптики, ҳатто сохта гувоҳларнинг чиқишларида айтилаётган гапларни назорат ҳам қилмаяпти. Масалан, кеча менга қарши гувоҳлик берган Асқаров шундай қатта қовун туширдики, буни ҳукумат ҳам кўтаролмайди. Асқаров айнан шундай деди: «Мен 1995 йилда Туркияга келдим ва Муҳаммад Солиҳ билан танишдим, Муҳаммад Солиҳ мени Теҳронга Тоҳир Йўлдошевнинг ёнига юборди», деди бу одам.
Мен президент Каримовнинг талаби билан 1994 йил октябр ойида Туркиядан чиқариб юборилганман. Ва шу кетишда Германияга кетганман. Ва шу кетишда 1996 йил сентябр ойигача Туркияга кела олмаганман. Мени Туркиядан чиқиб кетишимга бош-қош бўлганлар ўша пайтнинг Туркия Бош Вазири Тансу Чиллер хоним, Туркия Президенти Сулаймон Демирал бўлганлар ва менинг гувоҳларим шулар. Бундан ташқари, менинг энг собит гувоҳим турк матбуотидир.
Турк матбуотининг энг катта газеталари менинг 1994 йил охирида чиқиб кетганимни ва икки йил давомида Франкфуртда яшаганимни ёзганлар.
Менинг яна бир гувоҳим Президент Каримовнинг дилкаш маслаҳатчиси, менинг собиқ дўстим Мурод Муҳаммад Дўст. У Президентнинг хоҳиши билан Франкфуртда мен билан 1995 йилда кўришган.
Яна бир гувоҳим ўша 1995-1996 йилларда Олмонияда Ўзбекистоннинг Мухтор элчиси бўлган Содиқ Сафоев.
У менинг икки йил давомида Олмониядан ташқарига чиқолмаётганимни назорат қилган. Яна бир гувоҳим менинг паспортим.
У ерда чегарадан кириш-чиқиш тамғаланади. Нега мен буларни узундан-узоқ санаяпман? Чунки туҳматнинг туҳматлигини исбот қилиш жуда қийин. Мен бу ишни қилмадим, дейишинг мумкин. Аммо шундай закий одамлар борки, чиқиб «қани бу ишни қандай қилиб қилмаганингни исбот қилиб берчи», дейишади? Ана ундан кейин сиз ҳам бу ишни қандай қилиб қилмаганингизни исбот қилишга мажбур бўласиз. Бу кулгили, аммо ҳаёт ҳақиқати.
Агар бу Асқаров деган сохта гувоҳ чиқиб, мен 1995 йилда Муҳаммад Солиҳни кўрганман, демасайди, мен ўша ишни қандай қилиб қилмаганимни исботлашга анча қийналган бўлардим. Яхшиямки, Оллоҳнинг қонуни бўйича туҳмат ва ёлғоннинг умри қисқа. Ва бу ҳақиқатни бугун Тошкентда қўштирноқлар ичида жараён этаётган суд ўзида намоён этмоқда.
Ҳозирча, сохта гувоҳларнинг мен ҳақда айтган бошқа ёлғонларига изоҳ бермайман, чунки ҳали юқорида айтганимдек, бу ишни қандай қилиб қилмаганимга исбот топишим керак.
ИншоОллоҳ, бу исботни ҳам туҳматчиларнинг ўзлари яқинда топиб беради.

(“Озодлик” радиоси, 06.06.1999)

ЖАР ЁҚАСИДАГИ ДАВЛАТ

Ўрта Осиёдаги жумҳуриятлар ўз мустақилликларининг илк йилларида — улардаги режим авторитар бўлса ҳам — Ғарб тарафидан қўллаб-қувватланди. Буни Ғарбнинг янги жўғрофий-сиёсий маънодаги стратегияси тақазо этарди. Инсон ҳақлари ва демократия Ғарбнинг кун тартибида эмасди. Бу мавзу жамоатчилик савиясида муноқаша қилинган бўлса-да, расмий мақомларда тилга олинмади. Ваҳоланки, инсон ҳақлари ва демократияни шарт қўшган халқаро ҳужжатлар ўша авторитар давлатлар тарафидан имзоланиб улгурилганди. Масаланинг долзарб эмаслиги авторитаризм ишқибозларини журъатлантирди ва Ўрта Осиёда бирин-кетин демократияга нафратини яширмайдиган диктаторлар пайдо бўла бошлади.
Мустақил Ўзбекистон раҳбари демократиядан нафратланганлар ичида энг самимийси эди. У 1992 йил январ ойида намойишга чиққан талабаларни ўққа тутиб, ўлкада озми-кўпми бўй кўрсатган демократлашув ҳаракатига нуқта қўйди. Мухолиф партиялар таъқиқланди, уларнинг нашрлари ёпиб ташланди. Мухолифат аъзолари сохта айбловлар билан қамоққа олина бошлади.
Давлат террори йил сайин кенгайди. Энди у фақат мухолифат эмас, жамиятнинг бошқа табақаларини ҳам қамрай бошлади. Одамлар мамлакатдан қочишда нажот топди. Юзлаб, минглаб инсонлар Русияга, Қирғизистонга, Қозоғистонга ва ҳатто уруш кетаётган Тожикистонга қоча бошладилар.
Улар минтақамиз учун янги тип қочоқлар эди. Улар табиий офат ёки урушдан эмас, ўз давлатининг терроридан қочаётган қочоқлар эди.
Ўзбекистон раҳбарининг, ташқаридан қараганда, мантиқли бир рўкачи бор эди. Бу рўкач истиқрор эди. Истиқрорни асраш баҳонаси остида у мухолифатга қарши муваффақиятли кураш олиб борди. У етти йил давомида бир нарсани такрорлади: «агар халққа озодлик берсам, бу ерда ҳам Тожикистондагидай уруш бўлади», деди тинмасдан. Аммо у «агар халққа озодлик берсам, Қирғизистондагидай бўлади», демади. Чунки озодлик берилишига қарамай, Қирғизистонда уруш йўқ эди. Одамлар митингга чиққанига қарамай, барқарорлик, истиқрор бузилмаганди бу ерда.
Ўзбекистон раҳбарининг истиқрор фанатизми миллий хавфсизлик бўлимларини икки мисли кўпайтириб, миршаблар лашкарининг уч баровар ошишига олиб келди. Бунга қўшимча ўлароқ, бутун ўлкани қоплайдиган айғоқчи ва провокаторлар тўри ташкил қилинди.
Шу таҳлит харитада эски шўролар давлатининг кичик модели пайдо бўлди. Унинг қиёфасидаги чизгилар ўз прототипини айнан такрорлар эди. Бу мудҳиш «пайдо бўлиш»ни ҳеч ким сезмади ёки «сезиш»ни истамади. Бу ўлкада биттасининг иқтисодий манфаати, иккинчисининг сиёсий манфаати бор эди…
Ғарб давлатлари (АҚШ) демократия талаби билан Ўрта Осиё давлатларини чўчитиб юборишни истамади. Оврўосиёдаги стратегик шерикларидан ажралиб қолишдан андиша қилди. Қолаверса, мавжуд сиёсий конъюнктура (Тожикистон, Чеченистондаги урушлар ва ҳаказо) ҳам Ўрта Осиёдаги бу ланж ва сокин кўринган тоталитарзм жараёнини орқа планга суриб, диктаторлар жонига оро киргизиб турди. Ўзбек юртбошиси бу шовқин-сурон соясида дунё жамоатчилиги кўзи олдида, аммо уни ҳеч «безовта қилмай», ўзининг террор сиёсатини давом эттираверади.
Бугун ҳар қандай ўлчов ва мезонни ошган бу сиёсат давлатни ҳам, ўзини ҳам жар ёқасига олиб келиб қўйди. Ўлка — ҳеч муболағасиз — ижтимоий портлаш бўсағасида турибди. Социал гуруҳлар суръатли равишда радикаллашаяпти. Узоқ йиллар давом этган тазйиқ-таъқиб сиёсий гуруҳларни ҳам радикализм сари етакламоқда. Масаланинг демократик тарзда ечилишига ишонувчилар сони тобора камайиб, режимга фақат куч билан қарши курашиш мумкинлигига инонганлар сони ортмоқда.
Тошкентда юз берган феврал портлашлари баҳонасида режим халққа қарши террорни ўн карра кучайтиради. Лекин халқнинг режимга бўлган нафрати ҳам шунча ортганига ҳеч шубҳа йўқ. Портлаш муносабати билан бошланган бу даҳшатли қатағон халқни режим билан муроса қилиш имкониятидан маҳрум қилди. Агар воқеалар ўз тадрижига қўйиб берилса, кўп ўтмай, бу истиқрорли тоталитар давлат фуқаролар уруши ўчоғига айланиши мумкин. Чунки ортиқ одамларнинг йўқотадиган бирор нарсаси қолмади. На озодлиги, на ҳақ-ҳуқуқлари, на хавфсизлиги, на иши, на мулки ва на-да келажакка умид бор уларда. Бор-будларини йўқотган бундай жамият, ўзини асраб қолиш рефлекси ўлароқ, урушдан бошқа нарсага майл кўрсатмайди.
Дунё жамоатчилиги, Ғарб давлатлари, АҚШ ва шимолдаги қўшнимиз Русия Ўрта Осиё минтақасидаги тоталитаризм реванши ва пайдо бўлган фуқаролар уруши таҳликасидан бир хилда масъулдирлар. Чунки улар йиллар давомида бу жараённи кўриб-кўрмасликка олдилар, турли баҳоналар билан хаспўшладилар. Энди улар, ҳаммаси бир бўлиб, минтақадаги вазиятни юмшатиш чораларини кўрмоғи лозим. Биринчи тадбир Ўзбекистондаги халққа қарши зўравонлик эсколациясини зудлик билан тўхтатиш бўлмоғи керак. Зўравонлик — ҳатто ўз халқига қарши қилинаётган бўлса ҳам — бир давлатнинг ички иши бўлолмайди.
Биз, Ўзбекистон мухолифати вакиллари, дунё жамоатчилиги ва демократик давлатлар раҳбарларига бир неча марта мурожаат қилиб, Ўзбекистонда демократияни қутқаришга чорлагандик. Бугун биз уларни ўлкадаги демократияни эмас, фуқаролар уруши ёқасида турган ўлканинг ўзини қутқазишга чақирмоқдамиз. Умид қиламизки, сасимизни эшитишар.

(14.06.1999)

…Маҳкамадан сўнг

Тошкентда 16 февралда юз берган портлашларни муҳокама қилган маҳкама ўз ишини тамомлади, аммо ҳеч бир саволга жавоб бермади. Аксинча, бу маҳкама саволларни яна кўпайтирди.
Маҳкаманинг биринчи куни ифода берган айбланувчи айнан шундай деди: «Тошкентдаги портлашларни бизга буюрган одам Муродилла Қозиев бўлади. У бизга амр берди, биз портлатдик. Мурадилла Қозиев ўзининг мустақил эканини, Тоҳир Йўлдошга боғлиқ эмаслигини бизга айтган».
Лекин маҳкаманинг иккинчи куни шамол бошқа тарафдан эса бошлади. Иккинчи кун маҳкамада ифода берган Асқаров портлашларни бевосита содир қилган шахснинг кечаги айтган гапларини унуттиришга ҳаракат қилаётгани кўриниб қолди.
Суд раисининг ҳам қийин вазиятга тушиб қолгани унинг айбланувчиларга қаратилган маънисиз луқмаларидан билиниб турарди. Бомбани портлатган одамлар шу ерда эди, улар портлатишга буйруқ берган кишининг номини ҳам айтишди. Лекин маҳкама буни чеккага қўйиб, бутунлай тескари тарафга йўналиши керак эди. Бу «тескари тараф» портлашларга ҳеч алоқаси бўлмаган мухолифат эди.
Зотан, 16 феврал маҳкамасининг ҳукумат белгилаган стратегиясида ҳадаф бомбани портлатганлар эмас, сиёсий мухолифат эди. Маҳкаманинг асосий вазифаси ҳақиқатни яшириб, ўрнига ёлғонни қўйиш, уни айбланувчиларнинг қийноқ остида берган ёлғон ифодалари билан безаб, ҳукм чиқариш эди. Аммо маҳкамада биринчи бўлиб ифода берган айбланувчи бу планни чиппакка чиқарди. У ҲАҚИҚАТНИ АЙТИБ ҚЎЙДИ.
Ҳукумат бундан довдиради ва маҳкама раисининг ҳам, айбланувчиларнинг ҳам бир кечада пўстагини қоқди.
Маҳкаманинг иккинчи куни бомбани портлатганлар-у, унга буйруқ берганлар четга сурилиб, сиёсий мухолифат асос нишонга олинди. Муҳаммад Солиҳнинг диний гуруҳлар билан учрашгани-ю, уларнинг нима гаплашгани, қандай таом егани маҳкаманинг асосий муҳокамасига айланди. Лекин маҳкамада ҳеч ким ўрнидан туриб, «Хўп, Муҳаммад Солиҳ фалончи киши билан учрашган экан, бунинг 16 феврал портлашларига нима алоқаси бор?» демади. Ёки бошқа бириси туриб, «бомбани портлатган одамлар шу ерда, тирик, буйруқ берганларнинг номини улар айтди. Хўш, Муҳаммад Солиҳнинг бунга нима алоқаси бор?» демади.
Маҳкама шу сассизлик фонида жараён этди ва айбланувчилардан истаган кўрсатмасини олди. Лекин, шунга қарамай, улардан ҳеч бири «Муҳаммад Солиҳ портлашларга буйруқ берди ёки портлашларни фалончи билан келишиб олди», деб айта олмади. Қолган барча ёлғонлари учун уларни афв этиш мумкин. Қолаверса, улар айтган ёлғонлар шу қадар бесўнақай, ҳеч бири ақли салим инсон бу ёлғонларга ишонмайди. Масалан, менинг 1 миллион 600 минг доллар беришга ваъда қилганим, 80 минг долларлик адабиёт жўнатганим ҳақидаги «ривоятлар»…Менинг камтарона турмуш тарзимни жамоатчилик билади ва бундай маблағ менда йўқлиги ҳам ҳар кимга маълум.
Ўзбекистон Президенти маҳкама бошланмасдан бир ой аввал дунё жамоатчилигига хитобан «Муҳаммад Солиҳ ҳақида бир ҳужжатли фильм кўрсатаман, Солиҳнинг Афғонистонга бориб, Толиблар лидери Мулла Умар билан учрашганини исбот қиламан», деган сенсацион хабар берган эди.
Бугун Ўзбекистон телевидениеси ҳақиқатан ҳам каминани «фош» қилувчи ҳужжатли фильмни такрор-такрор кўрсатаяпти. Фақат бу фильмда менинг толиблар бошлиғи Мулла Умар билан тушган суратим йўқ, КГБ подвалида ётган биродаримиз Мамадали Маҳмуд билан тушган суратимиз намойиш қилинмоқда. Ва уни ваҳшиёна қийноққа солиб, менга қарши ифода беришга мажбур қилмоқдалар. Айни ваҳшиёна усул билан менинг укаларимдан ҳам ҳукумат истаган ифода олинмоқда.
Шу нуқтада мен бир нарсани хотирлатмоқчиман. 1995 йили менга Франкфуртга бир фарғоналик биродаримиз телефон қилди. У ёзувчи эди, қамоқдан чиққанига икки-уч кун бўлганди. У телефонда шундай деди: «ичкарида сизга қарши кўрсатма беришимни талаб қилишди, акс ҳолда қамоқда чириб кетишимни айтдилар ва мен кўрсатма бердим. Бир куни бу кўрсатмалар юзага чиққанда, мени айбламанг, ҳақингизни ҳалол этинг”, деди бу одам. Мен унга ҳаққимни ҳалол қилдим. 16 феврал маҳкамасида менга асоссиз ифода берган ким бўлса, ҳаммасининг ҳаққи ҳалол бўлсин.
Мен яна бир марта такрорлайман: 16 феврал портлашларида бизни айблаётганлар катта туҳмат қилмоқдалар. Энг юксак идеал учун, ҳатто ватан, ҳатто миллат, ҳатто дин учун ҳам бегуноҳ инсонларни қатл этиш бир жиноятдир. Бизнинг террорга қарашимиз будур.
Албатта, агар халқ ўзининг қуллик ва ўлимдан мудофаа қилиш учун тажовузкор тузумга қарши бош кўтарса, уни қўллаб-қувватламаслик халққа хиёнат бўлган бўларди. «ЭРК» ташкилоти учун эмас, ўзим учун айтаман, агар ўзбек халқи мавжуд тоталитар режимга қарши бош кўтарса, мен унинг сафида бўламан. Аммо террор бизга ярашмайди. Бу ўз халқига террор ўтказаётган ўша мустабид давлатга ярашиши мумкин.
16 феврал портлашларини ким уюштирган бўлса ҳам, у ўзбек халқига энг катта ёмонликни қилди. Чунки портлашлар баҳонасида режим янада қутурди, зулмни янада кучайтирди, мингларча инсонни хонавайрон қилди, мингларчасини зиндонга ташлади.
Хўш, халққа қарши бу фитнанинг орқасида ким бор? Бу савол маҳкама тамом бўлгандан кейин яна ўртага ташланди, чунки боя айтганимдек, маҳкама фитна ташкилотчиларини топиш эмас, уларни яширишга урингани ҳаммага маълум бўлди.
16 феврал портлашлари орқасида бўлиши мумкин бўлган кучлар ҳақида мен маҳкамадан олдин шу уч эҳтимолни айтгандим:
Биринчи эҳтимол: портлашларни бевосита режим уюштирган.
Иккинчи эҳтимол: ҳукумат ичидаги мухолиф клан уюштирган.
Учунчи эҳтимол: Миллий хавфсизлик хизмати назоратида бир радикал гуруҳ уюштирган.
Маҳкамадан кейин маълум бўлган баъзи фактлар ўша тахмин қилинган учинчи эҳтимолнинг ҳақиқатга анча яқинлигини кўрсатди.
Маҳкамадан кейин шу маълум бўлдики, Ўзбекистон ҳукумати «портлашлар тайёрланаётганини» аввалдан билган. Бу жуда муҳим фактор. Аввалдан билган бўлса, нега тадбир олмаган, деган савол туғилади. Тадбир олишни истамаганлар, аксинча, бу «бомбачилар» Миллий хавфсизлик хизматчилари томонидан то 16 феврал кунигача қадам-қадам кузатилиб, бомбалар портлагандан кейингина бирин-кетин қўлга олинган…
Бизнинг тахминимизча, ҳикоя фабуласи шундай: Ўзбекистон ҳукумати 1998 йил апрел ойида радикал гуруҳга аъзо бўлган Назарбек Умаров ва Абдунаби Нишонбоев деган иккита кишини ҳибсга олади. Уларнинг кўрсатмасига таяниб, бу гуруҳларнинг юрт ичидаги ва ташқарисидаги фаолларини тасбит этишади, улар устидан назорат ўрнатишади. Кейин 1998 йил ноябр ойида Туркманистонда гуруҳнинг раҳбарларидан ҳисобланган ва ташкилотнинг планларидан яхши хабардор бўлган Баҳром Абдуллаевни қўлга туширишади. Абдуллаевдан ташкилотнинг нималар қилишга қодир эканлигини ўрганишади ва шу потенциалга яраша бир сценарий ёзилади. Сценарийнинг биринчи қисмида ташкилотнинг ташқарида юрган, аммо доимий назоратда бўлган аъзоларига «бир террористик акт билан донг чиқариб қўйиш» ғояси сингдирилиши керак бўлади. Бу ғоя ертўлада ўтирган Умаров, Нишонбоев ва Абдуллаевларнинг «консультацияси» билан ташқаридагиларга етказилади. Ташқаридагилар ҳам «ниҳоят, золимга қарши жиҳод бошланди», деб дарров портловчи моддаларни тайёрлай бошлашади.
Улар портловчи моддаларни ҳозирлаб, «жиҳод»га шайланар экан, МХХ агентлари бу анойи мужоҳидларнинг портлашдан кейин қочиши мумкин бўлган бутун тирқишларни беркитади. Айни пайтда портлашлардан кейин ўлкада бошланиши керак бўлган кенг миқёсли репрессиянинг тамалини қўя бошлайдилар.
Биринчи навбатда, ҳибсга олиниши шарт бўлганлар рўйхати тузилади ва сиёсий мухолифат аъзолари бу рўйхатнинг биринчи қаторида ўрин олади.
Шунингдек, ҳорижда юрган мухолифатчилар ҳам назорат остига олиниб, улар кириб-чиқадиган шаҳарларга яна ўша МХХ агентлари жўнатилади.Бунинг битта ўрнаги Истанбулда зуҳур этди. 1999 йил феврал ойининг бошида «Бирлик» халқ ҳаракати тамсилчиси Алибой Йўляхшиевнинг оиласини Канадага кетаётганда, Истанбул аэропортида турк ва ўзбек полислари тўхтатиб, Ўзбекистонга жўнатмоқчи бўлишади. Уларни БМТнинг қoчқин статуси қутқариб қолади.
Кейин маълум бўлишича, 16 феврал портлашларидан 10 кун аввал Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари бошчилигида бир гуруҳ Туркияга келиб, бу ўлканинг чегара дарвозаларида «ўзбек террористларини» тутиш учун рухсат сўрагани ва бу рухсат берилгани маълум бўлди.
Яъни, 16 феврал портлашларидан кейин бошланиши керак бўлган кенг миқёсли репрессия ҳаракати доирасига нафақат МДҲ давлатлари, балки Туркия ҳам кирган.
МДҲ давлатлари эса Ўзбекистон учун ҳеч қачон «проблема» бўлмаган. Президент Каримов бу давлатларга бир дўқ урса, улар Каримовга истаган одамини бериб юбораверган. 16 февралдан сўнг «портлаш сабабчилари»нинг аксарияти Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳеч бир қийинчиликсиз ушлаб келинди.
Буларнинг ҳаммаси 16 феврал портлашларининг ташкилотчиси Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати, деган гумонни туғдиради. Яъни, бу портлашларда МХХ бошқарувчи, ертўлада ўтирган учта маҳбус консультант, ташқаридагилар – ижрочи ролини ўйнаган. Портлашлар ҳукуматнинг ўйини эканини охиригача англамаган гуруҳ ижрочилар бўлган. Улар бомбаларни бирин-кетин портлатар эканлар, биз золимга қарши жиҳод қилаяпмиз, деб ўйлашган. Улар портловчи модда тўлдирилган машиналарни, битта эмас, бешта машинани, куппа-кундузи Тошкентнинг марказига қўяр эканлар, нега бизни ҳеч ким тўхтатмаяпти, деб ўйламаганлар. Тўғриси, бундай ишни қилаётган одамнинг ўйлашга ҳам вақти бўлмайди…
16 феврал фитнасини уюштирганлар хусусида бизнинг гумонимиз шу. Ҳақиқатни яна Оллоҳ билади.

(1999)

 ЎРТА ОСИЁ СИЁСАТИНГИЗНИ ЎЗГАРТИРИШИНГИЗ ЛОЗИМ

Ноки Ўзкон
(Суҳбат қисқартирилган ҳолда чоп этилди)
Ўзбекистон «ЭРК» Партияси раиси, шоир Муҳаммад Солиҳга кўра ОХҲТ қарорлари ва Туркия
Ўзбекистон мухолифатининг саси, «ЭРК» Партиясининг лидери, машҳур шоир Муҳаммад Солиҳ билан ОХҲТ (Оврупода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти) қарорлари ва Туркия ҳақида суҳбатлашдик. Солиҳ ўзининг 1985 йилда ёзган «Политбюрога мактуб»и ила совет зиёлилари ичида катта қўзғолиш уйғотганди. 1991 йил сайловларида у Ўзбекистон президентига номзод бўлди. Сайловдаги адолатсизликларга қарамай, унинг 13 фоизга яқин овоз олгани расман тан олинди. Миллатвакиллигига сайлангандан сўнг, тазйиқларга норозилик сифатида миллатвакиллигидан истеъфо этди. Ҳибсга олинди. Халқаро ташкилотларнинг тазйиқлари ва Ўзбекистонни зиёрат этган Турғут Ўзолнинг илтимосидан бир кун сўнгра озод этилди. Туркияга келди, аммо тазйиқлар давом этавергач, 1994 йилида бу ердан ҳам кетишга мажбур бўлди. У ҳозир Норвегияда яшамоқда.
— ОХХТнинг Истанбул Конференциясига чақирилганингизни эшитдик, аммо келмадингиз, не сабабдан?
— Оврупо Ҳамкорлик Ташкилотининг Истанбул Конференциясига қатнашиш учун таклифнома олгандим, аммо Туркия тарафидан «илтимос, келманг», шаклида бир огоҳлантириш юборилди. Кейин эса, Каримовнинг босқилари натижасида, Ҳамкорлик Ташкилоти ҳам ўз таклифномасини қайтариб олди.
— Ҳамкорлик Ташкилотининг Истанбул зирвасини қандай баҳолайсиз?
— Бу зирва Ўрта Осиё жумҳуриятлари учун жуда аҳамиятли эди. Истанбул Конференцияси 2000 йилларнинг Ўрта Осиё стратегияси эшигини излади. Бу стратегия доирасида Туркия зиммасига буюк роль тушмоқда. Ўрта Осиё ва Кавказ янги дунё геополитикасининг муҳим нуқталаридир.
— Русиянинг Чеченистонга қилган ҳужуми бу янги геополитиканинг қаеридан ўрин олган?
— Бу минтақаларда ўзининг эски мавқеини сақлаб қолишни истаётган Русия, Ғарбнинг янги бир геостратегик қурилишларининг олдини олиш учун бу урушни бошлади. У бу урушни яна ҳам кенгроқ майдонга ёйишни истаб қолиши мумкин. Русия бу мақсадини «терроризм ва фундаментализмга қарши кураш» каби баҳоналарга ўрашни истайди, аммо бу тўғри эмас. Русия аввалдан супер куч бўлган бир давлат комплексини ташимоқда ва бу комплекс таҳликалидир. Русия икки ўт орасида: бир тарафдан демократия ва дунё билан тинчлик ичида яшамоқ, иккинчи томондан супер куч комплекси… Русиянинг бу икки ўт орасида мувозанат сақлаши мумкин эмас. Аммо тинчлик ва демократия Русияга ҳам керак.
— Ўзбекистон Президенти Каримов Истанбулдан эрта айрилди, сабаби нимада?
— Русия Ўрта Осиёдаги таъсирини давом эттирмак учун эски системадан қолган раҳбарлардан фойдаланмоқда, улардан жуда яхши фойдаланмоқда. Бундай раҳбарлар ўз ҳокимиятини сақлаб қолиш учун ҳар нарсага тайёрлар. Истанбул зирвасида Ельциннинг асабийлашганидан сўнг, Каримов ҳам Туркиядан ўпкаланиб, Истанбулдан эртароқ кетиш шаклида бир тадбир олди. Каримов, ”четлатилганлик” баҳонаси орқасига яширинишни истайди, аммо асл сабаб — унинг Ельцин ёнида бўлиш истагида эди. Истанбулдан қайтибоқ, у Хитой билан бир қатор шартномалар тузди. Ўзбекистон аввалроқ Русиянинг мудофаа бирлигидан чиққан эди, аммо у пайтда Америкага ишонаётган эди. Каримов Америка ва Ғарбнинг ўзи билан ҳамкорлик қилишлари учун инсон ҳақлари ва демократиядан воз кечажагига умид қилган эди. Инсон ҳақлари ва демократия Ғарб муҳофаза қилган қадриятлар, улар истаганлари тақдирда ҳам бу қадриятлардан воз кечолмасдилар. Улар Ўзбекистон учун истисно қилолмайдилар. Шундан сўнг Ўзбекистон Русия томонга қайрилиш сиёсатини юргиза бошлади.
— Бу шароитда Туркиянинг вазифаси нимадан иборат?
— «Ғарб» деганда мен Туркияни ҳам назарда тутаяпман. Ғарбнинг ва табиийки, Туркиянинг Ўрта Осиё сиёсатидаги энг заиф халқа — мавжуд режимлар ва раҳбарлар: уларнинг принципсизлиги ва бебурдлиги. Ғарб сўнгги олти йил давомида эски коммунист раҳбарлар-ла бу ўлкаларни ўзига ағдариб олишни кўзлади. Мавжуд раҳбарларга тегинмай, миллиардларча доллар ҳаржлаб, ўз таъсирини ёйишга ҳаракат қилди. Аммо кўрдиларки, истаганлари бўлмади. Русия бу минтақада ўз таъсир кучини сақлаб қолмоқда. Ортиқ шуни кўрмоғингиз лозим: Ўрта Осиё ўлкаларининг мавжуд раҳбарларида Ғарбга интеграция бўлишни уддалай оладиган, демократик қадриятларни қабул этажак бир зеҳният топилмаяпти. «Эски милтиқлар» ўзгартирилгани йўқ. Янги бир лидерлар авлоди келмагунча, Ўрта Осиёда ўзгариш кутиш мумкин эмас. Ғарб энди демократияга чиндан ишонган янги лидерларни дастаклаши лозим. Туркия ҳам шу йўналишда ишлаши керак.
Ўрта Осиёда дўстлар бўлишини истасангиз, дўстларингизнинг иқтидорга келишига дастак беринг. Сиз эса, ким ҳокимиятда бўлса, ўшани дастаклайсиз. Аммо иқтидорда сиз тарғиб қилаётган қадриятларга, яъни эркинлик ва демократия, инсон ҳақлари, тинчлик ва фаровонлик ғояларига душман бўлган одамлар ўтирибди. Сиз ҳали ҳам бу раҳбарлардан бир нарсаларни умид қилмоқдасиз. Бу сиёсат ортиқ ҳар қандай мантиққа зид бўлиб қолди. Янги Овросиё стратегиясига уйғун ўлароқ, Ғарб ва Туркия янгича сиёсат юргизиши лозим. Табиийки, агар ҳали ҳам Чин деворларига қадар ёйилган бу ўлкани қучоқлашни истаётган бўлсангиз…
— Туркия сизга ёрдам бермаяптими?
— Каримов, Муҳаммад Солиҳга Туркия ёрдам бераяпти, деб ўйлайди. Мантиқан, Туркия ёрдам этиши лозим эди. Чунки советлар давридан бери Туркия ва унинг қадриятларини Муҳаммад Солиҳ тарғиб қилади. Аммо, афсуски, Туркия менга ҳеч бир замон ёрдам кўрсатмади. Мен ҳам Туркия ва Ўзбекистон орасидаги алоқалар бузилмаслиги учун жим турдим. Туркия ҳали ҳам айни тактикани давом эттиришни истамоқда. Лекин бу тактика эскирди. Энди янги тактикага эҳтиёж бор. Энди янги нарсалар ҳақида гапириш замони келди. Оврупо Ҳамкорлиги ташкилоти зирвасидан сўнг Туркия зиммасига тушган вазифани очиқ ва машруъ шаклда амалга ошириш замони келди. Яъни диктаторларнинг инжиқликларига сассиз қолмаслиги керак. Туркия Каримовнинг бутун талабларини бажариб, нимага эришди? Аксинча, Каримов Туркияга қарши яна ҳам қўрслашди. Зирвадан сўнгра Туркия минтақада кучли роль ўйнаш мажбуриятидадир. Бу ролнинг ижобий таъсирларини кутаяпмиз.
— Ўзбекистонда демократия аломатлари борми?
— Ўзбекистонда демократик ҳаракат заиф бўлсайди, Каримов олти йилдан бери бизни таъқиб этмасди. Ўлкамизда бир сукунат бор, аммо бу сукунат довул олдидан бўладиган сукунат кабидир. Кафканинг романларидаги каби доимо назорат остида қолиш натижасида туғиладиган бир психологик ҳолат мавжуд. Ғарб: «Ўзбекистонда асло бир нарса қила кўрма, истиқрорсизлик бошланади», дейди. Ҳолбуки, истиқрорсизликнинг манбаи Каримов режимидир.

(”Миллият” газетаси, 27 .11.1999 ) 

Ўзбекистонда матбуот 

Бунинг нима эканлигини Адолф Ҳитлер замонида яшаган олмонлар яхши билишади. Бунинг нима эканлигини биз совет ҳокимияти даврида яшаган кишилар ҳам унча-мунча биламиз.
Тоталитар давлат матбуотининг, — бу давлат қаерда бўлмасин, Осиёдами, Овруподами, -кўзга яққол ташланадıган иккита ҳусусияти бор: биринчиси-ёлғончилик, иккинчиси маънавиятсизлик.
Фашистлар Олмониясининг мафкурачиси Йозеф Геббелс «ёлғон қанчалик ақл бовар қилмайдиган бўлса, шунчалик яхши» деган шиорни ўртага ташлади. Бу тоталитар давлат матбуотида ёлғонни машруъ қилди.
Владимир Ленин Совет Иттифоқи давлатига асос солар экан, «цель оправдъвает средства», деган шиорни олға сурди. Бу-мақсадга эришмоқ учун ҳеч нарсадан қайтма, деган ўгит эди. Бу ўгит тоталитар давлат пропагандасида маънавиятсизликни қонунлаштирди.
Бу икки давлат 20 асрнинг модерн тоталитар давлатлари эди. Бу иккаловидан кейин қурилган катта-кичик барча тоталитар давлат ёки давлатчалар ўша икки режимнıнг бой тажрибасига суяниб, иш кўрдилар.
Бугунги Ўзбекистан давлат сифатида собиқ Совет Иттифоқинииг кичик моделидир. Лекин унинг ёлғончилик ва маънавиятсизлик бобида советлар матбуотидан анча ўзиб кетди. Бунга энг ёрқин мисол Ўзбекистон мустақиллиги пропагандасир.
1989-91 йилларда чиққан совет газеталарини архивдан олиб, уларда босилган Ўзбекистан раҳбарларининг нутқларини ўқиб кўринг. Бирорта нутқнинг бирор жумласида «мустақиллик» калимасини учрата олмайсиз. Учратсангиз ҳам киноя, заҳарханда сифатида учратишингиз мумкин. Масалан «баъзилар мустақиллик, мустақиллик, дейди, агар биз Москвадан айрилсак, бизни чет эллар босиб олади-ку», қобилидаги шармандали хитобларни ўқишингиз мумкин. Ёки мустақиллик тарафдорларини «халқни жарга судраётган телбалар» дея сазойи қилган конференциялар ҳисобатини кўришингиз мумкин .
Бу газеталарда бугунги Ўзбекистон раҳбариятини фош қилувчи материалларнинг энг аёвсизи 1991 йил март Референдуми муносабати билан босилган материалардир.
Ўзбек халқини Совет Иттифоқида қолишга чорлаган ўртоқ Каримов ҳукумати ўз ҳаётининг энг самимий даврини ўша пайтда яшаган эди. Кейин бу самимиятдан воз кечишга тўғри келди. Чунки, совет давлати йиқилишга маҳкум эди. Уни Янаев ҳам, Каримов ҳам қутқариб қололмас эди. Буни сезган ўзбек коммунистлари дарров мустақилликсевар бўлиб қолишди. Дарров, чала-чулпа бўлса ҳам, ўзбекча гапиришга майл кўрсата бошладилар. Кейин «халқни жарга судраётган телба миллатчилар»га қўшилишди. Кейин секин-аста сафнинг олд қаторларига ўтиб олдилар. Кейин миллатчилар қўлидаги мустақиллик байроғини илиб олиб: «Сизлар чарчадингизлар, энди биз ҳам бироз кўтариб юрайлик» дейишди ва қип-қизил комминист бўлган зотлар бир лаҳзада ям-яшил муслимон миллиятчига айландилар.
Лекин мустақиллик эълон қилингандан сўнг «яшиллар» дарров асл ҳолига, қизилга дўндилар. Яна урф-одати, ўз анъаналарига кўра иш юритиб, мустақил давлатни ҳам ўз зеҳнияти асосида қурдилар. Улар қурган давлат Француз Биринчи Жумҳурияти модели бўлаолмасди. Чунки, бу давлатнинг ундай аждоди йўқ эди. Улар қурган давлат фақат советларнинг кичик модели бўла оларди, чунки, аждоди советлар эди.
Мана, етти йилдир-ки, бу ҳақиқатни Ўзбекистон матбуоти халққа терс тарафидан кўрсатмоқда. Бу матбуот 1980 йилларда ва 1990 йиллар бошида Ўзбекистон мустақиллиги ғоясини халқ зеҳнида устивор қилиш учун меҳнат қилган кишиларни «мустақиллик душманлари» деб эълон қилди. Бу матбуот худди ўша йилларда Совет давлатининг бутун имкониятларини ишга солиб, мустақиллик ғоясига қарши курашган коммунист раҳбарларни «мустақиллик қаҳрамонлари» қилиб кўрсатмоқда.
Бу матбуотининг маънавиятсизлигига мисол сифатида унинг шу йил ёзда Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида юз берган мажорада тутган позитсиясини кўрсатиш мумкин. 1992 йилдан бери Ўзбекистонда диндорларга қарши ўтказилаётган қатағондан қочган бир неча юз ўзбек қуролланиб Ўзбекистонга қайтиб киришга уринди. Қирғиз ҳукумати қонли тўқнашувнинг олдини олиш учун дипломатик воситаларини ишга солди. Бунинг натижаси ўлароқ, қуролли гуруҳ орқасига қайтиб кетди. Бундан «тинчликсевар» Ўзбекистон ҳукумати ҳурсанд бўлиши керак эди, Қирғизистон ҳукуматига миннатдорчилик билдириши керак эди. Аммо бундай бундай бўлмади. Ўзбекистон ҳукумати Қирғизистонга норозилик билдирди. Ўзбек матбуоти ҳам ўз ҳукуматига жўр бўлиб, қуролли гуруҳ билан мулоқат олиб борган Қирғизистон Парламенти миллат вакили Турсунбой Бакирўғлига лаънатлар ёғдира бошлади.
Лекин мустақиллик эълон қилингандан сўнг «яшиллар» дарров асл ҳолига, қизилга дўндилар. Яна урф-одати, уз анъаналарига кура иш юритиб, мустақил давлатни ҳам уз зехнияти асосида қурдилар.   Улар қурган давлат Француз Биринчи Жумҳурияти модели бўлаолмасди. Чунки, бу давлатнинг ундай аждоди йуқ эди. Улар қурган давлат фақат советларнинг кичик модели бола оларди, чунки, аждоди советлар эди.
Мана, етти йилдир-ки, бу ҳақиқатни Ўзбекистон матбуоти халққа терс тарафидан курсатмоқда. Бу матбуот 1980 йилларда ва 1990 йиллар бошида Ўзбекистон мустақиллиги гоясини халқ зеҳнида устивор қилиш учун меҳнат қилган кишиларни «мустақиллик душманлари» деб эълон қилди. Бу матбуот худди уша йилларда Совет давлатининг бутун имкониятларини ишга солиб, мустақиллик ғоясига қарши курашган коммунист раҳбарларни «мустақиллıк қаҳрамонлари» қилиб кўрсатмоқда.
Чунки бу миллат вакили ўша қуролли гуруҳни йўқ қилиб юборишга халақит берди, қон тўкилишининг олдини олди. Ўзбек ҳукумати ўзи сургун қилган фуқароларини ўлдириб бир мазза қилмоқчи эди, қирғизлар халақит беришди. Бу қонсеварлик руҳи Ўзбекистон матбуотига бир ғалати ғайрат, завқ-шавқ берди. Бу импотент матбуот қон ҳидини сезиб, гўё тирилгандай бўлди. У шу қадар жунбушга келдики, одам ўлдиришни ташвиқ қилишнинг катта гуноҳ эканлигини, ахлоқсизлик эканини унутди. Бу ахлоқсиз пропагандага учраганлар оз бўлса, яқинда «Озодлик» радиосига кўчадан интервю берган бир шаввоз «у газандаларни қириб ташлаш керак эди» дея қаҳрамонона чақириқ қилди. Бу шаввоз ўша «газандалар» ўз юртидан эътиқоди учун қувилган инсонлар эканини билсайди, буни айтмасди. Лекин бутун халқни бу шаввоз каби ҳукуматнинг ёлғонига учган, десак, халқимизга ҳурматсизлик қилган бўлардик. Иддао қилиб шуни айтиш мумкин-ки, халқнинг тўқсон фоизи тоталитар давлат газеталарини ўқимайди, унинг «миллий» деб аталган, аслида «аксимиллий» бўлган телевидение ва радиоларини кўрмайди, эшитмайди. Чунки, халқ бу газета, бу телевизион ва радиоларнинг нима кўрсатиб, нима айтишини олдиндан билади. Бу ҳар қандай тоталитар давлатда яшаётган жамиятнинг ҳоли руҳиясидир. Одамлар бу давлатнинг газеталаридан нафратланишади. Шу қадар нафратланишади-ки, буни газеталарнинг тиражидан ҳам кўрса бўлади: 27 миллионлик Ўзбекистоннинг энг катта газетаси 10 мингдан ошиқ чиқмайди. Бу ўн мингга ҳам давлат идоралари ва кутубхоналар мажбуран обуна бўладилар.
Давлат телевидение ва радиосининг халқ ичидаги обрўси газеталариникидан баланд эмас. Одамлар телевизорни очаркан, доим ва ҳамиша давлат бошлиғининг нутқ отаётганини кўришади ва «яна ўша сайраяпти», деб, бошқа олди-қочди каналига ўтказади ойнаи жаҳонни.
Газетачилар, телевизион ва радио мухбирлари фақат ёлғон ва доим ёлғон ёзишга мажбурдирлар. Уларни ҳақиқатни ёзиш жасорати йўқ, демаймиз. Уларда ҳақиқатни ёзиш ҳуқуқи йўқ деймиз. Тоталитар давлатда ҳуқуқсиз жасорат-жиноятдир.
Ўзбекистан фуқоралари ўз ҳаётлари ҳақидаги ҳакиқатни дунё билишини билмайдилар. Дунё бу ўтказилаётган зулм, бу қилинаётган адолатсизлик ва топталаётган ҳуқуқлар ҳақида дунё ҳеч нарса билмайди, деб ўйлайдилар. Бу изолятсия ҳисси уларда чуқур тушкунлук, ижтимоий нигилизм ва баъзи ҳолларда бадбинлик яаратмоқда. Албатта, инсофга, иймонга ва умуман яхшиликка ишончизлик тобора кенг ёйилмоқда жамиятимизда.
Жуда оз сондаги кишилар чет эл радиоларини эшитиб ёки интернет саҳифаларини варақлаб, дунёнинг Ўзбекистондаги воқеаларни кузатиб бораётганини билишади. Лекин миш-мишларга қараганда, Ўзбекистон ҳукумати бу байналминал хабар манбаларини ҳам назорат остига олганмиш. Агар шундай бўлса, ўзбек халқи бошига қоп кийдирилган, оғзига латта, қулоғига пахта тиқилган, қўллари боғланган бир раҳинадир. Уни раҳина олган террорист давлатдир. Раҳинани қутқармоқ маданиятли Ғарбнинг муқаддас бурчидир.

(2000)

«Унлилар уйғунлиги» Турк қавмларининг уйғинлгидир

Ўзбек тили Буюк Турк тилининг бир шохабчаси ўлароқ сингармоник тил, яъни унли сасларнинг уйғунлигига қурилган бир мусиқий тилдир.
Сингармонизм ҳақида, янглишмасам, 1984 йилда (мистик шоир Сўфи Оллоёр шеърлари мисолида) бир мақола ёзган ва бу мавзуда бир тилчи дўстимиз билан анча тортишгандик.
Яъни «унлилар масаласи» бугун пайдо бўлгани йўқ. Шунингдек, бу масала 84 йилда ҳам, ҳатто 20-йилларда жадидлар зомонида ҳам илк пайдо бўлмаганди. Бу муаммони улардан ҳам олдин, 16-асрда, Туркистонда «зерикканидан» Ҳиндистонга кетиб, у ерда Империя қурган андижонлик Заҳриддин Муҳаммад Бобур кўтарганди ва араб алифбосида туркчадаги унли сасларини ифодаловчи ҳарфлар йўқлигидан нолиганди.
Ҳеч шубҳасиз, сингармонизм қонуниятига энг уйғун алифбо Ўрҳун ёзувлари эди, аммо бу имло аллақачон тарихга кўмилди, уни қўллашнинг имкони йўқ, зеро сўнгги минг йил ичида турк тили фонетик ва морфологик жиҳатдан ўзгарди. «Унлилар муаммоси» Советлар даврида янада чуқурлашди. 30-йилларда болшевиклар тарафидан юритилган нотўғри тил сиёсати — ўзбек адабий тилининг фонетика ва морфологияси фақат Тошкент ва Фаргона шевалари устига қурилиб, қолган шевалар истеъмолдан чиқарилгани ва кирил алифбосига ўтиши — оқибатида ўзбекчада форсча талаффузи унсурлари кучая борди ва адабий тилимиз бошқа турк қавмларининг адабий тилидан сезиларли даражада узоқлашди.
1980-йилларга келиб, Ўзбекистоннинг расмий тилчилари сингармонизм ўзбекчадан борган сари йўқолиб бораяпти, чунки тилимиз тараққий қилмоқда, бу табиий жараён, деган сафсатани жамоатчиликка қабул қилдирганди. Ваҳоланки, сингармонизм халқ гапираётган тилда яшашда давом этаётганди, у кирилча алифбе ва тил нималигини билмайдиган тилчиларимизнинг талаффузидан чиқиб кетаётганди. Лекин алифбонинг тилимизга бегоналиги адабий тилни халқ тилидан бегоналаштира бошлагани ҳам тўғри эди. Бу вазият бугун ҳам ўзгаргани йўқ. Аксинча, Ўзбекистон ҳукуматининг 1995-йилда тасдиқлаган «Ўзбек тили графикаси» ўзбекларни Алифбо Лабиринтларида яна бир неча йил сарсон юришига маҳкум қиладиганга ўхшайди.
Бу ҳукумитининг барча соҳаларда бўлгани каби, тил соҳасидаги бу ташаббуси очиқчасига ғайримиллий ва ғайрилмийдир. Унинг танлаган алифбоси бизнинг бой тилимизни қашшоқлаштиришга олиб келиши шубҳасиздир. Мана шу қашшоқлаштириш сўзидаги «sh» ҳарфиннг иккита иеорглиф билан қўлланилиши, ҳукумат алифбосининг, аниқроғи, ҳукуматнинг башарасидаги қўтирнинг ўзгинаси эмасми?
Биз ЭРК веб-саҳифасида ва ЭРК газетасида ҳукуматнинг алифбосини ишлатиб кўрдик ва шунга амин бўлдик-ки, бу алифбони ҳатто унча кенг бўлмаган аудиторяда қўллаш ҳам тил маданиятига зарар бериши муқаррардир. Материлларни саҳифага қўяр экан, биродарларимиз қайси сўзни қайси ҳарф билан ифодалашни билмай қоладиган бўлдилар, ҳукуматнинг “янги алифбоси” шу қадар расво!
Биз бу кичик тажрибадан келиб чиқиб, ўзбек тилига максимум уйғун бир алифбо тузиш аввалги йилларда қандай зарур бўлса бугун ҳам шундай зарур эканлигини кўрдик.
Бўлажак янги алифбога 1939 йилда қабул қилинган кирилча ўзбек алифбосига киритилмаган 3 та ғоят муҳим унли товуш ҳарф киритилиши лозим:

1) Бу «gözal» (гўзал), «söz» (сўз), «ölim» (ўлим), «öpka» (ўпка), «ölka» (ўлка) сўзларидаги «ö» ҳарфи. Бу асло “ortaq” (ўртоқ), “oquvchi” (ўқувчи), “otirmoq” (ўтирмоқ), ўтлоқ (otlaq) даги «O” эмас.
2) Устида нуқтасиз «I» ҳарфи: «ısm», «ısırıq», «ıstak»даги «ı». Бу асло иймон (iymon), мусиқий (musiqiy), ҳақиқий (haqiqiy) сўзларидаги «İ» эмас.
3) Устида ишоратли «Ü»: бу ҳарф «üstiga üstak», «ünli», «ündoş», ‘’tüşmoq’’, «Ürganç», «üka», «taşabbüs» сўзларидаги «ü». Бу асло «usta», «uçmoq», «uçqun» сўзларидаги «U» эмас.
Изоҳ: Кирилдаги «Ў» ўрнига «О» таклиф қилинаяпти. Ўз навбатıда, “О” ўрнига устида ишоратли Ă (ă) таклиф қилинаяпти.
Бугунги Алифбонинг Ундошларидаги ўзгариш таклифи:
  G’ ўрнига Ğ,
CH ўрнига Ç,
SH ўрнига Ş шаклини таклиф қиламиз.

Алифбода 1939-йилдан бери қўлланилиб келган кирил алифбосидаги «цирк» сўзининг бошида келадиган «Ц» сасини берувчи бир ҳарфдан ташқари барча ҳарфлар мавжуд. Ц ҳарфини «S» ҳарфи билан ҳам ифодаласа бўлаверади, биз «ЦИРК» деганда русларга ўхшаб талаффуз қилишга маҳкум эмасмиз. Кирилда ишлатганимиз Ё ва Я ҳарфи эса иккита ишорат ЙО ва ЙА билан ёзилади. Кирилдаги «Ш» ҳарфи Туркия туркчасидаги думли «Ş», кириладаги «Ч» эса туркча «Ç » ҳарфлари билан алмаштирилади.
Ҳукуматнинг янги лотин алифбосида ҳар хил товушли сўзлар бир хил ҳарфлар билан белгиланиб, худди кирил алифбосида бўлгани каби, тилимизда унли саслар деформатсиясини янада чуқурлаштираяпти.
Унлилар уйғунлигини тамин этмақдан мақсад, алифбомизни бошқа турк қавмлари алифбосига яқинлаштириш, улар билан маданий алоқаларнинг тамалини ҳеч бўлмаса алифбо бирлиги билан мустаҳкамлашдир. Яъни, мақсадимиз ҳукуматнинг ўз алифбосидан кўзлаган мақсадларининг том тескариси.
Балки бу алифбо Туркларнинг Бирлиги каби буюк хаёлнинг илк поғоналарига қўйилган илк одим бўлар. Ҳар ҳолда, бу турк давлатларининг интегратсиясига қўшилган кичик, аммо реал ҳисса бўлар.
(2000)

Ўзбекистонда диний ва сиёсий мухолифат

Бизга факс воситасида Ўзбекистондаги диний гуруҳлардан бирининг тарқатаётган бир варақасини юборишди, ўқиб қаттиқ ранжидик. Варақа 90-йиллар бошида илдиз отган демагогиянинг чириган меваси эди. Демократлар ҳам Каримовдан фарқ қилмайди, деб бонг урарди варақа.
Бугун Ўзбекистон ҳукумати «ислом фундаментализми» баҳонасида фикри учун бегуноҳ одамларни шафқатсиз таъқиб қилаётган бир пайтда бу каби нарсаларни ўқиш жуда оғир келади одамга…
Сўнгги 2 йил ичида бир диний гуруҳнинг мингларча аъзоси фақат гуруҳга аъзо бўлганлари учунгина ҳибсга олиниб, оғир жазоларга маҳкум этилмоқдалар.
Сиёсий мухолифатдан бошқа ҳеч ким бу ҳақсизликка қарши овоз чиқармади. Мухолифат бу қатағонни имкони бор ҳар ерда тилга келтирди, бундай қатағонни мухолифатнинг ўзи бошдан кечиргани, кечираётгани учунгина эмас, балки ҳақсизлик ва зулмга қарши овоз чиқариш унинг асос ақидаларидан бири, унинг жиҳоди бўлгани учун ҳам шундай қилди.
Сиёсий мухолифат ва диний гуруҳлар пайдо бўлганларидан бери (Совет даври Қайта қуриш йиллари) бир-бирига ҳеч яқинлаша олмадилар. Бунга мухолифат каби диний гуруҳларнинг ҳам ўз сабаблари бор эди.
Муллалар, демократларнинг эски коммунистлардан фарқи йўқ, дерди ва бу итхомда гўё жон бор эди. Чиндан ҳам, бир думалаб демократ бўлган буқаламунлар кўп эди, аммо бу Демократия ва унинг ақидаларини ерга уриш учун етарли далил бўлолмасди.
Демократиянинг нима эканлигини билмай туриб, эски коммунист буқаламунларни демократ санаб, демократияни лаънатлаш ғофилликдан бошқа нарса эмас, албатта.
Ўзбекистонда Қайта қуриш даврида демократик ҳаракатни ташкил қилган, уни бошлаб берганлар ғайрикоммунист, иймонли ва миллий руҳда вояга етган кишилар эди. Диний қадриятларни ҳам Совет даврида кўтариб чиқишга журъат этган айнан ўшалар эди. Қайта қуриш келиб, гапиришга изн берилганда, майдонга чиққан дин муаллимлари эса Совет даврида оғиз очолмагандилар.
90-йиллар бошида халқимизнинг динга бўлган таважжуҳи энг юксак нуқтага етган ва бу тўлқинда диний гуруҳлар сиёсийлаша бошлади. Улардаги мухолиф руҳ узоқ йиллар давомида диндан айри яшашга маҳкум этилган инсонларнинг кайфиятини ифода этарди. Улар ўзлари танлаган йўлдан бошқа ҳар қандай йўлни хато, деб билар, баъзида ҳатто «куфр» деб ҳисоблардилар. Билимсизлик ва аламзадаликка қурилган бундай дунёқараш эгаси нафақат кўрган нарсасидан, кўрмаган, билмаган нарсалардан ҳам нафратланишга мойил эди. Бу хусусият, балки сиёсий мухолифатни диний оқимлардан узоқ туришга мажбур этган асосий сабаблардан бири эди.
Шунга қарамай, мухолифат диний гуруҳларни мавжуд ижтимоий-сиёсий тузумга интеграция қилишдан бошқа йўл йўқ эканлигини доим таъкидлади. Уларни йўқ қилишга интилиш, айниқса, куч ишлатиб йўқотишга уринишнинг тескари натижа беражагини тахмин қилганди.
Каминанинг 1995 йилда ёзилган бир мақоламдан парча келтираман: ”…ҳар қандай тузумда одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини аввал қонун асосида талаб қиладилар. Агар тузумда қонун бўлмаса, бу қонунни одамларнинг ўзи барпо қилишга уриниб кўрадилар, агар тузум бунга ҳам қаршилик қилса, одамлар янги тузум қуриш учун кураш бошлайдилар” (Иқрор, 1995 йил, 379-бет).
Айни китоб, айни саҳифада «Инсон ҳуқуқлари Декларацияси»дан шу иқтибос ҳам бор: «…инсон ҳақ-ҳуқуқи қонун ҳукми билан шунинг учун ҳам ҳимоя қилиниши керакки, токи инсон зулм ва зўравонликка қарши энг охирги чора сифатида исёнга бош урмасин». Бугун Ўзбекистон ҳукуматига қарши жиҳод эълон қилган Афғонистондаги қуролли гуруҳ 1991 йилда бир муслимон учун зарур бўлган минимал ҳақ-ҳуқуқларни талаб қилиб, ҳукуматга ариза ёзган бўлса, бугун Ислом Давлати қураман, деган иддао билан ўртага чиқаяпти.
Уни бу савияга олиб келган, ҳеч шубҳасиз, ўзининг бегуноҳ фуқароларига террор ўтказаётган давлатдир.
Демократик мухолифат бугун ҳам диний ҳаракатларни ерости фаолиятдан чиқариб, мавжуд сиёсий системага интеграция қилиш тарафдоридир.
Лекин «мавжуд сиёсий система» буни истамайди, у диний гуруҳ у ёқда турсин, ҳатто демократик мухолифатнинг ўзи, наинки мухолифат, умуман, ҳар қандай ўзга фикрловчи кишини, «ижтимоий фаол инсон»ни ер остига йўллаяпти. Яъни Ўзбекистондаги тоталитар режим «ерости бойликларимиз» деганда, фақат олтинларни назарда тутмайди, ўлканинг энг порлоқ заколи инсонлари ёки «ер остида», ёки чет элларда саргардон кезмоқдалар.
Албатта, демократик мухолифат ўзи қонун ташқарисига чиқариб қўйилган бир ҳолатда, ўзи бу «мавжуд система»га интеграция бўлмай туриб, буни диний гуруҳлар учун исташи бир оз кулгили бўлиши мумкин.
Фақат кулгили бўлмаган нуқта шундаки, «ўзингга раво кўрмаган нарсани бошқага ҳам раво кўрма ёки ўзинг учун истаган нарсани яқининг учун ҳам иста» ақидаси динимизнинг тамалларидан бири бўлгани каби, инсон ҳақлари ва демократиянинг ҳам байналминал платформада қабул қилинган тамойилларидан биридир.
Бу тамойиллар нақадар ижро қилинаяпти, бу бошқа масала, лекин «биздан бўлмаган кофир» мантиғи билан жумлаи жаҳонга уруш эълон қилаётган баъзи диний гуруҳлар борки, уларнинг ёзиб, чизаётгани (агар КГБ тарқатмаётган бўлса) қип-қизил жоҳилликдир.
Демократларни бугунги тоталитар режим пешволари қаторида санаётган мулла акалар бир фарқни билиши лозим: сизни режим қувғин қилди, демократлар эса сизга кўксини қaлқoн қилиб, ҳимоя этди. Буни сизга яхши кўриниш учун қилмадилар, эътиқоди ва ақидалари ҳаққи қилишди. Бу сизларни ҳам демократларга дўст бўлинг ёки демократ бўлинг, деб айтаётганим йўқ, «сиздан бўлмаганлар билан» бир жамиятда яшашни ўрганишингизни тилаб айтилмоқда.
Акс ҳолда, бу варақани тарқатишга фатво берганларнинг «ўзидан бўлмаганлар»ни йўқ қилаётган Каримовдан ҳеч бир фарқи қолмаяжакдир.
(18.06.2000)

ОВОЗИ ЎЧИРИЛГАН ХАЛҚНИНГ ОВОЗИ

Бундан бир йил аввал шоир Рауф Парфига Ўзбекистон ҳукумати халқ шоири унвони берганида, шоирнинг баъзи дўстлари бу воқеани яхши қабул қилмаган эдилар, шулар ичида камина ҳам бор эди. Рауф Парфи бу унвонга лойиқ бўлмагани учун эмас, бу унвон Рауф Парфига лойиқ бўлмагани учун биз бу воқеани ижобий қабул қилмагандик. Чунки Рауф Парфи каби умри давомида ҳур фикр куйчиси бўлган бир шахснинг ҳур фикрнинг ашаддий душмани бўлмиш бир сиёсий режимдан мукофот олиши табиат қонунларига зид эди. Лекин яқинда ҳурматли шоирамиз Гулчеҳра Нуруллаеванинг «Озодлик» Радиосидан эшиттирилган Рауф Парфи билан суҳбати халқ шоири ким бўлиши керак, деган саволга ўзига хос бир жавоб бўлди.
Суҳбатда Рауф Парфи ўзининг бир журналдан ишдан кетишига ҳукуматнинг бир буюртмасини рад этганлиги сабаб бўлганини эътироф этди. Шоирга Ўзбекистон турмаларининг олтмишми, етмишми йиллик юбилейига чиқаётган бир китобни таҳрир қилишга беришган, у эса, бундай китобни таҳрир қилишга маънавий ҳаққим йўқ, дея қайтариб берган ва айни пайтда ишдан истеьфосини ҳам ёзган. Ташқаридан қараганда нормал кўринадиган бу ҳаракат, бизнингча, бир шоирнинг, бир ватанпарварнинг Ўзбекистон каби бир мамлакатда бугун содир қилиши мумкин бўлган максимум фидойиликдир. Бундай ҳаракат Русияда қаҳрамонлик саналмасди, бу ҳатто Қирғизистонда ҳам нормал қабул қилинган бўларди, аммо зиёлилари қўрқитилган, хўрланган ва ер билан бир қилинган Ўзбекистон учун Рауф Парфининг қилган бу ҳаракати мутлақо тақдирга шоёндир. Бу Ўзбек зиёлисининг ҳали ҳам яшаётганидан бир мужда, демак, халқнинг халқ ўлароқ яшаётганидан бир мужда эди.
Энди Совет даврида «ШОИР ХАЛҚНИНГ ОВОЗИДИР» деган сафсата бугун ўз қийматини топиб, сафсата бўлишдан тўхтайди, шекилли. Бугун шоир ҳақиқатан ҳам халқнинг овози, тўғрироғи, жим турган халқнинг овозидир.
Халқни жимликка маҳкум этганларида, унинг учун шоирлар гапира бошлайдилар. Улар кўп бўлмаслиги мумкин, бир нечта бўлиши мумкин, аммо хоҳлаймизми-йўқми, миллионларнинг овози бўлиш шарафи шу бир нечта дарвишга махсусдир.
Шу ўринда бухоролик яна бир истеъдодли шоиримиз Юсуф Жуманинг «Озодлик»дан эшиттирилган бир шеъридаги Ўзбекистонда булбуллар йўқ, зоғлар қолди, деган фикрига унчалик қўшилмайман, бу фикрни унинг ўзи ёзган шеърлар ҳам рад қилиб турибди. Ўзбекистонда булбуллар ҳали ҳам бор ва доим бўлажакдир. Фақат улардан кўп бўлишни талаб қилмасак бўлди, улар бутун замонларда озчилик бўлган. Ўзбекистон Ёзувчилар Уюшмасига аъзо шоирлар сони, балки, мингдан кўпдир, китоб чиқарганлар эса, ундан ҳам кўп, аммо ҳақиқий шоирлар беш ёки олтидир, ундан кўп эмас. Доим шундай бўлган, яъни ҳақиқий шоир контингенти Алишер Навоий даврида қанча бўлса, бугун ҳам шунчадир. Улар 20-йилларда қанча бўлса, 70-йилларда ҳам шунча эди. Фақат 80-йилларнинг охирида бошланган Қайта Қуриш уларнинг сонини кескин кўпайтиргандай туюлди, лекин аслида, ундай эмасди, Қайта Қуриш тугаб, зулмнинг янги босқичи бошланганди, шоирлар сони кескин қисқарди, уларга қўшилган қаҳрамонлар яна аслига қайтишиб, маддоҳликларини тўхтаган жойидан давом эттириб кетавердилар, фарқи — илгари Брежнев ёки Рашидовни мақтаган бўлсалар, энди Каримовни мақтай бошлагандилар. Ва боя айтилганидек, шоирлар яна шарафли озчиликка айландилар.
Бу ҳақиқатни англаш учун яқинда қамоқдаги ёзувчи Мамадали Маҳмуд ҳимояси учун Ўзбекистон раҳбарига ёзилган мактуб остидаги имзоларга қараш кифоядир. Шоир Шукруллоҳ бошчилигидаги беш-олти дарвиш. Оллоҳ рози бўлсин улардан. Халқнинг шоирлари шулардир. Зиндонларга мадҳияни таҳрир қилишдан бош тортган Устоз Рауф Парфи, ўша зиндонларда азоб чекаётган бир ҳамкасбини ҳимоя қилишдан чекинмаган оқсоқол Шукруллоҳ бошчилигидаги бир гуруҳ истеъдодли дўстларим — ҳаммаси халқнинг шоирларидирлар. Фақат мажлис ва қурултойларда, тўй ва юбилейларда золимга тасанно айтаётган халқнинг шоири эмас улар, қуллик ва истибдодни «тинчлик» деб атаётган, Яратганнинг раҳматидан умид узиб, мустабиддан марҳамат кутаётган халқнинг шоири эмас улар. Улар эзилган, хўрланган, аммо иймонини кафтида бир парча чўғни асраган каби асраб келаётган бир халқнинг шоиридир улар.
Яшасин, ҳақиқий халқнинг ҳақиқий шоирлари.

(29.07.2000)

МЕНИНГ ПАНТУРКЧИЛИГИМ ВА ШАРИАТЧИЛИГИМ

(Матннинг оригинали Туркия жамоатчилигига қарата Туркия туркчасида ёзилди)

Совет даврида ўзбек коммунистлари мени «миллиятчилик» ва «пантуркист»ликда айблагандилар.
«Солиҳ Ўзбекистонни Рус Оғамиздан ажратиб, жарга олиб бораяпти!» деб нутқ отарди бир коммунист лидер. Бу коммунист лидер бугун Ўзбекистоннинг Президенти.
Яъни, ўн йил аввал бу одам Ўзбекистон мустақиллигининг очиқча душмани эди, бугун Ўзбекистоннинг «миллий қаҳрамони» эмиш. Ўн йил аввал бу зот мени «пантуркист» деган бўлса, бугун «динчи, шариатчи» деб айбламоқда. Чунки замон ўзгарди. Бугун ўзлари «пантуркист» бўлдилар, бизга «шариатчилик»ни бердилар. Чунки шариатчи бўлиш бугун хавфли. Аммо пайт келади, «шариатчилик»ни ҳам ўзлари оладилар, сиёсий конъюнктура ўзгариб, шариатчи бўлиш престижли бўлса, бас.
Ўзбекистон Президенти бир неча йилдирки, менга қарши ҳақорат ва айбловларини Туркия матбуотига ҳам сиздира бошлади. Шу кунга қадар бу айбловларга қарши турк матбуотида ўзимни ҳимоя қилмадим, бу ёзув ҳам ҳимоя матни эмас. Ўзбекистон Президентининг кимлигини у минтақани таниган киши яхши билади. Аксинча, Туркияга бир оз ўзимни таништиришим керакка ўхшайди, деб ўйладим.
Ҳа, мен — туркистонлик бир туркман. Туркистоннинг маъноси «турклар яшаган ўлка» демакдир. Руслар бу ўлкани ишғол этгандан сўнгра унинг отини ҳам ўзгартирдилар, уни беш парчага айириб, беш исм бердилар. Бу кунги Ўрта Осиё жумҳуриятлари ўша руслар берган исмлар билан аталмоқда. Булардан бири Ўзбекистондир, мен ўша бўлгаданман.
Яъни бугунги ибора ила айтсак, бир ўзбек туркиман.
Турклигиндан ҳеч қачон уялмаган бир турк.
Турклигига ҳамиша шукр этган турк.
Айни пайтда, ҳеч қачон Турклигидан ғурурланмаган бир турк. Сизга бу уч туйғудан, УЯТ, ШУКР ва ҒУРУР деркан, нимани назарда тутганимни тушунтирай аввал. Ғарбий Туркистон халқи 135 йил рус асоратида қолди. Бу 135 йилнинг 30 йили гоҳ оловланиб, гоҳ сўниб турган мустақиллик учун жанглар билан кечди. Исёнлар, қўзғолонлар доим қонли равишда бостирилди. Фақат руслар бу давр ичида бир сония ҳам осойишта ухламай олмади.
Туркистонликлар 135 йил интенсив бичимда маданий ва этник ассимилационга тобе тутилдилар, манқуртлаштирилмоқ исталди, рус тилини билмаганлар яхшироқ ишга кириш ҳаққидан маҳрум қилинди. Русчани дуруст билган ўзбек — ақлли, талаффуз билан гаплашгани — қолоқ, ўзбекча гаплашгани эса жоҳил саналди. Фақат Туркистон турклари на она тили туркчадан, на урф-одатларидан ва на қадим маданиятларидан воз кечдилар. Бир ҳовуч манқуртни истисно қилганда, қолоқ десалар ҳам, жоҳил десалар ҳам русчада талаффуз билан гаплашмоқдан, тўғрироғи, ўзининг турклигидан асло уялмади бу қайсар қавм.
Камина ўша қавмдан келганман.
Бу юқорида «УЯЛМАСЛИК» деганда ҳам ўша уялмасликни назарда тутгандим.
Бизни уялтирмаган Оллоҳга шукрлар қиламан.
Бу шукр туйғуси, миллатимнинг яқин икки минг йиллик тарихига қараганимда янада ортади.
Бу тарих сахифаларида «Биз аҳмоқ туркларни гўзал сўзлар билан алдадик!» дея ёзишлари мумкин. «Туркларни бир-бирига қайрадик!», «Туркларни елкасидан ханжар урдик!» деб ҳам ёзишлари мумкин, лекин ҳеч бир муаррих «Турклар бизни сотди», «Турклар мунофиқ», «Турклар сўзини тутмади», «Турклар иймонсиз қабила», дея ёза олмаганлар.
Мени шу шарафли қавмга мансуб яратгани учун Оллоҳга шукр этаман.
Юқорида «шукр туйғуси» деганимда буни назарда тутгандим.
ҒУРУРга келсак, мен туркликдан ғурур туймайман, ғурурлана олмайман, чунки турклик, турк бўлиб туғилмоқ — менинг хизматим эмас. Мени ва қолган туркларни ҳам яратган Оллоҳу таолодир. Унинг яратгани бир махлуқ билан ғурурланмоққа ҳеч кимнинг ҳаққи йўқдир. Агар бир рус ёки хитойлик, бир англосакс ва ёки бир ҳабаш ўз ирқи билан ғурурлансалар, бу уларнинг иши. Уларга қарши менинг силоҳим (қуролим) уларники каби ғурур эмас, балки яна ўша Турк тилим бўлажакдир, бундан ортиғини уларга раво кўрмайман.
Менинг танлаган туркчиликнинг ҳудуди, чегараси будир. Менинг олган тарбиям будир.
Ҳа, турклар бегоналарга нисбатан доим очиқ кўнгилли ёндоша билган, ўзидан бўлмаганни хўр кўрмаган. Уйига келган меҳмон олдига бор-йўғини қўя олган нодир, камёб миллатлардан биридир. Бундан ғурурланаётганим йўқ, бунга шукр этаяпман, холос.
Мен ўз нафсини танишга ҳаракат қилаётган, аммо ҳозирча таний олмаган бир одамман. Бу айтганларимни ўзини танишга уринган ҳар ким англайди. Агар ўз нафсимизни танисак, бу бизни мўъжизалар асри бўлажак 21-аср бўсағасида тураркан, унинг технологик жозибасига асир тушмоқдан қутқариши мумкин.
Айни пайтда, бу ирқчиликка тойиб кетмасдан, миллий қадриятларимизни сақлашга, мутаассиблик қилмай туриб, диний муқаддасотимизни асрашга ҳам ёрдам бериши мумкин.
Айтмоқчи бўлганим, инсоният 21-асрни юксак технология асридан кўпроқ «Юксак аҳлоқ асри»га айлантириш нияти билан бу аср бўсағасига келса, яхши бир бошланғич бўларди. Айтмоқчи бўлганим, сиёсатнинг тамалида ҳам аввал аҳлоқ, ҳар нарсадан аввал аҳлоқ бўлмоғи керак.
Давримизнинг сиёсатчилари ўз мағлубиятлари сабабларини ҳар нарсадан ахтариши мумкин, аммо ҳеч қачон аҳлоқсизликдан ахтармайдилар. Чунки аҳлоқсизликни сиёсий ҳаётга зарар берадиган бир нарса ўлароқ кўрмайдилар, уни сиёсатда нормал ҳодиса сифатида баҳолайдилар. Бу қараш, афсуски, Ғарб каби Шарқда ҳам, цекуляр давлатлар каби, теократик режимлар сиёсатида ҳам қабул қилинган нарсадир.
Аслида, бироз чуқурроқ ўйласак, давлатларнинг инқирози ва жамиятларнинг чўкишига асос сабабнинг УМУМИЙ АҲЛОҚСИЗЛИК бўлганини кўрамиз. Муайян бир давлатнинг инқирози ёки йўқ бўлиши сабабларини тарихчилар ва ижтимоиятчилар, қанчалик «ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий таъсирлар» ўлароқ санасалар ҳам, бу таъсирнинг илдизлари ТОТАЛ АҲЛОҚСИЗЛИКка бориб тақалганини кўрамайдилар ёки кўришни истамайдилар.
Давлатларни кемириб йўқ қилган, уларнинг шафқатсиз кушандаси бўлган «зулм», «адолатсизлик», «коррупция ва порахўрлик» — ҳаммаси АҲЛОҚСИЗЛИКдан келиб чиққан оқибатлардир.
Римни вайрон этган Нерондан тортиб бугун Ўрта Осиёни сафолат ва фуқаролар урушига судраётган коммунист диктаторларга қадар — ҳаммаси АҲЛОҚСИЗЛИКнинг зурёдларидир. Бунинг тескарисига, тарихда туркларнинг идорасидаги давлатларнинг дунёга рафоҳ ва тинчлик таратган даврларга боқиб, бу давлатларда сиёсий авторитет ва унинг бошқаргани жамиятнинг юксак аҳлоқий мезонларга мутаассибларча амал қилганликларини кўрамиз.
Бу ўрнаклар, бу тарихий дарслар кўзимизнинг олдида турар экан, бизнинг сиёсий система ва давлат моделлари чорраҳасида гарангсиб, саросимага тушиб туришимизнинг ўзи ғалати. Албаттаки, биз қуришни орзу этганимиз Давлат бир ҳуқуқ давлати, бир демократик давлатдир. Аммо унинг тамалига аҳлоқий қадриятларни қўймас эканмиз, демократия анархияга, ҳуқуқ — сафсатага айланиши ҳеч гап эмас.
Бугун Турк дунёси тоза аҳлоқ соҳиби бўлган сиёсатчиларга ва аҳлоқли сиёсатга жуда, жуда ҳам муҳтождир. Бу эҳтиёжни қондирмоқ моддий ва иқтисодий эҳтиёжларга чора топмоқдан ҳам муҳимроқдир. Бу эҳтиёж қондирилсагина «турк дунёси бирлиги» каби тушунчаларни жиддий шаклда тортишмоқ мумкин. Йўқса, ўз қавмига зулм қилиб турган «ўзбекбоши» ёки «туркманбоши» чиқиб «марҳамат қилингизлар, Туркистон бутун туркларнинг уйи!» деса, бунга ҳеч ким инонмайди. Ёки исми порахўрлик ва коррупцияга булғанган бошқа бир лидер чиқиб, «Адриатик денгизидан Чин садди (Хитой девори)га қадар Турк дунёси бор!» дея ҳайқирса ҳам бировга таъсир этмас.
Турк дунёси интеграцияси тўғрисида бугунгача қилинган гап, отилган нутқлардан бир нарса чиққани йўқ. Аксинча, лидеримизнинг «водка» ютумлаб сарф этган лофлари ва Туркияга келиб Турк халқларининг Қурултойида анъанавий «босқондаги темирга болға уриш маросимлари» ТУРКЛАР БИРЛИГИ каби қутлуғ ғояни жўнлаштириб (примитивлаштириб), қадрсиз қилди, холос. Энди Умумтурк Алифбоси каби осон амалга ошиши мумкин бўлган бир тадбирни эплай олмаган бу «лидер»лар бундан жиддийроқ масалаларни қандай идрок эта билсинлар? Бундан 10-15 йил аввал «Асир Турклар» деган бир шиор бор эди. Америкадаги Турк жамиятлари мустамлака остида яшаётган Туркистон туркларининг ҳақларини талаб қилиб, Нью-Йорк кўчаларини тўлдириб намойишга чиқардилар, фақат Советлар Бирлиги тарқаб, у ердаги турклар (қозоқ, қирғиз, туркман, ўзбек) мустақилликка эришганларидан сўнг бу шиор ҳам ғойиб бўлди. Ваҳоланки, асир бўлган фақат Совет турклари эмас, Урумчида, Шарқий Туркистонда яшаган миллионларча уйғур қардошларимиз ҳам асир эдилар. Керкукда, Шимолий Ироқда яшаган туркман биродарларимиз ҳам асир эдилар; улар бугун ҳам асирдирлар. Агар биз бир-биримизни ҳимоя қилмоқчи бўлсак, буни ҳар қандай бир суперқувватнинг сиёсий конъюнктураси чегарасида эмас, ҳақиқий миллий шуур билан, нима қилаётганимизни билиб қилмоғимиз керак. Раҳбарларимиз қардошларимизни эзаётган золимлар билан ишбирлиги қилмоқдалар, чунки ўзлари ҳам золимдирлар. Мен цивил қурилишларга, жамиятларга, уларнинг кўнгилли аъзоларига мурожаат қилмоқдаман. Фақат сизлар бир ишни қилишларингиз мумкин. Фақат турк жамоатчилиги Урумчидаги, Керкукдаги туркларга қарши бошланган қатлиомни тўхтатиш мумкин. Тибетликлар ўзларига уйғуланган Хитой зулмини дунёга эшиттира олди, жамоат ташкилотларимиз ҳам Хитой ҳукуматининг Уйғур туркларига, Саддамнинг Ироқ туркларига қарши қилаётган зўравонликларни, ваҳшийликларни дунёга эшиттиришлари зарур.
Мен пантуркчи эмасман, фақат Турк қавмларининг бир куни ўзини англаяжаги, ҳатто бир куни бирлашажагига ишонган бир идеалистман. Бундай бирликдан дунёга зарар келса, нари борса, Оврўпа Бирлигидан келгани қадар келиши мумкин. Агар бу бирликдан дунёга фойда келса, «ОБ»дан келган фойдадан кўпроқ келади, деб умид қиламан. Бу бирлик қурилса, Оврўпа Бирлиги ўлкалари жойлашган ҳудуддан кенгроқ ҳудудга тинчлик, фаровонлик ва истиқрор ҳоким бўлажакдир. Буни тасаввур этмак, буни орзу қилмоқ на гўзал машғулотдир, билсангиз…
Мен, баъзан турк газеталари ёзгандек, шариатчи эмасман. Фақат Оллоҳга инонаман. Агар инонмоқ шариатчилик бўлса, нафақат мен, ўзбекларнинг деярли ҳаммаси шариатчидир. Уларни коммунист режим атеист қила олмади, энди Каримов уларни атеистга айлантирмоқчи, аммо бекорга овора бўлади. У ерларда бир-икки ўзлигини танимаган, алданган бечоралар чиқиб «мен ваҳҳобийман», «мен Ҳизбут-таҳрирчиман» деб, диктаторнинг тегирмонига сув қуйдилар ва диктаторнинг диндорларга қилаётган зулмининг янада шиддатланишига сабаб бўлди. Аммо на бу диний таассуб, на-да Каримовнинг атеизми (худосизлиги) ўзбекларни йўлдан адаштира олади. Ўзбеклар — Туркистон турклари — муслимон ўлароқ доим ўрта йўлни танлаганлар. Улардан фундаменталист (тубдандинчи) чиқармоқ мумкин эмас. Худди атеист чиқармоқ мумкин бўлмагандай.
Айтмоқчиманки, Туркистонда «юртбошилар» айтган «тубдандинчилар» йўқ. Бизда «тубдандинсизлар» бор. Улар ҳам кичик бир гуруҳ, жамият учун таҳликасиз, дейиш мумкин. Фақат бу «тубдандинсизлар»дан баъзиларининг давлат тепасида бўлиши кейинги йилларда ўлкамизнинг барқарорлигини бузгани ҳақиқатдир. Улар ҳам «тубдандинчилар» каби ўз фанатизмининг асирларидир. «Ўзлари»дан бўлмаган ҳар қандай одамни душман санаб, уни йўқ этишга уринади доим. Бугун Ўзбекистон зиндонларида қийноқ ва исканжа кўраётган мингларча инсон бор, уларнинг ягона айби у фанатикларга ўхшамаганидир. Мен ҳам уларга ўхшамаганим учун юртимни тарк этишга мажбур бўлдим. Яъни мен Ғарбнинг нозу неъматларидан баҳраманд бўлиш учун ўлкамни тарк этганим йўқ. Ёки Туркиядан бошпана сўраб, бу қардош ўлкани ноқулай аҳволга солмоқ учун ҳам эмас.
Бизнинг Туркиядан ёрдам кутганимиз тўғридир, аммо олган ҳеч бир ёрдамимиз йўқ, бундан ҳафа бўлаётганимиз ҳам йўқ. Бизнинг ягона истагимиз, Туркия бизни, «Ташқи Турклар»ни унутмасин. У ердаги режимлар билан халқ ўртасидаги нозик фарқни вақтида илғаб олсин ва ўз стратегиясини шу фарққа кўра тузсин. Албатта, «Ташқи туркларни», яъни бизни, аввал Оллоҳ, кейин яна ўша «ташқи турклар»нинг ўзлари қутқаражакдир. Фақат янги давлат қурилар экан, ёнингда қардошларинг нафасини ҳис этмак гўзал бир туйғудир. Менинг бутун пантуркизмим шу нафасни эшитмак орзусидан бошқа нарса эмасдир.

(07.10.2000. Осло, Норвегия) 

БИР ЁЛҒОННИНГ ТАРИХИ

Ҳар бир нарсанинг, ҳатто ёлғоннинг ҳам тарихи бўлади.
Ўзбекистонда «ислом фундаментализми» деган бир ёлғон бор. Унинг тарихи бир ҳақиқат тарихига параллел равишда ёзилди. Ўша ҳақиқат тарихига бир кўз ташлайлик. Ислом Каримов 1991 йил президентлик сайловларида ҳийла ишлатиб, ғалаба қозонганидан кейин, мухолифатни тамоман йўқ қилишга қарор қилди. У биринчи зарбани мухолифатнинг энг фаол қисми бўлган талабалар ҳаракатига урди. 1992 йил 16 январда талабалар ўққа тутилди, иккита ёш шаҳид бўлди, кўпчилиги яраланди.
Бош тарафдан, сайловдан сўнг Ўзбекистондаги мухолиф гуруҳлар ўртасида «бирлашиш» ғояси актуал ҳолга келганди. 1992 йил март ойида амалда бирлашган мухолифатнинг биринчи мажлиси – «демократик форум» бўлиб ўтди.
Бирлашув жараёни ҳукуматнинг қўрқувини икки карра оширди. Мухолифатни тутиб турган учта устун бор эди. Талаба ёшлар ҳаракати, зиёлилар, диндор гуруҳлар. Бу мозаика, бу ранг-баранглик Ғарб ўлкаларида кам кўринадиган ҳодиса, аммо бизники каби эндигина асоратдан қутилган мамлакатлар учун нормал эди. «Мустақиллик» ғояси талаба учун ҳам, зиёли ва диндор учун ҳам энг долзарб масала эди. Мустақиллик ғоясининг байроқдори эса сиёсий мухолифат эди. Шу боис учта айри-айри гуруҳ мухолифатни ҳаракатга келтирувчи куч сифатида саҳнага чиқдилар. Бу рангдор ижтимоий платформа, аслида, ҳар қандай сиёсий ҳаракатнинг орзу қилган нарсаси эди. Учта дунёқараш, учта зеҳниятнинг битта сиёсий шамсия остида тўпланиб, олий бир мақсадга йўналиши жамиятларни истиқрорга олиб келади. Истиқрор эса халқнинг яратиш кучини намоён қилиш учун олтин фурсатдир. Бу куч тўлақонли намоён қилиндими — иқтисодда юксалиш бошланади, бўҳронлар даври тамом бўлади.
1990-92 йилларда Ўзбекистонда шундай истиқрорни қўлга киритиш имкони бор эди. Бу имконни мухолифатчилар юзага келтирди, десак муболаға бўлади. Бу имкон, юқорида айтганимиздек, мустақилликка чиқиш даврининг оний туҳфаси эди. Биз ақли салимни ишга солиб, ундан фойдаланишимиз лозим эди.
Ҳукумат бунга йўл қўймади. Албатта, истиқрорни истамагани учун эмас — ҳукумат ҳам истиқрор истамоқда эди, аммо мухолифатсиз истиқрорни орзу қилаётган эди. Тоталитар давлатларда бўладиган, қабристондаги каби сукунатли истиқрорни. Тўла ҳукмронлик истиқрорини орзу қилаётганди ҳукумат. Чунки ўша даврнинг сиёсий жиҳатдан энг фаол учта ижтимоий гуруҳи мухолифат тарафида эди ва бу кучларнинг мухолифат билан тўла интеграция бўлишига йўл қўйиб берилса, ҳукуматнинг йиқилиши муқаррар эди. Ҳукумат ўзининг йиқилиши эвазига келадиган истиқрорни ҳеч истамасди. У ўз ҳокимиятини сақлаб қолиши учун қон тўкишга ҳам ҳозир эди. Ҳукуматнинг бу кайфиятини ўша пайтда президент Каримов шу сўзлар билан ифода қилганди: «Минглаб одамларнинг тинчлиги учун юз-юз эллик боши бузуқнинг бошини тўғрилаб қўйишимиз мумкин».
«Бузуқ бошларни тўғрилаш» кампанияси, юқорида эслатганимиздек, 1992 йил январида бошлаб юборилди. Биринчи зарба мухолифатнинг учта таянчидан бири бўлган талабаларга тушди. Талабалар ўққа тутилди. Энг фаоллари қамоққа олинди, ўқув юртларидан ҳайдалди. Талабалар шаҳарчаси темир панжаралар билан ўраб олинди. Бу талабаларни сиёсий ҳаётдан изоляция қилишнинг мудҳиш рамзи эди.
Кейин навбат мухолифатнинг иккинчи таянчи — зиёлиларга келди. Уларга ҳам моддий, ҳам маънавий тарафдан тазйиқ бошланди. Жуда кўплари мансабидан олинди, баъзиларига қарши сохта жиноий ишлар очилди, баъзилари калтакланди, шантаж қилинди, матбуотда номига лой чапланди. Бу тезда ўз таъсирини кўрсатди, жуда кўп зиёлилар мухолифат сафларидан узоқлашдилар.
Мухолифатнинг учинчи таянчи бўлган диндорларга нисбатан тазйиқ янада шиддатлироқ бўлди. Улар ошкора сохта айблар билан бирин-кетин қамала бошлади. Ёки «Исломи ҳизби» лидери Абдулла Ўтаев каби бедарак йўқола бошладилар.
Шуни айтиш керакки, диний гуруҳларнинг ҳаммаси ҳам мухолифат тарафдори эмасдилар: масалан, ўша пайтдаги Ўзбекистон Муфтийси Муҳаммад Юсуфнинг атрофидаги гуруҳ Президентлик сайловларида Каримовга овоз берди. Ёки ўзини «ваҳҳобий» деб атаган гуруҳ ҳам сайловларда мухолифатга қарши овоз берган. Мухолифатни қўллаган диндорларнинг аксарияти диндорлар қатлами марказини ташкил қилган нуфуздан иборат эди. Бу халқ ичида энг кўп хайрихоҳи бўлган қатлам эди. Агар сайлов холис бўлганида эди, мухолифатга берилган овознинг расмий эълон қилинган рақамдан жуда юксак бўлганини кўрардик ва бунда диндор қатламнинг муҳим ҳиссаси бўлган бўларди. Ўзбекистон ҳукумати 1992 йил бошида диндорларга мухолифатнинг кўмакчиси сифатида қараб, репрессия бошлар экан, ҳали «ислом фундаментализми» терминининг нақадар сеҳрли ибора эканини синаб кўрмаган эди. Бу иборани айтган заҳот бутун дунё лом-мим дея олмай, жим қолажагини ҳали билмас эди. Буни 1992 йил баҳорига келиб, Намангандаги «Адолат» гуруҳи аъзоларини ҳибсга ола бошлаганда сезиб қолди. Кўрдики, «ислом фундаментализми» тамғаси билан ҳибсга олинганлар дунёнинг ҳеч бир ерида ҳимоя қилинмайди. Ва бу иборани ҳукумат шундай севиб қолдики, мана, етти йилдир ҳеч оғзидан тушмайди. Мана, 7 йилдир мўътадил диндорлар ҳам, марказдаги диндорлар ҳам, ҳатто диндорларни ҳимоя қилган демократлар ҳам, ҳатто инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларнинг
аъзолари ҳам «фундаменталистлар» деб айблана бошлади. Мана, камина ҳам шу айбланаётганлар ичида. Ҳатто президент Каримов Ўзбекистон телевидениесидан каминани назарда тутиб, «демократ эмиш, демократ ҳам намоз ўқийдими?» деб бақирибди. Президентдан илҳомланган бир мухолифатчи оғайни ҳам кеча «Озодлик» радиосига чиқиб, намоз қилган демократлардан ҳафа бўлиб гапирибди. Бу одамлар атеизмни рад қилган ҳар қандай одамни «фундаменталист» деб аташга тайёрлар. Бу коммунистча агрессив зеҳният. Букрини гўр тузатади, холос.
«Ўзбекистонда ҳеч қандай ислом фундаментализми йўқ. Ислом Каримов фундаментализми бор». Бу гапни етти йил аввал айтган эдим, бугун яна такрорлаяпман. Чунки етти йилдан бери Ўзбекистонда сиёсий ва эътиқод ҳуррияти йўқ. Етти йилдан бери «ислом фундаментализми» баҳонасида мухолифат вакиллари ва оддий диндорлар қамоққа олинмоқда, қийноққа солинмоқда, ўлдирилмоқда.
Бу зулм, зўравонлик халқда режимга қарши нафратни янада кучайтирмоқда ва баъзи инсонлар зулмдан қутулиш чорасини қуролланиш ва жиҳоддан изламоқдалар. Жамиятдаги гуруҳларни радикализм кайфиятига олиб келган нарса ҳукумат ўтказаётган зулмдир.
Бугун ҳукумат Ўзбекистонда халқ норозилигини назорат қилиш учун катта шаҳарлардаги ҳар бир уйга биттадан маҳалла оқсоқоли қўйиб, куну-тун қоровуллаб турибди. Кўчаларда ҳар одимда миршаб, ҳар ўн одимда аскар, ҳар ўттиз одимда КГБчига дуч келасиз. Яъни мамлакат фавқулодда ҳолат эълон қилинган бир минтақа каби, буюк бир фожеани кутаётган бахтсиз бир жамият каби, боши букик турмоқдадир.

РЕЖИМ ҚАЗИГАН ЧУҚУР

Қирғизистон жанубида икки ой давомида Ўзбекистонга ўтиш учун ҳаракат қилган қуролли гуруҳ ҳақида Ўрта Осиё ва рус матбуотида чиққан мақолаларни ўқиб, одамнинг кўнгли беҳузур бўлади. Авваламбор, матбуотнинг оғзидан чиқаётган терминологияга бир эътибор беринг: ваҳҳобийлар, фанатиклар, фундаменталистлар, бандитлар, жангарилар. Бу иборалар орқасида робот бор. Қўлига Калашников автоматини олган, юраксиз, қалбсиз, меҳр-шафқатсиз бир робот бор. Бу робот ким чиқса, ҳеч ҳаяжонланмасдан роботчасига совуққон бир шаклда ўлдираверади.
Матбуот Қирғизистон жанубида жон олиб, жон бераётган ўзбек ёшларини шундай робот қилиб тасвирламоқда. Ҳолбуки, бу қўлига қурол олган ҳар бир ёшнинг ўз тақдири бор. Бирорта газетачи ёки журналист шу қуролланган ёшлар қаердан пайдо бўлди, уларни ким қуролланишга мажбур қилди, деган бир саволни ўртага қўйгани йўқ.
Бундай саволни ўртага ташламадилар, чунки бундай савол уларнинг манфаатига тўғри келмасди. Шундай савол ўртага ташланганида, бу қуролланган ёшларнинг Ўзбекистондаги мустабид режимнинг қурбонлари экани маълум бўлган бўларди. Бу ёшларнинг ягона гуноҳи Оллоҳга ишонганлари ва шунинг учун юртидан қувғин қилингани фош бўларди. Ва юртга қайтиш учун қўлига қурол олишдан бошқа чоралари қолмагани маълум бўларди. Москвада чиқадиган «Коммерсант» (25.09.1999) газетаси битта ўзбек десантчиси тилидан шундай деб ёзади: «Бу ҳақиқий уруш — оддий уруш эмас, фанатиклар билан уруш».
Бу ўзбек десантчи оғайнимиздан сўрамоқчимиз: Сизни Оллоҳга ишонганингиз учун ўз ватанингиздан қувсалар, мол-мулкингизни мусодара этсалар, ўзингизни энг хавфли жиноятчи деб, дунёга эълон қилсалар, сиз фанатик бўлмасмидингиз? Бу ҳам етмагандай, ака-укаларингизга ҳужум қилсалар, уларнинг ҳам мол-мулкини мусодара этиб, ўзларини зиндонга ташласалар, қийноққа солсалар, сиз фанатик бўлмасмидингиз? Хотинингизни, болаларингизни ифлос таҳдидлар билан қўрқитсалар, оқсоч онангизни, мўйсафид отангизни сўроққа тутиб, калтакласалар, сиз бу тубанликка қарши нима қилган бўлардингиз? Сиз бу бедодликдан, зўравонликдан дод дея, қаерга, кимга мурожаат қилган бўлардингиз? Миршабгами, прокуроргами, КГБгами? Президентгами — бу мақомларнинг қайси бирига шикоят қилиб борган бўлардингиз? Мен аминманки, ҳеч бирига боролмаган бўлардингиз, чунки зулм ўтказаётганлар ўша мақомларнинг ўзларидир. Бу ҳолат нормал инсон учун битта альтернатив, битта йўл қолдиради. Бу ҳам фанатиклар йўлидир. Золим режимга фанатикларча нафрат, унга қарши фанатикларча кураш йўли бу. Шунақа, десантчи ошна, сизнинг қаршингизда фанатиклар турибди, эҳтиёт бўлинг. Уларни сизнинг орқангизда турган ҳукумат шу нуқтага келтирди. Бу одамлар сизнинг ёлғончи матбуотингиз тасвирлагани каби жоҳил фундаменталистлар эмас, балки нима учун курашаётганини билган онгли инсонлардир. Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Турсунбой Охуновнинг гапига қараганда, бу одамларнинг 60 фоизи олий маълумотли кишилар. Демак, интеллектуал жиҳатдан ҳам сиздан юқори мартабадаги одамлар қаршингизда турибди.

Ақлнинг йўли – демократия

(Туркия туркчасидан таржима)

Донияда (бу янглиш хабар, Солиҳ Норвегияда яшаяпти, — таҳр.) сургунда яшаётган ўзбек мухолифати лидери Солиҳ, «Радикал» газетасига Каримовнинг Туркиянинг ёрдамига маҳкум эканини, аммо Туркиянинг манфаатлари Ўзбекистонда демократияни қўллашда эканини таъкидлади.

Жейда ҚОРОН
Радикал, 15 январ, 2001 йил

Эйда Қорон: Бош Вазир Буленд Ежевит бир пайтлар сизнинг шеър китобларингизга сўзбошилар ёзар ва сизнинг «эрк масаласини баланд кўтарганингизни» айтар эди. Собиқ Президентлар Ўзал ва Демирал ҳам сизга қўл-қанот кериб, ёрдам бермоқчи эдилар, энди нима бўлди-ю ёрдамга энг муҳтож бўлган бир даврда сизни четга чиқардилар. Нима бўлдики, «бу масала» Туркиядан қувилди?
М. Солиҳ: Туркияга илк келганимда бутун сиёсий лидерлар билан танишгандим ва бир туркистонлик ўлароқ Туркия сиёсий ҳаётидаги соғ-сўл (чап-ўнг қанот партиялар) масалаларига аралашмасликка қарор бергандим. Раҳматли Ўзал Ўрта Осиёга сафаридан кейин жуда тушкун кайфиятда қайтганди. У ердаги режимларнинг минтақада беқарорлик пайдо қила бошлаганини ўз кўзлари билан кўрганди.
1993 йили 17 апрелида Ўзал билан учрашишимиз керак эди, аммо насиб қилмади, ўша куни Ўзал вафот қилди. Кейин Бош вазирлик пайтида Демирал ҳам мухолифатни қўллашга сўз берди, аммо Каримовнинг тазйиқи билан сўзидан қайтди.
Каримов кучлиларга бош эгиб, заифлардан нафратланадиган шахс. Туркиянинг дипломатик чекинишларини «ожизлик» деб қабул қилди ва дарров актив ҳужумга ўтди. «Туркия менинг душманимга бошпана берди», деб элчисини чақириб олди. Тазйиқ мен Туркиядан чиқиб кетгунча давом этди. Ниҳоят, мен 1994 йилда Олмонияга кетдим. Аммо Туркиядан ҳафа бўлмадим, чегаралар уники, истаганини бу чегарадан чиқариши мумкин.
Ҳа, у пайтлар Туркиянинг ёрдамига эҳтиёжимиз бор эди, бугун ҳам бор. Аммо биз «ёрдам» дер экан, демократиянинг экспорт қилинишини истаётганимиз йўқ, биз демократияни ўз қўлларимиз билан, қувғинлар, қамоқлар, идомлар исканжасида қуришга маҳкуммиз. Биз «ёрдам» дер экан, бу оғир босқичда Туркия каби бир қардош ўлканинг сиёсий ва маънавий ёрдамини назарда тутдик.
Эйда Қорон: Президент Сезар Ўрта Осиё саёҳатини Ўзбекистондан бошлади. Туркия Тошкентга ҳарбий ва техник ёрдамлар ваъда қилди, бунга қандай қарайсиз?
М. Солиҳ: Бу зиёратга жуда севиндик. Сезар ҳар нарсани ўз кўзи билан кўрди. Биз мухолифат ўлароқ Туркиянинг Турк Жумҳуриятларига яқинлигини доим истадик, бунинг учун нимани ичга ютиш керак бўлса, ютдик. Туркиянинг Ўрта Осиё сиёсатини НАТО стратегияси доирасида юритгани кутилган самарани бермади. НАТОнинг Совет давридан кейинги «Ўрта Осиё давлатларининг демократияга юмшоқ ўтиши» умиди рўёбга чиқмади.
Зотан, бу режимларнинг ўзагини ташкил қилган раҳбар кадрлар демократияга душманлик руҳида вояга етган кишилар эди. Улар «халқимиз демократияга тайёр эмас», дер эдилар, чунки уларнинг ўзлари тайёр эмасдилар. Бу ҳақиқатни кўриш учун ҳам ўн йил керак бўлди. Бу босқичда Туркиянинг Ўрта Осиё сиёсати ўзгармагани каби Ўзбекистонга ҳам муносабати ўзгармади, албатта. Ўзгарган доим Каримов ва унинг «Туркия сиёсати» бўлди. Энди ҳурматли Каримов оғир аҳволда. Халқ йўқсилликдан исён қилишга тайёр вазиятга келган, мухолифлар зиндонларга сиғмаяпти, радикал исломчилар ўлка чегараларига тинимсиз хавф солмоқда ва ҳурматли Каримов, албатта, яна Туркияни қучоқлайди, ундан ёрдам истайди, бу энг ақлли иш, чунки Туркия ёрдам этмоқ истаган давлатлар ичида ғарази энг оз бўлган давлат.
Ишонингки, Каримов бу оғир аҳволдан тўла қутулмагунча Туркиядан юз ўгирмайди, Туркия сиёсатини ўзгартирмайди. Туркия бундан фойдаланиши керак. Масалан, Туркия бугунгача ҳеч талаб этмаган «инсон ҳақлари ва демократлашув»ни бемалол тилга келтириши мумкин.
Каримовнинг «Туркия аллергияси»дан қўрққан баъзи турк бюрократлар «Каримовни ҳуркитиб юбормайлик, оғалик қилмайлик», дея бошладилар. Ваҳоланки, 1994 йилгача ўзбеклар Туркистон турклари саналарди, Туркия туркларини эса «усмонли турклар», дейишарди.
Каримов бугун минбардан «биз турк эмасмиз» деган бўлса, бу фақат шу сўзларни айтган одам учун тўғри бўлади. Бир замонлар менинг боболарим сизнинг боболарингизга оғалик қилган эдилар. Оғалик карвони Аҳмад Яссавийнинг Онадўлига йўллаган муридларидан то (Отатурк бошчилик қилган) Қуртилиш Жабҳасига қурол-аслаҳа етиштириб турган Истанбулдаги ўзбек дарвишларининг хонақоҳигача, ундан Бухоро Жумҳуриятининг Антанта исканжасида қолган Туркияга юборган олтинларига қадар узангандир.
Энди навбат укамиз Туркияга келибди. Хитой нима дейди, Русия нима дер экан, деб истиҳола қилмасдан, вазифангизни бажармоқ фурсати келди… Оғанинг авваламбор, укалар ўртасида адолатни ўрнатмоғи лозимдир. Сўнгра тўғриликни, диёнатни ўрнатмоғи керак. Ва оғанинг бир золимни қўллаши ҳеч мумкин эмас. Ўзбекистоннинг диктаторлик билан бошқарилиши қандай қилиб Туркиянинг миллий манфаати бўлиши мумкин? Йўқ, бу Туркиянинг манфаати бўла олмайди. Жуда нари борса, бу Ўзбекистонда ширкат қурган, ўзбек диктаторининг ҳаром дастурхонига яқин уч-тўрт бизнесменнинг манфаати бўлиши мумкин.
Бу минтақада Туркиядан олган миллионларини текин олишга интилмаган, олган қарзини вақтида тўлайдиган номусли бир ҳукумат бўлсайди, бу Туркиянинг манфаати бўларди. Фақат бундай зеҳният Ўрта Осиёни идора қилаётган лидерларга бегонадир. Бундай зеҳният демократик сайловлардагина ҳокимиятга келиши мумкин. Демак, у ерларга демократиянинг келиши Туркиянинг воз кечиб бўлмайдиган манфаатидир.
Эйда Қорон: Каримов сизни ўзига қарши уюштирилган суиқасдда айблади, бу воқеага алоқангиз борми?
М. Солиҳ: Каримов ўз-ўзига суиқасд тайёрлади, аммо жуда муваффақиятсиз тайёрлади бу суиқасдни. Бир кишини ўлдирмоқ учун олтита жойда бомба портлатиш қайси доҳий провокаторнинг ақлига келган экан?
Бомба портлатганларга «агар айбни мухолифатга юкласанглар, қутулиб кетасизлар» дейишди ва улар ҳам рози бўлишди, аммо маҳкамадан кейин дарҳол ўлдирилдилар. Шундай қилиб «суиқасд» сценарийси ҳам улар билан ерга кўмилди. Маҳкама жиноятни очиш учун эмас, уни ёпиш учун қилинди. Бу маҳкама портлашларда менинг иштирокимга оид битта ҳам далил топа олмади. Бу провокация «ЭРК» Партиясини сайловларда қатнаштирмаслик учун қилинганди. Ва «ЭРК» сайловларда қатнаша олмади.
Эйда Қорон: Сизнинг миллиятчи ва диндор эканлигингиз ҳақида гап-сўзлар бор. Ўзбекистондаги диний оқимларга қарашингиз қандай?
М. Солиҳ: Сўфилар «Мўминмисан?» деган саволга «ИншОллоҳ, мўминман!» деб жавоб берарканлар. Мен ҳам уларга тақлид қилиб, «ИншОллоҳ, диндорман!» деб жавоб бераман. Лекин бу мендан бошқани қизиқтирмайди, менинг эътиқодим бу. Ўзбек миллиятчиси эмасман, чунки ўзбекларни этник жиҳатдан бошқа турклардан айри бир миллат ўлароқ кўрмайман.
Эйда Қорон: Туркияда баъзи доиралар тарафидан шариатчи ва миллиятчи қатламлар билан исмингизни боғлаб гапиришади, бу миш-мишларнинг манбаи қаерда сизнингча?
М. Солиҳ: Менга шариатчи деганларга аввалроқ бир жавоб бергандим, шуни яна такрорлайман: «…Оллоҳга инонаман, агар инонмоқ шариатчилик бўлса, ўзбекларнинг деярли ҳаммаси шариатчидир. Бир-икки ўзлигини танимаган ўртага чиқиб «мен Ваҳҳобийман» ёки «мен Ҳизбут- таҳрирчиман» дея Диктаторнинг тегирмонига сув қуйиб, унинг диндорларга қилаётган зулмини янада ошишига сабабчи бўлган бўлди, афсус. Аммо ўзбекларни на диний таассуб ва на-да коммунистларнинг атеизми тўғри йўлдан адаштира олади. Туркистон турклари муслимон ўлароқ доим ўрта йўлни тутиб келгандирлар. Улардан «тубдандинчи» (фундаменталист) чиқара олмайдилар. Мен Туркияда қолганим муддат ичида диндор билан ҳам, диндор бўлмаганлар билан ҳам кўришдим ва бу бир куни мен учун муаммо бўлади, деб ўйламадим. Каримовнинг менга қарши пропагандаси Туркияда ғийбат ва миш-миш даражасидан юқорига кўтарилмагандир.
Эйда Қорон: Каримовнинг бир Президент сифатида халқ тарафидан қўллаб-қувватлангани ҳақида гапириш қийин, у қандай қилиб ҳокимият тепасида қолишга муваффақ бўлаяпти?
М. Солиҳ: Каримов классик бир диктатор сифатида атрофидаги ҳаммадан шубҳаланади. Икки-уч кишини истисно қилганда, атрофидаги кадрларни давомли алмаштириб туради. Ҳокимиятда қолишнинг яна бир таянчи, КГБ ва миршабдаги ўзбек бўлмаган зобитлар. Улар яхши пул эвазига жосусликни ҳам, муҳофизлик вазифасини ҳам исталган савияда бажаришади. Бу вазифани бир ўзбек бажаришдан бош тортиши мумкин. Шунинг учун ҳам Каримовнинг ҳеч ўзгармаган Бош Вазири бир арман хотиннинг ўғли… Бу одам ўзига шу қадар ишонадики, Ўзбекистонда туғилганига қарамасдан, ҳали ҳам ўзбекчани ўргангани йўқ… Ўзбекистон зиндонларида сиёсий ва диний қарашлари сабабли тахминимизча 40 мингга яқин одам ётибди.
Каримовнинг яқинда эълон қилинган амнистияси халққа ачиганидан эмас, балки янги маҳбусларга қамоқхоналарда ўрин қолмаганидан олинган бир тадбир, холос. Каримов режими КГБ ва миршабнинг кучи билан оёқда турибди. Бу икки ташкилотнинг персонали сўнгги 5 йил ичида ўн баравар кўпайтирилган. Бу ташкилотда ишлаганлар катта маош оладилар, давлатнинг турли имтиёзларидан фойдаланадилар. Муҳими, бирор жиноят қилсалар, иши ҳеч қачон судгача бормайди уларнинг иши.
Эйда Қорон: Ўзбекистон халқи нега Каримовга қарши исён қилмайди ҳеч?
М. Солиҳ: Халқ исённинг остонасида турибди. Каримовнинг қўрқувли рўёси бўлган «исломий террористлар» ичида ўтган йил 700 тагача мужоҳид бор эди, бугун уларнинг сони 3 мингга етди. Бу мужоҳидларнинг ақлли сиёсати эмас, Каримовнинг ақлсиз сиёсати мевасидир. Халқ бу золим ва ғаддор режимдан қутқараман, деган ҳар қандай тўдани қўллаш даражасига келтирилгандир.
Эйда Қорон: «ЭРК» Партияси сифатида ўзбек халқига таклиф қилган альтернативингиз нимадир?
М. Солиҳ: «ЭРК» Партияси Ўзбекистонда миллий бирликни ўрната олишга қодир ягона ташкилот, десак муболаға бўлмайди. 1991 йил декабр ойида халқ «ЭРК» Партияси таклиф қилган режим альтернативини маъқуллаганди, аммо Каримов сайловларни очиқчасига сохталаштириб, ҳокимиятда қолиш муғомбирлигини кўрсатди. Бизнинг альтернативимиз: демократик ва ҳуқуқ давлатидир. Иқтисодда — эркин бозор, сиёсатда — халқчил демократиклашув…
Эйда Қорон: Каримов ва сиз ҳаққингизда кўп гаплар айтилган саргузаштлар бор, Парламентда бир тепки еганингиз ва Каримовга иккита мушт туширганингиз ҳақида, масалан. Бу воқеа қандай юз берди?
М. Солиҳ: Парламентда Каримовга «туширган муштлар» доим сўз шаклида бўлган, жисмоний муштлашувга қадар таназзул қилмадим. Каримов ҳам мени тепмаган, агар тепса, албатта, «қарши таназзул» қилишга мажбур бўлардим…

Яхшилик ва Ёмонлик

(эссега мавзу)

Бир Дарвишга «сен ҳақда фалон киши ғийбат қилиб юрибди», десалар, у «мен у одамга ҳеч қачон яхшилик қилмаган эдим-ку, нега у мени ғийбат қилди экан?» деб ҳайрон бўлган экан.
Дарвишнинг бу парадоксал фикрини мен ўз ҳаётимга татбиқ қилиб, унинг нақадар ҳаётий эканини кўриб, ҳайратга тушдим: бугун менга душманлик қилаётган ким бўлса, ҳеч бир истисносиз, бир пайтлар мендан ғаразсиз ёрдам кўрган шахслар бўлиб чиқди. Бутун «душманларим»га — такрорлайман, истисносиз ҳаммасига — у ёки бу шаклда, жиддий ёрдам кўрсатган эканман. Мен буни «фахрланиш» учун айтаётганим йўқ, бу «қилинган ёрдамлар», Дарвишнинг ҳикматли сўзи бўлмаса, асло эсимга тушмас ва бу ҳақда гапириш ниҳоятда нокамтарлик бўларди. Ёрдам мавзуси бу ерда Дарвишнинг гапидаги ҳикматнинг нақадар чуқурлигини ўлчайдиган восита, холос.
Демак, ёрдам шу қадар холис бўлиш керакки, унинг эвазига нафақат яхшилик, ҳатто ёмонлик, ҳатто душманлик келса, у қилинган ёрдамдан муслимон киши пушаймонлик туймаслиги керак. (Албатта, бу ерда яхшиликка ёмонлик билан жавоб бераётган одамларнинг Оллоҳ наздида бошқа ҳисоби бор, бунинг мавзуга алоқаси йўқ). Яна ҳам яланғочроқ айтсак, ёрдам бераётган муслимон ёрдами қаршилиги муҳаққақ равишда (инсонлар тарафидан) ёмонлик бўлиб қайтишини аввалдан билса, бу ёрдам ҳақиқатан ҳам Оллоҳ ризоси учун бўлиши мумкин, деган фикр келиб чиқмайдими бундан?

ТАЪҚИҚЛАНГАН ТАРИХ

Бутун онгли ҳаётим давомида халқимнинг озодлиги, унинг рус мустамлакасидан қутулиши камина учун, бир ўзбек зиёлиси учун энг буюк орзу бўлган эди. 1990 йилгача нима ёзган бўлсам, — шеърми, мақолами — ҳаммасида у ёки бу шаклда, маъжозий ёки тўппа-тўғри маънода ўша хаёлдаги озодлик, хаёлдаги эркка талпинишни кўриш мумкин. Буни асло бир юксак хусусият деб айтаётганим йўқ. Ҳар ким бир орзу билан яшайди, мен ҳам ўша «ҳарким»лардан биттаси эдим, менинг ҳам орзум бор эди. Шунинг учун 1990 йил 20 июн куни Ўзбекистон Олий Кенгаши сессиясида қабул қилинган «Ўзбекистоннинг Мустақиллик Декларацияси» мен учун ва менинг дўстларим учун нафақат сиёсий, балки шахсий, фардий ҳодиса эди.
«Мустақиллик Декларацияси» бошқа бировлар томонидан эмас, ўзимиз бино қилган «ЭРК» Партияси томонидан Олий Кенгашга тавсия қилингани ва депутатларнинг аксарияти томонидан қўллаб-қувватлангани эса бу шахсийликни янада кучлантиради гўё. Гўё бир гуруҳ ўзбек зиёлиси ўз эгоизмини халқ эгосига ортиб, жамоатчилик олдига олиб чиққан-у, халқ ҳам уни тасдиқлатгандай. Гўё биз қулоқларини динг қилиб турган Москвани шундай алдагандик. Унинг ўткир кўзларини шундай шамғалат қилгандик. Бизда шу ғолиблик туйғуси бор эди.
Лекин Ўзбекистон раҳбарияти бундай тарихий бурилишга на руҳий, на-да сиёсий жиҳатдан тайёр эди. Компартиянинг Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон шўъбаси мустақиллик ғоясига қарши эди. Декларация муҳокамасида ўртоқ Каримов қатнашмади, ўринбосари, Министрлар Совети Раиси Мирсаидовни минбарга чиқарди. Мирсаидов Мустақиллик декларацияси ёзилган қоғозни минбардан силкиб, «бу бир парча қоғоз-ку, бу билан нимага эришмоқчисизлар», дея депутатларга хитоб қилган эди. Ўртоқ Каримовнинг ўзи йўқ эди, ҳар эҳтимолга қарши бу муҳокамадан узоқроқ туриш учун Мажлислар залини тарк этганди.
Каримов икки ўт орасида қолганди.
Декларацияни қабул қилаётган Мажлисга очиқ қарши чиқолмасди, чунки уни Президент қилиб ўша мажлис сайлаганди. Агар Мажлис истаса, бир ёқадан бош чиқарса, Каримовни ҳокимиятдан узоқлаштириши мумкин эди. Мажлисда шундай салоҳият бор эди. Иккинчи томондан, Декларация қабул қилинса, «ЭРК» Партияси тавсия қилган шаклда, ўзгаришсиз қабул қилинса, Москва Каримовга қарши тадбир олиши мумкин эди. Ҳар ҳолда, Каримов шундай деб ўйларди.
Мажлис Мирсаидовнинг гапини тингламади ва кўпчилик бўлиб Декларациянинг овозга қўйилишини талаб этди. Мажлис раиси овозга қўйилишига тўсқинлик қила олмади. Декларация овозга қўйилди ва Мажлис айнан «ЭРК» Партияси тавсия қилган вариантни сўзма-сўз қабул қилди. Бу Каримов ва унинг атрофидагиларни саросимага солди. Декларация қабул қилингандан сўнг Ўзбекистон Марказқўмининг иккинчи секретари Ефимовнинг Москва билан гаплашгандаги талвасасини мен кўрдим. Агар декларация қабул қилинган шаклда матбуотга эълон қилинса, бу Ўзбекистоннинг Совет Иттифоқидан тўла мустақил бўлди, деган гап эди. Бундан даҳшатга тушган раҳбариятнинг Декларацияга «Союзний договор» деган бир жумлани илова қилиш учун қилмаган найранги қолмади. Биз бу иловага қарши чиқдик, чунки бу Мустақиллик ғоясини қарийб йўққа чиқарарди. Қолаверса, депутатлар «ЭРК» Партияси вариантига овоз берганди, уни ўзгартириш қонунан мумкин эмас эди.
Биз, бир ҳовуч депутатлар, бу ўзгартиришнинг киритилмаслиги учун қўлимиздан келгунча ҳаракат қилдик, аммо коммунист найрангбозлар Москвадан қўрққанидан халқ сайлаган 500 та депутатнинг иродасига тупириб, бу хоинона ўзгартиришни киритдилар. Боз устига, матбуотда эълон қилар экан, Мустақиллик Декларациясидаги «Мустақиллик» калимасини «суверенитет» деб ўзгартириб, халқ иродасига иккинчи зарбани урдилар. Учинчи зарба 1991 йил март ойида келди. Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати март ойида ўтган Референдумда бор овози билан ўзбек халқини Совет Иттифоқида қолишга чақирди. Ва ўзбек халқи бу чақириққа «лаббай» деб жавоб берди. Ҳар ҳолда, Референдум натижаси шуни кўрсатарди.
«ЭРК» Партияси ўз ғояси ҳимояси учун референдум куни майдонга ёппа-ёлғиз чиқди. Албатта, «ЭРК»нинг Мустақилликни ёқлаб тарқатган варақалари Каримов ҳукуматининг Совет Иттифоқини ёқлаб қилган пропагандаси олдида ҳеч эди. Аммо бизни бир нарса — Мустақилликка бўлган мустаҳкам ишонч ҳаракатга келтириб турарди. Бу ишонч шуур остидаги бир кучга, бир инстинктив сезгига таянган ишонч эди. Бу сезги дунёнинг олтидан бирини эгаллаган буюк Империянинг — Советлар Иттифоқи деб аталган бир давлатнинг куни битганининг сезгиси эди.
1990 йилнинг 20 июн куни мен учун, менинг дўстларим учун ўз ватани озодлигини ҳар нарсадан устун қўя билган инсонлар учун тарихий бир кундир. Бу кун бизнинг байрам кунимиздир. Бу байрамни нишонлаётганлар бугун кўп эмас, аммо кун Келажак — кўпаяжакдир. ИншоОллоҳ, кун келиб бу байрамни бутун Ўзбек халқи яшаяжакдир.

(20.06.2001) 

Ўз тупроқларимизни ўзимиз фатҳ этайлик

(Дунё Озорбойжонлари Қурултойида сўйланган нутқ)

Қийматли дўстларим,
Советлар Бирлигининг йиқилиши Турк Дунёси учин буюк бир имкон пайдо бўлди. Сўнгги 400 йил давомида  бирлаша олмаган Турк қавмлари учун бир интеграцион имкони туғилганди. 80 йилларнинг сўнгида биз иделаистлар Ягона Туркистон ва Турк давлатлари конфедерацияси ҳақида тушлар кўра бошлагандик. Аммо бунинг бу қадар қийин бўлишини тасаввур қилмагандик тўғриси.
Энди шу манзарага боқинг, Туркистон давлатларининг бир бирига яқинлашуви у ёқда турсин, вақт ўтган сари бири биридан узоқлашмоқда, бир бирига бегоналашяпти. Чегараларга тиканли симлар тортилиб, паспорт назорати ва гумрук (таможня) тўғонлари қўйилмоқда. Бир сўз билан айтганда, улар ўртасида хитой девори юксалмоқда, бир Темир Парда босқичи бошланмоқда.
Оврупо давлатлари ўз ораларида ягона пул бирлиги ва ягона иқтисодий майдон стратегиясини ҳаётга тадбиқ этар экан, бизнинг ақллилар ўз ўлкаларини дунёдан янада кўпроқ изоляция этмак учун ғайрат кўрсатмоқдалар.
Ҳатто Совет даврида ўз ораларида бири бирига илтифот кўрсатган лидерларимиз энди бу хушмуомилаликни бир бирига раво кўрмаяптилар, худди душман давлатларнинг лидерлари  каби бир бирига ҳужум қилмоқда ва ҳақорат этмакдалар.
Ўлкаларининг чегараларини тиканли сим билан ўрганлари каби уларнинг қалблари ҳам бир бирига нафрат билан ўралгандир. Ҳар бири битта золим, бир диктатор — зулм бобида бир бирлари ила мусобоқа этадилар гуё. На инсон ҳақлари, на да бошқа бир қадрият уларни безовта қилмайди, аксинча, бу сўзларни сўйлаган кишиларнини масхара қиладилар.
Иқтисодий жабҳада порахўрлик ва коррупция бу режимларнинг умуртқа суягига айлангандир.
Бунга Туркистонни ўз тъасир доираларида тутишни истаган буюк қўшниларимизнинг ўйин ва интригаларини илова қилсак, шундай манзара ўртага чиқади. Сиз 55 милёнлик оч ва ялонғоч бир жамиятнинг фуқоролар уруши томон шитоб билан юраётганинин кўрасиз. Ҳолбуки, бизнинг орзуларимиз бошқа эди. Биз Туркистонда беш мустақил давлат қурулажак, беш байроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ҳилпираяжак, қардош Озарбойжон ва Туркиянинг қўшилиши билан биз ҳам дунёда сўз соҳиби бўлажакмиз, деб ҳаёл қурган эдик. Аммо бўлмади. Дунё у ёкда турсин, ўз минтақамизда ҳатто сўз соҳиби бўлаолмадик.
Хитой ҳукуматининг уйғур қардошларимизга кўзимизнинг олдида қатлиом уйғуламоқда, ёш фарзанларимизни террорист дея қатл этмоқда, бизнинг мустақил давлатларимиз раҳбарлари эса овозини чиқармайди, аксинча,
бу зўровон билан иттифоқ қуриб, қотилга дастурхон ёзяптилар, қадаҳ уриштираяптилар.
Ироқ диктаторининг туркман қардошларимизга қарши уйғулашга давом этаётган террор Турк Дунёсининг яна бир қонаган ярасидир.
Бу мавзуда бизнинг Туркистонли лидерлердан ҳамдардлик кутмангиз, улар Ироқда туркларнинг мавжудиятини ҳам биламайдилар.
Ироқ туркманларига реал кўмакни Туркия бериши мумкин. Бугунга қадар ҳам бъази ёрдамлар қилганини биламиз, аммо бу етарли эмас. Туркия, Ташқи сиёсатда Керкук масаласини Фаластин масаласидан муҳимроқ ҳисобламагунча минтақада ўз миссионини бажарган ҳисобланмас.
Бутун бу омадсизлкилар ичида бизнинг Озарбайжон нисбатан омадлироқ кўринмоқда.
Албатта, озари турклари рафоҳга қовушди деяолмайман, иқтисадий бўҳрон у ерда ҳам давом этмоқда, коррупция ва порахўрлик у ерда ҳам авжда, фақат Бакуда Ташкентдаги каби профессорлар йўқсилликдан фаррошлик қилмайдилар, хотинлар болаларини бозорда қул каби сотмайди, сота олмас, ўзларига ўт қўймайдилар.
Озорбайжонда демократия бор демайман, аммо у ерда давлатдан мустақил бир неча газета борлиги ҳақиқат.
Мухолифат фаолиятлари таъқиқланмаган, Ўбекистондагидай ҳокимиятни танқид қилган мухолифатчи калтакланиб ўлдириламйди, мухолифат ҳатто сайловларга ҳам қатнаша олади. Бу жабҳада мустақил Озарбойжоннинг илк Президенти, оғамиз, дўстимиз раҳматлик Абулфайз Элчибейнинг меҳнатлари беҳуда кетмади, бугун Озорбойжон бир озгина демократик бўлса, бунда мутлақо у буюк инсоннинг ҳисаси бордир.
Оллоҳ унга ғани ғани рахмат айласин!
Турк дунёси сенден рози, сен да ундан рози бўл, эй буюк идеалист!
Бир оғиз сўз Қорабоғ хусусида. Қорабоғ муҳақақдирки, Турк Дунёсининг уятидир.
Бу мавзуда энди хаёлпаратсликдан воз кечиш лозим, ҳақиқатнинг кўзига тик боқиш керак.
Ҳақиқат эса шудир, қурол билан ишғол қилнган тупроқлар фақат қурол билан қайта олиниши мумкин. Қорабағ тугунини ечиш йўлида бугунга қадар қилинган турли даражадаги учрашувлар ва алоқалар сиёсий йўналишдаги бутун сай харакатлар ҳеч бир натижа бермади. Аксинча, арманиларга ишғол этган тупроқларда янада мустаҳкамроқ жойлашув учун вақт қозонтирди. Қорабоғ ортиқ сиёсий эмас, ҳарбий масаладир. Қарор бунга кўра олиниши керак. Қарорни ҳам сиз олишингиз керак, бошқаларнинг истагига кўра эмас, муллий манфаатларимиздан келиб чиқиб олиниши керак бу қарор. Бу соҳада ва бошқа соҳаларда ҳам Ғарбнинг, бир Супер Куч ёки унинг рақибининг марҳаматини кутиш беҳуда вақт йўқотишдир. Фалончи ёрдам этмапти деб шикоят этмак ҳам маъносиздир. Бир миллатнинг мустақиллигини бошқа бир миллат ҳимоя қилмайди, қила олмайди.
Бир миллатнинг кафолати унинг ўзидир, унинг истиқлолга бўлган ирода қувватидир.
Бу қувват, бу ирада Турк миллатида мавжутдир. Бошимизни кўтарайлик, ўзимизни танийлик ниҳоят ва ўз тупроқларимизни ўзимиз фатҳ этайлик.

(10.08.01, Шветсия, Малмо. Туркия туркчасидан таржима)

ТЕРРОРНИНГ ИЛДИЗИНИ ХАЛҚНИНГ ЎЗИ КЎРСАТИШИ КЕРАК…

ББС радиоси ўзбек бўлимидан 2001 йил 9 октябр куни берилган давра суҳбати матни
(Суҳбат қисқартирилган ҳолда чоп этилмоқда)

Радио ходими Ҳамид Исмоилнинг саволи: Ўзбекистоннинг Афғонистонга қарши АҚШ бошлаган ҳарбий ҳаракатларга қўшилиши Ўзбекистон демократик кучларига манфаат келтирадими?
Муҳаммад Солиҳ: Демократик кучларга қандай манфаат келтиришини билмайман, аммо Ўзбекистон раҳбари жаноб Каримовга манфаатлар келтириши мумкин. Яъни, жаноб Каримов бугун Американинг қўли билан ўзининг душманларини йўқ қилиш имконини ахтараяпти ва шу имкон ҳозир, менимча, унда бор. Бу имкондан қай даражада эффектив фойдалана олади, буни вақт кўрсатади.
Ҳамид Исмоил: Мана, Ўзбекистон ичидан қараганда, исломий нуқтаи назардан қараганда, Абдуқуддус, сизга ҳам шу баҳо тўғри кўринадими, йўқми?
Абдуқуддус Мирзаев: Бу воқеа Ўзбекистонга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ҳ. Исмоил: Қандай маьнода салбий таъсир этиши мумкин?
А. Мирзаев: Бу ҳарбий ҳаракатлар инсон ҳуқуқлари аҳволига салбий таьсир кўрсатиб, мухолиф фикрлиларга нисбатан янги тазйиқларга сабаб бўлиши мумкин.
Ҳ. Исмоил: Саволим исломшунос олим Толиб Саидбоевга. Марказий Осиёга кириб келаётган Ғарб мамлакатлари, биринчи навбатда, АҚШ геостратегик куч сифатида минтақада Русия билан рақиб кучларга айланадими ёки Русиянинг сўнгги баёнотларини назарда тутадиган бўлсак, бу ерда янги мувозанат юзага келаяптими?
Толиб Саидбоев: Менимча, янги мувозанат юзага келаяпти, масалага фақат ислом дини нуқтаи назаридан эмас, кенгроқ қараш керак. Биринчи навбатда, АҚШ қилаётган иш муваффақиятли якунланса, яъни толиблар ҳукумати тез вақт ичида йўқ қилиниб, янги ҳукумат қурилса, бу Ўзбекистон халқи учун, мусулмонлар учун жуда катта иш бўларди. Лекин бу уруш қанчага чўзилади? Америкаликлар мақтанишаётувди олдин «нуқта-нуқта бомбардимон қиламиз-у, тез кунда ғалаба қиламиз» деб, энди ҳозир ойларгача чўзиладиган уруш тўғрисида гап кетаяпти. Мана, москвалик сиёстшунослар ҳисоблашаяпти, агар Афғонистондаги уруш чўзилиб кетса, энг камида 300 минг афғон қочқини Ўзбекистон ва Тожикистонга келади. Мана, маьлумки, Ўрта Осиёда анча қийинчилик, ғалла бўлмади, яна 300 минг халқ келса, халқнинг аҳволи янада оғирлашади. Ва ижтимоий ва иқтисодий аҳвол янада кескинлашиши мумкин.
Ҳ. Исмоил: Бошқаларга саволим, Ғарб кучлари ўз вазифаларини у ёки бу миқдорда адо қилиб, мана, Саидбоев айтганларидай, қочқинлар муаммосини юзага келтириб, минтақани тарк этадиган бўлса, Ўзбекистон ўзининг ҳозирги ҳаракатлари гаровида қолиши хавфи борми?
М. Солиҳ: Бизнингча, Ўзбекистон олдида иккита таҳлика турибди. Биринчиси, ҳурматли олимимиз айтганларидай, қочқинлар муаммоси. Мутахассисларнинг айтишларига кўра, Афғонистоннинг шимолий минтақаларида, 100 мингга яқин кишининг Қирғизистон ёки Тожикистонга ва қисман Ўзбекистонга қочиб ўтишга шайланаётганлари ҳақда хабарлар бор. Бу қочоқларнинг Марказий Осиёдаги беқарор вазиятни янада беқарорлаштириши турган гап. Америка бизга душманларимизни йўқ қилиб беради, биз эса, теннис ўйнаб юрамиз, деб хаёл қилаётган Ўрта Осиёлик раҳбарлар бу хомхаёлга кўп берилмасинлар, бу хавфнинг олдини олишни ўйласинлар, чунки мамлакат бугун ҳақиқатдан ҳам жиддий хавф остида — мамлакат ичкарисидан янада чуқурлашуви муқаррар бўлган истиқрорсизлик келаяпти хавф сифатида. Исломий ҳаракатга келадиган бўлсак, албатта, ундан ҳам хавф ҳали йўқ бўлди, Америка у билан ҳисоблашиб бўлди, деган хомхаёлга кўп берилмаслик керак; мантиқан олиб мушоҳада юритадиган бўлсак, Жума Намангонийнинг гуруҳи бугунги вазиятнинг ўзи учун ё ҳаёт, ё мамот эканлигини, албатта, билади. Толибларга қўшилиб ҳаракат қилиш ва америкаликларга ва шимолий альянсга қарши жангга кириш — исломий ҳаракатни ҳам аскарий, ҳам сиёсий жиҳатдан йўқ қилиш, дегани бўлади. Чунки, бу — Ўзбекистонда ўзларига таянч деб билган гуруҳларнинг ҳафсаласини пир қилиши турган гап. У ҳолда, улар ўзини Ўзбекистон исломий ҳаракати эмас, балки Афғонистон исломий ҳаракати, деб атагани тўғри бўлади, деётганлар пайдо бўлаяпти ҳозир баъзи интернет саҳифаларида. Шунинг учун бу гуруҳ Ўзбекистонга киришга уриниб кўриниши турган гап, хусусан, Фарғона водийсидаги халқ орасида бўлган ўз хайрихоҳларини йўқотмаслик учун ҳам бу фурсатдан фойдаланишга ҳаракат қилишлари мумкин. Ўзбекистондаги расмий пропаганда «халқ уларни қўллаб-қувватламайди», деб минг жар солса ҳам, водийдаги аҳволни кўрган одам, у ердаги аҳолининг қашшоқлик ва зулмдан «ким келса-келсин, бу зулмдан, бу сафолатдан бизни қутқарсин», деб турганига гувоҳ бўлади.
Ҳ. Исмоил: Шу ерда гапингизни бўлсак-да, водийдан туриб гапираётган Абдуқуддус Мирзаевга мурожаат қилсак. Исломий омилни оладиган бўлсак, ғарбий кучларнинг минтақага кириб келиши, мусулмон мамлакатларининг баъзиларида раддия намойишларига сабаб бўлмоқда. Худди шундай раддиячилар Ўзбекистонда ҳам пайдо бўлиши мумкинми, исломий гуруҳлар яна ҳам радикаллашиши мумкинми?
А. Мирзаев: Бундай хатар Ўзбекистонда бўлмаслиги мумкин, ҳукуматнинг қаттиқ сиёсати бунга йўл қўймаслиги мумкин. Аммо бугунги вазият Афғонистон ва Ўзбекистон халқлари ўртасига узоқ йиллар давом этадиган адоват уруғини сепиши мумкин.
Ҳ. Исмоил: Бугунги вазият исломнинг радикаллашишига сабаб бўлиши мумкинми? Профессор Толиб Саидбоев, марҳамат.
Т. Саидбоев: Албатта, агар уруш чўзилиб кетса, қочқинлар Ўзбекистонга кела бошласа, айрим радикал ёшлар кучайиб ўз таьсирини ўтказишга ҳаракат қилишлари мумкин. Лекин иккинчи томондан, менимча, афғон ва ўзбек халқининг тарихий ва сиёсий ривожи бутунлай бири-биридан фарқ қилади. Ўзбекларнинг асосий қисми толибларни қўллаб-қувватламаса керак, чунки ўзбек халқи бошқача турмушни кўрган, бошқача турмуш олиб бораяпти ва толибларнинг Афғонистонда нима қилаётганини ҳам билади. Шунинг учун радикал гуруҳлар бўлгани билан, бу гуруҳлар кенг омма орасида тарқалмаса керак.
Х. Исмоил: Ҳамма ҳам шу фикрга қўшиладими?
М. Солиҳ: Бу радикал кучларнинг сонини, албатта, биз билмаймиз. Лекин бир нарса маълум — оғир иқтисодий вазиятда радикаллашишга тайёр бўлган ижтимоий қатлам миқдори анчагина. Аммо мен бошқа нарсани айтмоқчиман. Мана, америкаликлар «террорни илдизи билан йўқ қиламиз», деб чиқишди, бунга бутун дунёнинг катта давлатлари дастак беришмоқда, албатта, биз ҳам бу шиорни қўллаб-қувватлаймиз ва шу ўринда америкаликларга шундай бир мурожаат ҳам қилишим мумкин: мадомики, сиз бутун дунёда террорнинг илдизини қирқишга бел боғлабсиз, бизнинг минтақада бу илдизларни ўша ердаги халқнинг ўзи кўрсатиши керак. Албатта, жаноб Каримов ёки жаноб Назарбоев ёки Туркманбошилар террорнинг илдизи сифатида ўзининг душманларини кўрсатаяпти. Масалан, жаноб Каримов Жума Намангонийни террорнинг илдизи сифатида кўрсатиб бўлди, аммо Жуманинг ташкилоти террорнинг илдизи эмас, унинг меваси. Бу мевани етиштирган нарса — Ўзбекистондаги ўша режимнинг ўзи, унинг мусулмонларга қарши қилаётган зулми. Демоқчимизки, фақат Афғонистонни бомбалаш билан иш битмайди — террорнинг илдизини унутмаслик керак. Умид қиламизки, «террорнинг илдизини йўқ қиламиз», деб майдонга чиққан мамлакатлар буни унутмайдилар. 

АФҒОНИСТОН ХАВОТИРЛАРИ

Энди Ўзбекистон Ўрта Осиё минтақасида Американинг энг яқин иттифоқдоши. Афғонистон энди бизнинг тупроқларимиздан туриб жиловланади. Бу жаноб Каримовнинг режими учун жуда шарафли бир мақом (статус). Фақат, асос мавзуга ўтмасдан олдин, бу воқеада баъзи унутилган нуқта, вергулларни қўйиб кетмоғимиз лозим.
11 сентябр куни расмий Тошкент бу террор воқеаларини ўз халқидан яширишга уринди. Бу ақлга сиғмайдиган ҳаракатни кўплар тушунмади, аммо Ўзбекистонни ва унинг раҳбарини таниган одамлар учун бу ғалати кўрингани йўқ. Ўзбекистон мустақил бўлгандан бери ҳеч бир вақт ўзининг мустақил ташқи сиёсатига эга бўлмаган. Шунинг учун ҳам бу ўлканинг раҳбари Нью-Йоркда фожеа юз берган куни йиғлаш керакми ёки севиниш керакми, била олмай анча гарангсиб турди.
Нима қилиши лозимлигини билиш учун Русиянинг кўзларига боқди, Русия дунё билан бирга қайғураётган эди, буни кўриб, бунга амин бўлгандан кейингина Америка Президентига таъзия йўллашга қарор қилди. Аммо бу таьзия Американинг анъанавий душмани ҳисобланган Эроннинг таъзиясидан ҳам кечроқ борди Вашингтонга.
Ҳа, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати шу қадар шаффоф, манзиллари шу қадар аниқ, дўстлари шу қадар муайян эди. Шу қадарки, то 11 сентябр куни Америкага дўстонами ёки душманонами муомала қилишни билмай эсанкираш даражасида.
Лекин сал ўтмай бу террор фожеасидан жунбушга келган бу Супер Давлатнинг ғазаби Ўзбекистон раҳбарияти учун худди атом энергияси каби бир қудратли восита эканлиги ва бу кучнинг душманларни енгиш учун бир имкон эканлигини англади. Балки раҳбариятнинг фожеадан тўкилмаган кўзёшлари, шу қудратли кучга яқин бўлиш севинчидан тўкилган бўлса ажаб эмас.
Истеҳзосиз айтганда, ҳақиқатан ҳам 11 сентябр фожеаси Ўрта Осиёдаги диктаторлар учун бир омад бўлди. Масалан, бу воқеа Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигини йиллар давомида эришолмаган дипломатик орзусига бир кунда эриштирди. Бу орзу Американинг хайрихоҳлигини қозониш орзуси эканлигини ҳамма билади. Американинг ҳамкорлик таклиф қилиши мумкинлиги раҳбариятнинг етти ухлаб тушига кирмаганди. Ишнинг янада мўъжиза тарафи, Афғонистондаги қуролли ўзбек радикалларини ҳам Американинг ўзи йўқ қилишни бўйнига олаётган эди. Боз устига, бу шовқин-сурон сояси остида сиёсий мухолифатга босимни янада кучайтириш, уни яна бир марта «террорист»га чиқариш имкони туғилди, деб ҳам умидланган бўлсалар ажаб эмас. Яна бир миш-миш: 11 сентябрдан олдин Америкага яхши кўриниш учун амнистия қилинган маҳбуслар рўйхатига бир нечта сиёсий ва диний мухолифат вакилини ҳам киритишган экан, Америкага дўст бўлгандан сўнг бу бечораларни яна рўйхатдан чиқаришибди, энди бу маҳбуслар Америкага дуо қилиб ётган бўлсалар ажаб эмас.
Ҳар ҳолда, энди Америка ҳамкор, ҳамдард ва муттафиқ, энди аввалгидай инсон ҳақлари ва сиёсий мухолифат каби сафсаталар билан бош оғритмайди, деб ўйлаган бўлиши ҳам турган гап. Шундай ўйлаганини диндорлар устидан ўтказилган кейинги маҳкамалар кўрсатди. Бу маҳкамаларда судланувчиларга энди «ҳизбут-таҳрирчи», деб эмас, «бин лодинчи», деб мурожаат қилаётган эканлар.
Американинг Ўзбекистон билан ҳамкорлиги ҳозирча фақат ҳарбий соҳада эканлигини унутмаслик керак. Агар Америка Афғон кампаниясини муваффақиятли тамомласа, у бу минтақада узоқроқ қолишга ҳаракат қилиши, ўзининг стратегик мақсадларини, юксалаётган Хитой қаршисида мавқеини ҳозирдан мустаҳкамлашга интилиши табиийдир. Яна бир масала: баъзилар ўйлаётгандек, Америка ҳарбий базаси борди, энди биз ҳам Ўзбекистонга сармоя етказайлик деб, американ сармоячилари чопиб келмайди, чунки улар етказаётган сармоя Ўзбекистонда Америка қонунлари тарафидан эмас, Ўзбекистон қонунлари тарафидан кафолатланиши лозим. Ўзбекистонда қонун кўп, аммо америкалик сармоячи бу қонунларга ишонмайди. Бу қонунлар унинг сармоясини ҳимоя қилишга қодир эмас. Лекин Ўзбекистон раҳбарининг омади чопди, Рус манбаларининг билдиришига кўра, Америка ўз ҳарбий базаларига жой бергани ва бошқа хизматлари учун Ўзбекистонга 8 миллиард доллар тўлаган ёки тўлаяпти. Бу катта пул. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон раҳбарини Русиядан яна бир фарсах узоқлаштириш учун етарли пул.
Энди демократлашувга келсак, менимча, Американинг ҳарбий базалари бизга демократия олиб келиши амри маҳол. Агар ҳарбий базаларда бундай бир қобилият бўлганда эди, Американинг Араб ярим оролидаги муттафиқи Саудия Арабистони аллақачон демократик давлатга айланарди. Ҳар бир халқ ўзи учун ўзи яратмоғи керак демократияни. Ҳар бир халқ ўз тақдирини ўзи белгиламоғи керак.
Энди энг долзарб мавзу — Афғонистонга келайлик. Бу ерда шу кундан эътиборан, жабҳалар аниқ бўлди: руслар Афғонистон баҳонасида Американинг бўлгада жойлашувидан қўрқмоқдалар. Афғонистондаги Толибонга қарши урушда энди жабҳаларнинг асос чизиқлари аниқ кўрина бошлади. Руслар тожик қўшинларини, Америка (Ўзбекистон) эса Абдурашид Дўстумни қўллаяптилар. Бу икки жабҳа орасида ҳозирдан рақобат бошланди, десак ҳеч муболаға бўлмайди.
Руслар тожик қўшинларининг тез суратда иложи борича кўпроқ территорияни эгаллашга ундамоқда. Улар бунга эришишлари учун рус генераллари Путиндан тожикларга тез ёрдам кўрсатиш зарурлигини уқдирмоқда. Балки америкаликларнинг Дўстумга ёрдами ҳам Русларнинг уйдирмаси бўлиши мумкин, буни тожикларга ёрдамни тезлатиш учун қўллаган тактикаси бўлиши мумкин. Ҳар ҳолда, Толибондан кейин Афғонистонда руслар иложи борича кенгроқ майдонда, иложи борича стратегик муҳимроқ бўлгаларни тожиклар қўлига топшириб, улар орқали Афғонистонда ҳукмронликларини ўрнатиш ниятини яширмаяптилар ҳам. Масалан, руслар Шимолий Афғонистонда аньанавий бўлган ўзбекларнинг эмас, тожикларнинг нуфузи оғир босиши учун ҳаракат қилаётгани кўриниб турибди. Қисқаси, ҳали Толибон кетмасдан туриб, бўлажак Афғонистон учун жанг бошланди. Ва бу ҳолда, Толибондан кейинги Афғонистонми ёки ундан кейингисими, қайси бири кўпроқ истиқрорли бўлишини ҳеч ким башорат қилолмайди.
Ғарб давлатлари ва Америка Толибондан кейинги Афғонистон учун Зоҳир Шоҳни топишди. Фақат Зоҳир Шоҳ Афғонистонга ёрдам этолмайди, менимча. Авваламбор унинг Афғонистонда сиёсий платформаси йўқ, лидер сифатида кўпчилик ижтимоий гуруҳларни таъсири остига олиш имкони оз. Албатта, Америка ва бошқа давлатларнинг ёрдамида тахтга ўтқазилиши мумкин, лекин Америка ўлкадан чиққандан кейин, бошланадиган ғавғони тўхтатадиган сиёсий оғирлиги йўқ унинг.
Аслида, наинки Зоҳир Шоҳ, бутун халқларни бирлаштириб, битта давлат шамсияси остида тўплая билажак қадар обрўли лидер бугунги Афғонистонда йўқ. Йигирма йиллик тинимсиз уруш фақат мамлакатнинг эмас, партияларнинг ҳам, фақат партияларнинг эмас, лидерларнинг ҳам тароватини қочирди. Ортиқ халқ ҳеч бир партияга, ҳеч бир лидерга ишонмай қўйди. Айниқса, бу партия бошқа қавмлар тузган партия бўлса. Ортиқ ҳеч қандай Миллий Келишув Ҳукумати билан бу халқларни алдаб бўлмайди.
Дунёнинг «миллий озчилик» деб атагани ўзбек, ҳазара, туркман, белуйлар ортиқ на пуштун ва на-да бошқа биттасининг бўйинтуруғи остига кирмоқ истайдилар. Чунки на пуштун, на-да бошқаси бу «миллий озчилик»ларнинг истаган ҳақларини бера олмайдилар. Бу миллий озчиликлар эса, ўзлари истаган ҳақларини олмагунга қадар қўлидан қуролни ташламайдилар. Айни гап бундан 7 йил аввал ҳам айтилганди, афсус, такрорлашга тўғри келаяпти.
Баъзилар бу халқларнинг ўтмишига ишора қилиб, улар икки юз йил бирга бахтиёр яшагандилар, бундан кейин ҳам бахтиёр яшайверадилар, дейишади. Аммо бу жуда заиф аргумент. Бундай мантиқ билан замонавий дунёнинг ярмини Туркия (эски Усмонли Империяси)га ва яна ярмини, масалан, Русия (эски Совет Иттифоқи)га топширишингиз керак бўлади. Чунки бу икки Империя ҳудудларида юздан ошиқ миллатлар юз йилларча бирга Афғонистондагидай бахтиёр, балки ундан-да бахтиёрроқ яшагандилар.
Дунё ўзгармоқда, жаноблар, нафақат «маданий» саналган қисмида, балки у қадар «маданий» саналмаган қисмида ҳам ўзгармоқда. Афғонистон учун бу ўзгариш давридаги бурилиш нуқтаси 1989 йил бўлди. Ўша йили рус қўшинлари Афғонистонни тарк этди. Ва ўша йили Афғонистон халқлари дафъатан бир ҳақиқатни тушундилар. Бу ҳақиқат уларнинг ўзлари учун ҳам янгилик эди. Улардан ҳеч бири бошқасининг ҳукмронлиги остида яшай олмасликларини англадилар бирданига. Улар руслар билан 10 йил урушда ҳуррият учун шу қадар ихлос билан курашдиларки, энди бу ҳурриятга ҳатто ўз қардошлари ҳам заррача монеълик қиладиган бўлса, унга ҳам қарши жиҳод қилиш азмига эга бўлди бу халқлар.
Албатта, доим ҳукмронлик қилиб келган пуштунлар ва Афғонистонни доим ўз сиёсий мақсадларига восита қилишга уринган давлатлар Афғонистон халқларидаги бу буюк эврилишни ҳеч севмадилар.
Ва руслар Афғонистондан чиқар-чиқмас, у ерда ўзаро уруш бошланди.
Бу уруш руслар билан бўлган урушдан ҳам қонлироқ, шафқатсизроқ, аммо ундан шарафсизроқ бўлди.
Энди тан олиш пайти келди. Афғонистонда 12 йилдир давом этаётган бу қонли урушнинг ягона сабаби — этник масаладир. Бошқа кичик сабабларнинг ҳаммаси бу асос сабабдан туғилгандир. Бу масала ҳал этилмагунча уруш давом этажакдир. Бу ҳақиқатга ҳаммадан аввал қарши чиқадиган пуштунлар ва Покистон давлати. Улар Афғонистондаги халқларнинг пуштун ҳукмронлиги ва Покистоннинг ниқобли протекторати остида бахтиёр яшашлари керак, деб ўйлайдилар. Пуштунлар Афғонистонда ҳеч қандай «миллий озчилик» йўқ, бу ерда ҳамма муслимон, бир-бирига диндош биродар, этник масалани Афғонистон бирлигининг душманлари уйдираяпти, дейишади. Лекин қўлларига ҳокимият ўтса, давлат мақомларига бирорта диндош биродарини яқинлаштирмайди, қондош биродарини танлайди. Ва бу ўзини уммат деб ташвиқ қилган «ҳақиқий муслимон»лар бир зумда ҳақиқий ирқчиларга айланадилар.
Улар ўзларининг дин қардошларининг она тилларини ва маданиятларини инкор қиладилар, уларни ўлкадаги ҳукмрон қавм тилида ўқиш ва ёзишга, ўз тилларини эса унутишга мажбур қиладилар ва булар ҳаммаси Дини Ислом ва Уммати Муҳаммад номидан қилинади. Аслида эса Динимиз ҳам, Пайғамбаримиз ҳам бундай бир зулмни қатъиян маън қилгандир. Бу дин ниқобидаги ирқчиликка чиққанлар «муслимонларни» бўлишда ва «ирқчиликда» айбланадилар. Афсуски, бу бошқарув усули Афғонистонда, фақат Афғонистон эмас, ўзини муслимон давлати атаган бошқа давлатларда ҳам асрлардан бери давом этиб келаяпти.
Хўп, Афғонистонда ҳокимиятга пуштунлар эмас, тожиклар келса, вазият ўзгарадими?
Йўқ, тожиклар ҳам ҳокимиятга келиб кўрди, вазият ўзгармади. Улар ҳам пуштунларнинг қилганини айнан такрорлади, бошқарув тизимларини ўз қавми мансубларига тўлдирди. Балки ҳокимиятга ўзбеклар келса ҳам шундай бўларди. Мен асло бир қавмнинг иккинчисидан афзаллигини айтмоқчи эмасман, аксинча, бу дунёда токи бир қавм иккинчисида афзал кўринар экан, уруш ҳеч қачон тўхтамаслигини айтмоқчиман. Афғонистон халқлари ҳур яшашни, ҳатто ўз биродарига ҳам қарам бўлмасликни истаяпти, бунга монеъ бўлиш керакми?
Тасаввур қилинг, 19-аср охирида Оврупо халқлари қандай миллий ўзликларни дафъатан таниган бўлсалар, Афғонистоннинг халқлари ҳам бугун шундай ўзликларини танимоқда. Бу муқоясада уяладиган нима бор?
Ниҳоят, давлатлар ҳам одамлар каби тақдири аввалдан чизилган махлуқлардир. Уларнинг ҳам тарих саҳифасига ёзилган муайян умри бор, бу умрдан бир кун, бир соат ҳам ортиқ яшай олмайдилар, умри битган давлатни ҳеч нарса билан ушлаб қолиш мумкин эмас, буни Совет Иттифоқи мисолида бутун дунё кўрди.
Бир замонлар Буюк Британия ва Русия Империяси томонидан буфер давлат ўлароқ вужудга келтирилган Афғонистоннинг тақдирида ёзилган умри битганга ўхшайди. Кўпларнинг ғашини келтириши шубҳасиз, аммо барибир айтишга тўғри келади: Афғонистон Ўрта Осиёнинг «касал одами»дир.
Бу хастага яхшилик қилмоқчи бўлсангиз, уни ҳарбий ва ёки иқтисодий кўкнорлар билан оёқда тутишга уринманг. У давлат сифатида бугунги мавжуд унитар шаклида яшай олмаслиги аниқ. Бу ҳудудларда бир янги шаклдаги давлат, масалан, Афғонистон Конфедерацияси қурилиши мумкин.
Албатта, Ғарб давлатлари Афғонистон унитар давлат экан, унинг территориясидан нефть, газ ва ёки бошқа энергия воситаларини денгизга чиқариш осонлиги ҳақида ўйлайдилар. Лекин Афғонистон Федератив ёки Конфедератив давлат бўлса, бу транзит ўлка хусусиятини йўқотади, деб ваҳимага тушишнинг ҳам кераги йўқ. Балки у бўлгага тинчлик ва истиқрор келса, транзит муаммолари умуман қолмайди, деб умид қилиш мумкин. Охир-оқибатда, биз самимий эсак, биринчи навбатда, Афғон халқининг манфаатлари, ундан кейин бошқа манфааатлар ҳақида гапиришимиз, қарорлар ҳам шунга кўра олиниши лозим.
Ҳар қандай бошқа ҳолда, Совет Армияси Қобулни тарк этгани каби сўнг пуштунлар, тожиклар, ўзбеклар, ҳазаралар бир-бирига қарши қандай ҳужум қилган эсалар, Америка кетгандан кейин ҳам, бу қавмлар худди шундай бир-бирларига ҳужум қиладилар, деган хавотирдамиз.

(11.11.2001)

МАҲКУМНИНГ ЎЗ БАШАРАСИДАН АЙРИЛИҒИ

Ҳибсга олинганларга маҳкамага чиққунларига қадар кўзгу бермайдилар. Менга ҳам беришмади, ва мен ўз башарамдан айрилдим.
Ҳар сабоҳ соқолимни тарошларкан, юзимни қўлларим билан кўраман, аммо қўлларим кўз каби кескин кўра олмайди. Шу боис, адвокат билан ва ёки бошқа зиёратчилар билан кўришишга борарканман, елкаларимда назоратдан ўтмаган бир каллани кўтариб келаётганимни ҳис этаман.
Ҳужра (камера)даги ҳаво ҳаддан ташқари қуруқ бўлганидан (батариянинг таъсири, балки) юз териси қуроқлашиб, худди бошга бир ниқоб, бир маска кийдирилган каби ҳис этасан ўзингни ва бу ҳолат ўша юз билан айрилиқ туйғусини яна ҳам кучайтиради.
Табиий, бундай бир юз (ёки чеҳра) кундалик турмушда зарурий бўлган маневрларга ҳеч тайёр эмас. Масалан, мен панжара орқасидан зиёратчимга кулимсирасам, менинг юзим ҳам кулимсирайдими-йўқми, мен буни билолмайман. Ёки бу юз мени зиёратчига олиб келган соқчи каби четдан кузататиб турадими фақат? Ва ёки масалан, мен гапираркан, бу юз нима қилади: менинг айтганларимни имо-ишора (мимика)лар билан тасдиқ этадими ёки аксинча, инкор этадими? Ёки бу юз мендан айрилганидан мамнун, назоратимдан қутулганидан хурсандми?
Ҳар ҳолда, у энди зиёратчимнинг табассумига жавобан, саноқсиз юзларга ҳибс этилган-у миллионларча кулимсирашларга монанд бир маҳсулотни намойиш қилиш учун ўз пайларини чарчатмаяжак.
Табассум ҳақида гапираяпман, чунки табассум — айниқса, дунёмизнинг «маданий» қисмида — инсон чеҳрасининг энг кўп эҳтиёж туядиган ҳаракатдир. Инсонлар тинмай кулимсирашга маҳкумдирлар, уларнинг чеҳралари бу оғир меҳнатдан аллақачон чарчаб бўлганлар.
Эҳтимол, шу сабабдан, ўликлар ичида табассум қилганлари камдан-кам учрайди. Балки юзига табассум ёйилган бир-икки ўлик кўрган бўлишингиз мумкин, аммо кейинроқ уларнинг бир диндор бўлганлигидан огоҳ бўласиз, улар бу ҳаётда кўп йиғлаб, оз табассум қилганлари учун ва ёки Оллоҳнинг васлига эришганидан қувониб, табассум этганлигига шоҳид бўласиз. Яъни ҳатто ўликларнинг табассуми ҳам биз учун эмас.
Кулимсирашга шундай назар билан қараганим туфайли, балки бу ишни ҳаётимда ҳеч тўғри қила олмаганимдан келиб чиққан бўлиши ҳам мумкин. Бу хусусда доим оқсаганман. Масалан, ёшлигимда шундай бир шеър ёзгандим:
Чормих-ла парчинланган табассум – Икки бурчагига мих қоқиб, башарага парчинланган табассум. Мен сизга яхши кўринмак учун бундан баттар оғриққа ҳам чидашга ҳозирман.
Ҳақиқатдан ҳам, халқ ичида бу қул меҳнати, бу кулимсираш у лойиқ бўлмаган бир ҳурмат билан ташвиқ этилади. Дейлик, бир сиёсатчи таъсирли шаклда кулимсирашни амаллай олмаса, у «халқ ичидан чиққан сиёсатчи, ўзимизга ўхшаган камтарин йигит» каби рекламага ноил бўла олмайди.
Кулимсираш фетишизми ҳаётимизга шу қадар ўрнашиб олганки, ҳатто диктаторлар ҳам ойна олдида туриб, юзларининг пайларини ўйнатиб, табассум санъатини мукаммал эгаллаш учун ишга киришдилар. Бу меҳнатдан ягона мақсад: Халққа яқин бўлиш! Ва телевизор экранларидан ўзининг эгаллаган санъатини намойиш қилаётган Халқбоши Диктаторнинг юзидан ёйилган «табассум» тўлқинлари ўша Халқнинг вужудини жимирлатиб юборганда, у бечора Халқ: «Инсон зотининг кулимсираши бу қадар хунук бўлиши мумкин экан-да!» деб юборади!
Шунга қарамай, мен инсон юзининг энг гўзал ҳаракати бўлган табассумни томоша қилишни севаман. Агар у болалар ёки ўз чеҳрасини назорат остида ушлашни ўйламаган деҳқоннинг ёки ухлаётган бир бокира қизнинг ё бўлмаса, бир авлиёнинг табассуми бўлса.
Бу хил кулимсирашлар гўё «санъат санъат учун» назарияси асосида яратилган бир интеллектуал асар мисоли ва ёки «рақс ичида рақс» мисоли теран мазмунли ҳаракатлардир. Улар, балки яна ҳам кўпроқ, бир дуога ўхшайди. Бу кулимсирашлар ўз ичларига, айни пайтда ташқарига, коинотга, галактикага узанган бир энергиядир. Бундай ҳолатда, кулимсираш инсон юзини оғритмайди, аксинча, инсоннинг юзи ўз атрофида чизган табассумдан лаззат олади.
Атрофини чизган, дедим, чунки кулимсирашни инсон юзи яратмайди (у ташқаридан берилади), инсон юзи табассумга бир гардиш, бир чорчўп ясайди, холос.
Мен Панкратс қамоқхонасида иккинчи кунимни бошларкан, «балки, бу ерда на кулимсирашга ва на бошқа бир имо-ишоратга ҳожат бўлмагани учун ҳам мен ўз юзимдан айри тушдим», деган бир фикр келди бошимга. Бу кўп мантиқли бир фикр эди, аслида. Бу ерда ҳақиқатдан ҳам инсон чеҳрасининг озодликда эҳтиёж туябилажаги ҳеч бир мимикага эҳтиёжи қолмайди.
Бу ерда ҳеч ким бир-бирининг кўзларига боқмайди, бу ерда сенга мурожаат қилсалар, гўё сен шаффоф бир борлиқ каби, гўё сен йўқ каби, бир бўшлиққа каби мурожаат қиладилар. Бўшлиққа отилган ҳар калима буюк гулдуросга айланади, ҳар калима даҳшатли шаклда теран тушунилади, яъни сўзларни, ташқарида кўникилгани каби, юз мимикаси билан тўлдиришга ҳеч эҳтиёж қолмайди.
Шу сабабдан, бу ерга кирган ҳар бир инсоннинг ўз юзини шахсий ашёлари билан бирга қамоқхона маъмурларига топширдим, деб ўйлаши зарур. Ва бу фикрга ўзини кўниктириши керак. Акс ҳолда, инсон бир неча кун қийналиши турган гап, бўлар-бўлмас хаёлларга, энг ёмони, озодлик ҳақдаги орзуларга берилиши мумкин. Бу яхши эмас. Шуни билингки, истайсизми-истамайсизми, бу совуқ ҳужрада уйғонажагингиз илк тонгдаёқ сизнинг юзингиз сиздан айрилажакдир.

(5.12.01, Панкрас Қамоқхонаси, 524 — камера, Прага) 

М. СOЛИҲНИНГ ҲИБСДAН OЗOД БЎЛГAНИДAН СЎНГ «OЗOДЛИК» РAДИOСИГA БEРГAН ИНТEРВЮСИ

11.12.2001
 
Ҳaсaнжoн:
Бугун дaстуримизнинг aсoсий қисмини шу куннинг муҳим вoқeaси, aмиқрoқ aйтaдигaн бўлсaк, ўзбeк муxoлифaти лидeри, ЭРК Дeмoкрaтик пaртияси лидeрининг қaмoқдaн oзoд этилгaни ҳaқдaги мaълумoтлaр билaн бoшлaймиз. Aввaлги эшиттиришимиздa xaбaр қилгaнимиздeк, 11 дeкaбр куни Чex рaсмийлaри суд қaрoр чиқaрмaгуничa мaмлaкaт ҳудудини тaрк этмaслик шaрти билaн ЭРК пaртияси  рaиси Муҳaммaд Сoлиҳни   қaмoқдaн oзoд қилди. Шундaн сўнг Муҳaммaд Сoлиҳ Oзoд Еврoпa-Oзoдлик рaдиoси бoш қaрoргoҳидa мaҳaллий вa xoрижий журнaлистлaр учун мaтбуoт  кoнфeрeнтсияси ўткaзди. Кўп сoнли журнaлистлaр билaн  сaвoл-жaвoбдaн сўнг Муҳaммaд Сoлиҳ ўзбeк студияси мeҳмoни бўлди, ҳaмкaсблaримиз билaн қисқaчa мулoқaтдa бўлди.
Зeбунисo:  
Ҳурмaтли Сoлиҳ aкa, мaнa, сиз қaрийб икки ҳaфтa дaвoм этгaн тутқинликдaн сўнг xaлқaрo  жaмoaтчиликнинг кaттa бoсими oстидa  oзoдликкa чқдингиз вa тўғри «Oзoдлик» рaдиoсигa кeлдингиз. Oзoдликкa чиқиб, биринчи aйтмoқчи бўлгaн фикрлaрингиз? 
Муҳaммaд Сoлиҳ:
Aссaлoму aлaйкум, ҳурмaтли юртдoшлaр! Биринчи нaвбaтдa, aлбaттa, Oллoҳгa шукр aйтaмaн, бу вoқea яxши xулoсaнлaнди вa иккинчи нaвбaтдa шу ишнинг яxши xулoсaлaнишидa бизгa ёрдaм бeргaн, тўғрирoғи, мeнгa ёрдaм бeргaн тaшкилoтлaр, жумлaдaн, «Oзoдлик» рaдиoсигa вa Ҳумaн Рaйтс Вотч, Aмнeсти Интeрнaтиoнaл вa шунгa ўxшгaн бaрчa инсoн ҳaқлaрини ҳимoя қилувчи тaшкилoтлaргa вa aлбaттa, мeн буни тaъкидлaб aйтмoқчимaн, мeнгa бoшпaнa бeргaн Нoрвeгия ҳукумaтигa вa aйни зaмoндa бизнинг ишимизгa ҳaйриҳoҳлик кўрсaтгaн Буюк Бритaния вa AҚШ ҳукумaтлaригa, бу дaвлaтлaргa вa тaшкилoтлaргa ўзимнинг тaшaккуримни билдирaмaн.
Зeбунисo:
Сoлиҳ aкa, сиз xoрижгa чиққaнингиздaн кeйин ўтгaн мaнa шу  8 ярим йил мoбaйнидa Ғaрб жaмoaтчлиги ичидa aнчa-мунчa шуҳрaт тoпгaн эдингиз, aммo ҳoзир мaнa шу қaмoққa oлингaнингиздaн кeйинги вaзиятдa,  бу вoқea ЭРК пaртияси вa умумaн, Ўзбeкистoндгaги дeмoкрaтик ҳaрaкaтлaр учун қaндaй ўзгaришлaр oлиб кeлиши мумкин?
Муҳaммaд Сoлиҳ:
Ўйлaймaнки, бу вoқea яxши бир нaрсaгa сaбaб  бўлaди, 8 ярим йил ичидa чeкилгaн — фaқaт мeнинг шaxсий изтирoблaрим эмaс, сургуннинг aзoб-уқубaтлaри эмaс, бу 8 ярим йил ичидa чeкилгaн xaлқимнизнинг чeккaн aзoб-уқубaтлaрининг ҳaм бир aкс-сaдoси бўлиши мумкин. Бу вoқea яxши бир нaрсaлaргa вaсилa бўлaди, дeб умид қилaмaн.
Бeк Нoрмуҳaммaд:
Сoлиҳ aкa, бу мaмaлкaтгa сиз биринчи мaртa кeлaётгaнингиз йўқ, бу eргa сиз 1969 йилдa ҳaм кeлгaнсиз. Ўшaндa сиз бу eргa ўз иxтиёрингиз билaн эмaс, Мoсквaдaги рaсмийлaрнинг ирoдaси билaн вa Ғaрбдaн эмaс, Шaрқдaн, сaмoлётдa эмaс, тaнкдa бу ергa кeлгaнсиз. Ўшa дaврдa 19 ёшли сoвeт aрмияси aскaри Брaтислaвa кўчaлaридa қaндaй xaёлдa вa қaндaй ҳис-туйғулaрдa бўлгaн-у, вa ҳoзир сиз шу ҳaқдa нимa дeб ўйлaйсиз?
Муҳaммaд Сoлиҳ:
Ўшa пaйтдa бир oккупaтсиoн aрмия тaркибидa мeнинг Чeoслaвaкиягa кeлгaним — ўшaндa Чexoслaвaкия эди — вa бугун мeн бир ғaрoйиб бир шaклдa бу ергa кeлиб, «Oзoдлик» рaдиoси тaклифи билaн кeлиб, aммo «Oзoдлик»кa эмaс, тўғри турмaгa бoргaнимдa, aлбaттa, ирратсиoнaл бир бoғлaниш кўрaмaн, ўйлaймaнки, бундa ҳaм Oллoҳнинг бир ҳикмaти бoр. Ўшa пaйтдa мeн илк дaфъa Чexoслaвaкия xaлқининг сoвeт интeрвeнтсиясигa қaрши мaрдoнa курaшигa гувoҳ бўлгaнмaн вa бугун мeн бу xaлқнинг ўз  ҳурриятигa эришиб, янги бир дeмoкрaтик дaвлaт қурaётгaнини кўрдим. Aгaр бу дaвлaт aвтoритaр бир дaвлaт бўлгaнидa, бaлки, бу ердa сиз билaн гaплaшиб ўтирмaгaн бўлaрдик. Бу xaлқнинг, чex xaлқининг кeлaжaкдa тoм мaънoдa энг илғoр Еврoпa дaвлaтлaри эришгaн тaрaққиётгa эришишишини тилaймaн.
Зeбунисo:
Сизнинг oзoд этилишингиздa xaлқaрo ҳaмжaмият вa xaлқaрo инсoн ҳaқлaри билaн бaрoбaридa, бaлки, кўпрoқ мaънoдa, Чexия Прeзидeнти, сoбиқ диссидeнт, ёзувчи Вaтслaв Ҳaвeл кaттa рoл  ўйнaди, у бeвoситa сизнинг тaқдирингиз билaн бoғлиқ бўлгaн бир нeчa тaдбирлaрни aмaлгa oширди вa у сизнинг қўйилaётгaн aйблaрдaн oзoд бир инсoн экaнингизгa ишoнч билдирди вa қaмoқдaн oзoд этилишингиз учун шaxсaн ўзи кaфoлaт бeришини билдирди. Эртaгa, яний, чoршaнбa куни, сизни Вaтслaв Ҳaвeл Прaгa Қaсридa қaбул қилмoқчи, сиз билaн учрaшмoқчи, эртaгa сиз у билaн нимaлaрни гaплaшмoқчи эдингиз?
Муҳaммaд Сoлиҳ:
Вaтслaв Ҳaвeл 20 aсрдaги мeн энг кaттa ҳурмaт билaн қaрaлгaн лиeдeрлaрдaн бири. Вaтслaв Ҳaвeл вa Нeлсoн Мaндeлa — бу иккитa лидeр сиёсaтни вa юксaк axлoқни ўзидa бирлaштиришгa  мувaффaқ бўлгaн лидeрлaрдaндир. Юксaк aҳлoқ вa сиёсaтни бирлaштириш жудa қийин иш, чунки, сиёсaт вa aҳлoқ тaбиaтaн бир-биригa зид нaрсaлaр вa у шу ики нaрсaни ўзидa мaксимум дaрaжaдa бирлaштиргaн шaxс, шунинг учун ҳaм Ҳaвeлни мeн жудa қaттиқ ҳурмaт қилaмaн вa у билaн эртaгa учрaшиш мeн учун кaттa шaрaф.

«МУҲТАРАМ ДАЙН ЖАНОБЛАРИ»

RFE/RL President Thomas A. Dine
15.12.01
Осло, Норвегия

Муҳтарам Дайн жаноблари,
сиз раҳбарлик қилаётган Радионинг мен Прагада ҳибсга олиниб, қамоққа ташланган кундан бошлаб, то озод бўлгунга қадар инсоний ҳақларимни ҳимоя қилишда кўрсатган фидокорона мужодаласини чин юракдан тақдир этаман ва бу ишни йўналтиришда сизнинг раҳбар сифатида шахсий жасоратингизнинг нақадар муҳим рол ўйнаганини алоҳида таъкидлашга рухсат этинг. Хусусан, Прага прокурорига менинг маҳкамагача озод қилинишим учун махсус мактуб ёзиб, шахсимга билдирган ишончингиз ва илиқ сўзларингиз учун ниҳоятда муташаккирман. Озодлик радиоси Совет даври темир пардасини ёриб ўтиб, биз учун ҳур дунёга бир дарча очган эди. Тасаввур қилингки, бу Радио бугун Марказий Осиё халқлари учун айни вазифани, балки янада муҳимроқ вазифани ўтаётганини таъкидламоқчиман. Бу шарафли вазифада сиз ва раҳбарлигингиздаги ташкилотнинг нақадар улуғ миссияни амалга ошираётганини айтиш биз Марказий Осиё демократлари учун бир бурчдир.
Ишларингизда мувафаққиятлар тилайман, Сизни, Озод Оврупо / Озодлик Радиоси жамоатини кириб келаётган Янги Йил байрами билан чин қалбдан қутлайман.
Энг теран ҳурмат ва эҳтиромларим-ла, Муҳаммад Солиҳ 

АбдулҲамид Исмоил ҳақида
(қисқа сўз)

70-йилларда Совет Адабиётида «Двуязичия» деган термин бор эди. Бу термин гўё икки тилда ёзган ёзувчиларни ифодалаши керак эди. Масалан, миллати рус бўлмаган, аммо рус тилида ижод қилган ёзувчиларни шу «икки тилли» ёзувчилар тоифасига киритишарди. Аммо рус тилида ёзган ёзувчиларнинг ҳеч бири бошқа тилда ёзмас эди. На Айтматов, на Ўлжас Сулаймон ва на-да Фозил Искандар — ҳеч бири рус тилидан бошқа бир тилда ёзмаган, аммо «икки тилли» адабиёт вакили сифатида тилга олинганлар.
Лекин 80-йиллар бошида икки тилда ёзадиганлар пайдо бўлди. Ўзбек ёзувчиси ва шоири АбдулҲамид Исмоил икки тилда ёза оладиган балки илк қалам соҳиби. Яна унинг учун «биринчи тил» ёки «иккинчи тил» каби мезонлар йўқ эди. У ўзбек тилида ҳам, рус тилида ҳам мукаммал ёза оларди.
(Аслида инсон зотининг ҳофизаси — шуур ости билги сандиғига — туғилишдан бутун тиллар жойлаштирилган, деган гипотезага мен ишонаман. Шу нуқтаи назардан, «она тил» ва «иккинчи тил» тушунчалари бор-йўғи миллиятчи мафкура воситалари сифатида бизга қадрли бўлган. Бугун ҳам Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили сифатида ўз мавқеини муҳофаза қилиши тарафдориман, лекин бу ўзбек тилининг бошқа тиллардан устун бўлгани учун эмас, балки ўзбек тилининг Ўзбекистонда давлат тили бўлиши адолатдан бўлганлиги учун).
АбдулҲамид Исмоилнинг «Постфаустум» асари шу маънода ўрнак бир асардир. У ердаги ҳар бир шеър ёки мансура инсон тилининг нималарга қодир эканини кўрсатадиган манзара ҳосил қилади. Бу саҳифаларни жуда қаттиқ мақташ мумкин, жуда қаттиқ танқид ҳам қилиш мумкин. Бундай танқидга ҳам, мақтовга ҳам соғлом асос бор матнда.
Бошқа таҳлил йўқ.
Агар АбдулҲамид Исмоил бугун ҳам бу асарини маъқул кўраётган бўлса албатта, бу ёзувни ёзиш ноқулай, лекин ўйлайманки, у бу асаридан етарли даражада узоқлашган ва шунинг учун ҳам унинг таҳлилига рози бўлган. АбдулҲамиднинг бугунги ёзганлари бу Қайта Қуриш Декадаси маҳсули бўлган «Постфаустум» дан албатта фарқ қилади. Биз унинг сўнгги китобларида (ўзбекчасида ҳам, русчасида ҳам), ўзбекона ва айни пайтда жуда янги бир киноя технологияси билан ишланган услубини кашф қилдик. Битта китобини интернет саҳифасига ҳам қўйдик.
АбдулҲамид характер ўлароқ модерн ўзбек интеллектуали, ўзининг ёзаётганларига шафқат ва айни пайтда киноя билан қарай оладиган, тарбияли бир мунаввар. Ортиқча иддаоли эмас, чунки ҳар қандай иддао у айтишга уринган фикрни хиралаштириши мумкинлигини сезади. Каминага қусур бўлиб кўринган бир хусус АбдулҲамид Исмоилнинг ғарб адабиётида қўлланиладиган «реалистик услуб»ни қўллашга мойиллиги. Масалан, … яхшиси мисол келтирмайин. Уят нарсалар чунки. Аслида, АбдулҲамид Исмоил бу услубга асло муҳтож эмас, унинг кучли тарафи қарама-қарши тарафда, ўзбекона — бу терминни яхши кўрмасам ҳам қўлладим, ҳозирча бошқасини тополмаяпман — тасвирда. Сўнгги китоби бўлмиш «Ҳай ибн Яқзон» номли китобидаги илк манзара ҳақиқатан классик бир парча! Китоб қаҳрамони болани боғда ари чақиб олгани ва унинг кўзининг «шишиш жараёни»… Бу тасвир ўзбек тилида (насрда) яратилган балки энг бадиий илк ТАСВИР.
АбдулҲамид Исмоил бундан 3 йил аввал бир роман чоп қилган эди. Ўз қишлоғига оид воқеалар тасвири ва жуда ичкин, ниҳоятда сертуйғу бир китоб эди. Фақат яна ўша «реалистик манзаралар» бирдан ўртага чиқиб, кайфиятни ўзгартиргани эсимда. Агар бир пайтлардаги каби Жойсни «улуғ ёзувчи» деб билганимда эди, АбдулҲамидни кўкка кўтарган бўлардим, аммо бугун ўқувчи сифатида жуда орқада қолдим, Жойсни ортиқ «улуғ» ҳисобламайман, ҳатто нега унинг 70-йилларда бизга бу қадар улуғ кўринганига ҳайрон бўламан. Ва АбдулҲамиднинг ўша романини ўқиб «бу Жойсдан ҳам баттар», десам, укалардан бири бу танқидга бир оз ҳайрон бўлганди.
АбдулҲамид Исмоил ўзбек адабиётида ҳанузгача лойиқ бўлган савияда танилмаган, аммо мутлақо бу адабиётда у лойиқ бўлган ЎРНИ бор ҳақиқий ёзувчи, шоир ва таржимондир. Унинг бирорта асари бугунга қадар таҳлил қилинмади, афсус. Адабиётчилар нима билан шуғулланаётибди, буни ҳам билмаймиз. Балки ҳақиқий адабиёт билан шуғулланиш таҳликали бўлгани учун бу ишга қўл урмаётгандирлар.
Бунда ҳам мантиқ бор.

(31.12.2001, Осло)

М. СОЛИҲНИНГ «ОЗОДЛИК» РАДИОСИГА БЕРГАН ИНТЕРВЬЮСИ

(Радионинг 24.01.2002 кунги дастуридан ёзиб олинди) 

Радио ходими Азизулло Орол: Президентлик муддатини 7 йилга чўзиш ва икки Палаталик Парламент ҳақида 27 январ куни ўтказиладиган Референдумга муносабатингиз қандай? Баъзилар Референдумда қўйилган масалалар эски совет даврларидаги каби ҳали ўтказилмасдан туриб, 95 фоиз овоз билан маъқулланажаги ҳақда гапирмоқдалар. Шундай қарашлар ҳақда нима дейсиз? 
Муҳаммад Солиҳ: Башорат қилмасдан олдин шуни айтиш керак, америкалик таниқли сиёсатшунослардан бири, профессор Марта Олкотт шундай бир гап айтган эди: «Каримов ва Ниёзов ҳеч қачон ўз ихтиёри билан ёки сайлов билан ҳокимиятдан кетмайди. Каримов ва Ниёзов сарой тўнтариши билан ёки шунга ўхшаган бир зўравонлик йўли билангина ҳокимиятдан кетиши мумкин», деган эди. Албатта, бу фикрни биз айтсак, дарров булар давлат тўнтаришига даъват қилаяпти, дейишлари мумкин эди, яхшиямки, бу гапни америкалик сиёсатшунос Марта Олкотт айтаяпти. Ўзбекистон президенти ўз мақомидан сайловлар воситасида ёки ўз истаги билан кетиши мумкин эмаслигини яқинда бўладиган референдум яна бир бор дунёга кўрсатади. Жаноб Каримов ҳар гал президентлик муддати тугаши олдидан муҳаққақ равишда шундай бир нарса ўйлаб топадики, бу ўша демократиянинг ибтидоий усули бўлган сайловни бекор қилади. Камина, бир мухолиф сифатида Ўзбекистон президентининг президентлик муддати тугашидан олдин тайёрлаётган ёки тайёрлаши мумкин бўлган ўйинлардан олдиндан огоҳ қилганман жамоатчиликни. Бу асло менинг башоратчи бўлганимдан эмас, фақат ҳар бир танқидий фикр юритадиган кузатувчи собиқ коммунистларнинг табиатини яхши билади. Шу маънода эртага бўладиган референдумнинг натижаларини башорат қилишнинг кераги йўқ, ҳақиқатдан ҳам, сиз айтгандай, 95 ёки 98 фоиз овоз олишига ҳеч кимнинг шубҳаси йўқ. 
Азизулло Орол: Бу референдум қандай сабаб ва тақазоларга кўра ўтказиляпти? Унга қандай ички ва ташқи омиллар сабаб бўлаяпти, деб ўйлайсиз? 
Муҳаммад Солиҳ: Омиллар ҳақда гапирадиган бўлсак, икки хил омил бор: биринчиси, Ўзбекистонда вужудга келган сиёсий ва ижтимоий шароит омиллари. Бу омиллар, биринчи навбатда, Ўзбекистондаги мавжуд тузумни таг-томири билан ўзгартиришга ундаяпти, бу омиллар референдум каби майнавозчиликларни ниҳоят бас қилиб, ҳақиқатнинг кўзига тик боқишни талаб қилаяпти, бу омиллар халқнинг сабр-тоқатини бу қадар узоқ имтиҳон қилмасликни тақазо қилаяпти. Бу омиллар тезроқ инсофга келиб, халқнинг иродасига бўйсунишни, давлатнинг тепасидан кетишни тақазо қилаяпти. Аммо Президент Каримовнинг ўзининг омиллари, уни ҳаракатга келтираётган омиллар ҳам бор, бу омиллар ҳам Ўзбекистон тақдирини ҳал қилишда катта роль ўйнайди, ҳатто асосий омил ўлароқ олдимизга келаяпти. Бу омиллар Ўзбекистоннинг давлат ўлароқ ўртага чиққан омилларига ва халқнинг зарурат туйган ўша омилларига қарама-қарши тарафдан ҳаракатга кечаяпти, афсус. Бошқача айтганда, унинг президентлик муддатини чўзишга қайси омил мажбур қилаяпти, деган саволга қисқа қилиб, «ҳокимиятни йўқотиш қўрқуви», деб жавоб бериш мумкин. 
Азизулло Орол: Референдумнинг қандай ижобий жиҳатлари бўлиши мумкин? Референдумнинг ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан ижобий хусусиятлари мавжуд дейишмоқда, шундай фикрларга қандай қарайсиз? 
Муҳаммад Солиҳ: Албатта, бу бир кулгили баҳона, бунинг ҳеч бир ижобий шаклда вазиятга таъсир қиладиган томони йўқ. Баҳонада айтиладики, агар сайловлар беш йилда эмас, 7 йилда қилинадиган бўлса, сайлов ҳаражатлари тежалиши мумкин — шундай ҳам кулгили баҳона бўладими, шундай кулгили рўкач бўладими? Яна бир баҳона шундан иборатки, агар жаноб Каримов фақат беш йилгина президентлик қиладиган бўлса, ўз программасини ҳаётга татбиқ қилишга улгуролмас экан, ҳолбуки, у 5 йил эмас, мана, 12 йилдан бери Ўзбекистонни идора қилаяпти, аммо ҳали-ҳанузгача бирор бир программа татбиқ қилолгани йўқ ва қилишига ҳам бизнинг гумонимиз бор. Ва энди у яна ўз иқтидорини уч йилга узайтириб, бу программани татбиқ қилади, десак, одамлар бунга кулади, холос.

АМЕРИКАНИНГ ТЕРРОРГА ҚАРШИ ШУБҲАЛИ ИТТИФОҚИ

(«Нью-Йорк Таймс» 11.03.2002)

Совет Иттифоқи қулаганда, маҳаллий диктаторлар у билан бирга қуламадилар. Аксинча, улар бу давлатдан зудлик билан ажралиб, яқиндагина ўзларининг душманлари деб санаганлари — миллиятчилар тарафига ўтиб, уларнинг шиорларини баланд кўтариб олдилар. Ўз жумҳуриятларида Коммунистик Партиянинг Биринчи котиби бўлган бу зотлар бир лаҳзада автоматик равишда «мустақил давлатларнинг президентлари»га айланиб, ўзларининг қадрдон Компартияларини ҳақорат қила бошладилар. Мен бундай метаморфозани, яқинда Вашингтонга келаётган президент Ислом Каримов мисолида кузатганман.
Ғарб, бундай «турланиш»га бир оз ҳайрон бўлиб қараган бўлса ҳам, ўз самимиятидан шубҳаланишларидан чўчиб, «янги мустақил давлатларни» қўллаб-қувватлай бошлади. Ўшандан бери 12 йил ўтди ва Ғарб шу давр ичида бирон марта ҳам ростакамига бу давлатлардан инсон ҳақларига риоя қилиш ва демократлаштиришни талаб қилгани йўқ. Минтақада доимо нимадир юз бериб турди — ядровий материалларнинг тарқалишидан қўрқув, Россия ёки Хитой билан зиддиятдан андиша ва ҳаказолар доим «вазиятни оқлаб» турди ва Ғарбнинг ушбу давлатларга нисбатан кескин тадбир кўришни орқага сурди. Яъни «мустақил давлатлар» диктаторларининг доим омади келиб турди. Уларнинг энг катта омади 2001 йилнинг 11 сентябрида, Нью-Йоркда террористик акциялар ўтказилган куни келди. Чунки ўша куни йиллар давомида Америка билан дипломатик алоқаларда Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлиги эришолмаган ютуқ бир лаҳзада қўлга киритилди… Ушбу портлашлардан бор-йўғи 15 кун олдин Каримов, Супер Давлатнинг хайрихоҳлигини қозониш учун бир неча минг маҳбусга авф эълон қилишни мўлжаллаганди, бу рўйхатда бир неча сиёсий маҳбуслар ҳам бор эди. Аммо 11 сентябр портлашларидан сўнг Ўзбекистон Президенти аввал авф ҳақдаги, рўйхатга номи киритилган сиёсий маҳбусларни авф қилиш ҳақдаги қарорини бекор қилди. Чунки бунга эҳтиёж қолмади, Супер Давлатнинг ўзи Тошкентга келди. Бу сўнгги «омад парвози» шу қадар юксак эдики, Ўзбекистон Президенти энди ўзини фақат Ўзбекистоннинггина эмас, балки бутун Марказий Осиёнинг лидери ҳис қила бошлади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон лидерлари унга том маънода ҳасад кўзи билан қарай бошладилар.
Русиянинг сиёсий элитаси ҳам Ўзбекистон раҳбарини хавотир билан кузатиб, Путинни унинг «ўзбек дўсти» борган сари «проамериканизм» тарафга оғиб бораётгани ҳақда огоҳлантирмоқда. Америкаликларнинг ўзи ҳам шундан уялаётган бўлса, ажаб эмас. Аслида эса, том тескариси, Ўзбекистон тўппа-тўғри антиамериканизм сари кетмоқда эди. Албатта, агар «американизм» деганда демократия назарда тутилса. Агар бу сўз зўравонликка, инсон эркинлигини топташларга, давлат террорига қарши курашни англатса…
11 сентябрдан сўнг Ўзбекистон Президенти аввал авф этилганлар рўйхатига киритилган сиёсий маҳбусларни авф қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилди. (800 га яқин Ҳизбут-Таҳрир аъзолари, ҳуқуқ-тартибот органларининг доимий назорати остида яшаш шарти билан қамоқдан озод этилдилар, аммо сиёсий маҳбуслар озод этилмади). Каримов энди бундай сиёсий «допинг»ларга ҳожат қолмади, Америка шундоқ ҳам дўст ва инсон ҳақлари бўйича қанақадир стандартларга ҳеч эҳтиёж йўқ, деб ҳисоблай бошлади.
Ҳукумат милициянинг жиловини мутлақо қўйиб юборди, энди милиционер истаган уйига кириб, одамларни қамоққа олиши, зўрлаши ва ҳатто ўзига ёқмаган одамни ўлдириши мумкин эди. Унга прокурорлик, терговчилик ва ҳакамлик ҳуқуқлари берилди. Одамни ўлдириб, уни террорист, Усома бин Лодиннинг сафдоши сифатида расмийлаштиришлари мумкин. Ва ҳеч ким бунинг рост ёки ёлғонлиги билан қизиқиб ўтирмайди.
Даврлар бўлдики, Америка ўзи яратган нарсасини ўзи йўқ этишига тўғри келди. Афғонистон бунга мисол. Масалан, Америка бир исломий гуруҳнинг исёнини қўллаб-қувватлади, кейин эса уни (Толибон деган бир давлатга айланганидан сўнг) йўқ қилишга мажбур бўлди. Худди шундай ҳодиса, ҳозир антитеррор кампаниясида асосий давлат ҳисобланаётган Ўзбекистон тақдирида ҳам такрорланиши мумкин.
Жаноб Каримовнинг «демократик тадбирлари»га келсак, 1995 йилда у, сайловларни четлаб ўтиш учун Референдум ўтказди. Бу референдумда, расмий маьлумотларга кўра, 99, 8% фоиз сайловчи қатнашган. 2000 йилги Президентлик сайловларида эса, у 92% овоз олди, ҳатто унинг сайловдаги рақиби ҳам унга, Каримовга овоз берганини эълон қилди. Жаноб Каримов 2002 йилда яна Референдум ёрдамида ўз Президентлик муддатини узайтирди, бу референдумда у 91,7% фоиз овоз олди. Америка бу тадбирга, уни «ғайримашруъ» (нолегитим) деб атади ва ўз кузатувчиларини юбормади.
Ўзбекистон 60 миллионлик аҳолига эга бир минтақанинг қоқ марказида жойлашган. Бу аҳолининг учдан бири Ўзбекистонда яшайди. Минтақа ижтимоий портлашга ҳомиладор бир бўлгадир. Ўзбекистон репрессив ва мутажовуз давлат сифатида ўз атрофидаги қўшниларига ёмон ўрнак бўлаяпти. Ўрта Осиё давлатлари лидерлари ўзбек Президентига қараб ўз мамлакатларида бўлаётган озгина демократик силжишларни ҳам тўхтатиб қўйиши ҳеч гап эмас. Чунки ўзбек Президенти уларга қандай қилиб ҳокимият муддатини узайтириш, қандай қилиб миллионлаб пул қозониш ва айни пайтда, бу пост-террор дунёсида Америкадай бир давлатнинг ёрдамини олиш мумкинлигини жуда яхши намойиш қилди. 

«ОЗОДЛИК» РАДИОСИ ТИНГЛОВЧИЛАРИ САВОЛЛАРИГА БЕРИЛГАН ЖАВОБЛАР

«Озодлик», 08.05.2002

«Озодлик» радиосининг «Сиз сўраган саволлар» рукни остида бериб борилаётган суҳбатнинг матнини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Программанинг меҳмони таниқли шоир, «ЭРК» демократик партияси раиси Муҳаммад Солиҳ.
Суҳбатни ҳар галгидай шоира Гулчеҳра Нуруллоҳ қизи олиб боради.
Саволларнинг муаллифларини хавфсизлик нуқтаи назаридан исмлари берилмайди.
Гулчеҳра Нуруллоҳ: Ассалому алайкум, Муҳаммаджон!
Муҳаммад Солиҳ: Ваалайкум ассалом, Гулчеҳра опа!
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Хабарингиз бўлса керак, мен олиб бораяпган «Сиз сўраган саволлар» программасининг олдинги меҳмонлари Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи ва таниқли адабиётшунос Озод Шарафиддинов эдилар. Улар билан ҳам савол-жавоблар ўтказдик ва бу галги саволлар сизга аталган. Рухсатингиз билан саволларни бирма-бир тақдим эта бошласам.
Биринчи савол: Ҳурматли Солиҳ ака, илгари шеърларингизни ўқиб турардик, ҳозир ҳам шеър ёзаяпсизми? Агар ёзаётган бўлсангиз, уларни қаердан топиб ўқисак бўлади?
Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат, шеър ҳақида савол берганингиз учун. Совет даврида 1985 йилларнинг ўрталаригача шеърият мен учун мужодала усули бўлиб келди. Қайта қуриш бошланиб, миллатимизнинг зулмдан озод бўлиш имкони туғилгандан кейин мен шеърни ташлаб, мақолалар ёза бошладим. Чунки халқимиз учун бу зарур эди. Сиёсат шеъриятдан муҳимроқ эди. Мен учун бугун ҳам сиёсат шеъриятдан муҳимроқ бўлиб қолаяпти. Бир кун миллатим озодликга эришса, мен сиёсатни ташлаб, шеър ёзаман.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, рухсатингиз билан иккинчи саволни тақдим қилсам.
Савол: Солиҳ ака, эшитишимизча, сиз чет элда яшаяпганмишсиз. Оилангиз сиз билан биргами ва улар нима иш билан машғул бўлишаяпти?
Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат, оилам мен билан ва бешта фарзандим бор, улар ҳам бу ердалар. Ҳар ким ўз кунини кўраяпти. Менинг уйқумни қочирадиган нарса оила ташвиши эмас, албатта. Менинг уйқумни қочирадиган нарсалар Ўзбекистонда чидаб бўлмас зулмдан ва адолатсизликдан ўз жонига қасд қилаётган сингилларимиз, қамоқларда ваҳшиёна қийноқлардан жон таслим қилаётган йигитларимиздир. Мен уларга Оллоҳ ёрдамчилари бўлсин, деб дуо қилишим мумкин, холос.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Марҳамат қилиб, кейинги савол берувчини тингланг.
Савол: Сизнинг Ўзбекистонга қайтишингиз демократик ўзгаришларга сабабчи бўлади ва халқимиз ҳам буни кутаяпти. Сиз қачон қайтмоқчисиз? Кечаётган ҳар бир кун йўқотишдир, буни сиз ҳам билсангиз керак.
Муҳаммад Солиҳ: Албатта, кечаётган ҳар бир кун мен учун йўқотишдир, буни биламан, аммо қайтиш, афсуски, менинг қўлимда эмас. Ватанга қайтиш — мени тутиб турган тиргаклардан бири десам, муболаға бўлмайди. 1993 йилдан 1999 йилгача ҳар кун мен ватанга қайтиш учун шай бўлиб турдим. Бугун ҳам шу тайёргарлик ичидаман. 1999 йил феврал портлашлари менинг кабиларнинг ватанга қайтишини тўхтатиш учун қилинган ҳийла, деб биламан. Бу портлашлар менга қарши уюштирилган туҳматларнинг энг даҳшатлисидир. Менинг ягона умидим халқимниг фаросатидир ва у бу туҳматни эртами-кеч, англаяжак, албатта. Шу саволни берган синглимга ишонтириб айтаманки, сизлар чекаётган қийинчиликларни баҳам кўришга мен ҳар доим тайёрман. Лекин қайтиш менинг қўлимда эмас.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Сиз учун саволлар яна давом этаяпти. Мана, яна савол берувчимизни тингланг.
Савол: Сиз ўз сиёсий фаолиятингизда қандай камчиликларга йўл қўйдим, деб ўйлайсиз. Улар нималардан иборат?
Муҳаммад Солиҳ: Менинг сиёсатда камчиликларим жуда кўп. Лекин мен учун бўртиб кўрингани ва баъзан пушаймонлик туйғусини бошдан кечиришга мажбур қилган нарсалардан бириси одам танлашдаги бепарволигим, десам бўлади. Буни қайта қуриш даврида «Бирлик» ҳаракатини тузган пайтимиз яққол кўринди. Аммо кеч бўлди, ўшанда менинг тавсиям билан «Бирлик»ка қабул қилинган ва унинг раҳбариятига келтирилган оғайниларимиз бу ташкилотни халқ ҳаракатидан бир маҳаллий группага айлантиришга эришдилар. Ҳаракатга қўшилган бизнинг зиёлиларимиз бу ҳаракатдан кетдилар ёки қувилдилар. Ҳатто мени ҳам бу ҳаракатдан кетишга мажбур қилишди. Устига-устак мен бу ҳаракатдан айрилгандан кейин Муҳаммад Солиҳ бу ҳаракатни бўлди, деган туҳматга маъруз қолдик. Бу менинг одам танлашдаги хатоларимдан биттаси ва буни ўзимнинг зиммамга оламан. Бу мен учун бир дарс бўлди ва бундан кейин анча эҳтиёт бўлишга ҳаракат қиламиз.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, ҳозир эшитадиган савол ҳамма учун шунчаки бўлмаса керак.
Савол: Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, Ўзбекистонда Сизга қарши бир нечта жиноий иш очилган. Агар сиз ўзингизни беайб, деб ҳисоблайдиган бўлсангиз, нима учун халқаро маҳкамаларга мурожаат қилмайсиз? Агар мурожаат қилган бўлсангиз, булар ҳақида нималар дея оласиз?
Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат! Хабарингиз бўлса, ўтган йил ноябр ойида Прагада мени ҳибсга олишганди. Ўзбекистон ҳукуматининг илтимосига биноан. Лекин Прага шаҳри маҳкамаси Ўзбекистон Олий судининг менга қарши айбномасини ўқиб, мени айбдор, деб топмади, аксинча, Ўзбекистон режимини айбдор, деб топди. Энди дунё жамоатчилиги Ўзбекистон режимининг «ЭРК» партиясига қарши ва каминага қарши уюштирилган айбловларнинг сохта эканлигини ва жуда саёз эканлигини билади. Буни сиз ҳам билишингизни истардим.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Кейинги савол берувчи сизнинг фаолиятингиздан анча хабардор кўринади.
Савол: Муҳтарам Муҳаммад Солиҳ ака, ўтган 1991 йилги сайловларда сизга 54 % овоз берган хоразмлик сайловчиларга айтадиган сўзингиз борми?
Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат. Хоразмдаги сайловчиларимга яна бир бор ўз миннатдорчилигимни билдираман. У ердаги бундай натижа олинишининг бир сири бор. Хоразмлик ёшлар ўша сайловларда ғалати бир усул қўллашган. Улар сайлов қутиларини сайлов комиссияси санагунларича сақлаб ўтиришган. Ҳокимият одамлари учта район қутиларини баробар ўғирлаб кетишга эришишган ва сайлов натижаларини ўзгартиришга улгуришган. Агар ўша учта район ҳам қутиларни яхши қўриқланганида эди, натижалар ундан ҳам юқори бўлган бўларди. Қутиларни қўриқлаш усули бутун жумҳуриятда қилинганда эди, ҳукумат сайлов натижаларини ўзгартиришга анча қийналган бўларди. Сайловлар халқнинг ҳукуматларни ўзгартиришга қаратилган қонуний қуролидир. Агар халқимиз бундан ўз вақтида фойдаланса, бугунгидай диктатура остида яшамаган бўларди.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Мана бу саволни берувчи сизнинг ўқувчилар орасидан бўлса керак.
Савол: Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ ака, Сиз ўз вақтида лотин имлосига ўтиш тарафдори эдингиз. Мана, ҳозир бу имлога ҳам ўтилди, аммо дарсликлар ва бадиий китобларни лотин имлосида қайта босишнинг имкони йўқлигидан болалар чаласавод бўлиб қолишаяпти. Ҳозирги вазиятда лотин имлосига ўтиш масаласига қандай қараган бўлардингиз?
Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат, синглим, мен доимо лотин имлосига ўтиш тарафдори бўлиб келганман. Фақат лотин имлосига ўтиш учун бир асос ҳозирланиши керак эди. Давлат сиз айтаётган муаммоларни олдиндан кўра билиши керак эди. Шунга яраша тадбир олиб ўтилиши керак эди бу имлога. Аммо ҳукуматнинг бошқа соҳада бўлгани каби бу соҳада ҳам ишлари расво. Энг биринчиси, халққа тақдим қилинган алифбо расво. Нега кириллдан лотинга ўтишга тарафдор эдик, чунки кирилл алифбосида ўзбек тилидаги унли товушларнинг баъзиларини ифодалайдиган белги йўқ эди. Кирилл алифбоси тилимиздаги сингармонизм қонунларига зид бир алифбо эди. Лекин янги алифбода инглизча транскрипция тақдим қилинаяпти. Бу шаклдаги алифбо кириллдан ҳам баттар бўлди биз учун. Биз бундай алифбо тарафдори эмасмиз, албатта.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, галдаги савол қуйидагича.
Савол: Ассалому алайкум. Ўзбекистоннинг ўзига хос, ўзига мос йўли бор, дейишади, аммо биз бу йўлда фақат қашшоқликни кўраяпмиз, холос. Ўзбекистон бунақа “йўллардан” чиқиб, ҳамма ривожланаётган давлатлар йўлига чиқиб олса бўлмасмикин?
Муҳаммад Солиҳ: Ваалайкум ассалом, албатта бўлади. Лекин демократия йўлига тушиш учун шу йўлнинг тарафдори бўлган зеҳниятдаги одамлар томонидан бошқарилиши керак ватанимиз. Лекин ҳозирги айтилаётган ўзига хос, ўзига мос йўл, жуда нари борса, тажовузкор режимнинг йўлидир. Яна нари борса, юртбоши ва унинг атрофидаги коррупционерларнинг йўлидир. Лекин асло ўзбек миллатининг йўли эмас, ўзбек миллатининг йўли сиз айтгандай ва биз орзу қилаётган, халқимиз истаётган демократия йўлидир.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Навбат зиёлиларнинг саволига.
Савол: Солиҳ ака, Ўзбекистонда зиёлиларнинг аҳволи жуда ачинарли аҳволда. Академик билан лаборантнинг ойлиги орасида фақат беш минг сўмгина фарқ бор, холос. Олимларга эътибор шу бўлса, келажагимиз буюк бўлармикин?
Муҳаммад Солиҳ: Раҳмат савол учун. Аслида, бу масала ҳақида катта бир эшиттириш бериш мумкин бўларди. Мен қисқача қилиб шуни айтишим мумкинки, олимини хўрлаган ҳукумат ўзи ҳам хор бўлади. Аслида, шундай бўлаяпти ҳам.
Бундай давлатнинг «келажаги буюк» дейиш, ўша халқнинг устидан кулиш билан баробардир. Олимлар ҳар бир давлатнинг буюк бир потенциалидир. Буни кўрмаган давлат бошлиғи нафақат келажагини, ҳатто бугунини ҳам кўролмаган давлат бошлиғидир. Лекин бугунги қийин давр олимлар учун эмас, бутун халқимиз учун бўлаяпти. Худо хоҳласа, сабр билан чидаб турилса, олимларимиз ва халқимиз ҳам ойдинлик кунларга яқинда чиқиб оламиз.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, мухолифат фаолиятига қизиқадиган ёшлардан бири сизга шу саволни берибди.
Савол: Эшитишимга қараганда, «ЭРК» Партияси билан Бирлик раҳбарлари бир-бири билан чиқишмайди, дейишади. Бу Ўзбекистон ҳукуматига жуда ҳам қўл келмаяптими?
Муҳаммад Солиҳ: Ҳа, албатта, ҳукуматга жуда қўл келади. Лекин воқеалардан хабари бор кишилар билади, Бирлик раҳбари деган одамлардан келаётган фисқу-фасод, иғволарни. Биз Бирлик веб-саҳифасида берилаётган бундай иғволарга йиллардан бери, на мен ва на-да партия, бирон марта жавоб бермадик. Буни давом эттириш уларнинг инсофига ҳавола. Менинг мухолифим Ўзбекистондаги зулм режимидир. Унга қарши кучим етганча курашишга ҳаракат қилаяпман. Ҳозир ҳам ўзини Бирлик раҳбарияти деган кимсалар ҳақида бир нарса демоқчи эмасман. Сиз айтгандай, ҳукуматга қулай келмаслиги учун мен бир нарса демоқчи эмасман. Уларни Оллоҳ ислоҳ қилсин.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Муҳаммаджон, ниҳоят, охирги савол берувчига ҳам етиб келдик. Лекин бу овоз соҳиби сизга савол бермаяпти. Балки… келинг, яхшиси уни ўзингиз эшитинг.
«Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, мен сизга савол бермоқчи эмасман. Бир оз гапирмоқчиман, холос. Айтишларича, учта укангиз қамоқда экан. Бирининг тирноқлари суғирилиб олинибди, бирининг кўзи чиқарилибди, яна бирининг бир оёғи синдирилибди. Буни эшитишнинг ўзиёқ даҳшат. Худо сизга сабр берсин, соғ-омон бўлинг».
Муҳаммад Солиҳ: Оллоҳ рози бўлсин сиздан. Мен бу ҳақда бир нарса демоқчи эмасман, чунки менинг оиламнинг ва қариндошларимнинг бошига тушган нарса, менинг миллатимнинг бошига тушган зулм олдида кичик бир нарса.
Гулчеҳра Нуриллоҳ: Ҳурматли Муҳаммад Солиҳ, бу эшиттириш орқали ватандошларингиз саволларига жавоб берганингиз учун сизга катта раҳмат ва омонлик тилаб қоламиз.
Муҳаммад Солиҳ: Сизга ҳам катта раҳмат, Гулчеҳра опа, омон бўлинг ва кўришгунча хайр.

М. Солиҳнинг «RADIO FREE EUROPE – RADIO LIBERTY»ГА БЕРГАН ИНТЕРВЬЮcИ

«Has New Alliance With West Helped Central Asia’s Opposition Movements?»

PRAGUE, July 4, 2002 (NCA \ Zamira Eshanova) Биз Ғарбдан ёрдам сўраганимизда унинг қўлидан келмайдиган бир нарсани сўрамагандик. Унинг ўзи ҳам такрорлаётган нарсаларни сўрадик. Яъни, бизнинг ҳукмдорларни ўз халқларига ўз конституцияларида ёзилган ҳақларни беришга ундашни сўрадик.
Кеча Америка Қўшма Штатлари Давлат котиби ёрдамчиси жаноб Крейнернинг Сенатда Ўрта Осиё бўйича маърузаси эълон қилинди. Америка Қўшма Штатлари вакили жаноб Крейнер ўз маърузасида мухолифат партияси «Бирлик»нинг ҳам рўйхатга олинишига умид билдириб ўтди. Бу жуда яхши хабар. Агар Ўзбекистон ҳукумати «Бирлик» партиясини рўйхатга олса, биз бу қадамни жону-дилдан қўллаб-қувватлаймиз. Аммо Ўзбекистонда ўзгача фикрловчиларнинг ва сиёсий мухолифатнинг аҳволи аввалгидан заррача ҳам ўзгаргани йўқ.
Агар ўзбек ҳукумати «Бирлик» партиясини рўйхатга олиш билан мухолифат деган «бош оғриқ»дан қутуламан, деб ўйлаётган бўлса, катта хато қилади. Бу асло Ўзбекистонда сиёсий мухолифат тан олинди, деган гап эмас.
Сиёсий мухолифат деганда халқ ҳам, ҳукумат ҳам ва ҳатто жаноб Каримов ҳам, асосан, «ЭРК» Партиясини билади. Токи бу куч сиёсий машруъ спектрдан ташқарида тутилар экан, Ўзбекистонда сиёсий мухолифат тан олинди, дейиш ёлғон бўлади.
Биз Ўзбекистон режимига мухолифат қилар экан, бу мухолифатни Ғарб ва ёки Америкага ёқиш учун қилмаяпмиз. Бизнинг мухолифатимиз у ердаги халқ учундир. У халқнинг тезроқ зулмдан қутулиб, ўз ҳурриятига эришиши учун мухолифатдамиз. Ва бу ишда ёрдам истар экан, авваламбор, Ўзбекистон халқидан истаймиз ёрдамни. Албатта, Ғарбнинг ҳам ёрдами муҳим, аммо бу ёрдам самимий бўлмоғи лозим.

(Инглизчадан таржима)

Янги душман ким?

АҚШнинг Ўрта Осиёдан масъул ҳарбий раҳбари генерал Томми Франкс Афғонистондаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз лидерини йўқотди, деганига ҳам анча вақт бўлди. Бу хабар тўғрига ўхшайди, чунки шунча вақт ичида буни инкор қиладиган бирорта хабар чиқмади. Агар бу тўғри бўлса, Ўзбекистондаги режимнинг асос душмани энди ким, деган ҳақли савол туғилади. Бу савол Ўзбекистондаги мавжуд тузумни билган ҳар бир одамнинг хаёлига келиши табиийдир. Чунки Ислом Каримов 13 йилдан бери ҳокимиятда экан, бирор марта ҳам «душмансиз» яшагани йўқ. Ҳар йил албатта бир «душман»ни ихтиро қилди, уни дунё афкор оммаси олдида «фош қилди» ва маҳкамага чиқариб, узун муддатли қамоқ жазоларига маҳкум этди.
Маълумки, бу душманларнинг энг таҳликалиси Исломий гуруҳлар бўлди.
Бу исломий душманни ўйлаб чиқарган пайтда бу душман йўқ эди. Яъни «ислом фундаментализми» Ўзбекистонда ҳеч йўқ эди. Йўқ бўлгани учун ҳам ўйлаб чиқарилди-да. Масалан, 1990 йилда Ўзбекистонда шундай «фундаментализм» бор эди, деб ким айта олади?
У пайтлар «фундаментализм» калимасини нима эканлигини билмасди одамлар. Аммо Ҳукумат исломий фундаментализмни уйдириб, мусулмонларга қарши террорни оширган сари, норози исломий гуруҳлар кўпая борди ва ниҳоят, «Исломий ҳаракат» деган гуруҳ пайдо бўлди. Унга қарши кураш баҳонасида қанча-қанча бегуноҳ инсонлар қирилиб кетганини кўрдик. Бугун ҳам қанча-қанча ёшлар фақат намоз қилгани учун қамалиб кетяптилар.
Хўш, энди Афғонистондаги таҳликани Ғарбнинг ёрдами билан йўқ қилишга эришган Ўзбекистон ҳукумати қайси душманга қарши курашади?
Ёки душман образидан воз кечадими? Ўз халқига эркинлик берадими?
Бизнингча, бу режимнинг душман образидан воз кечиши қийин.
Чунки унинг мухолифат ва ўзга фикрлиларни назорат қилиши учун, уларга тазйиқни давом эттириш учун энг ози битта, баъзан ҳатто иккита душман образига эҳтиёжи бор. Ҳукуматнинг бугун «Ҳизбут-таҳрир» қўрқувини халққа эслатиб, бегуноҳ ёшларни қамоққа ташлаб туриши, «Ҳизбут-таҳрир»нинг витринадаги 1-номерли душман сифатида белгиланганини кўрсатмоқда. Лекин ҳукуматининг витринага қўймаган асл душмани «ЭРК» Партиясидир. Бу ташкилотни ҳукумат доим ўзига энг катта таҳлика ҳисоблаган. Шунинг учун ҳам йиллар давомида бу ташкилотни обрўсизлантиришга ва синдиришга уриниб келмоқда.
Бу партияга қарши кураш фақат қамоқ ва қийноқлар эмас, балки кундалик тазйиқ ва таъқиблар билан ҳам давом этмоқда. Масалан, шу кунларда Тошкентда «ЭРК» аъзоларига ҳатто чойхонада ҳам тўпланиш маън қилинган. Ҳатто бир дўстиникига бешта «эрк»чи тўпланса, бу ҳам жиноят ҳисобланмоқда. «ЭРК»дан бошқа ҳамма ташкилотлар Тошкентда ва вилоятларда тўпланишмоқда, мажлисларини ўтказмоқда. Айниқса, «Бирлик» партиясини Президент Каримовнинг расмий рўйхатга олишга ваьда бергани эълон қилингандан сўнг «ЭРК» Партиясига тазйиқлар янада ортди.
Ҳақиқатан, «ЭРК» витринада бўлмаса ҳам, режимнинг 1-номерли душмани статусига олиб келинганга ўхшайди. Яъни ҳукуматнинг лойиқ кўрган асл мартабасига юксалтирилди. «ЭРК» партиясининг халқ ичидаги обрўси ҳукуматни унга асос таҳлика сифатида қарашга мажбур этмоқда.
Шундай экан, ўзбек ҳукумати Исломий ҳаракатдан кейин ўзига янги душман яратадими, агар яратса, у ким бўлиши мумкин, деган саволга жавоб шу: ҳа, ўзбек ҳукумати Исломий ҳаракатдан кейин янги душман яратди, бу ҳам унинг эски душмани, яъни «ЭРК» Партияси.
Аслида эса Ўзбекистонда пайдо бўлган ва пайдо бўлиши мумкин бўлган ҳар қандай радикализмнинг илдизи ҳукуматнинг халққа қарши олиб боряётган репрессив сиёсатидадир.
Бутун таҳликаларни яратаётган режимнинг ўзидир. Демак режимнинг энг хавфли душмани — унинг ўзидир.

(08.07.2002)

Террордан қутилишнинг йўли

“Озодлик”, 07.08.2002

Савол: Қирғизистон давлат арбоби Ашурқуловнинг Жума Намонгоний ҳақидаги чалкаш баёнотларига қандай баҳо берасиз? Умуман, бу хил баёнотлардан мақсад нима?
— Қирғизистон давлат арбобининг Ўзбекистон Исломий ҳаракати лидери Жума Намонгоний ҳақидаги баёнотини эшитдик. Бу арбоб бир-икки кун сўнгра бу хабарнинг “унчалик тўғри бўлмаганини” эътироф этди.
Бундай баёнотлар 11 сентябрдан кейин энг кўп Ўзбекистонда удумга айланди. Антитеррор компаниясининг ажралмас қисми бўлди. Бундай беқарор баённомалар нима мақсадда қилинади, буларнинг сири нимада?
Бу баёнотлар Америкадан иложи борича кўпроқ маблағ ундириш учун қилинади. Бу хил баёнотлар одатда “бизнинг истихборотимиз (разведка) олган хабарларга кўра, Жума Намонгонийнинг қўшинлари фалон минтақага яқинлашмоқда”, деб бошланади. Ҳолбуки, бу “қўшин” деб айтилаётган гуруҳда 100 киши ё бор, ё йўқ. Ва “бизнинг минтақамиз” деб кўпиртирилаётган жой бир кичик қишлоқ, санаб чиқсангиз 6 та капада 6 та оила яшайди. Бу “бизнинг истихборотимиз” деб улуғланган ташкилотда эса бўғзигача коррупцияга ботган эски КГБ зобитлари ишлайди. Уларнинг душманни катта ва ваҳимали кўрсатиб, президентдан кўпроқ пул ундиришдан бошқа дарди йўқ. Ўз навбатида, президент ҳам душман образини кўрсатилганидан яна бироз таҳликалироқ тасвирлаб, иттифоқдош Америкага етказади. Қарабсизки, 100 кишилик мужоҳидлар гуруҳи минтақалараро хавф статусига чиқарилиб, уни йўқ қилиш учун ажратилган миллионлаб доллар режимларнинг дастурхонига оқа бошлайди.
Бундай системада режимлар янада кучлироқ, халқ эса янада эзилганроқ аҳволга тушиб бораверади, чунки режимлар фақат сиёсий эмас, моддий тарафдан ҳам мустахкамланиб боради. Ўрта Осиёда тоталитаризм 11 сентябрдан кейин икки мисли кучланди, десак муболаға қилган бўлмаймиз.
Ҳолбуки, асл таҳлика эса Афғонистон ҳудудида эмас, мамлакат ичкарисидалар. Оиласига бир парча нон тополмай ўзларини осаётган оталарнинг фарзандлари режим учун таҳликалидир. Адолатсизликдан, ишсизликдан, йўқсилликдан қаерга қочишни билмаётган юзмингларча ёшлар режим учун энг яқин таҳликадир.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Ҳизбут-таҳрир шу ночорлик ва зулмдан қочган ёшлар эвазига ташкилланди. Аммо бу гуруҳ сафларига қўшилган ёшлар миқдори режимдан норозилар сони билан қиёсланганда, денгиздан томчидир.
Савол: Ўзбекистон Исломий ҳаракати ва Ҳизбут-таҳрир партиясининг халқ орасида тарафдор потенцияли қанча сизнингча?
— Исломий ҳаракатни катта таҳлика қилиб кўрсатиш дунё жамоатчилигини алдашдир. Бу ҳаракатнинг мамлакат ичкарисида социал базаси йўқ. Ҳизбут-таҳрир ҳақида ҳам шундай деса бўлади. Бу гуруҳлар атрофидаги ажиотаж ва шов-шувлар, юқорида кўрсатилганидек, режим тарафидан қилинган пропаганда ва бу гуруҳларнинг радикал чақириқлари оқибатидир. Бу гуруҳлар нормал шароитда Ўзбекистонда сайлов бўлса, халқнинг юзда 5 фоиз овозини ҳам ололмайди. Бу гуруҳларнинг халққа тақдим қилишга “ҳалифат давлати” каби хаёлпарастлик маҳсули бўлмиш ғоядан бошқа ҳеч нарсаси йўқ. Бу гуруҳларга эргашиб, жуда кўп ёшларимиз қурбон бўлди. Қурбон бўлаяпти. Шу нуқтаи назардан қараганда бу ғояларни халқимиз орасида тарқатиб, ислом динини суиистеъмол қилаётганлар ҳам айнан тоталитар режимнинг қилаётган гуноҳини ишлаяпти.
Бизнинг халқимиз диндор халқ, аммо у мутаассиб эмас.
Бизнинг халқимиз ўз урф-одатларига боғлиқ халқ, аммо у жоҳил эмас.
Туркистоннинг исломлашганига 1200 йилдан ошди, лекин шу замон ичида бу минтақада диний мутаассиблик, диний радикализм ҳеч қачон рағбат топмаган ва бундан кейин ҳам топмаяжакдир.
Савол: Хўш, терроризмдан қутилиш йўлини сиз нимада кўрасиз?
— Минтақамиз диний радикализмнинг манбаи бўлган атеистик тоталитаризмдан қанча тез қутилса, шунча яхши. Тоталитаризмдан қутулмай туриб, терроризмдан қутилиб бўлмайди. Қутилиш йўли – ҳур жамият ва демократик режимдир. Ҳур жамият иқлимида радикал оқимлар яшай олмайди, бу иқлимда улар нафас ололмайди. 
 
 
 
 

Шарқ деспотизмининг замонавий намунаси Прагада

21 ноябрда Прагада бошланадиган НАТО мажлисига Белоруссиянинг Президенти Лукашенко чақирилмади, тўғрироғи, унга виза берилмади. Лукашенко ғайридемократик лидер сифатида Прагада қабул қилинмади. У кимга ёқмай қолди, Чехиягами ёки НАТОгами?
Албатта, Лукашенкони диссидент ва демократ бўлган Вацлав Хавел ёқтирмайди, аммо Лукашенкога виза бермаслик ташаббуси Хавелдан чиқди, десак муболаға бўларди. Бу воқеада НАТО ва Америка Қўшма Штатларининг роли, шубҳасиз, катта.
Масалан, агар Белоруссия антитеррор кампаниясида Американинг иттифоқдоши бўлса эди, Лукашенко НАТО саммитига мутлақо таклиф қилинган бўларди. Худди Ўзбекистон Президенти Каримов таклиф қилингани каби, масалан. Биласиз, Президент Каримов шарқ деспотизмининг замонавий намунасидир. У энди дунёнинг энг демократик ўлкаси ҳисобланган Америка Қўшма Штатлари соясида давлатни бошқармоқда. Ўзбекистон турмалари сиёсий маҳбусларга тўлиб кетган. Ўзга фикрловчиларни қийнаш ва уларнинг қатлиоми (ўлдиришлар) кундалик ишга айланди ва тўхтовсиз давом этмоқда. Антитеррор кампаниясининг илк босқичида Ўзбекистон аҳолиси Американинг у ерга келишида бир хайрли ишорат кўргандай бўлган эди. Айниқса, зиёлилар бу воқеанинг Ўзбекистон раҳбариятини баъзи сиёсий ва иқтисодий ислоҳотларга мажбур қилади, деб умид қилганди. Аммо кутилган нарса содир бўлмади. Халққа қарши репрессия бутун шиддати билан давом этмоқда. Америка Қўшма Штатлари маъмурияти инсон ҳақларининг поймол қилинишини гоҳ-гоҳ танқид қилиб қўяди, аммо бу танқид Ўзбекистонга кўрсатилаётган юкли иқтисодий ёрдам билан дарҳол мувозанатлади. Бу ўз навбатида Каримов режимининг у ёки бу шаклда мустаҳкамланишига сабаб бўлаётир, режимни янги репрессив ҳаракатларга рағбатлантирмоқда.
Каримов Америка ҳукуматининг босими билан инсон ҳақлари ҳимоячиси ташкилотлардан биттасини рўйхатдан ўтказди. Бу Америка тарафидан мисли кўрилмаган мўъжиза сифатида баҳоланди, воқеа презентацияси у ер — бу ер эмас, Америка каби буюк давлатнинг Давлат Департаменти тарафидан жамоатчиликка тақдим этилди.
Ўрта Осиё минтақасининг ҳассос воқелиги билан ҳисоблашмай, фақат мавжуд сиёсий конъюнктура бўйинтириғидан чиқишни истамаслик сиёсатининг оқибатлари бу минтақада муқим қолишни истаётган АҚШ келажаги учун таҳликали бўлиши мумкин. Бу ҳолат ҳозир биз Афғонистонда баҳам кўраётганимиз аччиқ меваларни етиштирган сиёсатни эслатаяпти. Зулм ва террорни йўқ қилиш учун зулм ва террорга таянган бир воситани қўлланмоқ мантиқсиздир. Ўрта Осиёдаги авторитар режимлар минтақага ҳеч қачон истиқрор (стабиллик) олиб келолмайди. Чунки истиқрорсизликнинг манбаи бу режимларнинг ўзидир.
90-йилларнинг ўртасида бизда пайдо бўлган исломий радикализм Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг сиёсий экстремизми маҳсулидир. Халқ тарафидан қўллаб-қувватланган Демократик Ҳаракатлар ЭРК ва БИРЛИК режим тарафидан таъқиқлангандан сўнгра уларнинг ўрнини радикал гуруҳлар тўлдирди. Демократик чизгидаги газеталар ёпилди ва уларнинг ўрнида Ўрта Осиёда Ҳалифалик давлати қуришга чорлаган варақалар пайдо бўлди. Президент Каримов ўлкада Демократик Ҳаракатни таъқиқлаб, ўзига Мухолифат сифатида Исломий Ҳаракатни танлади.
Нега?
Чунки Демократик Ҳаракат муҳтамал сайловларда Каримовга қарши кучли рақобат ташкил қила оларди, Исломий ҳаракатнинг бундай рақобат кучи йўқ эди. Бу ҳаракат халқ ичида кенг платформага эга эмасди. “Исломий ҳаракат” Ғарбни у билан қўрқитиб, кўпроқ пул қўпориш ва асос рақиби Демократик ҳаракатга курашиш учун Каримов режими тарафидан шиширилган бир ҳаракат эди.
Каримов 90-йилларнинг бошларида “ислом фундаментализми”га қарши Америка ва Ғарб давлатларининг ёрдамини олиш мумкинлигини, аммо демократик Ҳаракатга қарши курашда майдонга фақат ўзи чиқиши лозимлигини англаганди. Энг қўрқинчлиси, халқ Демократик ҳаракатни қўллаб-қувватлаши эҳтимолининг юксаклиги эди. Бу эҳтимолнинг нақадар реал эканини у 1991 йил Президентлик сайловларида ўз кўзлари билан кўрган эди. Сайловда, бутун ҳийла ва найрангларга, бюллетенларни алмаштиришларига қарамай, ЭРК партияси 13 фоиз овоз олганини ҳеч унутмаганди.
Бугун, режим халқ олдида ўз обрўсини тўла йўқотган бир пайтда, минимум эркинлик берилган ҳар қандай сайлов режимнинг ҳалокати бўлиши муқаррардир. Шу боис, Президент Каримов сайловдан ўтдан қўрққандай қўрқмоқда. Шу боис, у ҳар тўрт ёки беш йилда “референдум” деб аталган масхарабозликларга бош уриб, ўз ваколатини узатишга мажбур бўлмоқда. Шу боиски, у ўзига “рақиб” сифатида танлаган президент номзодларини ўзига овоз бердириб, дунёга кулги бўлишдан ҳам қайтмаяпти. Ҳа, Американинг шунақа бир оригинал муттафиқи бор.
У бугун Прагага ташриф буюрмоқда.
Миссияларидан бири дунёда демократиклашмани қўллаш бўлган ташкилот НАТО бугун демократиянинг ашаддий душманларидан биттасини шарафлантиражак.
Озодликни севган инсонларнинг бош тожи бўлган шахс, Вацлав Хавел ҳам бугун ҳар қандай озодликдан нафратланувчи бир одам билан айни залда ўтириб, маърузаларни эшитажак.
Бу қадим дунёда нималар содир бўлмайди дейсиз!

(18.12.2002)

Эрк Партияси Қурултойига хитоб

Азиз сафдошларим, муҳтарам биродарларим, 
Яратганга шукр, сиз билан бизга 10 йилдан кейин яна тўпланиш имконини берди. 
Бу 10 йил ичида мухолифатнинг ҳуррият учун берган мужодаласи нақадар оғир шароитда кечганини дунё билади. Сизлар бу шароитда қўлингиздан келганини қилдингиз. Режимга мухолиф бўлиш осон эмас. Агар осон бўлсайди, аҳолининг 90 фоизи мухолифат тарафига ўтган бўларди. Бу 90 фоиз аҳолининг мавжуд иқтидордан норози қисми. Аммо норозилик бошқа, уни ифода қилиш учун заҳмат чекиш бошқа. Заҳмат чекишни ҳеч ким истамайди. Аммо кенг ижтимоий платформасиз, халқнинг кўмагисиз мухолифат ўзининг тарихий вазифасини адо этолмаслигини жуда кўплар тушунди, шекилли. Шу кунгача мухолифатга пичинг қилиб, четдан кузатганлар ҳам бу сиёсий жонсаракликлари ўз ҳаётларига зарарли эканини ниҳоят англадилар… Сиёсий маҳдудлик бизники каби жамиятлар учун жуда зарарлидир. Омманинг сиёсий фаоллиги эса, бўҳрон ичида чирпинган жамиятимизнинг ойдинликка чиқиш йўлидир. 
Биз мухолифат ўлароқ бутун куч ва имконлармизни тўплашимиз зарур бўлган бир босқичга кираяпмиз. Биз бугун халқимизнинг кенг платформда кўмаги ва Ўзбекистонда демократия тарафдорларининг жиддий ёрдамига муҳтожмиз. Афсуски, энг масъул онда мухолифат ёрдамсиз қолмоқда. Ташқи дунёдан ҳам кутилган миқёсда кўмак ололмадик. 11 сентябр фожеасидан кейин АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида пайдо бўлган яқинлик минтақада демократиклашув жараёнини тезлаштиради, деб умид қилган эдик. Лекин бу жараён биз кутгандек осон кечмаяпти. Табиий, баъзи силжишлар бор. Масалан, бир неча ойдан бери мухолифатнинг регионал мажлислари ўтказила бошлади. Бу мажлисларни ўтказиш Ғарбнинг ҳимояси бўлмаса, маҳол иш эди. Буни эътироф этмаслик адолатсизлик бўлурди. Аммо бу мажлислар ёки бир-икки инсон ҳақлари ташкилотининг рўйхатга олиниши ва «Қизил Хоч»га сиёсий маҳбусларни кўришга рухсат берилиши Ўзбекистонга демократия келди, дегани эмас. Зўравонлик ҳар он бутун даҳшати ила кенг жабҳада бошланиши ҳеч гап эмас. Зотан, зўравонлик тўхтагани ҳам йўқ. Диндорларга қарши ҳам, Эрк партияси аъзоларига қарши ҳам қийноқлар давом этяпти. «Эрк»нинг ёшлар қаноти бўлган Танлов ташкилоти аъзоси Ҳасан Қамбаров шу йил 22 май куни кўчада ўзбек миршаблари томонидан ўғирлаб кетилди. У ҳозир Чирчиқ қамоқхонасида мудҳиш исканжаларга солинмоқда. Бу ерда қатнашаётган чет эллик дипломатлар ва медиа ходимлари бу ёшни қийноқдан қутқариш учун ёрдамларини аямайди, деб умид қиламан. 
Ғарб Ўзбекистонда демократик жараённи чала-ярим тадбирлар билан тезлаштириш мумкин эмаслигини тушуниши керак. Чала тадбир давлат террорини вақтинча музлатиб қўйиши мумкин, аммо уни асло бартараф қилолмайди. 
Агар Ғарб Ўзбек ҳукуматига демократиклашув борасида керакли оғирликда босим ўтказса эди, бу тадбирнинг самарали бўлиш эҳтимоли юксак эди. Фақат бу босим кўрсатилмади. 
Ҳукумат мухолифатга қарши қатағонларини давом эттирмоқда. Унга «конструктив мухолифат» керак эмиш. Бу эҳтиёжни қондириш учун Ўзбекистон Президенти беш йилда 5 та қўғирчоқ партия тузди. Бу партияларнинг «конструктивлиги» шундаки, лидерлари Президент сайловида сайловчини ўзига эмас, Президентга овоз беришга чақиради. Бу партиялар танқид қилмоқчи бўлишса, Президентни эмас, ўзларини танқид қилишади, чунки ўзлари ҳам ҳокимиятнинг бир бўлаклари. Бу театр бутун маърифатли дунё кўз ўнгида кўп йиллардан бери давом этмоқда. 
Бу аҳволда мухолифатнинг мамлакатдаги вазиятга таъсир ўтказишининг имкони йўқ. Мухолифат фаолиятининг самарали бўлиши учун унинг Ўзбекистон Конституциясида кўрсатилган барча ҳуқуқлари қайтариб берилиши шарт. Эрк Партияси ва Бирлик ҳаракати Конституцияга зид равишда таъқиқланган. Улар Конституцияда белгилангани каби Маҳкама ҳукми билан эмас, Ички Ишлар Вазирлиги қарори билан таъқиқланган. Ҳукумат истаса, бу қўпол хатосини тузатиши мумкин. Бу икки сиёсий ташкилотни такрор рўйхатга олишга ҳукумат қўлида ҳуқуқий асос йўқ, чунки Асосий Қонун бўйича бу ташкилотлар легалдир. Бу ҳуқуқ поймол қилинган, холос. Бу ҳуқуқни тиклаш учун Ички Ишлар Вазирлигининг антиконституцион қарорини бекор қилиш кифоя. 
Биз фожеамиз сабабларини Президентнинг яккаҳокимликка мойил характеридангина эмас, уни авайлаб етиштирган лаганбардорлик иқлимидан ҳам ахтаришимиз лозим. Мақтов оддий бир микроб. Нормал шароитда микроб хавфсиздир. Аммо у иммун системаси вайрон бўлган организмлар учун ниҳоятда таҳликалидир. Замонавий давлатларда мухолиф фикрларнинг силсиласи, ҳоким синф ёки ҳоким сиёсий гуруҳга мухолиф ғоялар ўша жамиятнинг иммун системасидир. Бу система ишламаган ёки умуман бундай системаси бўлмаган жамиятлар доим жонсарак (стагнация) аҳволда яшайди. Бунинг энг ёрқин ўрнаги биз яшаётган жамиятдир. 
Азиз биродарларим! 
Бу муаммоларнинг уддасидан ишонч ва эътиқод, азм ва шижоат билан чиқиш мумкин. Бир тарихий ташаббус, бир қутлуғ ҳамла учун лашкар керакмасди. Бунинг учун қатъий ИНОНГАН бир кичик гуруҳ етарлидир. Биз «Бирлик»ни илк таъсис этганда 3 киши эдик. «Эрк»ни таъсис қилганимизда ҳам кўпчилик эмасдик. Қисқа муддат ичида «Эрк» Ўзбекистон Мустақиллиги Декларациясини коммунистларнинг Парламентига қабул эттирди. Қисқа муддат ичида «Эрк» Ўзбекистон Конституциясини ҳозирлади. Жуда қисқа вақт ичида «Эрк» ўз номзодини Президентлик сайловига тайёрлади, сайловда қатнашди ва расмий кўрсаткичларга кўра, сайловчиларнинг юзда 12.7 фоиз овозини олди. Бу — «Эрк» партиясига 1 миллион 200 минг киши овоз берди, деганидир. Бу расмий рақам. Аслида, бундан 4 марта кўпроқ овоз олингани ва бу натижаларнинг сохталаштирилгани ҳақида маълумотлар бор. «Эрк» қисқа бир муддат ичида бутун ўлка бўйлаб Эрк ғояларини ёйди ва инсонлар бошини ердан кўтарди, ҳақ-ҳуқуқини таний бошлади. 
Бу «қисқа муддат» деганимиз нима? 
«Эрк» Легал партия сифатида бор-йўғи 4 ярим ой фаолият кўрсатди: партия 1991 йил 5 сентябрда расмий рўйхатга олинди.1992 йил 16 январда ҳукумат талабаларни ўққа тутди. 17 январдан бошлаб «Эрк»ка қарши тотал таъқиб бошланди. Ва у бутун мамлакат билан бирга 10 йил давомида охирида нур кўринмаган бир туннелга кирди. 
Аммо ўша нисбатан озод тўрт ярим ойда бу ёш ташкилот миллатимиз шуурига «ЭРК» исмини муҳрлади.   
Муҳтарам биродарларим! 
Сизлар бу миллатнинг гулларисиз, унинг зиёлилари — мунавварларисиз. Мунавварлар ҳам шарафли, ҳам-да таҳликаларга мойил бир фитрат билан дунёга келадилар. Мунавварнинг тафаккур савияси нақадар юксак бўлса, унинг қисматидаги азалий таҳлика даражаси ҳам шу қадар юқори бўлади. Улар ўз фаолиятларида максимум таваккул ҳизосида (чегарасида) яшайдилар. Рискли бир ҳаёт ҳизосида кечади умрлари. Бизнинг Қайта Қуриш йилларида бошлаганимиз халқ ҳаракатини шундай мустасно инсонлар бошлаб берганди. 
Бу мустасно инсонлар сизлар эдингиз, азиз биродарларим. 
Сизлар кўпчилик эмассиз, аммо кўпчиликнинг ҳавас билан, баъзида ҳадик билан, аммо мутлақо ҳурмат билан қарайдигани кичик бир жамоатсиз. Кўпчилик эса, ҳар доимгидай, қайси томон кучли келишини пойлаб турибди. Бунга ғашингиз келмасин. Бу нормалдир. Урушда жангнинг олдинги сафидагилар орқадагиларга нисбатан доимо озчиликдир. Ўлишни ҳеч ким истамайди, сиз ҳам истамайсиз, фақат сизда номус туйғуси бошқалардагига нисбатан кучлироқ. Бу туйғу сизларга таҳликанинг ҳажмини унутишга ёрдам беради. Бу олийжаноб туйғу соҳиблари оддий одамлар жасорат қилолмайдиган нарсаларга жасорат қилади. Номус туйғуси Оллоҳнинг эзилган миллатларга берган неъматидир. Ки, улар бу кучли туйғу ёрдамида асоратдан қутилсин. 
Азиз ва мустасно дўстларим, қалбингиздаги бу қувват билан ўша иккиланиб турган кўпчилик ичига киринг. Уларга яқинлашинг ва илтифот кўрсатинг, кўрасиз, улар Оллоҳнинг изни ила қўрқув жодусидан дарҳол ҳалос бўлажаклар.
Аҳамиятга молик яна бир масала ёшлар масаласи. Бу ташкилотимизнинг энг заиф нуқтаси. Ҳолбуки, Қайта қуриш йиллари Миллий ҳаракатимизда бу бизнинг энг кучли нуқтамиз эди. Уларни ҳаракатга, ҳаялламай жалб қилиш керак. Пул ва бойликка топинган моддиятчи зеҳниятнинг чангалидан уларни қутқаринг. Сизни бу сафларга қўшган тоза идеаллардан уларни ҳам баҳраманд этинг. 
Яна бир нуқтага диққатингизни тортмоқчиман. Шаҳарларда ва вилоятларда миллий озчиликни ташкил қиладиган жамоат вакиллари ҳам бизнинг сиёсатимиздан четда қолмасликлари керак. Улар ҳам бизнинг биродарларимиздир. Биз Совет мустамлакасидан қутулиш йўлида миллий кимлигимизни олд планга чиқаргандик. Миллиятчилик ўзлигимизни таниш йўлида бир импульс, бир кучли туртки бўлиб хизмат қилганди. Бу импульс ўзининг тарихий вазифасими тамомлади. Бугун биз «халқ» ва «миллат» деганда бир этник гуруҳ эмас, балки ватанимиз Ўзбекистонда яшаётган бутун аҳолини, этник келиб чиқишидан қатьий назар, бутун инсонларни қамрайдиган маънода қўллаймиз. Биз бир сиёсий ҳаракат ўлароқ ҳар қандай ирқчилик ва шовинизмнинг принципиал душманимиз. Бу принципга қабул қилажагимиз Дастуримизда алоҳида урғу берилишини истардим. 
Муҳтарам сафдошларим! 
Кўп гапиришни ёқтирмайман, аммо бу сафар кўпроқ гапиришга тўғри келади, шекилли. Ўн йил учун ҳисоб беряпман. Аслида, бу ҳисоб эмас, бу 10 йиллик ҳасратдир.Уни 45 дақиқага сиғдириш қийин. 
Хўш, Ўзбекистонга демократия қачон келади? 
Бу савол ўтган асрда, Перестройка замонида жуда кўп янграрди. Мустақил бўлганимиздан кейин янграмайдиган бўлди. Режимнинг қулоғига ёқмади. Бу сўзни янгратмоқчи бўлганларга таҳдид қила бошладилар. Кейин баъзиларини турмага ташлашди, кейин қийнадилар, кейин ими-жимида ўлдиришни ўргандилар. Ва бошланди. Демократлар ови бошланди. Бу зулм Шарқ тақвимига кўра роппа-роса бир мучал узунлигида, яъни 12 йил давом этди. Сиз зулмнинг янги бир мучалга ўтмаслиги учун бу ерда тўпландингиз. Ўша таъқиқланган ДЕМОКРАТИЯ сўзини баралла овоз билан айтиш учун тўпландингиз. 
Агар адолат қилинганида эди, дунё ҳамжамияти Ўзбек демократларини тикка туриб олқишлаган бўларди. Чунки Ўзбек демократлари ҳеч ким ишонмаган нарсага ишонмоқдалар. Улар Ўзбекистондаги режимни демократик йўл билан ўзгартириш мумкинлигига ишонмоқдалар. Бундай ишонч тақдирга шоёндир. 
«Ўзбекистонда демократик ўзгаришларга муносабати»ни сўралганда, Америкалик конгрессмен Курт Уэлдон, «Ўзбекистонни кўп ҳам танқид қилавермаслик»ни насиҳат қилиб, бу ўлкадаги вазиятни АҚШнинг Конституция қабул қилгани 18-аср билан билан тенглаштирди. Бу билан Ўзбекистонга демократиянинг 200 йилдан кейин келишига қаттиқ ишонганини эътироф этди. Унинг бу «оптимизми»га қойил қолдик. Чунки бу кетишда Ўзбекистонда демократик йўл билан бирор бир нарсанинг ўзгаришига ишонадиганлар жуда оз. Ғарблик дипломатлар «Finansial Times» ёки «Washington Post»га интервью бериб, бундай режимларнинг фақат давлат тўнтариши ёки бошқа радикал йўл билан ўзгариши эҳтимоли юксаклиги ҳақида гапирадилар ва суҳбат охирида «исмини айтмаслик»ни илтимос қиладилар.Чунки яна Ўзбекистонга қайтиб, режим вакилларига коктейлларда табассум қилшлари керак. 
Демократиянинг бизга нақадар эрта ёки кеч келишини тортишган тортишмачилар биздаги сиёсий ўзгариш динамикасини Ғарб стандартлари асосида таҳлил қиладилар. Ҳолбуки, бу ўзгаришга туртки бўладиган, ҳатто ҳал қилувчи туртки бера оладиган битта факторни доим унутадилар. Бу лидер факторидир. Бу фактор Оврупода Эски Совет Иттифоқи ҳудудларида каби муҳим аҳамиятга эга эмас. Бизнинг Марказий Осиёда эса бу фактор ҳеч муболағасиз глобал аҳамиятга эгадир. Буни 5 та Жумҳуриятдаги бешта бир-бирига ўхшамаган «ўзига хос ва ўзига мос» (Ўзбекистон Президентининг ибораси) бошқарув услубидан кўриб турибсиз. Совет Иттифоқидан ажралган пайтда бу ўлкаларнинг бошқарув услуби тамоман бир хил эди. Энди эса, Конституциялари деярли бир хил бўлишига қарамай, бу давлатлар мутлақо бошқа-бошқа ҳуқуқий маконларда яшаётгандай таассурот қолдиради. Бу беш хил бошқарув шу 5 та лидернинг бир-бирига ўхшаймайдиган 5 та портретидир. Уларнинг битта муштарак тарафи бор: бештаси ҳам яккаҳокимликка мойил шахслар. Аммо бу ҳокимликни узлуксиз давом эттириш учун тўланиши мумкин бўлган бадал даражалари ҳар хил. Масалан, Асқар Ақаев ўз президентлигини узайтириш учун мутлақо қон тўкиши лозим бўлса, у буни қилмайди, балки Президентликдан кетишни афзал кўради. Аммо айни бадал Ўзбекистон лидерларига ўхшаганлардан талаб қилинса, бу талабни рад қилишига уларнинг кучлари етмайди, деган хавотирдамиз.   
Ғарбда бу қабил лидер феноменини учратиш қийин. Сиёсий система лидер факторининг давлатдаги ҳуқуқий маконни бузишига йўл қўймайди. У ерда давлат системаси ўз қолипига тўғри келмаган лидерни бир муддатдан ортиқ тепада тутмайди. Лидер давлат тепасида узоқроқ қолиши учун ёки давлатга бўйсуниши керак ва ёки давлатни ўз дизайни бўйича ислоҳ қилиши керак бўлади. Аммо бу тип лидерлар жуда ноёбдир. Бу тип лидерлар дунё сиёсий конъюнктурасини яратадиган миқёсдаги лидерлардир. Иккинчи тип лидер бор, у ўша Биринчи типлар яратган сиёсий конъюнктура ичида яшайди, унинг чегараларидан чиқишга жасорат этмайди. Бу тип лидер лидерларнинг аксариятини ташкил қилади. 
Учинчи бир тип лидер бор, аммо у Оврупада эмас, бизда, Осиёда. Бу лидерни юқорида таьриф этдик. Бу лидер ўз фаолиятини дунёдаги мавжуд сиёсий конъюнктурага мослашга улгура олмай, орқада дарранда мисол судралади. Бу тип лидер бошқарган мамлакат ҳам олдинга кетмайди, буни кўриб турибсиз. Осиё типи лидерлик фактори Ўзбекистон ҳаётида манфий жиҳатлари билан жараён этди. Унинг мусбат жиҳатлари ҳам борми? Ҳа, мусбат жиҳатлари ҳам бор. Қирғизистон ва Қозоғистон мисолида бу жиҳатларни кўриб турибмиз. 
Биз бир марта, лоақал бир марта демократик сайлов имконини қўлга киритайлик-чи, ДЕМОКРАТИЯни севимли диёримизга 200 йил эмас, 200 кунда олиб келамиз, Оллоҳнинг изни ила. Тони Блэр демократияси бўлмаса ҳам, Асқар Ақаев демократиясидан афзалроқ бир демократия 200 кунда Ўзбекистонга ерлашажакдир. Ва шунда бутун дунё тоталитаризмдан қутулиш учун чирпинаётган бу бебахт ўлкаларида ЛИДЕР ФАКТОРИнинг нақадар муҳим омил эканини ҳайрат ичида кўражаклар. 
Бу имконни қўлга киритиш учун эса курашда давом этмак вожибдир. Бу оғир вазиятдан бизни на дарё орқаси, на-да океан орқасидан келганлар қутқара олади. Биз масалаларимизни ўзимиз ҳал қилишимиз керак. Акс ҳолда, ҳатто Оллоҳ ҳам бизга ёрдам бермайди. Китобимиз Қуръони Каримда, Раъд Сурасининг 11-оятида Оллоҳу Таоло шундай буюради: «Аниқдирки, то бирор қавм ўзларини ўзгартирмагунича, Оллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмайди». Яна Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг «сиз ўзингиз лойиқ бўлган раҳбарлар тарафидан бошқарилажаксиз», деган ҳадиси ҳам бор. Шунинг учун жорий Президентнинг тахтда муддатидан ортиқ қолиб кетганига энг оз жиғибийрон бўлаётган каминадир. Бу зотнинг шахсимга ва оиламга қилган бутун зулмларига қарамай, унга кин ёки нафрат йўқ менда. Чунки юқоридаги ҳадиси шарифда ифода этилгани каби, бу раҳбар сиз ва бизга лойиқ бўлмасайди, тепамизда бир дақиқа ҳам ўтира олмасди. 
Бу билан сизни адолатсизликка қарши курашмасликка чақираётганим йўқ, аксинча, курашишга чақираяпман. Демоқчиманки, тезроқ уйғониб, адолатсизликка қарши шундай курашайликки, энг қисқа вақт ичида адолатли бир лидерга лойиқ бўлайлик.
Азиз биродарларим, муҳтарам сафдошларим! 
Юртда кечаётган ҳодисаларнинг моҳиятини сизлар мендан яхшироқ биласиз. Аммо баъзи нарсалар бор, узоқдан равшанроқ кўринади. Масалан, тоғлар. Ёки бир мамлакат. Бу мамлакатнинг дунёдаги ўрни, сиёсий ва иқтисоди вазни, унинг салобати ва ҳайбати. Булар узоқдан равшанроқ кўринади. 
Бизнинг азиз ватанимиз Ўзбекистон Оллоҳ берган нуфузи ва жўғрофий ерлашуви билан, табиий бойликлари-ю қадим маданияти билан тарихда доим эҳтиром кўрган мамлакатдир. Ҳатто Рус мустамлакаси даврида ҳам юртимиз Туркистоннинг юраги бўлган, минтақага бутун сиёсий, ижтимоий зилзилалар шу муқаддас тупроқларда юз берган. Ва ҳеч қачон бу мамлакат бугунгидай шармандали аҳволга тушмаган эди. Бу ўлкани мустамлака ҳам бугунгидай сафолат ботқоғига ботира олмаганди. 
Бугун бир пайтлар маданият бешиги бўлган бу шонли мамалакатнинг аввалги ҳайбатидан асар ҳам йўқ. 
Бу ички абгорлик давлатимизнинг ташқи суратига ҳам нуқс этгандир. Шу ўтган 12 йил давомида ҳукуматнинг ташқи дунёда миллий манфаатларни ҳимоя қилиш учун Ташқи ишлар вазирлиги томонидан қилинган бирорта муваффаққиятли демаршини эслаёлмаймиз. Чунки тиллари қисиқ, маънавий ҳуқуқлари йўқ. Чунки ҳукумат ўзи имзо чеккан бутун халқаро шартномаларни қўпол равишда бузиб, мамлакат ичида ўз халқининг ҳуқуқларини поймол қилди. 12 йил давомида 5-6 та Ташқи Ишлар Вазири алмашди, аммо сўник ва шахсиятсиз ташқи сиёсат ўзгармади. Чунки ичкаридаги ғайримиллий, тажовузкор ва репрессив сиёсат ўзгармаган эди. 
Дунё ҳамжамияти Ўзбекистонни у машъум 11 сентябрдан кейин таний бошлади. Ғарбликлар Ўзбекистон антитеррор бўйича коалицияга киргандан сўнггина уни харитадан топадиган бўлишди. Бугун ҳам жаноб Бушнинг «еган оғиз уялар» қабилидаги зўраки илтифотларини истисно қилганда, ташқи дунёда биз билан ҳеч ким ҳисоблашмайди. Ҳатто Туркманбоши ҳам Ўзбекистон тарафга қараб бурун жийиради, Ўзбекистон Президентига ҳақоратомуз киноялар қилади. Ишонинг, бу менинг ҳамиятимга тегади. Чунки ким бўлишидан қатьий назар, мамлакатимизнинг раҳбаридир. Аммо юртимизнинг чор-атрофи тиканли билан симлар ўралиб, чегараларда йиртқич шоқоллар каби кезаётган оч зобитларни тасаввур қиларкан, ҳамиятим янада кўпроқ инжийди. Бу сафар Президентимиз учун эмас, қўшни қишлоқдаги неварасини кўриш учун кетаётган чолнинг чегарадан ўтиб ўлдирилгани учун инжийди. Халқимиз учун ва тиканли симлар орқасида қолиб, бирдан чет эллик бўлган кечаги қардошларим — Туркман, Тожик, Қозоқ, Қирғиз учун ҳамиятим инжийди. Бу инсонларнинг не гуноҳи бор эди? Бу не торкўнгиллилик, марҳаматсизлик ва қоп-қора маҳдудлик? Туққан, қон-қардош биродарлар орасида бу не душманлик? 
Ҳайҳот, бу душманликнинг ёйилишида Ўзбекистон ҳукумати ҳал қилувчи ролни ўйнади. 
Ватанимизнинг бу абгор сурати узоқдан қараганда фожеали даражада равшан кўринади. 
Узоқдан қараб яна шу ҳақиқатни кўрдик: агар кичик мамлакатнинг лидери буюк бўлса, у мамлакат ҳам дунёга буюк кўринаркан. Агар буюк мамлакатнинг лидери кичик шахсият бўлса, буюк мамлакат ҳам дунёга кичик кўринаркан, ҳайбатини йўқотар экан. 
Бу абгорликдан қандай қутилиш мумкин? 
Жуда кўп журналистлар «агар сиз иқтидорга келсангиз, ишни нимадан бошлайсиз», деган саволни такрорлашади. Бу саволга бундан 12 йил аввал, ишни зудлик билан иқтисоддан бошлаймиз, чунки халқ оч ва ҳаказо, дердим. Буни фақат мен эмас, асосий кўпчилик сиёсатчилар айтарди. Айниқса, эски коммунистлар буни популизмнинг асос тошларидан бирига айлантирди. Бизнинг халқимиз раҳбарлар ҳадя этган бу популизм ТОШини ҳали ҳам юмалатаяпти. Фақат бу тош ҳали ҳам нонга айлангани йўқ. Халқ аввалгидан ҳам қашшоқлашди. Лекин у худди афсонавий қаҳрамон Сизиф каби юмалатяпти тошни, юмалатаяпти. 
Шунинг учун ҳам журналистлар бугун менга «приоритетингиз нима» деса, “иқтисод” дейишга тилим бормайди. Халқимизга ўша популистик тошни эслатмасин, деб қўрқаман. Ва тилимни тияман. Ҳатто «сиёсат» дейишга ҳам тил бормайди. Яна андишадан, шармандалик андишасидан. 
Гарчанд, бизнинг ўлкада энг фожеали жабҳа иқтисод. Бу ҳаробачилик усталаридан кейин ҳокимиятга ким келса келсин, ҳаммаси ишни иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлардан бошлашга маҳкумдир. Оллоҳ келишни бизга ёзган бўлса, биз ҳам бундан истисно бўла олмаймиз. 
Лекин булар биз учун ТАКТИК ҲАДАФлардир. Биз шу кунгача ТАКТИК масалаларни тортишдик. Ҳукуматни ҳам шу мавзуларда танқид қилдик. Лекин қутқарилиши керак бўлган жабҳалардан яна биттаси борки, у бугун биздан бошқа ҳеч кимнинг кун тартибида эмас, ҳеч ким бу масалани биз каби ўз «приоритет»ларига қўшгани йўқ. Бизни кутиб турган бу жабҳа — иқтисодни ҳам, сиёсатни ҳам шу бўҳронга судраган омилларни бартараф қилиш жабҳасидир. 
Бу жабҳанинг бошқа бир исми ИНСОН МАТЕРИАЛИНИ ИСЛОҲ ЖАБҲАСИ. 
Бизнинг ижтимоий келиб чиқишимиз тоталитар режим жамияти мафкурасига бориб тақалади. 75 йиллик моддиятчи атеизм ва атеистик коммунизм ғоялари билан суғорилган зеҳнимиз «мустақил 12 йил ўтганига қарамай, ҳали ҳам ўзига келгани йўқ. Давлатимиз мустақил бўлди, аммо зеҳнимиз мустақил бўлмади. Давлат тизимларида ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаган, байтулмолни ўғирлашни вожиб билган, порахўрликни рағбатлантирган, адолатсиз, инсофсиз бир маъмур синфи ўтирибди. Булар АҲЛОҚСИЗЛАР СИНФИдир. (Албатта, уларнинг ичида виждонли инсонлар ҳам бор, аммо улар озчилик, афсус). Бу синфдан сал пастроқда ўтирганлар «аҳлоқли» демоқчи эмасман. Аҳлоқлилар пастда ҳам кўпчилик эмас. Бу постсовет мамлакатларининг миллий фожеасидир. 
Бу фожеани фақат иқтисодий ислоҳотлар билангина байрамга айлантириб бўлмайди. Иқтисодий инқирозлар — оқибатдир, сабаб эса, тотал аҳлоқсизликдир. Сабабни йўқ қилмагунча оқибатни бартараф этиш амри маҳол. 
Биз паразитлардан иборат эмас, балки ҳалол, номусли ва меҳнаткаш инсонлардан ташкил топган жамиятга эҳтиёжимиз бор. Биз порахўрликни — энг даҳшатли жиноят, давлат мулкини талон қилишни — ўлимдан-да баттар шармандалик, деб билган кадрларга муҳтожмиз. Биз қонунни ўз раҳбаридан кўпроқ ҳурмат қилган бир бюрократ синфини кўрмоқ истаймиз. Биз уйимизда аҳлоқли ва идеалист ёшларни кўргимиз келади. Бир мафиозига хизмат қилиб, бойишдан кўра, ватан учун жангда халок бўлишни орзу этадиган ёшлар сулоласини кўргимиз келади. 
Биз золим ҳукмдордан эмас, Оллоҳдан қўрққанлар жамиятини истаймиз. Биз номус ва шараф инсонини кўрмоқ истаймиз. Фақат у, фақат угина бизнинг жамиятнинг умуртқа поғонаси бўла олади. Фақат шундай инсон типигина бизнинг хавфсизлигимиз, фаровонлигимиз ва истиқрорли ҳаётимиз кафолати бўлиши мумкин. Фақат унгагина биз давлатимизни омонат эта оламиз. Шу боис, бизнинг сиёсатдаги стратегик ҳадафимиз АҲЛОҚЛИ ИНСОН ЕТИШТИРИШдир. Бу жабҳада нафақат давлат тасарруфида бўлган таълим-тарбия қурилишларининг тўла ислоҳи, балки ОИЛА институтини мустаҳкамлашнинг кенг дастури ишлаб чиқилиши лозим. Акс ҳолда, фақат иқтисодий юксалишлар билан инсон зоти лойиқ бўлган том маънодаги рафоҳ ва ҳузурга эришмоқ маҳолдир. Буни иқтисодий тараққий этган Ғарб давлатлари мисолида кўриб турибмиз. 
Маълумки, оила инсон тарбиясида муҳим рол ўйнайди. 
Ғарбда оила инқирозга учраган бир институт. Ғарблик интеллектуаллар бу аччиқ ҳақиқатни билишади, аммо инсониятнинг социал борлиғининг бу муҳим парчасини қутқариб қолиш учун ҳеч нарса қилолмайдилар. Давлат ҳам — бу институтларни сақлаш тарафдори бўлишига қарамасдан — амалда унинг емирилишини рагбатлантиради. Бу давлатнинг сиёсатидан кўпроқ, унинг капиталистик табиатидан ва моддиятчи мафкурасидан келиб чиққан ва бошқариш мумкин бўлмаган бир жараёндир. 
Шарқдаги диктаторликлар инсонни бир кишининг шахсига қуллик мафкурасида тарбиялашни йўлга қўйган. Бизнинг яккаҳокимларимиз буни «шарқ менталитетига мос бошқарув», дея таърифлайдилар. Ғарбдаги либерал режимлар ҳам инсонга сиғинадилар. Фақат уларда Шарқ мустабид режимларидаги каби бир шахс эмас, жамиятнинг ҳар бир аъзоси муқаддаслаштирилади. Ёшлар «тотал эркинлик» мафкурасида етиштирилади. Ота ва она авторитети тамоман йўққа чиқарилган. 
Индивидга (шахсга) бутун эркинликни бериб, оилани бутун ҳуқуқлардан маҳрум қилиш — эркинлик тоталитаризмидир. Тотал эркин фақат ваҳший ҳайвонлар бўлиши мумкин. Инсон эса, ўзини назорат қила олиш қобилияти билан, зарур бўлганда ўзини чеклаш иродаси билан — нафсига ҳокимлик хусусияти билан ҳайвонлардан ажралиб туради. 
Хуллас, ҳар иккала жамият ҳам ўз аъзоларини нафсга қулликда тарбиялайди ва ҳар икки тарбия ҳам инсоннинг илоҳий фитратини (аҳлоқини) бузғунга учратадиган тарбиядир. 
Бундан бизни ҳурриятларга қарши, деган хулоса чиқарманг, илтимос. Биз эркинликка эмас, аҳлоқсизлик эркинлигига қаршимиз. 
Албатта, менга бу икки режимдан қайси бирида яшашни афзал кўрардинг, десалар, мен либерал режимни танлардим. У мукаммал бўлгани учун эмас, бу режимда унинг камчикларини танқид қилиш ҳуррияти борлиги учун. 
Шарқдаги режимлар етиштирган социал жиҳатдан пассив инсон типининг сабабларини таҳлил этган Ғарб мутафаккирлари, «ислом дунёсида демократияга асос йўқ», деган хулосага келадилар. (Бу қараш бизнинг раҳбарларнинг қарашларига жуда яқин). Яъни масалани динга олиб бориб тақайдилар. Ҳолбуки, Шарқдаги мустабид режимларининг инсон тарбияси исломга ҳеч бир алоқаси йўқ, ҳатто ғайрисломийдир. 
Бу хусусни теран тадқиқ этган ғарблик олимлар ҳам бор. Масалан, америкалик тадқиқотчи Граҳам Фуллер ислом ва демократия тўғрисида шундай дейди: «Масалани ислом ва демократия деб қўймаслик лозим. Масалани Муслимонлар ва Демократия, деб қўйиш керак», дейди. 
Яъни муслимонлар ҳам демократияда яшашни исташлари мумкин. Бунга энг яхши мисол Туркия. Туркия — маориф системаси ва таълим-тарбия сиёсатини истисно қилганда — биз учун давлат модели сифатида нисбатан уйғун ўрнакдир. Чунки бу моделда дин ва давлат орасидаги эришилган мутаносиблик Ислом дунёсида мислсиздир. Шундай бир мутаносибликка Ўзбекистонимиз жуда-жуда муҳтождир. 
Мавзуга қайтиб, аҳлоқ ҳақидаги фикримни якунламоқчиман. Албатта, аҳлоқ бир йилда, икки йилда тузатиладиган нарса эмас. Юқорида айтилди: «Эрк» партияси ёш авлоднинг аҳлоқий мезонларга уйғун тарбиясини стратегик ҳадаф сифатида белгилагандир. Бу муаммонинг ечими учун: 
1) МАОРИФ СИСТЕМАСИНИ ТЎЛА ИСЛОҲ ҚИЛИШ 
2) ОИЛА ИНСТИТУТИНИ МУСТАҲКАМЛАШ 
3) МАЪНАВИЙ ДЕГРАДАЦИЯ МАНБАИ БЎЛГАН ҚАШШОҚЛИКНИ БАРТАРАФ ЭТИШ ( СИЁСИЙ ВА ИҚТИСОДИЙ ИСЛОҲОТЛАР) амалга оширилиши лозим. 
Таълим-тарбиядаги ислоҳ сиёсий ислоҳлар каби аҳамиятли ёки ундан ҳам аҳамиятлироқдир. Ёш авлодни аҳлоқсизлик зулматидан қутқариш иқтисодни бўҳрондан чиқариш каби, балки ундан ҳам муҳимроқ. Аҳлоқсизликнинг энг даҳшатли омили — қашшоқликдир. Ўзбекистон бугун дунёда энг қашшоқ ўлкалардан бири. Шу қашшоқлик сабаб, унинг бир пайтлар муқаддас саналган шаҳарлари, иймон ва ирфон марказлари бўлган Бухоро, Самарқанд, Хоразм ва Шош (Тошкент) энди наркотрафикнинг гузаргоҳларига ва хотин тижоратининг уяларига айланган. Қашшоқлик туфайли бокира қизларимиз араб «шайх»ларининг сассиқ қучоқларига отилмоқда, Тайвань ва ё Қурия даюслари қўлида раҳина бўлиб, бир парча нон учун ўзларини пулламоқдалар. 
Табиий бойликлари ва катта ишлаб чиқариш потенциалига қарамасдан, юксак малакали мутахассислари ва меҳнатсевар халқига қарамасдан, Ўзбекистон иқтисоди ҳалокат ёқасига келиб қолди. Корхоналарнинг аксари қисми фаолиятдан тўхтаган ёки ярим қувватда ишламоқда. Ишсизлар сони кун сайин ошмоқда. Нархлар ва инфляция осмонда. Ҳукуматнинг иқтисодни тузатиш учун қилган барча ҳаракатлари беҳуда кетмоқда. 
Ўртача ойлик маош 18 евро, бу яшаш учун зарур минимумдан ҳам пастдир. Иқтисодий таназзул одамларнинг позитив ўзгаришларга бўлган ишончни йўқ қилади, ижтимоий табақалар ўртасида кин ва нафрат кучайтиради. Охир-оқибатда бу жараён ижтимоий портлашлар ва ялпи сиёсий таназзул билан тугаши ҳеч гап эмас. Бу манзарани янада фожеавий қиладиган бошқа омиллар ҳам бор: булар — коррупция, кланчилик, мафия. Яъни «соядаги иқтисод»нинг 3 та устуни. 
Ўзбекистон ҳукумати ташқи дунё учун алоҳида ва ўз маъмурлари учун алоҳида статистик маълумот чиқаради. Президент ва вазирлар учун «Для Служебного Пользования» грифи остида ҳар 3 йилда бир марта чиқадиган «Статсборник»нинг 2001 йилги сонида «соядаги иқтисод»нинг Ялпи Ички Маҳсулотдаги ҳиссаси 37- 40 фоиз савиясида қилиб кўрсатилган. Аммо бугун бу фоиз, норасмий манбаларга қараганда, 40 дан 60 гача юксалган. Мутахассислар «соядаги иқтисод»нинг бу кескин ўсишини кейинги 3 йилда чет эллик инвесторларнинг аксарияти истиқрорсиз иқтисодий сиёсатга чидай олмасдан мамлакатимизни тарк этгани билан изоҳламоқда.»Соядаги иқтисод»нинг бу ўсиши жуда катта ресурсларнинг Ўзбекистон экономикасини айланиб ўтиб, йиртқич кланларнинг чет элдаги ҳисобларига ётирилаётганини кўрсатади. Кланлар давлатнинг бутун тизимларида ўзларининг вакилларини жойлаштиргандир. Бу мудҳиш «вакиллар» ҳар ерда ҳозиру-нозир: Президент аппаратида, вазирликларда, суд органларида, милицияда, миллий хавфсизлик хизматида, молия, солиқ органлари, божхона, қўшма ширкатларда, давлатнинг стратегик заҳираларида, хуллас, ҳамма ерда. Улар бу жойларда ўтириб, милллионларча долларларнинг барқарор бир шаклда КЛАН ҳовузларига оқишини таъминлайдилар ва бу муҳташам маблағдан ўлка иқтисодига бир чақа ҳам тушмаслиги учун ғайрат қиладилар. 
Мафия — кланларнинг узвий парчасидир. Мафия бугун сиёсат даҳлизларида бемалол одим отмоқда. Ва мамлакат иқтисодига зарба бермоқда. Бугун мафия «оталари» билан министрлар қучоқлашиб расмга тушмоқдалар, хонандалар уларга қўшиқлар бағишламоқда. Илгари мафиози билан саломлашганда уятдан қизарган инсонлар, бугун мафиози саломлашса, ғурурдан қизармоқдалар. 
12 йил ичида аҳлоқ мезонлари шунчалар ўзгарди. 
Порахўрлик эса, хасталик сифатида метастаза савиясига eтди, десак муболаға бўлмайди. Ҳатто Президент ҳам пора ҳақида латифалар айтадиган бўлди. Шу қадар ўзимизники бўлди бу порахўрлик, шу қадар “миллийлашди”. Бу иллат давлатнинг шундоқ ҳам заиф пойдеворини янада заифлаштирмоқда. 
Бундан 10 йил аввал Ўзбекистон ҳукумати Россия, Қозоғистон ва бошқа қўшни ўлкаларда ўтказилаётган иқтисодий ва сиёсий ислоҳотларга масхараомуз боқиб, бунинг жарга олиб боражаганини башорат қиларди. Бугун Россия иқтисоди дунёда динамик иқтисодлардан бирига айланди. Қозоғистон ҳам оёққа турди. Ўзбекистондаги йўқсилликдан қочаётган минглаб кишилар ҳукуматимизнинг 10 йил аввал устидан кулган ўлкаларга қочмоқда. Ваҳоланки, ўзбеклар регионда бозор иқтисоди иқлимида яшаб кетишга энг тайёр халқ эди. Ўз халқига унинг қобилиятига лойиқ меҳнат қилиш имконини раво кўрмаган бир ҳукумат ҳақида нима дейиш мумкин? 
Дин ва террорга муносабатимиз ҳақида баъзи фикрларимни баён этмоқчиман. 
1999 йил 16 феврал куни Тошкентда бир неча портлаш бўлди, ҳукумат бу воқеа сабабчилари сифатида Ўзбекистон исломий ҳаракати ва каминани кўрсатди. Бу воқеага баҳо беришдан олдин бир нарсани эслатиб ўтмоқчиман: ўзбек ҳукумати демократик мухолифатни сиёсий жараёндан четлаштириш учун сайловлар олдидан доим бир ўйин тайёрлашни ўзига удум қилган. 1993 йилда Парламент сайловларига бир йил қолганда бизга қандайдир «Миллий мажлис» тузди, деган айбни қўйди. «Эрк» ва «Бирлик» лидерларидан бир нечтаси қамоққа олинди. Бир қисми қамоқ ва ўлим таҳликаси остида мамлакатни тарк этди. Ва ҳукумат мақсадига эришди: Парламент сайловини мухолифатсиз ўтказди. Аммо мухолифат тазйиқ ва таъқиб, қамоқ ва қийноқларга қарамай, йўлида давом этди. 1996 йил келди, Президентлик сайловлари яқинлашаётганди. Ҳукумат бу гал «Эрк» партияси Туркияда 19 та ёш йигитни давлат тўнтариши учун тайёрлади, деган айб қўйди. Бу Президентлик сайловини мухолифатсиз ўтказишгина эмас, уни мутлақо ўтказмасдан, Референдум билан узайтириб қўйиш имконини яратди. Ниҳоят, 1999 йил келди. Йил охирида навбатдаги Парламент сайловлари, 2000 йил бошида эса, яна Президентлик сайлови кун тартибида эди. Мухолифат ҳали ҳам тирик эди. Заиф бўлса-да, овози чиқиб турарди. Байналминал ташкилотлар «Эрк» ва «Бирлик» вакиллари билан уларнинг сайловларда қатнашиш эҳтимолини муҳокама қила бошладилар. Бундан қўрққан ҳукумат ўзининг навбатдаги «тадбир»ини амалга оширди. Ва 16 февралда бомбалар портлади. Тақдирнинг киноясига қаранг, бу портлашлар гумбурлаган онларда «Эрк» ва «Бирлик» вакиллари Интерконтинентал Отелида Оврупо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти раҳбарлари билан бўлажак сайловлар ҳақда музокара ўтказаётганди. Бу икки воқеанинг тенг келиши тарихда тасодифлар бўлмаслигини яна бир карра намойиш этди. 
Бу портлашларда айбланганларнинг маҳкамаси бир ҳақиқатни ўртага чиқарди: Ўзбекистон ҳукумати портлашлар «тайёрланаётганини» аввалдан билган. Бу жуда муҳим фактор. Аввалдан билган бўлса, нега тадбир олмаган, деган савол туғилиши муқаррар. Тадбир олишни истамаганлар, аксинча, бу «бомбачилар» Миллий хавфсизлик хизматчилари ва Ички Ишлар вазирлиги истихбороти томонидан то 16 феврал кунигача одимма-одим кузатилиб, бомбалар портлагандан кейингина бирин-кетин қўлга олинган. Бизнинг норасмий манбалардан олган билгимизга кўра, ўйин фабуласи шундай: Ўзбекистон ҳукумати 1998 йил апрел ойида радикал гуруҳга аъзо бўлган Назарбек Умаров ва Абдунаби Нишонбоев деган иккита кишини ҳибсга олади. Уларнинг кўрсатмасига таяниб, бу гуруҳларнинг юрт ичидаги ва ташқарисидаги фаолларини аниқлашади, улар устидан назорат ўрнатишади. Кейин 1998 йил ноябр ойида Туркманистонда гуруҳнинг раҳбарларидан ҳисобланган ва ташкилотнинг планларидан яхши хабардор бўлган Баҳром Абдуллаевни қўлга туширишади. Абдуллаевдан ташкилотнинг нималар қилишга қодир эканлигини ўрганишади ва шу потенциалга яраша бир сценарий ёзилади. Сценарийнинг биринчи қисмида ташкилотнинг ташқарида юрган, аммо доимий назоратда бўлган аъзоларига «бир террористик акт билан донг чиқариб қўйиш» ғояси сингдирилиши керак бўлади. Бу ғоя ертўлада ўтирган Умаров, Нишонбоев ва Абдуллаевларнинг «консультацияси» билан ташқаридагиларга етказилади. Ташқаридагилар ҳам «ниҳоят, золимга қарши жиҳод бошланди», деб дарров портловчи моддаларни тайёрлай бошлашади. Улар «жиҳод»га шайланар экан, МХХ агентлари бу анойи мужоҳидларнинг портлашдан кейин қочиши мумкин бўлган бутун тирқишларни беркитади. Айни пайтда портлашлардан кейин ўлкада бошланиши керак бўлган кенг миқёсли репрессиянинг тамалини қўядилар. 
Биринчи навбатда, ҳибсга олиниши шарт бўлганлар рўйхати тузилади ва сиёсий мухолифат аъзолари бу рўйхатнинг биринчи қаторида ўрин олади. Тошкентда менинг қизимнинг уйига 3 февралдан бошлаб ташқи кузатув қўйилган, ҳар куни милиционер келиб ҳужжат текширган. Портлашдан 1 кун сўнгра бу уйдан менинг укам Рашид Бекжон ушлаб кетилди. Айни кузатув айни 3 феврал куни Мамадали Маҳмуд, Отаназар Ориф, Мўътабар Аҳмедова уйлари атрофига ҳам қўйилди. Шунингдек, ҳорижда юрган мухолифатчилар ҳам назорат остига олиниб, улар кириб-чиқадиган шаҳарларга яна ўша МХХ агентлари жўнатилди. Бунинг битта ўрнаги Истанбулда зуҳур этди. 1999 йил феврал ойининг бошида «Бирлик» халқ ҳаракати тамсилчиси Алибой Йўляхшиевнинг оиласини Канадага кетаётганда Истанбул аэропортида турк ва ўзбек полислари тўхтатиб, Ўзбекистонга жўнатмоқчи бўлишди. Уларни БМТ томонидан берилган сиёсий қочқин статуси қутқариб қолди. 
13 феврал куни Миллий Хавфсизлик Хизмати раиси ўринбосари полковник Анвар Солиҳбоев бошчилигидаги бир ҳайъат Анқарага учиб келди ва Туркия маҳфий хизматидан чегараларни бўлажак террористларга ёпишини илтимос қилди. Бу чекистлар гуруҳи 14 февралда Анқарадан тўғри Москвага учади, у ерда ҳам русларга айни илтимосни такрорлайдилар. Ва бу ҳайъат 15 февралда Тошкентга қайтади, эртасига портлашлар юз беради. 
16 февралдан сўнг «портлаш сабабчилари»нинг аксарияти Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳеч бир қийинчиликсиз ушлаб келинди. Бу операцияда қатнашган Ички Ишлар Вазирлигининг баъзи зобитлари ишдан бўшаб, Русияга кетган, улардан кўп нарсани ўрганиш мумкин. 
Мен ўз ҳақимда айтишим мумкин бўлган гап шу: менга қўйилган айбларнинг бирортаси маҳкамада тасдиқланмади, менга қарши кўрсатма берганларнинг ҳаммаси маҳкамада бу кўрсатмаларни тергов пайтида қийноқ остида берганликларини айтишди. Ҳатто ҳукумат билан очиқ ҳамкорлик қилган тили бурро «гувоҳ» Асқаров З. ҳам Муҳаммад Солиҳнинг портлашларга алоқаси йўқлигини маҳкамада ҳам, кейинроқ ББС радиосидан ҳам эълон қилди. 
Бизга туҳмат қилганлар шуни икки қулоғи билан эшитиб қўйишсин: ҳеч бир туҳмат боқий бўлолмайди, ҳақиқат муқаррар юзага чиқажак. Бу қотилликнинг асл ижрочилар қора курсига мутлақо ўтиражак. Биз партия ўлароқ, террорнинг ҳар қандай кўринишини кескин қоралаймиз, буни ҳар доим айтганмиз. Террорни ҳеч бир ғоя билан — на миллий ва на-да диний ғоя билан оқлаш мумкин эмас. Чунки террор аксилинсонийдир. Террорнинг ислом динига ҳам алоқаси йўқ. Чунки террор ғайриаҳлоқийдир, ислом эса — аҳлоқдир, юксак аҳлоқдир. Шу боис, террорга «исломий» деб илова қилиш хатодир. 
Бизнинг халқимиз диндор, аммо асло мутаассиб эмас. Диний радикализм бизга ётдир. Диний радикализмни туғдираётган бош омил — ҳукуматнинг диндорларга қарши ўтказаётган зулмидир.   
Муҳтарам дўстларим, 
Ўлкамиз бир чорраҳада турибди. Бу чорраҳага у бугун келгани йўқ, 12 йил аввал келган ва ҳали ҳам бирор-бир йўлни танлаб, одим отмади. Ўн икки йилдирки, Ўзбекистон давлат сифатида ўз келажагини белгилай олмай, тараққиёт андозасини топа олмай, режасиз ва орзусиз қаққайиб турибди бу чорраҳада. Қачонлардир раҳбарларимиз тарафидан талаффуз этилган «Турк» модели, «Хитой», “Жанубий Қурия» ва ҳатто «Пиночет» моделлари ҳақидаги лофлар бу раҳбарларнинг ақл-заковатидаги қусур ва хаёл борасидаги қисирлигини намоён этди. Бу уларнинг жасоратсизликлари ва қарорсизликларини кўрсатди. 
Мухолифатнинг эса «модел» дарди йўқ. Биз сиёсат майдонига тушгандан бери ҳадафимиз доим очиқ ва шаффоф бўлган. 
Ҳадафимиз — Ўзбекистонда демократик ва ҳуқуқ давлати қуришдир. Бу давлатда диктатурага ва ҳар қандай яккаҳокимликка ўрин бўлмаяжак. Бу бўлажак давлатнинг баъзи жиҳатлари тортишилиши мумкин, аммо принциплари биз учун тортишилмасдир. Инсоннинг Оллоҳ берган тамал ҳақ-ҳурриятларини ва адолатни устун қўйган бу давлат сулдори (силуэти) биз учун аллақачон чизилгандир. Бу йўлда биз ҳеч ким билан — ҳатто бизга йилларча зуғум ўтказган ҳукумат билан ҳам — душманликка вақт йўқотмоқчи эмасмиз. Вақт шундоқ ҳам оз. Биз халқимизга беғараз хизмат қилишни орзу қилган, бу зулмдан тезроқ қутулишни истаган ҳар бир одам, ҳар бир гуруҳ ва ташкилот билан ишбирлиги қилишга тайёрмиз. Етарки, ниятлар тоза бўлсин. 
Ҳукумат ва унинг баьзи ғарблик ҳомийлари режимнинг жиноятларни хаспўшлаш учун Ўзбекистондаги барқарорлик (истиқрор) ҳақида кўп гапирадилар. Лекин Ўзбекистонда бундай бир барқарорлик кўпдан бери йўқ. Бу ўлкада баҳайбат жазо аппарати воситасида базўр ушлаб турилган, ҳар он портлашга тайёр бир сукунат бор. Барқарор давлатнинг шаҳарларида ҳар фуқаро бошида 2 тадан миршаб турмайди, ҳар қадамда ҳужжат текширмайди, кўчалар «блокпост»лар билан беркитилмайди, аскарлар елкаларига «калашников» осиб кўча-кўйда изғимайди. Бу фавқулодда ҳолат эълон қилинган мамлакатдагина бўлиши мумкин. Ўзбекистонда, 12 йилдир, норасмий фавқулодда ҳолат эълон қилинган. 
Ҳақиқий истиқрор учун миллий консенсус — Миллий Ярашув зарур. Бу ишни бошлашнинг илк одими сиёсий маҳбуслар ва ўзгафикрлиларга нисбатан УМУМ РЕАБИЛИТАЦИЯ бўлмоғи керак. Бу Амнистия эмас, Ўзбекистонда ҳур фикри учун, сиёсатга аралашгани ва ёки диний эътиқоди учун таъқиб қилинаётган, ҳибсга олинган, ҳақида ҳукм чиққан юрт ичкариси ва ташқарисидаги бутун шахсларни қамрайдиган бир Реабилитация бўлмоғи керак. 
Бу реабилитация қилинажак инсонлар аҳолининг жуда катта қисмини — зиёлилар ва мўътадил диндорлар қисмини тамсил этадилар. Бу жамиятимизнинг энг динамик ва сиёсий жиҳатдан энг фаол қисмидир. Ўзбекистондаги ҳар қандай иқтидор бу қатламларнинг хайрихоҳлигисиз ҳеч бир муҳим ишни амалга оширолмайди. Айнан бу қатлам билан душманчилиги туфайли жорий ҳукуматнинг бу халқ олдида ҳеч қандай обрўси йўқ. Обрў Миллий Ярашув амалга ошсагина, қозонилиши мумкин. Ҳукумат обрў қозонса, мамлакатга истиқрор келди, демакдир. Рухсатингиз билан Қурултойимиз кун тартибига ҳукумат ва барча сиёсий гуруҳларга қарата «Миллий Ярашув Комитети»тузиш ҳақида мурожаат қабул қилинишини таклиф этаман. Бу Мурожаатга муносабат Халқ учун кимнинг нима қила олиши мумкинлигини намойиш этишига шубҳамиз йўқ. 
Сўзимнинг охирида, партиямизнинг Дастури лойиҳаси ҳақида фикримни билдирмоқчиман. Авваламбор, лойиҳа устида ишлаган ишчи гуруҳига самимий миннатдорчилигимни ижро қилмоқчиман. Ҳукумат тарафидан кўрсатилган тазйиқ-таъқибларга қарамасдан, бу дўстларимиз лойиҳа устида ишлаб, уни муваффақиятли тугатишга муваффақ бўлдилар. Ўйлайманки, бу лойиҳа бўлажак Дастурга асос сифатида қабул қилинишга лойиқ бир матн. Аммо камчиликлари ҳам йўқ эмас. Ҳатто жиддий камчиликлари бор. Лойиҳада партиямизнинг давлат ва жамият ҳақидаги қараши, унинг фалсафаси етарли даражада ёрқин ифодаланмаган. Лойиҳада стратегик теранлик йўқ, у етарли даражада концептуал эмас ва тактик ҳадафларга керагидан ортиқ йўналган. Бу лойиҳа жиддий таҳрирга муҳтождир. Ишонаманки, бу ишни сиз билан биз биргаликда уддасидан чиқамиз. 
Муҳтарам биродарларим, азиз акалар, укалар ва опа-сингиллар! 
Сургундаги бир ўзбек биродарингиз сифатида, менинг ватаним ва сизларга бўлган соғинч туйғуларимни қабул этинг. Оллоҳ бизларга энг яқин кунларда ватан тупроғида кўришмакни насиб айласин. 

(22.10.2003)
 

Диктатура тамғаси 
(«Сариқ дафьатанлик» мақоласига изоҳ)
 

«Эркинюрт» интернет саҳифасидан: Биз Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳдан Центразия сайтида аноним (А.Г) муаллиф номидан босилган «Заметки публициста о желтой неожиданности в политической осени в Узбекистане» (03.12.2003,www.ceнтрaсиa.ру ) мақоласига жавоб беришни таклиф қилдик, жаноб Солиҳ бунга жавобан шу мақоалсини йўллади.
 
Диктатура тамғаси
 
Мақоланинг исмсиз шахс тарафидан ёзилишига қарамасдан уни изохлашга  қарор қилдим. Бу мақолани Миллий Хавфсизлик Хизматидаги ёш ходим ёздими ёки Ташқи Ишлар вазирлигидан кўнгилли «аналитик»ларми — аҳамияти йўқ.Аҳамиятли тарафи
мазкур мақола у ёки бу шаклда расмий мақомларнинг — фақат 16 феврал портлашларига эмас, балки бошқа воқеларга ҳам — қарашларини ифодалайди. Мақола муаллифи портлашларнинг «сабаб»ларини «таҳлил» қилар экан Ўзбекистон ҳукуматининг ички ва ташқи сиёсатидаги «муваффақиялари»ни ҳам эринламай санаб ўтади. Яьни, биз мақолада аноним автор ниқоби остида Ўзбекистон ҳукумати сиёсатининг муайян шиорлари билан юзма-юз келамиз.
Гарчанд, бу мақола сиёсий махбус Зайниддин Асқаровнинг 26.11.2000 да Тоштурмадан берган сенсацион баёнотига жавоб сифатида ёзилганлиги шундоқ кўриниб турибди. Маьлумки, бу баёнотда Асқаров 16 феврал портлашларига Ўзбек Миллий Хавфсизлик Хизматининг қўли борлиги ҳақида фактлар келтирганди. Бу айблов шу қадар кучли эдики, аноним муалифнинг бу хом материали билан ундан қутилишга умид қилиш кулгили эди. Айни пайтда махфий хизматчиларда шу хом «аргумент»дан бошқа қалқон ҳам йўқ эди. Асқаровнинг баёноти кутилмаганда янгради, унга мантиқли жавоб беришга улгура олмадилар, ҳимоя усуллари йўл йўлакай ўйлаб топилди. Бу вазифа юкланган подполковник Равшан Абдуллахонов ўз ишини эплаёлмади, мантиқсиз баёнотлари ва бузуқ ўзбекчаси билан вазиятни янада таранглаштирди. Подполковник радиога чайналиб-чайналиб Асқаровнинг «руҳий касал» эканлигини «тушунтирди» ва унинг Ички Ишлар Вазирлиги ва МХХ га қўйган айбларга эьтибор бермаслик лозимлигини айтди. Аммо маҳбуснинг «касаллиги» икки юзи ҳам чархланган қилич эди, бу иддао ИИБ, МХХ ва Суд ва Прокуратурани ҳам яралаши мумкин эди. Чунки Асқаров «касал» бўлса, унинг Судда «халқ душманларига» (жумладан, каминага) қарши берган эьтирофларини хақиқий ҳисоблаш мумкин бўлмасди.
Равшан Абдуллахонов бу хатосини тузатаман деб иккинчи хатога йўл қуйди. У маҳбус Асқаровга Солиҳ ва Йулдошев таҳдид қилдилар ва Асқаров бундан қўрққанидан уларни ҳимоя қилди, деди. Бу баёнот биринчисидан ҳам ножиддийроқ эди.
Бу муваффақиятсизликларни ёпиш учун МХХ сўнгги қартасини ўйинга киритди: Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аьзоси Зубайр билан Муҳаммад Солиҳнинг хаёлий «суҳбат»ининг аудио қайдини “Озодлик” ва БиБи Си радиоларига «тақдим» этди. Бу аудио қайдда «Солиҳ»нинг овози деярли эшитилмайди, балки қўпол монтаж қилингани учундир.
Аммо интернетда босилган версиясида, М. Солиҳнинг Зубайр билан саломлашиш тарзи («Ва алайкум ассалом ва рохматуллоҳи ва баракатуҳу») МХХ нинг ўйинини тўла фош қилади. Чунки бундай узоқ саломлашиш менинг одатим эмас. Камина ҳеч қачон ҳеч ким билан будай саломлашмаганман.
Подполковник Абдуллахонов «М. Солиҳ Қандаҳорга борган, БиБиСи ходими Ҳамид Исмоил нега бордингиз, деб сўраганда, Солиҳ жавоб беролмаган» дея очиқча ёлғон гапиргани бу ишни тамоман қуюшқондан чиқарди. Камина Қандҳорни фақат хариталардагина кўрган. Бу хусусда Абдулҳамид Исмоилдан «сизга шундай бир интервью бердимми?, деб сўрадим, у бундай материал таёрламаганини эьтироф этди.
Бир сўз билан айтганда Зайниддин Асқаровнинг баёноти Ўзбек ҳукуматининг бошига йилдирим каби тушди. У сувдан қуруқ чиқиш учун сохта лоқайдлик билан ўз шармандалгини кўрмасликка олди. «Заметки публициста о желтой неожиданности..» мақоласининг исмсиз муаллифи ҳам бу сохта лоқайдликни намойиш қилиш вазифаси билан майдонга чиққанга ўхшайди. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон МХХсига оид http://www.стaбилити.уз сайтидаги баландпарвоз калтабинлик бу исмсиз шахснинг матнида кўринмайди. Исмсиз муаллифнинг тарафкашлиги ҳам ўша сайтдагидек очиқчасига ахлоқсиз эмасдай гўё. Тарафкашлик киноянинг юмшоқ матоҳига бурканган. Масалан, Асқаровнинг устидан кулар экан, муаллиф шундай ёзади: «амнистия Асқаровнинг қамоқ камерасида кўрган энг ширин тушларида ҳам кўринмаяжакдир». Муаллифнинг Асқаровга ғазаби шу сатрларда ҳам «маданийча» бўртиб туради: «Нега МХХ ва ИИБ нинг буюк сирларини билган бу Асқаров бугунгача турмада «соғлиги ёмонлашиб» дафьатан ўлиб қолмади? Чунки у буюк сир ташувчиси сифатида таҳликли эмас ва ҳеч кимни қизиқтирмасди. 1999 йилдаги қонли воқеалар қатнашчилари ва илҳомлантирувчиларининг алоқалари ҳақидаги фактлар фонида Асқаров бугун ҳам ҳеч кини қизиқтирмайди».
Ҳамма гап шундаки, Асқаров уша «буюк сирни» билар эди. Асқаров муаллиф айтганидек, чиндан ҳам «таҳликали» эмасди. Чунки у 4 йил турма ҳаётида МХХ ва ИИБнинг бутун «имтиҳонлари»дан ўтганди. Асқаров МХХ ва ИИБ топшириғи билан судда берган сохта эьтирофларини маҳаллий ва хорижий таҳлилчилар ҳузурида бир неча марта нуқсонсиз такрорлаб, ҳокимиятга ўз садоқатини исботлаганди. Бу ўйин давомида Асқаров ҳукуматнинг мухолифатга қарши асосий айбловчиси мақомига юксалди десак ҳам муболаға бўлмайди. Уни кийинтириб, ювиб тараб энг муҳим «халқаро учрашув»ларга чиқариб турдилар. Асқаровнинг Америка, Англия ва Олмония махфий хизматлари ходимларига ўзбек мухолифат лидерларига (каминага}қарши сохта гувоҳлик бергани бугун сир эмас.
Асқаровнинг МХХ томонидан 2003 йил 26 ноябр кунига тайёрланган матбуот конференцияси ҳам «оператив тадбир»ларнинг нвбатдагиси эди. Асқаров бу сафар ҳам 1999 йил маҳкамада Муҳаммад Солиҳ ва бошқаларга қарши билдирган «эьтироф»ларини такрорлаши керак эди. Бунга зарурат борми эди? Бор эди. Интернетда 1999 йилдаги портлашларга Ўзбек махфий хизматининг алоқаси борлиги ҳақда хабарлар пайдо бўлганди ва бунга зудлик билан жавоб бериш керак эди. Жавобни синовдан ўтган «гувоҳ» Асқаровдан бошқаси беролмасди, у каминага ва Йўлдошевга қарши берган кўрсатмаларини такрорласа кифоя эди, услуб аввалдан ишланганди. Асқаров матбуот конференциясининг биринчи ярмида МХХнинг сценарийсидан чиқмади, аммо суҳбатнинг иккинчи ярмида кутилмаганда 16 февраль портлашлари ҳақида хақиқатни айтишга жазм қилди. Балки бу жасоратга унинг иймони ундади ва ўз дўстларини қатл қилган ҳукуматга лойиқ бир жавоб беришга қарор қилди. МХХ ва ИИБ ертулаларида бир кун ҳам ўтирмаган одам Асқаровнинг руҳий ҳолатини тушуниши маҳол, бундай одамларнинг Асқаровни танқид қилиши ҳам осон. Балки шу боис, баьзи инсонлрга Асқаровнинг дафьатан берган бу баёноти мантиқсиз ва ғалати кўринган бўлиши мумкин. Нима булганда ҳам, «МХХ тарафидан информация сиздириш учун махсус тайёрланган» қабилидиги комло теориялар асоссиз туюлади менга. 
Исмсиз муаллиф А.Г. чет эл матбуотида босилган камина ва Каримов режими орасидаги ғавғо ҳақдаги материаллар мавзусига тегинар экан, ҳақлидир: уч жилдга яқин материал мавжуд, аммо МХХ ходимлари ўз мундири шарафини ҳимоя қилиш учун бу мақолалардан бирортасидан ҳам менга қарши иқтибос келтиролмайди. Шу боис бу материаллар МХХ тарафидан тез тез мусодара қилининиб туради. Масалан, менинг укам Муҳаммад Бегжоннинг уйидан америкалик олим Руф Диблернинг камина ҳақдаги китоби чиққани учун 15 йил қамоққа ҳукм қилинди.  
Фақат бизники каби ёпиқ жамиятлардагина махфий хизматлар ўз дезинформацияси муваффақиятига ишонишлари мумкин.
Зотан, ўзбек махфий хизматининг1999 йил портлашларига алоқаси борлиги ҳақда биринчи марта гапирилаётгани йўқ. Бу мавзуда миш-миш чет элларда кўпдан бери давом этаяпти. Асқаровнинг жамоатчилик диққатини чекканига сабаб бу фактни юрт ичкарисида айтди. Ундан ҳам муҳими, Асқаров бу баёнотига қадар 1999 йил «жиноятини содир қилганлар»га қарши ягона гувоҳ эди. Қолган «гувоҳ»лар зудлик билан отиб ташланганди. Нега? Чунки улар ҳақиқатни билишарди, қулай пайт келса, буни ифшо қилиши хавфи бор эди. Уларни отиб ташлаб, МХХ бу хавф ҳудудини торайтирган бўлди.
Исмисиз муаллиф А.Г. ўз саволига ўзи шундай жавоб беради: «Нега Асқаров отишга ҳукм қилинмади? Жавоб: чунки Асқаров ҳарбий ҳаракатларда бевосита қатнашмади».
Хўш, отиб ташланган Баҳром Абдуллаев ҳарбий ҳаракатларда қатнашдими?
Баҳром Абдуллаевни портлашлардан 3 ой олдин МХХ ертўласига ташладилар. Бу одам чивин ҳам рухсатсиз учиб чиқмайдиган бир ертўлада ўтирган ҳолда, қандай қилиб портлашларнинг ташклиотчиси бўлиши мумкин?
Аммо исмсиз А.Г.ни бошқа нарсалар қизиқтиради. У шундай хитоб қилади: «Асқаров тайёрланаётган портлашлар ҳақида ҳукуматга информация берган Баҳром Абдуллаевни хоин деб ҳисолйдими йўқми?
Асқаров уни ўз ишонувчалигининг қурбони деб ҳисоблайди. Асқаровнинг интервюда айтишича, Б. Абдуллаев таёрланаётган қонли акцияни тўхтатиш учун бу ҳақда МХХ ва ИИБ га информация берган, аммо МХХ ва ИИБ фожиани тўхтатиш ўрнига, унга кенгроқ йўл очиб берган. Портлашдан сўнг эса бу қонли воқеанинг асл сабабчиси ҳукумат эканлигини билган Б. Абдуллаев кабиларни дарҳол отиб ташлаган.
Портлашлар ҳукуматга нима учун керак эди?
1.Каримов режимининг тоталитар бошқарув услубини Ғарб давлатлари наздида машру (легитим) қилиш учун.
2.Демократик мухолифатни экстремизмда айблаб, уни изоляция қилиш, сиёсий майдонга чиқармаслик учун.
3.Портлшларни баҳонасида катта репрессия бошлаш ва бу ҳамла билан ўзга фикрлилик ва ҳар қандай мухолиф қарашни янчиб ташлаш учун.
Ҳукумат стартегиясининг бу учта моддаси ҳам эндиликда амлага ошди деса бўлади.
Исмсиз муаллиф А.Г. режим жиноятларини хаспўшлаш учун чет эл жамоъат арбобларининг сиёсий истиқрор ва хавфсизликнинг аҳамияти ҳақидаги гапларини мисол қилиб келтиради. Афсуски, бу икки масалада нафақат режим маддоҳлари балки узини мухолифат деб танитган бази принципсиз шахслар ҳам бу хусусдаги режимникидан ҳеч фарқ қилмайдиган демагогиясини такрорлашдан уялмайдилар.
Бу нуқтада Бенжамин Франклиннинг шу сўзларини келтиришдан ўзимни тияолмадим, узр: «Истиқрор учун ўз озодлигининг бир қисмидан воз кечишга рози бўлган халқ на истиқрор ва на-да озодликка лойиқдир»…
Яқинда америкалик дўстим, ҳурматли олима аёлдан бир мактуб олдим. У Тошкентга борганини ва у ердан олган таассуротларини ёзибди. Унинг мактубда ишлатган бир сўзи ёдимга муҳрланди: УМИДСИЗЛИК. Олима аёл менинг ватандошларим чеҳраларида ўқиган ифода шу эди.
Диктатуранинг тамгаси — умидсизлик.

(Mақола русча ёзилган ва ўзбекчаси қисқартилган)

11.12.2003
ББC Рaдиoси сaвoллaригa жaвoблaр

1. Шeърият сиёсaтдaн устундир, дeгaнлaр ҳaқлидирлaр. Мeн сиёсaтни xaлқимнинг oздлиги учун кўрaшиш қурoли сифaтидa тaнлaдим. шeър ҳaм бу курaшдa бир қурoлдир. Aммo билвoситa қурoлдир. Сиёсaт эсa бeвoситa қурoл, шу бoис, нaқaдaр нoтoзa бўлишигa қaрaмaсдaн, сиёсaт билaн шуғуллaнишгa мaжбурмaн. Чунки мeн кaбилaр учун миллaт oзoдлиги, ҳaр нaрсaдaн, ҳaттo шeъриятдaн ҳaм устундир. Oзoдлик дeр экaн, фaқaт жисмoний эмaс, сиёсий эмaс, мaънaвий oзoдликни ҳaм нaзaрдa тутaяпмaн. Бу дeгaни бизнинг идeaлимиз фaқaт дeмoкрaтияни тиклaш эмaс, бaлки иймoнли вa бaркaмoл инсoн жaмиятини қуриш ҳaмдир.
2. Дeмoкрaтия сўзи зaмиридa xaлқ тушунчaси бoр. Ҳукумaтимизнинг дeмoкрaтия ҳaқидa гaпиришигa ҳoзирчa ҳaққи йўқдир. Чунки дeмoкрaтиянинг ўзaги бўлгaн xaлқ ҳукумaтнинг oёқлaри oстидa ётибди. Бу ҳилқaт ўнидaн туриб, мустaбидлaрдaн ўз ҳaқлaрини тoртиб oлмaгунгa қaдaр дeмoкрaтия ҳaқидa гaпириш кулгилидир.
3. Мaқoлaлaримдaги ҳукумaтни тaнқидни кeскин дeб ўйлaмaймaн. Улaрдa ҳeч қaчoн oдoб дoирaсидaн чиқмaгaнмaн. Ҳукумaтнинг 12 йил ичидa қилгaн ишлaридaн бир ёруғ тaшaббусни кўришни дoим oрзу қилгaнмaн. Ҳукумaтни мaқтaшни истaгaнмaн. Aммo aфсуски, xoҳ ишoнинг, xoҳ ишoнмaнг, бундaй ёруғликни тoпoлмaгaнмaн. Вa aйни пaйтдa, ҳукумaт билaн мурoсaгa кeлиш учун ҳaм дoим бaҳoнaлaр axтaргaнмaн, aммo, ҳaйҳoт, уни ҳaм тoпoлмaгaнмaн. Мeндaй мурoсaсoз биттaси буни тoпoлмaгaн бўлсa, рaдикaллaр қaндaй мурoсa қилaди бу ҳукумaт билaн?
4. Ҳa, aгaр миллиятчилик ўз миллaтини сeвиш бўлсa — мeн миллaтчимaн.
Aгaр бутун турк қaвмлaрининг ҳaмжиҳaт яшaшини oрзу қилиш пaнтуркизм бўлсa, ҳa, мeн — пaнтуркстмaн. Aгaр Oллoҳгa, унинг китoби вa Пaйғaмбaригa ишoниш ислoмчилик бўлсa, ҳa, мeн – ислoмчимaн.

(2004 йил, янвaр)

Давлат террорининг хроникаси

03.03.2004

Мамлакатимизда шу йил март ойи охирида бўлиб ўтган воқеалар ҳақида Ўзбекистон Президентинг баёноти унинг 1999 йил 16 феврал фожиаси ҳақида қилган баёнотидан унча фарқ қилмайди.
Президентнинг бу чиқиши Ўзбекистондаги сиёсий режимнинг ички сиёсатидаги устивор йўналишларни билган одам учун ғалати туюлмайди албатта.»Ташқаридан келган қора кучлар» образи бу сиёсатнинг тамал тошларидан биридир. Бу образ ҳар 5 йилда бир марта янгиланиб туради.
Каримов ҳукумати 1994 йилдан бошлаб ҳар сайлов олдидан мухолифатга қарши бир фитна таёрлашни ўзига одат қилиб олган. Мақсади ниҳоятда равшан — бир айб топиб, мухолифатни сайловларга яқинлаштирмаслик. Фитналар ақл бовар қилмас даражада аниқ вақт оралиқлари ичида режалаштирилади. Диққат қилинг: 1994, 1999, 2004 йилларнинг ҳар бири орасида 5 йиллик бир муддат бор.

1994 йил
94 йилнинг март ойида ўзбек милицияси Қашқадарёлик 15 та ёш йигитни ушлашди. Улар гуё Истанбулда Эрк партияси лидери ҳомийлигида Истанбулда Ўзбекистонгдаги конституцион тузумни тўнтариш учун аскарий тайёргарликдан ўтишган. Бу шов-шув соясида ҳукумат Эрк котиби Отаназар Ориф, ёзувчи Мамадали Махмуд, менинг укам Рашид Бегжон ва бошқа ўнлаб Эркчиларни қамоққа олишди. Июн ойида эса милиция Олмаотада Эрк газетасини Ўзбекистонга олиб келиш билан шуғулланаётган собиқ депутат Мурод Жураев гуруҳини қўлга олди. Ва шу билан жуда кўп бегуноҳ инсонларнинг бошига етган қатоғонларнинг биринчи тўлқини шундай бошланди. Ҳукумат мақсадига эришди: давлат тўнтаришида айбланган мухолифат 94 йил охиридаги Парламент сайловлари ва 1995 бошида ўтиши керак бўлган Президентлик сайловларида қатнашиш имконини йўқотди.  
1999 йил Парламент сайловларига худди 1994 йил даги каби 9 ой қолганди. Ҳукумат 16 феврал куни афғон «Рэмбоси» Бин Лодин олабўжисини уйдирди ва бир қўрқув театри намойиш этди, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкилишига сабаб бўлди. Тўкилган қон бу томошани таъсирчан қилди, Ғарбликлар Каримов шахсида «ислом фунадаменатлизм»ига қарши курашаётган шўвальени кўрдилар. Албатта, фаросатли инсонлар 16 феврал портлашлари орқасида кимнинг турганини тахмин этабилардилар. Аммо бу сафар ҳам ҳукумат мухолифатни сайловлардан узоқлаштиришга муваффақ бўлди. Эрк партияси раиси бу портлашларнинг ташкилотчиси сифатида айбланди, халқ ичида кенг микёсда мухолифатни қоралаш кампанияси бошланди. Ва шундай тариқа мухолифат ва мўьтадил диндорларга қарши қатоғонннинг икккинчи даҳшатли тўлқини бостириб келди.

2004 йил
Март ойи. Сайловларга яна роппа-роса 9 ой қолятган эди. Худди 1999 йилдаги каби. Ва соати соатига ва дақиқаси дақиқасига тўғри шаклда ўзбек ҳукуматининг навбатдаги ваҳшати бошланди: портлашлар, ҳибсга олишлар, «ташқаридан келган қора кучлар» ҳақида баёнотлар. Ва худди 94 ва 99 йиллардаги каби жиноятчиларни аниқлашдаги тезкорлик, маҳаллий матбуотнинг лол ва соқовлиги, телеэкранлардан «президент атрофида жипсликка» чақираётган наҳс босган башаралар.
Яъни 94, 99 йилларда кўрганимиз айни манзара!
Демак, худди ўша йиллардаги каби сайловларнинг натижаси ҳам 9 ой олдин маълумдир. Оллоҳу Таоло бир муъжиза кўрсатиб, бу наҳс босган режимни бир сонияда ўзгартмаса, на бирор ўзгариш, на-да мухолифатнинг сайловга киришига умид бор.
Лекин март ойида юз берган воқеаларнинг аввалгилардан бир фарқи бор, буни изоҳ этмаслик мумкин эмас. Портлаш ва бошқа ҳужум ҳаракатлари бу сафар дуч келган оломонга қарата эмас, милицияга йўналтирилгани диққат чекади. Бу ҳусусият ҳужумларни ҳукуматнинг ўзи уюштиргани ҳақидаги тахминни заифлаштиради. Балки, ҳужумлар золим миршабларнинг зулмидан кўзи ҳеч нарсани кўрмас бўлган, нафратга тўлган оломоннинг ғазаби оқибатидир? Аммо, бу ғазабдан махфий органлар фойдаланган бўлиши ҳам мумкин-ку?
Яъни Чорсу бозоридаги бир оқсоқолни ўлдириб, одамларни исёнга ташвиқ этиш ва сўнгра уларга қарши репрессия бошлаш учун ҳуқуқий замин тайёрланган булиши мумкин эмасми?
Вақт кўрсатади. Ҳақиқат мутлоқо ўртага чиқажак, бундан шубҳамиз йўқ.
Ҳозирча бир нарса аниқ: Каримов ҳукумати демократик мухолифатга ҳеч қачон йўл бермайди. Буни мен айтаяпман — режимни ичдан таниган, унинг бошида турган кишини 15 йиллдан бери кузатган бир одам сифатида айтаяпман. Каримов мухолифатга йўл бермайди чунки айнан шу мухолифат унинг учун асос рақибдир. Диний радикализмнинг мамлакатда етарли ижтимоий  базаси йўқлигини билади. Аммо демократик мухолифат ҳатто ярим эркин бўлган илк сайловдаёқ режимни енгиши мумкинлигини у билади.
Бу сиёсий кучни машрулаштириш, уни таниш — режимнинг қисқа вақт ичида ўлими демакдир. Ўзбекистон Президенти диний радикализмнинг ўлкамизда жонсарак бир шаклда давомли яшашини истайди. Диний радикализм  демократик мухолифатни ҳокимиятдан узоқ тутишнинг воситасидир.

   

Диктaтoрлaрни етиштиргaн иқлим 18.03.2004

Диктaтoрлaрнинг дeярли ҳaммaси aсoсaн биттa принтсип дoирaсидa ҳaрaкaт қилaдилaр. Бу принтсип шундaй: Инсoнлaр ҳукмдoрни сeвишлaри шaрт эмaс. Aммo ундaн қўрқишлaри шaрт. Чунки сeвги улaргa бoғлиқ. Истaсa сeвaдилaр, истaмaсa сeвмaйдилaр. Aммo улaрдaги қўрқув эсa, ҳукмдoргa бoғлиқ. Улaрни дoим қўрқув oстидa тутиш кeрaк, шундaгинa ҳукмдoр улaрнинг фитнaсидaн aмин бўлиши мумкин. Бу фикр, билaсиз, Никoллo Мaкиaвeллининг дaвлaт бoшқaрув ҳaқидaги ҳукмдoрлaргa бeргaн мaслaҳaтигa aсoслaнгaн. Aнчaгинa мaнтиқли фикр. Aммo бу — ҳoкимият фaқaт ҳoкимиятгa xизмaт қилгaн систeмa учун мaнтиқлидир. Бир кишининг мутлoқ ҳoкимияти бoшқaлaрнинг унгa мутлoқ мутeлигигa қурилгaн жaмият учун яъни.
Oзгинa либeрaл, oзгинa ҳурфикр жaмиятдa бу мaнтиқ ярaмaйди! Aдoлaт ҳaқидa бoш қoтиргaн, инсoнпaрвaрлик ҳaқидa, инсoф вa диёнaт ҳaқидa oзгинa бўлсa ҳaм ўйлaй бoшлaгaн жaмиятлaрдa Мaкиaвeлли мaнтиғининг қўллaб-қуввaтлaниши жудa қийин.
Бизнинг Мaркaзий Oсиёдa пaйдo бўлгaн янги дaвлaтлaр ўз Кoнститутсиялaридa aдoлaт, тинчлик, дeмoкрaтия принтсиплaрини улaрнинг тaъбири билaн aйтгaндa, oлтин ҳaрфлaр билaн ёзиб қўйгaн. Лeкин бу дaвaлт бoшлиқлaри дaвлaтни Никoллo Мaкиaвeлли мaнтиғи билaн идoрa этмoқдaлaр. Нимa учун? Чунки фaқaт ўшa диктaтoрлaр зeҳнидa эмaс, жaмият зeҳнидa ҳaм Кoнститутсиядa ёзилгaн дeмoкрaтик шиoрлaрнинг мaънaвий тaмaллaри зaиф. Бу тaмaллaр — инсoф, иймoн, диёнaт вa aдoлaт тушунчaлaридир. Ҳaр бир сиёсий вa сoтсиaл ғoянинг ҳaм xудди қoғoз пулнинг oлтин эквивaлeнти кaби бир тaъминoти бoрдир. Биздa дeмoкрaтик принтсиплaрнинг тaъминoти йўқ. Биздa қoғoз пул кўп, унинг қaршилиги бўлгaн oлтин зaҳирaлaримиз етaрли эмaс. Кoнститутсиядa ёзилгaн дeмoкрaтик принтсиплaргa aмaл қилишгa шуур йўқ . Биздa Прeзидeнтимиздaн тoртиб, кoлxoз бригaдиригa қaдaр кaттa-кичик диктaтoрлaр силсилaси мaвжуд.
Кaттa-кичик сoддaмчaлaр дaвлaтни бир зaнглaгaн зaнжир кaби ўрaб-чирмaб тaшлaгaн. Бу зaнжирни пaрчaлaш учун ишни тaмaлдaн (фундaмeнтдaн) бoшлaш лoзим. Яъни жaмиятнинг мaънaвий дунёсидaги дaҳшaтли бўшлиқни тўлдириш кeрaк. Aгaр бунгa чoрa кўрилмaсa, ҳeч қaндaй иқтисoдий ислoҳoт, ҳeч қaндaй сиёсий ҳуррият бизнинг жaмиятимизни oйдинликкa oлиб чиқмaйди. Бутун сиёсий пaртиялaр ўзлaрининг прoгрaммaлaрини эълoн қилиб, кимўзaргa мусoбaқa қилишлaри мумкин. Бу яxши. Aммo улaрдaн ҳeч бири, биз тeгингaн aсoс муaммoгa тeгинмaяптилaр. Улaр xудди кўзи oчиқ, aммo жoдулaнгaн пaҳлaвoнлaр кaби, мaжҳул сoялaр билaн курaш тушмoқдaлaр.
Инсoният учун Соддoм Ҳусaйнлaр тaҳликaли эмaс. Соддoмлaрни вoягa еткaзгaн, улaрни кучли қилиб, ўз бoшигa бaлo қилгaн зeҳният тaҳликaлидир. Янaдa oчиқрoқ aйтсaк, бизнинг нaфсимиз тaҳликaлидир. Унинг тaрбияси — xудди ёш aвлoд тaрбияси кaби — дaвлaт прoгрaммaлaридaн ўрин oлиши кeрaк. Буни ҳaзил бўлсин дeб aйтaётгaним йўқ, ниҳoятдa жиддий aйтaяпмaн.

БМТга, Оврупо Парламентига, АҚШ Конгрессига, Туркия Буюк Миллат Мажлисига Мурожаат

1 апрел, 2004 йил 

Биз сўнгги кунларда Ўзбекистонда рўй берган террористик актларни ўзбек мухолифати ўлароқ кескин қораладик. Айни пайтда биз дунё жамоатчилигининг диққатини муҳим бир жиҳатга тортмоқчимиз:  Ўзбекистондаги авторитар режим 1999 йил феврал портлашларини мухолифат ва мўътадил диндорларни эзиш учун қўлланди. Бугунга келиб, бу портлашларни ўзбек ҳукуматининг ўзи уюштиргани ҳақида аниқ далиллар пайдо бўлганига қарамай, ўша портлашлар баҳонасида бошланган репрессия давом этмоқда, мингларча бегуноҳ инсонлар қамоқларда қийнаб ўлдирилмоқдаки, бутун дунёда бу даҳшатга «тўхта» дейдиган кимса йўқ.  
Ўзбекистондаги террорнинг томирларини ташқаридан эмас, сиёсий режимнинг тоталитар табиатидан ахтармоқ лозим.  Афсуски, Ўзбекистонни террорга қарши курашда муттафиқ сифатида таниган ўлкаларнинг бу зулмга кўз юмиши мутажовуз режимни янги жиноятларга рағбатлантирмоқда.  
Биз ўзбек мухолифати сифатида, ўз халқларининг вакиллари бўлган Сизларга мурожаат қилиб шуни илтимос қилмоқчимиз:  2004 йил март ойида Ўзбекистонда юз берган қонли воқеалар сабабларини ўрганиш ва тафтиш қилиш учун Оврупо давлатлари, АҚШ ва Туркия тамсилчиларидан ташкил топган бир бетараф комиссия тузилсин. Бу комиссия воқеаларнинг ўзбек ҳукумати уйдирган «сабаб»лари эмас, уларнинг туб моҳияти очиб ташланмагунча, Тошкентда ўз ишини давом эттирмоғи лозим. Акс ҳолда, худди 1999 йилда бўлгани каби демократик мухолифат ва мўътадил диндорларга қарши янги репрессиялар бошланажак, ўлкадаги шундай ҳам таранг ижтимоий вазият янада таранглашажак ва истиқрор (барқарорлик) янада каттароқ таҳлика остига киражакдир. Ўзбекистондаги истиқрор эса, маълумингиз, бутун Марказий Осиёдаги истиқрорнинг тамалидир.  
Тасаввур қилинг, 1999 йил портлашларида халқ (ҳукумат пропагандаси билан бўлса-да) террористларни қоралаган эди, аммо бугун халқ ҳукуматни қоралаяпти!  
Кўчада йўловчилардан олинган интервьюларда инсонлар бу террористларнинг халққа эмас, зўравонлиги билан танилган ўзбек милициясига қарши эканлигини очиқ айтмоқдалар!  
Янада даҳшатлиси — 31 март ва бугун 1 апрелда олинган хабарларга кўра — ҳукумат кучлари Тошкент ва Бухорода қўлга олинган террористларни ҳибсга олмай, судсиз ва сўроқсиз, ўша жойнинг ўзида ўлдиришга бошлаган. Кейин «террористлар ўзларини портлатиб юборишди», дея рапорт беришаётгани ва бундан даҳшатга тушган минглаб одамлар Тошкентни тарк этаётгани ҳақида ҳам хабарлар келмоқда.   
Бу жуда таҳликали ишорат.  
Марказий Осиё истиқроридан сўзда эмас, амалда манфаатдор бўлган ҳар бир жамият, ҳар бир давлат ва инсон ҳуқуқларини қадрлаган ҳар бир шахс учун Ўзбекистондаги воқеалар устидан туман пардасини кўтаришни талаб қилиш — демократиянинг вожибидир. Бу йўлда илк одим сифатида таклиф этилган байналминал комиссия тузилиб, Тошкентда иш бошласа, халқда ўлка келажагига ишонч пайдо бўлган бўларди. Айни пайтда, бу тадбир «ташқи душман» иддаоларини дунё жамоатчилиги ҳузурида исбот қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам бир қулай фурсатдир.
Ҳурмат билан,  
Ўзбекистон «ЭРК» Демократик Партияси номидан унинг лидери: Муҳаммад Солиҳ
 

Шантаж

Америка Қўшма Штатларининг яқинда эьлон килган «Инсон ҳақлари рапорти» мазмунини Ўзбекистон ҳукумати биздан олдинроқ ўрганганига ҳеч шубҳамиз йўқ.Буни Ўзбекистонда сиёсий мухолифат ва диндорларга қарши бошланган навбатдаги қатоғонлар кўрсатиб турибди.
Аслида, Ўзбекистон ҳукумати мухолифатга қарши репрессияларини ҳар 4 йилда янгилаб туради. Чунки ҳар 4 йилда аҳолининг режим зулмига чидайолмаган янги бир қисми бош кўтариб,фаоллаша бошлайди.
Куни кеча қамоққа олинган 3 та «эрк»чи мухолифлар планли  қатоғоннинг навбатдаги тўлқини қурбонлари бўлмаса, деб қўрқмоқдамиз.
Бу режали давом этаётган репрессияларнинг сиёсий ва иқтисодий турткиси сифатида Америка Қўшма Штатлариниг Тошкентга қарши инсон ҳақлари борасида «қаттиқроқ» гапирабошлагинини кўрсатиш мумкин.
Ҳар ҳолда, Ўзбекситонда сиёсий маҳбуслар, қийноқлар ва мухолифат партияларининг рўйхатдан ўтказилмаётгани ҳақида Оқ уйдан дакки эшитиш, ундан доим мақтов эшитишга ўрганган қулоқларга ёқмаслиги табиий ҳол. Дард устига чипқон деганларидек, Американинг найсон (апрел) ойида Ўзбекистонга бериши мўлжалланган молиявий ёрдамнинг кечиктирилгани Президент Каримовнинг ғазабини янада оловлантирди. Агар шундай бўлмаса эди, жаноб Каримов дарров учоққа ўтириб, Московга учмасди. Ва яқиндагина  «Русия оғалик амбициясиидан воз кечиши керак», деган киноялари билан чақиб олган Путинни қучоқлаб, унга ўзининг энг самимий «стратегик» муҳаббатларини изҳор қилмасди. Яъни, бу зиёрат (визит) АҚШнинг  инсон ҳақлари рапорти мазмуни ва  найсон (апрел) ойидаги молиявий ёрдамнинг тўхтатилишини олдиндан билган Каримовнинг Америкага қарши жавоби бўлди.
Каримовнинг Америкага кўрсатган иккинчи мушти инсон ҳақлари ва сиёсий мухолифат устига индирилди. Режим мухолиф партияларни рўйхатга олиш у ёқда турсин, сўнгги бир йил ичида сал-пал фаолллашган мухолифат аьзоларини қамоққа олабошлади. Айни пайтда, Америка Конгерсси томонидан таьминланган Радио Либерти (“Озодлик”)нинг Тошкент бўлими  ходимларига планли равишда мафкуравий ҳужумлар уюштира бошлади. Бу халқ орасида радионинг обрўсини тушириб, балки келажакда унинг бўлимини ёпиш учун қилинаётган фитналар бўлиши ҳеч гап эмас.
Каримов ҳукуматининг бу радикал ҳаракатлари аслида бир шантаждир.»Сен молиявий ёрдам бермасанг, мен Русия билан дўст бўламан, сен инсон ҳақларимизни танқид этиб, мухолифларни ҳимоя этсанг, бу соҳани янада баттар қиламан — ҳаммасини қамоққа тиқаман», деган бир таҳдид, бир майдон ўқишдир.
Бу тахдидга қарши Американинг жавоби қандай бўлади, буни, Оллоҳ насиб қилса, кўрармиз.

(20.05.2004)

Глобал террорнинг икки ажралмас қисми

2002 йили Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари «Стратегик ҳамкорлик келишувини» имзоладилар. Аммо Ўзбекистон бу Келишувнинг инсон ҳақлари ва демократияга оид битта ҳам моддасини бажо келтирмади. Гарчанд Америка Келишувнинг руҳига ҳар нуқтада содиқ қолди ва Ўзбекистон каби инжиқ муттафиқнинг бутун нозу-фироғига сабр билан чидади. Боз устига, Каримов режимига катта моддий-молиявий ёрдам қаторида дунё миқёсида очиқча сиёсий мадад берди.
Ниҳоят, дунё жамоатчилигининг тазйиқи остида АКШ маъмурияти жорий йилнинг август ойида 17 миллион долларлик бир ёрдам пакетини бекор қилди ва Келишувга риоя қилмаётган Ўзбекистонни жазолантирган бўлди. Аммо бундан бир ой ўтар-ўтмас америкалик бир генерал Тошкентга ташриф буюриб, янги бир «пакет» келтирди ва унинг ичидаги пул «бекор» килинган 17 миллиондан оз эмас эди. Аммо бундан олдин, Ўзбекистон президенти Русияга зудлик билан қучоқ очиб, Путин билан иккинчи «Стратегик ўртоқлик келишуви»ни имзолашга улгурганди. Бу йилдирим тезлигидаги тадбир ўзбек лидерининг шантаж санъати нақадар юксалганини дунёга намойиш этди.
Ўзбекистон президенти эҳтиросли бир тил билан Путинни ўз севгисига инонтиришга тиришди ва «Ўзбекистоннинг табиий муттафиқи бўлган Русиясиз ҳеч қаерга боролмаслигини» эълон этди. Буни изҳор қиларкан, » Ўзбекистонга ақл ўргатиб, бўлмагур нарсаларни талаб қилаётган баъзи ақлаввал»ларга тишини қайраб қўйишни ҳам унутмади. Бу акл ўргатётганларнинг бошида Ўзбекистон муттафиқи АҚШ келарди албатта. АҚШнинг талаб қилаётган «бўлмагур нрсалари» эса маълумингиз демократия, эркин сайловлар, мухолифатни рўйхатга олиш, сўз эркинлиги ва маълумингиз инсон ҳақларидан бошқа нарса эмасди.
Бунга жавобан, Ўзбекситон Президенти Москвага кетишдан олдин Тошкентда Сорос вақфини таъқиқлади. Чунки бу вақф тоталитар ўлканинг том қалбида туриб демократия вирусларини сочётган бир манбаъга айланганди кейинги йиллларда. Бунга ўзбек президентининг кўзларини очган Гуржистоннинг собиқ президенти Шеварнадзе бўлди. Биласиз, бу гуржи лидер бултур Тбилисида юз берган «атиргул инқилоби» натижасида ўз тахти билан видолашган эди.
Собиқ совет ҳудудларидаги ҳар хил «қаланги-қасанги хорижий ташкилотларга» Русия президентининг ҳам салбий қараши ўзбек лидерини яна-да илҳомлантириб юборди. Ва Москвадан қайтган заҳоти, демократия вирусини тарқатётган иккинчи бир хорижий ташкилот — Интерньюснинг танобини тортиб қўйди.
Бу сўнгги метаморфозаларнинг маъноси нима?
Гап шундаки, Ғарб билан ўртоклик — ҳатто у стратегик бўлса-да, ҳатто антиттеррор каби муҳим жабҳа ўртоқлиги бўлса-да — Ўзбекистон президентига ҳокимиятда бир умр қолиш кафолатини бермасди.
Аммо Русия иқтидори — зеҳният жиҳатидан ўзбек лидерига қариндош ўулган иқтидор — бу кафолатни бериши мумкин эди. Агар буни «бериш — бермаслик» унинг иродасига боғлиқ бўлса албатта. Ўзбек ҳукмдори бу ҳусусиятни илгари ҳам тушунарди. Факат шошилишга ҳожат йўқ эди. Бошқа, долзарб ишлар бор эди. Антитеррор кампанияси шовқин сурони остида Ғарб давлатларидан кўпроқ ёрдам умариб қолиш мумкин эди. Ва ўмарилди ҳам. Америка билан Келишув имзолаётиб, бу ҳужжатдаги демократик ислоҳотларга оид ҳеч бир параграфни «хаётга тадбик» қилмаслигини Каримов билар эди. У Американинг бунга бўладиган муҳтамал жавобини ҳам билар ва буни кутиб турган ҳам эди. Кутилган он келди, Оқ Уй 17 миллион доллар ёрдамни тухтатди ва Каримов ҳам Московга учди. Энди Каримов демократия ўйини ҳилмаса ҳам бўлади. Декабр ойига Парламент сайловлари белгиланган. Бу сафар ҳам (тўртинчи марта!) мухолифат сайловдан четлатилди. Мухолифатни четлаб, президент зў қў билан қрган 5 та қўғирчоқ партияни Парламентга киритмокчи. Хорижий ташкилотларнинг энг фаолларини таъқиқлаш ва мухолифатга тазйиқни ортирриш, Америкадан узоқлашиб, Московга яқинлашиш маневрлари остида декабрда бўлажак сайловларда режим тарафдорларини жанжалсиз ва осон сайлаш режаси ҳам бор.
Оврупо Хавфсизлик ва Ишбирлиги Ташкилоти (OSCE) бу сайловларни кузатмокчи, деган миш-мишлар ҳали ҳам мавжуд. Агар бу юз берса. Каримов режими 2005 йилда Ғарб демократияси устидан ўзининг энг катта ғалабасини нишонлаяжакдир. Агар Ғарб бу сохта сайловларга кузатувчи юборса, бу дегани Ғарб Ўрта Осиё диктаторларининг ўз халқлари ҳақида уйдирган «демократия халқимиз зеҳниятига тўғри келмайди» деган концептини қабул қилган бўлади. Бу дегани Ўзбекистон диктатори Ғарбга ўзининг уйин қоидаларини қабул эттирди демакдир. Бу яна, бундан сўнгра Ўрта Осиёда унинг демократия тажрибаси бир модел ўлароқ ҳурмат кўради, демакдир.
Агар бу юз берса Ислом Абдуганиевич Каримов ўзининг президентлик иқтидорини 5 марта, бу гал 7 йилга узайтириш учун навбатдаги референдумни чақиришига ҳеч шубҳамиз қолмаяжакдир. Ва агар бу юз берса, биз шўрликларнинг Ислом Абдуганиевичнинг 25 йиллик ҳокимияти туйини нишонлашдан бошқа иложимиз қолмайди. Оллоҳ ўзбек халқига бундай бир қора кунни кўрсатмасин!
Албатта, у пайтгача Ўзбекистонда ижтимоий портлашлар юз бермаса. Фақат ҳозирча ора-сира бомбалар портлаяпти холос. Ва улар ҳам ҳокимиятнинг назорати остида портлаяпти. Портлатганларнинг ҳамммаси портлашдан анча олдин МХХ ва ИБВ га маълумдирлар. Улар портлашдан дарров сўнгра ҳибсга олинадилар ва қора курсига ўтириб, ўзларига қарши чин кўнгилдан «аниқ кўрсатмалар» берабошлайдилар. Баъзи истиснолар ҳам бўлиб туради албатта. Масалан, бултур маҳбус Зайнидди Асқаров ВВС Радиосига 1999 йил портлашларини Миллий Хавфсизлик Хизматининг уюштирганини айтиб берганди. У бу иқрордан кейин изсиз йўқолди. Режим жиноятининг гувоҳи Асқаровга нима бўлгани ҳақда ортиқ ҳеч ким қизиқмайди ҳам. Жамиятимиздаги бу ғафлат ва лоқайдлик мутажoвуз режимга жуда қўл келади. Тузоғига туширган жоҳил бандаларнинг қўли билан бомбаларни портлатишда давом этади. Ва глобал террорнинг шабадаси эсади, дикаторларнинг кўксига ором берадиган мудҳиш шабада! Бу сояда диктаторлар ҳурфикр инсонлар, диндор ва сиёсий мухолифларни қон қустиришда давом эттирадилар.
Ўзбекистоннинг геополитик мавқеи катта давлатлар ўртасида маневр қилишга маълум даражада имкон беради. Диктаторнинг мантиғи жўн: мени кимнинг қуллаб-қувватлаши муҳим эмас, ким бўлса ҳам қўлласин. Агар Америка қўлламаса, Русия қўллаяжак, агар Русия қўлламаса, Хитой бор. Агар Русия ва Хитой мендан демократия талаб қилаётган Америкага қарши бирлашиб мени қўлласа яна-да яхши!
Шундай экан, «Каримов Ғарбдан юз буриб, Московга қучоқ очди» деганларида буни шартли қабул килиш лозим.
Эртага Московга терс қараб, яна Ғарбга қучоқ очиши турган гап.
Русиянинг Беслан шаҳрида юз нерган террор воқеаси постсовет ҳудудидаги тоталитар режимларни шубҳасиз мустаҳламаштирди. Террор террорни кучйтиради. Террор золим ҳукмдорларнинг қўлларини яна-да узун қилади, уларга эркинликларни бўғиш учун чекланмаган ҳуқуқлар беради. Жамоатчиликнинг оғзини ёпишга баҳона туғдиради. Айникса, Ўзбекистондаги каби демократик институтлари йўқ, фуқоравий жамият заиф бўлган ўлкаларда.
Ўзбекистонда 8 минг атрофида сиёсий маҳбус бор, уларнинг бирортаси ҳам ўз айбига иқрор бўламган, улар берган бутун курсатмалар қийноқ остида олинган.
Ўзбекистон муҳим, минтақанинг калити сифатидаги ўлка хисобланади. Ва дунё тарафидан бир мувозанатсиз иқтидорнинг қўлига ташлаб қўйилган бир мамлакат. Советлар йиқилгандан кейин мустақилликка эришган ватанимиз Ўзбекистон ўзининг табиий бойликлари, нисбатан соғлом иқтисоди ва яхшигина ишлаб-чикариш инфраструтурасига қарамай, динамик ва ҳомоген (этник жиҳатдан яхлит), интеллектуал потециали катта аҳолисига қарамай, сўнгги 15 йил ичида дунёнинг энг қашшоқ ва сафил ўлкасига айланди. Ўзбекистон ташқаридан қарганда истиқрорли (барқарор) бу ўлка — дунёнинг энг истиқрорсиз ўлкасидир аслида. Қолаверса, бу истиқрорсизлик бутун Ўрта Осия минтақасига таҳдид соладиган туридандир.Чунки Ўзбекистон террор маскани. Террор манбаъи эса Каримов режимининг ўз халқига уйғулаётган давлат терроридадир. Режим 15 йил давомида оддий фуқороларнинг фанатик жангариларга, оддий диндорларнинг эса «интиҳор шаҳидлар»ига айланиши учун қўлидан келганини аямади.
Алабатта-ки, ўз жонига қасд қилиб, айни пайтда бошқаларни ҳам портлатаётган кимсалар бизнинг инончимизда икки карра жиноячилардир. Чунки ислом динида ўз жонига қасд қилмоқ — жиноятдир. Бегуноҳ инсонларни ўлдирмак яна бир жиноятдир. Аммо бу каби инсонларнинг пайдо булишига сабаб бўлаётган режим эса жиноятчининг энг каттасидир.
Белига бомба боғлаб, одамлар орасида портлатган «шаҳид»ларни зомбига тенглаштирган диктатор ҳақли эди. Аммо диктаторнинг ўзи зомбиларнинг энг каттаси эмасми? Диктаторнинг ҳар кун йўқ қилаётган юзларча жон билан ўзини «шаҳид» деб билган заволли одам портлатган бомбадан шаҳид тушганлар орасида осмон билан ерча фарқ бор. Яна бир фарқ шуки, диктаторни қотиллиги учун «антитеррор куршининг қаҳромони» деб эълон қилишса, бомбачи «шаҳид»ни хамма лаънатлайди. Бу икки қотилни бирлаштирган битта ҳусусият бор: ҳар иккаласи ҳам ўзининг террорини диний ва ёки миллий рангларга бўяб тақдим этадилар. Ҳар иккалови ҳам — қаерда бўлмасин, хоҳ Тошкент, хоҳ Киддусда — бир хил шафқатсизлик билан ўз қурбонларига ташланадилар. Террорнинг бу икки намояндаси — Глобал террорнинг иккки ажралмас қисмидирлар. Бири икккинчиси бўлмаса яшашлари қийин. Бири иккинчисини туғади (рожает маносида) ёки бири иккинчисини ейди — ва шу йўсинда яшашини таъин этади, атрофига ўим сочиб, йўлида давом этади.

(Октябрь 2004 йил)

Укаринадаги Президентлик сайловлари ҳақида

Ўзбeкистон Демокрaтик кучлари Украинада бўлаётган сайловларни катта қизиқиш билан кузатиб борди ва боряпти. Овоз беришда Сайлов қонунларининг бузилиши ҳақидаги ҳозиргачга олинган билгиларнинг ўзигина бу сайловнинг машрулигини гумон остида қолдирмоқда. Овоз беришдаги сохтакорликларни холис муфаттишлар текшириб, ишонарли жиддий хулосалар чиқармаса Украина бир давлат сифатида Ғарбнинг ва халқоро жамоатчиликнинг ишончини қозониши қийин.
Ўзбекистон демократлари номидан Виктор Ющенко бошчилигидаги Украина мухолифатини сайловлардаги улкан мувафақияти ва демократия учун курашдаги сабот матонати билан табриклаймиз. Улар бу курaшнинг биринчи босқичини шараф билан ўтдилар. Укарин дустларимизга бу курaшнинг сўнгги босқичида ҳам ғалаба тилаймиз. Уларнинг ғалабаси озодликка булган ишончини ҳали ҳам йитирмаган бутун инсонлар ғалабаси бўлажакдир.

(24.11.2004)

Суймаганга суйкан…  

Яқинда Буюк Британия Ўзбекистондаги мухтор элчиси Крэг Мюррейни Тошкентдан ватанига чарқириб олди. Буюк Британия Ташки Ишлар вазирлиги элчининг чақириб олинишига унинг Ўзбекистондаги сиёсий режимни танқид қилгани эмас, балки элчининг шахсий хато ва қусурлари сабаб бўлди, деб баёнот берди. Эҳтимол бу тўғридир. Аммо элчи Ўзбек ҳукуматини танқид қилмасайди, ўша «шахсий қусурлари» сабаблигина ишдан олинмаган бўларди, ҳар ҳолда.  
Крэг Мюррей Ўзбекистонда демократия тарафдорлари учун оддий элчи эмас, элчидан каттароқ шахс эди. Крэг Мюррей — Ўзбекистон режими қилаётган жиноятларининг ғарблик гувоҳи эди.   
Инглиз элчиси сўнгги икки йил давомида Ўзбекистон ҳукуматини режим мухолифларига қарши қўллаётган аксилинсоний қийноқлар ва фуқароларнинг инсон ҳақларининг шафқатсиз топталишини муросасиз танқид қилди. Мухтор элчи режим жаллодлари тарафидан гавдаси пажмурда қилинган инсонларни ўз кўзи билан кўрди, бу мазлумлар элчидан ёрдам сўраб унинг эшигини қоқдилар. Ва элчи бир софдил ва тўғрисўз инсон сифатида, бу даҳшатлар ҳақида гапирмасликни ўзига эп кўрмади. Ишидан айрилиш эвазига бўлса ҳам, бу қийноқлар диёри ҳақида кўрган ҳақиқатини айтишда давом этди.  
Мухтор элчи Крэг Мюррейнинг ватанига чақириб олинишида террорга қарши кураш ниқоб орқасига яшириниб олган ўзбек диктаторининг турганлигига бизнинг шубҳамиз йўқ.  
Афсуски, террорга қарши курашда бизнинг қозончларимиздан талофатимиз каттароқдир.  
Постсовет давлатлари мисолида сўнгги сиёсий-ижтимоий ўзгаришларни шартли равишда «Террор оқибатида» ва «Террор ёрдамида», дея икки гуруҳга бўлиш мумкин. Террор оқибатида: СССРнинг йиқилиши ва совуқ уруш даври тамомланиши билан жамиятда бошланган демократиклашувга майл ўз динамизмини йўқотди.   
Террорга қарши ва ёки ундан ҳимояланиш учун жуда катта моддий ва интеллектуал ресурслар сафарбар қилинди ва бу ўз навбатида шундоқ ҳам рамақижон иқтисодиётни янада заифлаштирди.  
Жазо органлари контингенти фожеали даражада каттайди, ҳар беш фуқарога биттадан миршаб пайдo бўлди. Товар, ахборот ва инсоннинг ҳаракат майдони кескин торайди, ҳар жабҳада маҳдудлик (изоляция) кучайди. Булар ҳаммаси одамлар орасида бир-бирига ғазаб ва нафратни қўриқлайдиган факторларга айланди, бу ўз навбатида ижтимоий истиқрорни давомли таҳлика остида тутабошлади. Бу орада, Каримовнинг мустабид режимини қўллаётган Ғарб давлатлари бизга ўргатиб келаётган инсон ҳақлари ва демократия соҳасидаги иззат-эътиборини анчагина задалади.  
Энди «террор ёрдамида» нима бўлганига кўз ташлайлик: террор ёрдамида Марказий Осиёдаги тоталитар режимлар шубҳасиз мустаҳкамланди. Террор ёрдамида бу режимлар инсон ҳақлари ва сўз эркинлигига очиқ ва аввалгидан дадилроқ хуруж қила бошлади. Террор ёрдамида диктаторлар ҳокимият тизимларига сайловларни тўла назорат остига олишга муваффақ бўлдилар. Ўзбекистон декабр ойида Парламент сайловларини яна — учинчи марта! — мухолифатсиз ўтказмоқчи. Бу ҳам террор ёрдамида бўлаяпти, террор Олабўжиси психози ёрдамида қилинаяпти.  
90-йиллар бошларида Каримов режими Ғарб давлатлари тарафидан бугунгидай собит рағбат кўрмаган эди. 1991 йил ўтган Президентлик сайловларини кузатган ғарблик кузатувчилар ўзбек ҳукуматининг машруъиятини (легитимлигини) очиқ шубҳа остига олгандилар.  
Масалан, 90-йиллар бошида Каримов ўзининг Бундестагда қабул қилинишини орзу ҳам қилолмасди.  
Ғарб илк босқичда Совет Иттифоқи йиқилгандан кейин пайдо бўлган янги давлатлар лидерларининг кўнглини олиш учун уларнинг яхши-ёмон бутун ташаббусларини қўллашга интилди. Бу кўнгил олиш эҳтироси керагидан ортиқ теранлашиб, озгина сас чиқарган мухолифатга ҳам ғарблик ҳомийлар қулоғини динг қилиб, ташвишлана бошладилар. Уларнинг андишаси «Марказий Осиё давлатлари яна Русия қучоғига тушмасин», қабилда эди. Ва кутилганидек бу иккиюзли сиёсат қурбони икки ўт орасида қолган демократик ҳаракат бўлди. Ўзбекистонда шафқатсиз репрессиялар оқибатида демократик ҳаракат иллегал ҳолатга тушди, унинг бўшатган ўрнига бугун «исломий» деб аталаётган радикаллар пайдо бўлди. Бу радикал ҳаракатлар бевосита Каримов режимининг меваларидир. Давлат террори воситасида яратилган яратиқлардир. Ҳеч шубҳа йўқки, давлат террорини минтақада илк бошлаб берган одам Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдир. Ҳеч шубҳа йўқки, Марказий Осиёнинг биринчи ҳаваскор диктатори Коммунистик Партиянинг собиқ котиби Ислом Каримовдир.  
У Совет даври Қайта қуриш йилларида пайдо бўлган демократиянинг, базўр ниш урган озодликнинг гўрковидир. Бугун унинг мустабид идора услубидан, унинг мудҳиш тажрибасидан бутун собиқ совет жумҳуриятларидаги катта кичик диктаторлар — Лукашенко дохил — унумли фойдаланмоқдалар.  
Каримов минтақа лидерларини дунё жамоатчилигига қарши майдон ўқишга муттасил илҳомлантириб келди. У «суймаганга суйканма» мақолини ўз тажрибаси билан «суймаганга суйкан», деб ўзгартирди. Ва суймаганга суйканиб ҳам иззат-эътибор кўриш мумкинлигини амалда исбот қилди. Унинг Вашингтон зиёратида Жорж Буш билан саломлашаётгандаги ғурурли боқиши юқоридаги мақолнинг нақадар нисбий эканлигининг исботи эмасми?!  
Ҳа, Каримовнинг минтақага таъсири мукаммалдир. Ҳатто демократия малаги саналган Асқар Ақаев ҳам бу таъсир остида ўзининг Президентлик ваколатини референдум билан узатса ва ёки умуман сайловларни бекор қилиб қолса, ажабланманг.  
Каримов гумашталари тили билан айтганда «Каримов бир феномен». Масалан, ички сиёсатдаги давомли хатоларига қарамай, ой сайин чуқурлашаётган иқтисодий бўҳронга ва фуқароларнинг яшаш стандартлари дунёда энг тубан кўрсаткичга инишига қарамай, бу одам қандай қилиб ҳокимиятда бу қадар узоқ қолабилди?  
Не синоат бор бу «феномен»да?  
Менимча, бу ерда қадриятларнинг терс ҳисобланиши воқеаси мавжуд. Масалан, Ўзбекистон Президентининг демократиядан қўрқоқлиги унинг истиқрорни сақлашда кўрсатган жасорати сифатида такдим қилинди. Унинг бўғувчи, ўлдирувчи иқтисодий сиёсати «ислоҳотларга аста-секин ўтиш» шаклида тақдим этилди.  
Унинг коррупция ва порахўрликка рағбати «социализм сарқитларидан аста-секин қутилиш», деб изоҳланди.  
Каримов «мафияни йўқотдик», деб эьлон қилди, аслида эса ҳукумат мафияни ўз бағрига олди, у билан расман бирлашди. Мафия Каримов туфайли ўз тарихида илк бор легал кучга айланди. Энди у ўлканинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида очиқ ва эмин-эркин фаолият кўрсатмоқда. Давлат ТВ-си ҳар хил баҳоналар билан мафия «ота»ларини «янги бизнесмен» шамойилида ташвиқ ва тарғиб этиб, ёшларга янги инсон идеали сифатида тавсия этмоқда. Мафия Халқаро Спорт мусобақаларини ташкил қилмоқда. Ҳар йили теннис буйича Президент Кубоги мусобақаларини уюштириб, мусобақа ғолибининг пулини «обшак»дан тўлаяпти. Янада муҳими, мафия Ички Ишлар Вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик Хизмати билан биргаликда Учинчи Қувват тизимига айланди. Энди режим мухолифлари ва ёки ўзига ёқмай қолган ҳар қандай бир шахсни Ўзбекистон Президенти мафия қўли билан йўқ қилиш тажрибасини қўллай бошади. Мафия бажарилган иш ҳақида рапортларни Ички Ишлар Вазири воситасида ҳукумат бошлиғига етказиб туриши ҳам бизга сир эмас.
Ўзбекистон Президенти лоббистлари уни «мамлакат истиқрори (барқарорлиги) нинг кафолати», деб таъриф қилишади. Камина, бу истиқрорни «қабристон истиқрори»га қиёсганимда, бу қиёс баъзи ғарблик дўстларимга муболаға бўлиб кўринган эди. Аммо мен аминманки, бу ғарблик дўстларим бундай бир истиқрор ичида яшашни зинҳор-базинҳор истамаган бўлардилар. Улар қўрқув ва зулм остидаги бундай истиқрордан қутилиш учун ҳатто ҳарбий тўнтариш, ҳатто фуқаролар урушини афзал кўрган бўлардилар.
Бу мустабид режим ҳукмронлигида кечган 15 йил ичида Ўзбекистонда яхши тарафга ўзгарган бирор нарса йўк. Воқеалар ҳалокатли даражада секин, худди секинлаштириб олинган кинокадрлар мисоли, худди даҳшатли туш каби зил-замбил оғир — бир-бирини алмаштирмоқда. Бу қўрқинчли уйқудан уйғонмоқ пайти келди. Дунё бу қўрқув диёрининг бошқарувчиси ҳақида ҳақиқатни очиқ айтиши керак: Марказий Осиё турғунлигини асос фактори — Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовдир.

(Ноябрь, 2004 йил)

Киноя рефлексини йўқотган дунё

Яқинда Ўрта Шарқнинг қонли диктатори Саддом Ҳусайн маҳкамага чиқса керак. Унинг ҳамкасби Ўрта Осиёлик диктатор Ислом (Абдуғаниевич) Каримов эса Саддом режимини «аксилинсоний» деб эълон қилди. Бу ҳам етмагандай, бутун маърифатли дунёга жўр бўлиб, Саддом шўрликнинг жазоланишини истамоқда.
Шўрлик Саддом!
Шўрлик, чунки унинг омади чопмади. Агар у диктаторликни Ўзбекистонда қилсайди, ҳеч ким уни қилмаган жиноятлари учун маҳкамага чиқармасди. Унинг орқасида тоғдай бўлиб, суянчиғи Русия турган бўларди. Демократиянинг постсовет жумҳуриятларида кераксиз бир ҳашам эканлигига ишонган реалист Русия.
Саддомни сариқ аждарҳо Хитой ҳам меҳр билан қучоқлаб, Ўзбекистондаги тоталитар идора услубини самимият-ла қутлаган бўларди. Ва ҳеч шубҳа йўқки, Саддом эркинликлар маскани Ғарбнинг асосий муттафиқига айланган бўлар ва ўзи яратган террорни йўқ қилиш учун Ғарбдан ўмарган миллионлаб долларларни киссасига жойлаган бўларди. Вa албаттаки, Саддом бугунгидай Бағдоддаги бир сассиқ турмада эмас, Берлинда Бундестагда, Лондонда Лордлар Палатасида, Вашингтонда Оқ саройда қабул қилинган бўларди.
Уни ҳеч ким, ҳатто душманлари ҳам «диктатор» деб аташга журъат қилмаган бўлар, аксинча, «Ўзбекистон Президенти», дея кўкларга кўтарилган бўларди. Ва Саддом бемалол ўз Президентлик ваколатини референдумлар ёрдамида узайтиришда давом этар, «овозларнинг аксарисини олиб», қайта-қайта муродига етган бўлаверарди.
Агар хўжакўрсинга (Ғарбкўрсинга) бир сайлов қилгудай бўлса, унинг Президентлигига «рақиб» бўлган номзод сайловчиларни ўзига эмас, ҳурматли Саддомга овоз беришини илтимос ва илтижо қилган бўларди.
Ҳа, Саддом бечоранинг омади келмади.
Ахир, у ҳам шу онда дор оғочи супасига эмас, Ислом Абдуғаниевич каби Парламент минбарига чиқишга шайланган бўларди-ку!
Шу йил декабр ойининг охирида Ислом Абдуғаниевич Парламентга сайлов ўтказмоқчилар. Бу сайловда шахсан унинг 5 та партияси қатнашмоқчи. Бу «партия»ларнинг истисносиз ҳаммаси ҳокимият учун курашмаётганини, балки «мўътабар инсон Ислом Абдуғаниевич бошчилигида азиз ватанга хизмат қилиш» эканлигини эълон қилдилар.
Ўзбекистон Президенти Оврупо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ва демократик ўлкаларни бу сайловларга кузатувчи юборишга чорлади. У сайловларнинг мутлақо шаффоф бўлишини ваъда қилди.
Унга ишониш мумкин. Сайлов шаффоф бўлади, чунки бутун партиялар уники. Улардан қайси бири ғалаба қилса ҳам Президентнинг партияси ғалаба қилган бўлади.
Мухолифат эса ҳамон қувғин ва тазйиқ-таъқиб остида чирпинмоқда. Мухолифат бу сафар ҳам сайловларга қўйилмади. Мухолифат вакилларига қарши уйдирма айбловлар ва ҳибсга олишлар тўхтамай давом этмоқда. Турмаларда қийноқлар тўхтамай давом этмоқда. Махфий хизмат ходимлари тарафидан ўғирланаётган ва бедарак йўқолаётганлар сони кун сайин кўпаймоқда. Бугунда Ички Ишлар Вазирлиги ва Миллий Хавфсизлик ертўлаларида, ёпиқ турма ва колонияларда, расмий маълумотларга кўра, 6 мингга яқин, норасмий хабарларга кўра, бундан уч мисли кўпроқ сиёсий маҳбус азоб чекмоқда. Сўнгги бир ой ичида диндорлардан 9 киши ўғирлангани — факт.
Авф (амнистия) сиёсий мухолифатга татбиқ қилинмайди. Улардан бирининг жазо муддати битиб, озодликка чиқадиган бўлса, дарҳол янги бир «жиноят» уйдириб, унинг муддатини узатадилар. Ва у ҳаётини яна ертулада давом эттиради. Бундай уйдирма айб яқинда сиёсий маҳбус, «ЭРК» партияси вакили, Ўзбекистон парламентининг собиқ аъзоси Мурод Жўраевга тақилди. У ертўлаларда роппа-роса 10 йил ўтирди ва озодликка чиқиши керак бўлган мухолифатчи ҳали ҳам турмада азоб чекмоқда.
Бу зулм ва адолатсизликларнинг меъмори Ислом Абдуғаниевич Каримовни халқ ичида «бизнинг Саддом» деб айтишади, аммо у Саддом каби ўз куёвини отиб ташлагани йўқ, Худога шукр. Тўғри, у куёвини «давлат мулкини талон қилди», деб Интерполга қидирув бюллетени очтирди, аммо куёв ҳам бўш келмади. Куёв ўзининг собиқ умр йўлдоши, Президентнинг қизи тўплаган бриллиант коллекциясини давлатдан ўғирланган пулларга олинганини исбот этишга киришди.
Майли, бу ишлар маҳкаманинг иши. Каминанинг демоқчи бўлгани шу: эски, анъанавий тушунчада тарбияланган баъзи инсонлар бу дунёнинг Глобал Иккиюзламачилигига ҳайратда қолиб, ёқа ушлайди.
Нега бир-бирига икки томчи сув каби ўхшаш икки сиёсий лидер дунё тарафидан мутлақо бир-бирига зид сифатлар билан баҳоланади?
Нега Саддом Ҳусайн дор оғочи супасига кўтaрилиш учун шайланади-ю, Ислом Абдуғаниевич Парламент минбарига чиқмоқ учун тайёргарлик кўрмоқда? Ва нега бу маърифатли дунёмиз тарафидан таажжубга молик бўлмаган, НОРМАЛ ҲОДИСА сифатида қабул қилинмоқда, нечук?
Нега бу ҲОДИСА, ҳеч бўлмаганда, кинояли бир табассум уйғотмайди, нега биз лoaқaл мийиғимизда кулиб қўймаймиз?
Мен иккиюзлиликка қарши исён қилишни айтаётганим йўқ, ҳар бир фаросатли одамда бўлиши керак бўлган киноя туйғуси ҳақида гапираяпман. Ёки бизнинг дунёмиз киноя туйғусини ҳам йўқотдими ниҳоят?

(Декабрь, 2004 йил)

Бошқалар учун имтиҳон 
(Тахмин: Ўзбекистонда 26 декабр (2004) куни ўтадиган Парламентга сайловларда  Каримовнинг  одамлари 100 фоиз ғалаба қозонади)  

Маълумки, ҳар қандай сиёсий партия ҳокимият учун курашади. Аммо Ўзбекистонда дунёда мисли кўрилмаган партиялар бор. Бу партиялар ҳокимият учун курашмайдилар. Бу партия лидерлари «биз баъзи бировларга ўхшаб ҳокимият учун курашмаймиз, балки жонажон Президентимиз Каримов раҳбарлиги остида халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қиламиз», дея очиқ баёнот берадилар. Улар «баъзи бировлар» деркан, мухолифатни назарда тутишади.  
Ўзбекистонда ўтадиган сайловлар ҳақида »Фергана.ру» сайти шундай хабар тарқатди: «Сайловларда қатнашишга 5 та ҳукумат тарафдори партия ҳақ қозонди. Бирорта ҳам мухолиф партия сайловда қатнашиш учун рўйхатдан ўтказилмади. Сўровда қатнашган сайловчиларнинг фикрича, сайловда қатнашадиган партиялар сони 1 тадан 10 гача. Фақат 1 кишигина партиялар сонини тўғри (5 та эканлигини) айтди». (Ferghana.ru, Екатерина Бондаренко, 06.12.04)   
Бир бошқа хабар: «Комитет по зашите свободи слова» томонидан эълон қилинган сўровда турли миллат, касб ва ёшдан бўлган 20 тошкентликдан фақат 5 кишигина сайловларнинг қайси кун бўлишини айта олди». («Кастрюльние бунти», Андрей Саидов, 18.12.04,  Centrasia.ru).  
Бунга шуни илова қилиш мумкин: бу саналган 5 та партиянинг бештаси ҳам Ўзбекистон Президенти тарафидан тузилган. Аслида, бу партиялар қоида бўйича — ҳеч бўлмаганда — бир-бирига нисбатан МУХОЛИФ  бўлишлари керак эди, аммо улар МУХОЛИФ сўзидан, худди йўлбошчилари Ислом Каримов каби, ўтдан қўрққандай қўрқадилар ва ўз партияларини «мухолифат» деб аташдан даҳшатга тушадилар.   
Юқорида эслатганимиз сўров шуни кўрсатибдики, тошкентлик сайловчилар бу партияларнинг на исми, на лидери ва на-да программасини билишади. Шунга қарамай, баъзи қўшни давлатлар — Русия ҳам, шу жумладан — Ўзбекистондаги бу ғалати сайловга кузатувчилар юборишдан чекинмадилар. Сайловларга мухолифатнинг киритилмагани ва бунга муносабати сўралган россиялик кузатувчилар «биз Ўзбекистоннинг қонунларини ҳурмат қиламиз ва ички ишларига аралашмаймиз», дея жавоб беришган.  
Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашмаслик истаги Хитой Халқ Жумҳуриятида ҳам жуда кучли, балки Русияникидан ҳам кучлироқ. Эҳтимол, унда ҳам Ўзбекистон билан «стратегик ўртоқлик» шартномаси тузиш орзуси бор. Ҳар ҳолда, Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсатини қўллаб-қувватлашда Русия билан Хитой  мусобақа этиб, бу борада Ўзбекистоннинг муттафиқи Америка Қўшма Штатларидан орқада қолмасликка интилаётганлари аниқ.   
Америка Қўшма Штатлари эса — Ўзбекистонни гоҳ-гоҳ инсон ҳақлари ва демократия ҳақида огоҳлантирса ҳам — унга нисбатан доимо шафқатли ҳаракат этмоқда. Ҳар ҳолда, Белоруссия, Молдова ёки ҳатто Украинага кўрсатган қаттиққўллигини Ўзбекистонга бирор марта ҳам кўрсатмади. Ҳолбуки, Ўзбекистондаги сиёсий режим бу саналган ўлкаларга қараганда юз бор антидемократик ва мустабиддир.  
Масалан, яқинда АҚШ Давлат Департаменти Украинада кечган Президентлик сайловларидаги адолатсизликлар ҳақида қаттиқ огоҳлантириб, мухолифатнинг ҳақларини  ҳимоя қилди. АҚШ худди шундай принципиалликни Ўзбекистонга нисбатан ҳам кўрсата олдими, ажабо? Ахир, Ўзбекистонда наинки «адолатсизлик», балки мухолифатнинг ўзи ҳам йўқ-ку сайловларда?   
Умид қиламизки, Давлат Департаменти бу мавзуда ўз фикрини билдиради.  
Ўзбекистон ўзининг стратегик ўртоқлик имтиёзи ёрдамида НАТО ва АҚШнинг эркатойига айлангани бир ҳақиқатдир. Аммо буюкларга бўлган бу яқинлик Ўрта Осиёга кутилган истиқрорни (барқарорликни) олиб келмади. Аксинча, мамлакатда истиқрорсизлик борган сари кучаймоқда. Шу йилнинг баҳори ва ёзида Бухородан Тошкентгача бўлган кенг ҳудудда террористик актлар рўй  берди. Бу ҳаракатлар бевосита миршабларга ва давлат маъмурларига қарши қаратилганди. Бу воқеалардан кейин, кутилганидек, терактларга ҳеч алоқаси бўлмаган мўътадил диндорларга қарши қатағон кучайди, қама-қама бошланди.  
Ўзбекистон раҳбари  Буюк Давлатнинг муттафиқи бўлиш имтиёзини ўз халқига қарши зулмни машруълаштириш  йўлида фойдаланмоқда, мухолифларга қарши давлат террорини давом эттириш учун қўлланмоқда. Бу эса минтақадаги шундоқ ҳам таҳликали вазиятни янада хавфли чизиққа яқинлаштирмоқда. Каримов режимининг АҚШ тарафидан — нима бўлса бўлсин! — қўллаб-қувватланиши халқ ичида аввал кўринмаган антиамериканизм кайфиятини туғдирмоқда ва оқибатда буюк давлат ўз обрўсини йўқотмоқда. Бу нуқтада Америка Қўшма Штатлари худди ўзининг ҳарбий базалари томонидан олинган раҳиналарга монанддир. Ҳолбуки, ҳарбий базалар учун ерни обрўни йўқотмасдан олиш мумкин. Масалан, Қирғизистондан ва ёки Тожикистондан.   
Америка Қўшма Штатлари ўз муттафиқи Ўзбекистондан 2002 йил мартда Вашингтонда имзоланган «Стратегик ишбирлиги» шартномасининг демократия ва инсон ҳақларига тегишли бутун моддаларини бажаришга чақириши лозим. Акс ҳолда, АҚШ обрўси Ўрта Осиё минтақасида қаттиқ задаланиши турган гап.   
Декабр ойида ўтаётган  сайловлар Ўзбекистон Президенти Каримов учун асло имтиҳон эмас. Каримов бўлажак парламентнинг рўйхатини аллақачон тузган ва бу парламентда — худди аввалгисида бўлгани каби —  бирор жонзот (депутат) ўзига қарши «миқ» этмаяжагини билади.  
Бу сайловлар Мухолифат учун ҳам имтиҳон эмас. Мухолифат «ЭРК» партияси сиймосида бу сайловларни бойкот этишга чақирди (Uzbek opposition announces vote boycott 11.06.2004 (87 04 02 intjw tsk) Associated Press). Мухолифат Каримов режими йиқилмагунча сайловларда қатнашишнинг мумкин бўлмаяжагини жуда яхши билади.    
Лекин бу сайловлар Ғарб давлатлари учун бир имтиҳон эканлигига ҳеч шубҳа йўқ. Чунки Ғарб демократияни бутун дунёда ёйишга даъво қилиб келган бир маданиятдир.  Бу сайловлар Диктаторнинг бу спектаклига ўз кузатувчиларини йўллашдан чекинмаган Оврупо Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти учун ҳам мутлақо бир имтиҳондир. Шунингдек, бу Ўзбекистон сиймосида мутажовуз бўлмаган, яхши қўшни кўришни истаган Марказий Осиё давлатлари учун ҳам имтиҳон. Ки Ўзбекистон раҳбарининг 15 йиллик беқарор ва таҳликали сиёсатидан фақат Ўзбек халқи эмас, балки бутун дунё чарчагандир.   
Яқинлашаётган сайловлар хусусида мушоҳада юритган баъзи мутахассислар беихтиёр: «бу сайлов ҳам бўшига кетди, бу диктаторни  сайлов воситасида, тинч йўл билан ҳокимиятдан узоқлаштиришнинг навбатдаги имконини бой бердик!» дея хитоб этадилар. Ва билмайдиларки, ҳокимиятни сайловлар воситасида «тинч йул билан» фақат  демократик режимларда алмаштириш мумкин. Антидемократик давлатларда эса сайловлар мавжуд режимни машруълаштириш (легитимлаштириш) ва уни мустаҳкамлаш воситасидан бошқа нарсага ярамайди.   
Шундай экан, жаноб кузатувчилар, Ўзбек диктаторининг ҳокимиятини кузатишга хуш келибсиз!  

(2004)

Америка Президенти Жорж Бушнинг қайта сайланганлиги муносабати билан
Американинг Жумҳуриятчи партиясини Президентлик сайловларидаги ғалабаси билан табриклаймиз. Ва умид қиламиз-ки, Президент Буш раҳбарлигидаги Америка дунёда демократиянинг ёйилиши учун ўз ҳисасини қўшишда давом этажакдир. 
Шуни таъкидлаш лозим-ки, Американинг Ўзбекистондаги ҳарбий борлиги умуман олганда ўлкага ижобий таъсир кўрсатди. Маҳаллий ҳокимиятнинг қаттиқ қаршиликларига қарамай, сўнгги 3 йилда мамлакатда хабарлашма (информацион) соҳасида нисбий бир эркинлик вужудга келди. Омманинг сиёсий фаоллиги ўтган йилларга нисбатан сезиларли даражада ўсди. Бу ва бошқа мусбат ўзгаришларда Ғарб давлатлари ва албатта Американинг таъсири мавжудлигини инкор қилиш мумкин эмас. 
Аммо ўзбек демократлари Америкадан кўпроқ нарса кутганлигини ҳам яширмаслик керак. Чунки Ўзбекистондаги мавжуд режим Америка Конгресси эмбарго қўйгани Белоруссия сиёсий режимидан ҳам кўпрок авторитар эди. Чунки Ўзбекистон Президенти Каримов халқаро шартномаларни Лукашенкодан ҳам кўпроқ бузди, кўпроқ топтаган эди. Ва ўзбек демократлари Конгресснинг Лукашенкога кўрсатган принципиаллигини Ўзбекистон Президентига ҳам кўрсатишини кутган эди. 
Америка ва Ўзбекистон орасидаги антитеррор иттифоқи ҳарбий маънода ўзини оқлаган бўлиши мумкин, аммо демократия соҳасида ҳеч оқламади. Аксинча, бу шубҳали иттифоқ Американинг демократия ҳомийси сифатида машҳур бўлган сиймосига доғ туширди, десак муболoға бўлмайди.
Америка қўшинларига ер берган ўзбек ҳукумати буюкдавлат Американинг демократик принципларини гўё гаровга олди. Инсон ҳақларининг бузилиши, сиёсий маҳбусларга уйғуланаётган давомли қийноқлар ва ўзга фикрлиларга қарши қатагонларга қарамай, ўзбек ҳукуматининг Америка тарафидан қўллаб-қувватланиши иккиюзли сиёсат таассуротини туғдирди ва бу ерли аҳоли ўртасида қисман антиамерикан кайфиятлари уйғотди. 
Президент Бушнинг қайта сайланганлиги муносабати билан, биз Ўзбкистонлик демократлар Американинг Ўзбекистон сиёсатининг позитив йўнда янгиланишига умид қилмоқдамиз. Биз Президент Бушнинг Ўрта Осиёда, айниқса Ўзбекистонда демократия тараққиётига янада фаол ҳисса қўшади деб умид қиламиз. Чунки Ўзбекистон бу қадриятларнинг энг шафқатсиз топталаётган бир бўлгасига айлангандир. 

(06.11.2004)

М. Солиҳ: «Бизнинг халқимиз ҳам украинлар каби яқин замонлар ичида майдонларга чиқажак!»

Яқинда Ўзбекистон Эрк демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ Озодлик радиоси мухбири саволларига жавоб берган эди. Қуйида ўша радиосуҳбат матнини эътиборингизга ҳавола қиламиз

23.12.2004

Мухбир: Агар Эрк демократик партияси 2004 йил 26 декабрга белгиланган парламент сайловларида қатнашиш имконига эга бўлганда, ҳозирги сиёсий-ижтимоий вазиятдан келиб чиқиб, партиянгизнинг сайлов платформаси қандай бўлган бўларди?
Муҳаммад Солиҳ: Платформамиз Эрк партиясининг Интернетдаги сафиҳасига қўйилган ва мен уни яна бир бор эслатиб ўтаман. Платформамиздаги биринчи иш, бугунги мавжуд диктатура тузумини конститутцион ҳизога келтириш, яъни конституциянинг ичига киритиш керак. Бу иш бугун бизга имконсиз кўринаяпти ва агар бизни сайловга киритганда ҳам, бу ишни қилолмаган бўлардик, чунки режим бугун конституциянинг устида ўтирибди.
Иккинчиси: бозор иқтисодини тўла амалга ошириш ва бу борада қилинмай қолаётган ишларни қилиш. Учинчиси: бугун ўзгача фикрловчилар ва эркин сўзга ўтказилалтган зулмни тўхтатиш, сиёсий маҳкумларга озодлик бериш, уларни реабилитация қилиш. Сайлов системасини янгидан тузатиш, сиёсий сургундаги мухолифатчиларни ватанга қайтариш ва уларни сиёсий жараёнга жалб қилиш.
Мухбир: Эрк партияси 26 декабр кунги сайловларни бойкот қилишга чақираяпти.Демак партия ҳозирги сиёсий шароитда ўз фаолияти учун бундан бошқа чора кўрмаяптими?
М.С.: Албатта, бойкот бугунги вазиятда қўлимиздан келадиган ягона иш. Чунки бундай бир мухолифатсиз ҳукумат сайловида қатнашишини исташ унинг машруълиги, яъни легитимлигини тан олиш демакдир. Бу эса, мухолифатнинг вазифаларига, демократияга хиёнат ҳисобланади ва бу бизнинг 15 йилдан бери тутиб келаётган принципларимизга хилоф иш бўларди. Шунинг учун биз сайловларни бойкот қилишга қарор бердик.
Мухбир: Мухолифатдаги Бирлик партиясининг бу масалага ёндашуви бошқача. Улар фикрича, сайловларни бойкот қилишдан кўра, одамларни сайловда фаол қатнашиш, аммо кўрсатилган номзодларнинг барига қарши овоз беришга ундаш тўғрироқ бўлади.
М.С. : Буни қилаётган одамларнинг ўзлари сайлов қонун-қоидаларини жуда яхши билишади ва қарши овоз берилган-берилмаганига қарамай, натижа бу сайлов устида турганлар томонидан хоҳлаганича ўзгартирилишини ҳам билишади.Демак бу ерда катта сиёсий мақсаддан кўра, тор доирадаги мақсадлар бўлиши мумкин.
Мухбир: Ўзбекистондаги парламент сайловларига нисбатан муносабат масаласида халқаро ташкилотлар мушкул бир вазиятда қолишмоқда.Ниҳоят яқинда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти чекланган кузатувчилар гуруҳини юборишини билдирди.Бу масалада Эрк партияси қандай ёндашув тарафдори?
М.С. : Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг юбораётган чекланган кузатувчилар гуруҳи бу сайловнинг ҳеч қандай сайлов эмаслигини кузатиш учун, менимча, кетаяпти.Гарчи улар бормаса ҳам сайловнинг сайлов эмаслиги маълум.Аммо балки ўз кўзлари билан кўрса, бунинг халққа қарши ҳукумат қилаётган навбатдаги ўйини, ташқи дунё учун ўтказилаётган томоша эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиларлар. Ҳукуматнинг ўзи ҳам ташқи дунёни бу ўйин билан алдаб бўлмаслигини сезиб турибди. Кетаётган чекланган гуруҳ сайлов деб баҳолаш учун эмас, балки шунчаки фактни белгилаб қўйиш учун кетаяпти холос.
Мухбир: Айни пайтда, Европа ва Ғарб ҳамжамиятининг, масалан, Украина сайловларига бутунлай бошқача муносабатда бўлганини кўрдик. Улар қаллобликлар ҳақидаги дастлабки маълумотлар пайдо бўлиши билан, бу сайлов натижалари ва улар оқибатида ҳукуматга келадиган одамни тан олмасликларини очиқ –ойдин айтишди. Аммо Ўзбекистондаги сайловлар масаласида аҳвол бошқача. Халқаро ташкилотлар сайловнинг, сиз айтмоқчи, сайлов эмаслигини айтишлари мумкин, бироқ айни шу сайловдан кейин тузилажак парламент билан ишлашни давом эттираверадилар. Бунинг битта мисоли — Германия Бундестаги.
М.С. : Германиянинг бу борадаги сиёсати ўзи аввал бошдан икки хил стандартли. Бу борада Британия парламентининг позицияси анча демократик ва яқинларгача АҚШ тутуми ҳам шундай эди. Бугун Ўзбекистон исломий фундаментализмга қарши курашда гўл Ғарбнинг яқин иттифоқчиси бўлгани учун, унинг бошига уриш ўрнига, уни силаш давом этмоқда, афсус.Бу борада бизга муносабатни Украина билан солиштириб бўлмайди. Аммо биз Ўзбекистондаги режим шаънига қаттиқроқ ва кескин гаплар сайловдан кейин айтилишига умид қилиб турибмиз.
Мухбир: Бундан беш йил аввалги сайловларда ҳам сиз билан айни шу руҳ билан, айни шу саволлар атрофида гаплашган эдик ва сиз сайловларда сайлов йўқлигини айтган эдингиз. Бундай вазият яна қанча давом этади деб ўйлайсиз?
М.С.: Гапингиз тўғри, кейинги 10 йил ичида сизнинг саволларингиз ҳам, менинг унга жавобларим ҳам ўзгармади, афсуски. Ҳар бир халқ ўзининг ҳукмдорига лойиқ, деган эски, қадимги бир ҳикмат бор ва у аччиқ бўлса-да, афсуски жуда тўғри.Токи халқимиз кўчага чиқиб ўз ҳаққини талаб қилмас экан, бизга на Америка ва на Британия ёрдам беради. Халқнинг ўзи уйғониши ва ҳаққини талаб қилиши керак ва бизнингча шу кунлар яқинлашаяпти. Xалқ деб майдонга чиққанларга халқдан шикоят қилиш ярашмайди ва биз халқимиздан нолиётганимиз йўқ. Ўзбекистондан келаётган хабарларга қараганда, бизнинг халқимиз ҳам украинлар каби яқин замонлар ичида майдонларга чиқажак. (Зебунисо суҳбатлашди)

Эски харитадаги янги чизгилар  
  

Қирғизистондаги инқилобни фақат Ғарб демократлари эмас, балки пихини ёрган диктаторлар ҳам диққат билан кузатиб турди. Ўзбек диктатори Каримов бундай инқилобларга Ўзбекистонда асло тоқат қилмаслигини эълон қилди ҳам.
Мен биламан, Каримов бундай инқилобларга нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни ўлкаларда ҳам тоқат қилаолмайди. Баъзилар Каримовнинг инқилоб иқтидорга келтирган янги қирғиз лидерларига хушмуомалада бўлганлигини парадоксал, дея баҳоладилар. Ҳолбуки, бу Каримов инқилобчиларни яхши кўрганидан эмас, инқилобнинг Ўзбекистонга сачрамаслиги учун олинган тадбир.
Диктатор Каримов фикрича, инқилобларда зўравонлик бор эмиш. Унинг айтишича, халқ майдонга чиқиб, ўз инсоний ҳақларини талаб қилса, бу — зўравонлик экан. Шахсий тушунчасини сўйламак, ҳукуматникига ўхшамаган фикрни баён қилиш — ғайриконституцион фаолиятдир. Шунингдек, унинг фикрича, сиёсий партиялар ҳукуматни қўллашлари керак, аммо ўзлари ҳокимиятга интилмасликлари керак. Каримов демократияни шундай тушунади.  
Хуллас, собиқ коммунистлар СССР йиқилгандан сўнг осон қўлга киритган ҳокимиятларидан осон айрилишни ҳеч истамаяптилар. Улар дунё жамоатчилиги ҳузурида айтиш лозим бўлган сўзларни яхши ёдлаб олганлар. Масалан, мамлакатдаги турғунликни улар «сиёсий истиқрор» деб атайдиган бўлишди. Жамиятдаги чиришни эса улар «эволюция» деб атамоқдaлар.  
Айниқса, шу «эволюция» сўзи жуда ҳам мода бўлди. Диктатор Каримовнинг фикрича, жамият секин ривожланса, яхши бўлар эмиш, тез ривожланиш инқилобга хос хусусият бўлгани учун хавфли эмиш. Унинг фикрича, демократияга 200 йил давомида келган Америка каби секин ривожланиш лозим эмиш. Ва демократияни бугун, дарҳол талаб қилиш телбалик эмиш. Ўзбек халқи ғарб типидаги демократияга тайёр эмас эмиш. Ўзбекларга Революция эмас, Эволюция керак эмиш. Каримовнинг бу ажойиб ғоясини Русия ва Хитой жону дилдан қўллаб-қувватламокда.
СССРнинг дафъатан йиқилишидан саросимага тушган коммунист лидерлар мафкуравий либосларини шу қадар тез ва пала-партиш алмаштира бошладиларки, охирида ўзларининг кимлигини ўзлари ҳам англамай қолдилар.Улар 70 йил сиғинган бутларини бир соат ичида сотдилар ва дарҳол бошқа бутларни ахтара бошладилар. Бу янги бутлар ҳокимиятга қаттиқроқ ёпишишга восита бўлиши лозим эди. Каримов ҳам ўтган асрнинг 90-йилларда воз кечгани Дарвиннинг «эволюция»сига бугун такрор муҳтож бўлишини ким билибди дейсиз?
Аммо бу янги демагогия уни қутқара оладими?
Ўзбекистон ўзининг 27 миллионлик аҳолиси, бой ресурслари ва иқтисодий потенциалига қарамай, бугун минтақадаги энг қашшоқ ўлкага айланди. Ўзбекистон бугун ҳам худди Совет давридаги каби кучли давлатлар учун хом ашё базаси бўлиб хизмат қилмоқда: у олтин иҳрожи (экспорт) бўйича олдинги қаторларда, пахта иҳрожи бўйича эса дунёда иккинчи ўриндадир. Ўлка иқтисоди қоғозда Давлат назоратида бўлса ҳам, амалда кланлар ва мафия қўлида ва тамоман коррупциялашгандир. Ўзбекистон иқтисодий эркинликлар бўйича дунёда 149-ўринда. Чет эл сармояси учун ҳеч қандай кафолат йўқ. Чунки Қонун амалдорларга бўйсунади, амалдорлар қонунга эмас. Иқтисоддаги турғунлик ўлка миқёсида оммавий ишсизликка олиб келди. Аҳолининг 65 фоизининг кунлик ҳаражат миқдори 1 доллардан пастдир. Ишсиз ёшлар армияси ҳар хил радикализм ва терроризм учун қулай манбага айланмоқда.
Афғонистон 25 йиллик урушдан чиқди, аммо бу ўлкада келажакдан умид бор. Ўзбекистон (Каримовнинг айтишича), 15 йилдир, тинчлик ва истиқрор қучоғида яшамоқда, аммо инсонларнинг келажакдан умидлари йўқ. Ва тасаввур қилинг, ўзбеклар ўша урушдан чиққан Афғондаги эркин сайловларга ҳавас билан боқмоқдалар! Мана, нимага айлантирдилар Ўзбекистонни!
Демак, истаганим шу: бугун Ўзбекистон, менинг халқим демократияга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тайёр.
Бу тайёрлик бадали жуда оғир бўлди. Бу тайёрлик бадали — мингларча сиёсий маҳбусларнинг режим жаллодларининг қийноқлари остида ўтказаётган даҳшатли ҳаётидир. Собиқ совет жумҳуриятларидаги ҳеч бир демократик ҳаракатнинг даво учун тўлаган бадали бизники каби даҳшатли бўлмади.
Айни замонда, биз ҳеч қачон демократияга бугунгидай тайёр бўлмагандик. Озодлик учун ҳаётимизни ўртага қўйиш даражасида тайёрмиз унга.
Албатта, бизга дунё жамоатчилигининг ёрдами ҳам керак. Қўлидан келганлар ёрдам этсалар, миннатдор бўламиз, ёрдам этмасалар, хафа бўлмаймиз, етарки, бизга тўсиқ бўлмасинлар. Ҳеч қурса, золим диктаторни қўллаб-қувватламасалар, унинг «эволюция» ҳақидаги эртакларига жўр бўлмасалар, бас.
Гуржистон, Украина ва Қирғизистонда юз берган воқеалар ижтимоий воқеалар жараёнининг ажиб бир шаклда тезлашганини кўрсатди. Бу жараёнлар шу қадар тезлашдики, ҳар қандай «эволюция» энди «революция» форматига сиғдирила бошлади. Ижтимоий ҳаётда, худди технологияда каби, бир сифатдан янгисига сакраш йилдирим тезлигида юз бераяпти. Башарият ўзининг ижтимоий мақомини ниҳоятда тез ўзгартмоқда; турғунликдан ҳаётий қувватнинг портлашига, тушкунликдан бирдан кўтаринкиликка ўтилмоқда.
Бир йил аввал Украинада инқилоб бўлишини ҳеч ким башорат қилаолмасди. Бу феноменни инқилоб, деб атаяпман, чунки бошқа ном тўғри келмайди. Диктаторлар ҳам бунинг инқилоб эканини эътироф қиладилар, аммо улар бу калима каби у касб этган мазмунни ҳам жону дилдан ёмон кўрадилар. Чунки бу сўзда бир дафъатанлик бор. Таҳликали бир дафъатанлик. Янаги йил Ўзбекистон ва ёки Туркманистонда бу феноменнинг юз кўрсатмаслигига ҳеч ким кафолат бераолмайди. Чунки инқилоблар дафъатан юз беради. Диктаторлар унга қарши қанча кўп тадбир олсалар-да, инқилоб уларни ётоқда ширин уйқуда ётганда, онийдан, кутилмаганда ёқалайди. Диктаторларнинг халққа қарши зўравонликлари ҳам уларни тақдирдан қутулишга ёрдам бераолмайди.
Диктаторларни зимдан қўллаб-қувватлаётган сиёсатчилар «Марказий Осиё Европа эмас, у ерда оммавий митинглар қон тўкилишига олиб келиши мумкин», деган сафсатани тез-тез ишлатадилар. Эсимда, бу сафсатани диктатор Каримов бир пайтлар айнан, сўзма-сўз ишлатганди. 1992 йил 16 январда митингга чиққан талабалардан иккитасини миршаблар отиб ўлдирган куни ишлатганди. Ваҳоланки, қон тўккан ёшлар эмас, Каримовнинг ўзи эди.  
Эски Совет ҳудудларида Русия таъсирини сақлаб қолиш тарафдорлари ва баъзи «либерал аналитиклар» Осиёнинг демокрaтияга тайёр эмаслиги хусусидаги Каримовча «таҳлил»лари билан Ғарбни Марказий Осиё давлатларига нисбатан иккиюзли сиёсат юритишга илҳомлантирмоқдалар.Демократияга тайёр бўлмаганлар бизнинг диктаторлар ва уларнинг мафкурачиларидир.  
Қирғизистон воқеалари бу ҳақиқатни бутун дунёга намойиш этди. Осиё демократиясига инонмаганларнинг бу сунъий пессимизми шу латифани эсга солади: бир мотоциклчи мотоциклини ўт олдиролмай ҳалак. Ёнида турган бир пессимист эса ҳадеб «бу мотоцикл асло ўт олмайди, беҳуда овора бўлма», деб жаврайди. Ниҳоят, мотоцикл ўт олиб, соҳиби эгарга ўтиради, ёнида турган пессимист эса, «овора бўлма, мотоциклинг барибир юрмайди!» дея бақиради. Лекин мотоцикл юрабошлайди. Буни кўрган пессимист мотоциклчи орқасидан «энди уни тухтатиб бўпсан!» дея ҳайқиради.
Украина мухолифати Виктор Юшченко лидерлигида Мустақиллик майдонига тўпланиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилган кунлари диктатуранинг «либерал» тарафдорлари бир овоздан дунёни Украинада муҳтамал истиқрорсизликдан ва унинг ёмон оқибатларидан огоҳлантира бошладилар. Демократик мухолифат ғалаба қилганда эса улар Украинанинг парчаланиш таҳликаси ҳақида жар солдилар. Икки йил аввал эса шунга ўхшаш башоратлар Гуржистон ҳақида, бу йил эса Қирғизистон ҳақида турли интернет нашрларида кўзга ташланмоқда.  
Бундан кўриниб турибдики, эски совет ҳудудларидаги диктатураларга у ёки бу шаклда зиён етишидан манфаатдор бўлмаган сиёсий гуруҳлар ҳали ҳам актив фаолиятдалар. Улар учун демократия ва инсон ҳақлари уларнинг «глобал ҳадаф»ларига халал бермасагина мазмун касб этиши мумкин. Биз учун эса — бу минтақада яшаётганлар учун — демократиядан ҳам глобалроқ бир ҳадаф йўқдир.
Бизнинг «демократиями ёки истиқрорми муҳим» қабилидаги қисир мунозараларга сарф қиладиган вақтимиз йўқ. Биз чеккан 15 йиллик изтироб шу ҳақиқатни бизга кўрсатди. Истиқрор қийматли нарса, аммо озодлик ундан қийматлироқдир. Биз бундан аминмиз. Озод инсонга бу ғалати мантиқни тушунтирмоқ осон эмас. Хаста сиҳҳатнинг қийматини сиҳҳатли кишидан яхшироқ билади. Озод бўлмаган киши озодлик қадрини озод инсондан яхшироқ билади.
Совет Иттифоқи йиқилгандан сўнг бу ҳудудда пайдо бўлган янги давлатлар ўзларининг «Қизил майдон»ларини дарҳол «Озодлик» ва ёки «Мустақиллик» майдонлари деб атадилар. Аммо бу майдонларга озодлик кириб келмади, бу майдонларда диктаторларнинг руҳлари кезиб юрди ва юрмоқда. Аммо сўнгги икки йил ичида Тбилиси, Киев ва Бишкекда юз берган тарихий воқеалар озодликнинг майдон исмидан каттароқ нарсаларга ҳам молик бўлиши мумкинлигини кўрсатди.  
Биз бу майдонларда бир халқнинг давлат қуллигидан давлат соҳиблиги мақомига кўтарилиш жараёнига шоҳидлик этдик. Биз буюк бир шавқ билан шуни кўрдикки, бу майдонларда оддий инсонлар ўз мамлакатларининг янги сиймосини ярата бошладилар.

(2005)
  

Очиқ хат

(Ўзбекистон Президенти  Каримов Ислом Абдуғаниевичга)

Бултур Ўзбекистон Президентига бир хат ёзиб, дўстларимга кўрсатгандим, улар хатни «маъқул, аммо Ўзбекистон Президенти каби сиёсий маҳбусларнинг қийноқ  манзараларини томоша қилишни севган бир киши учун ҳаддан ташқари юмшоқ ва адабий, деб топдилар. Уларнинг бу фикридан сўнгра хатни эълон қилиш ниятидан воз кечдим. Фақат Андижондаги ваҳшиёна қатлиомдан сўнгра бу хатнинг у қадар ҳам адабий эмаслигини кўрдим. Мана ўша хат матни:
«Мен бу мактубни сизни истеъфога чақириш учун ёзаётганим йўқ. Бу хатни сизни инсофга чақириш учун ва ҳатто халқингизга қарши репрессияларни тўхтатишга чақириш учун ҳам ёзмадим. Бу хат  воситасида сиз билан  тортишмоқ ниятим ҳам йўқ.
Бу хатни ёзишга 1998 йилда чиққан «Ислам Каримов -1998» деган китобда кўрганим бир расм туртки берди.  
Ғалати  бир расм. Бу семиз китобдаги ўнларча расм ичида ягона самимий руҳга соҳиб, лаганбардорларнинг ретушисиз, атрофингизни қуршаган сохта табассумларсиз бир расм. Адолатсиз ҳокимиятнинг совуқ нафаси — ёмонликнинг ҳавоси йўқ бу расмда. Бу расмда сизнинг қўлингизда бир маъсум болакай — сизнинг набирангиз — ўзининг тоза табассумини объективга йўналтирган ва орқасида бобосининг изтироб тўла нигоҳини асло кўрмайди. Яхшиям кўрмайди. Чунки бу нигоҳдаги аччиқ изтироб унга ҳузур бериши даргумон эди.
Аммо менга ўхшаган ЎЗИГА КЕЛГАНЛАР учун бу расмда — муболағасиз айтаяпман — очиқ бир насиҳат бор эди. Яратганнинг қонунлари нақадар мукаммаллиги ҳақда бир насиҳат: изтироб чектирар экан, изтироб чекажаксиз.
Расмдаги Дарс айнан шу эди.
Расм менинг нафсимни қаттиқ безовта этди. Оллоҳнинг бу каби кинояси олдида гоҳ ёниб, гоҳ сўниб турган Қўрқувимни янгилади. Шундай бир киноя ҳақида «Пайғамбарлар тарихи»да ўқиган эдим:
Намруд (Иброҳим алайҳиссаломни оташга ташлаган мустабид ҳукмдор) Оллоҳга қарши исён қилганида, Оллоҳ унга қарши зилзила мусаллот қилмайди. Тўфон ҳам юбормайди унга қарши. Оллоҳу Таоло унга қарши кичик бир пашшани жўнатади, пашша унинг бурнидан кириб, миясига жойлашади. Мияда ҳар қимирлаганида, Намруд ақл бовар қилмас оғриққа тутилади ва бундан қутилиш учун хизматкорларига бошига тўқмоқ билан уришни буюради. Ниҳоят, содиқ қуллари уни уриб-уриб ўлдиришади.
Намруд замонида фотография йўқ эди. Агар бўлсайди, биз Намруднинг нигоҳини кўрган бўлардик. Даҳшатли оғриқдан қўпган қиёмат тасвири акс этган нигоҳини. Бу 1998 йил чоп этилган ўша китобда кўрганимиз изтиробдан ҳам шиддатлироқ бир тасвир бўларди албатта.
Сизни Намруд билан тенглаштираётганим йўқ. Намруддан фарқли ўлароқ сизнинг содиқ хизматкорларингиз йўқ. Сизнинг хизматкорларингиз сизни сотиш учун қулай фурсат пойлаб турганини сиз ҳам яхши биласиз. Уларга Намруд изтиробидан қутқариш учун берган буйруғингизни бажармасликлари мумкин. Сизни у даҳшатли оғриқ чангалида қолдириб, қочишлари мумкин. Ана ўшанда — ниҳоят — сиз бугун «жоҳил ва нонкўр» деб атаётган халқингизга мурожаат этажаксиз. Сиз бу азобдан қутқариш учун халқингизга ёлворажаксиз, худди халқингиз сиздан қутулиш учун бугун Оллоҳга ёлворганидай.
Мен сизни яхши биламан, чунки сиз бугун чиқа олмай чирпинаётган ўша ботқоқдан чиқдим.
Ўлкамдаги сиёсий элитани қамраб олган у маънавий ҳавони назарда тутаяпман.
Эсингиздами, 1991 йилги Президент сайловларидан сўнгра мени ҳузурингизга даъват қилиб, айнан шуни дегандингиз: «Бу сайловлар туфайли тарихда қолдингиз, бунга хурсанд бўлишингиз керак».  Ўша пайтда камина сизга «тарихда қолиш учун сайловга муҳтожлигим йўқ»,  деб жавоб бергандим. Бу билан «адабиётчи сифатида ҳам ўзимга етарли обрўйим бор», демоқчи бўлдим албатта. У пайтларда ёш жиҳатдан сиздан ёшроқ, аммо обрўталаблилик жиҳатидан сиздан кам эмасдим чоғи. Масалан, шундай деб ўйлардим: «нега мен шундай яхши инсон, шундай тўғрисўз, ўз халқини севган ватанпарвар, соф ниятли бир идеал киши тазйиқ ва таъқиб остида, азоб ичида яшашим кераг-у, иккиюзли эски коммунист, Совет Иттифоқининг оташин ҳимоячиси, бир кунда мустақиллик тарафдори бўлиб, халқимга бошчилик қилиши керак?”
Шунақа кибрли эдим.
Оллоҳимга шукрлар бўлсинки, мени бу исён ичида яна-да тубанроққа сирғалишимга изн бермади. Ҳеч ҳаялламасдан — сизнинг қўлларингиз билан! —  мени ватанимдан бадарға қилди. Дарҳол! 
Бу мўъжиза эмасми?
Бу сургун мени қайси қоронғиликдан олиб чиққанини тасаввур қиласизми?
Қандай қўрқинчли зулматлардан суғуриб олди!
Йўқ, сиз тасаввур қилолмайсиз, чунки сиз ҳали ҳам ўша мени қабул қилган кабинетда турибсиз. Ўша 1992 йилда. Каминага тарихда қолганлигим учун қувонишимни тавсия қилганингиз кабинетда. Сиз ўша кабинетдасиз ва ҳеч ўзгармадингиз. Агар ўзгарганингизда эди, у расмдаги нигоҳда шафқатсиз изтиробни биз кўрмаган бўлардик. Агар ўзгарганингизда эди, сиз у кабинетдан истеъфо қилиб, яна ўша набирангиз билан ўтирган бўлардингиз. Фақат бу ҳолдаги расмингизда ўша даҳшатли изтироб бўлмасди.
Қўрқаманки, сиз бу саодатни қўлдан чиқардингиз. Ҳар ҳолда, бугунгача сиз бу бахт қушини тутолганингиз йўқ.
Тушунинг, сизнинг устингиздан кулаётганим йўқ. Дардингизга бир дардкаш бўлмоқ истаяпман. Чунки биламан, сизга нақадар оғирлигини, нақадар қўрқинчли эканини бу дунёнинг. Инсоннинг атрофида одам тўла бўшлиқ бўлса, бу бир даҳшатдир. Инсонда ИНОНЧ  йўқ бўлса, ўзидан бошқа ҳеч бир мавжудотга инонч йўқ бўлса бу — бир даҳшатдир.
Мен сизга дардкаш бўлмоқ истайман. Бутун менга ўтказган зулмингизга қарамай, менинг оиламга, менинг яқинларимга, дўстларимга ва ҳатто халқимга ўтказган зулмингизга қарамай, сизга дардкаш бўлмоқ истайман. Дардкашлик истайман, чунки сизнинг ўрнингизда ўзимни тасаввур қилаоламан ва бу тасаввурдан даҳшатга тушаоламан: дардкашлик нима билмаган, ўзининг ҳамиша ҳақлигига ишонган, такаббур, одамларга доим юқоридан боқадиган бир зотни тасаввур қилаоламан. Юмшоқкўнгиллиликни заифлик, инсонийликни эса давлат одамига ярашмайдиган зарарли одат сановчи, ўзининг «реал политикачилиги» билан фаxр туйган бир киши, Макиавеллининг гизли муxлиси бўлган бир тип. Ўзимни бу типнинг қолипида ТАСАВВУР этиш мени шундай даҳшатли қўрқинчга солса, бу тип бўлиб ЯШАШ нақадар даҳшат эканлигини ўйлаб, сизга ачинаман ва шу ачиниш туйғуси ила сизга ҳамдард бўламан.
Буларни сизга ёзиб, бошқаларнинг ўқишини истаяпман. Очиқ бир насиҳат услубида ёзаяпманки, буларни ўқиб, лоақал бир неча киши сизларга ўхшашдан воз кечсин. Сизларга ўхшаб ўйлашдан, ишлашдан ва яшашдан воз кечсин. Сизга ва сизнинг одамларингизга ўхшашдан қўрқсин.
Инсонларни тириклайин қайноқ сувда қайнатадиган одамларингизга ўхшашдан қўрқсин. Ки улар ҳамдардлик нимадир билсин, кўз ўнгида оғриқдан тўлғонаётган инсон боласини кўрганда, қалбларида бу оғриқни ҳис этсинлар.
Бу хатни яна «менинг мамлакатимда «экканингни ўрасан» ҳикматини унутмаган инсонлар ҳали ҳам  бор», деган умид билан ёзмоқдаман. Мамлакатимизда золимдан қўрқмаган, Оллоҳдан қўрққанлар ҳали ҳам бор, деган умид билан.
Менга суиқасд қилиш учун юборилган  кимсaлар бу сизнинг «буюртма»нгиз эканлигини айтишганда, сизнинг одамлардан қўрқишингизни англадим. Бу бир ҳукмдор учун кечирарли ҳол эмас. Сизга ўз тажрибамни айтай: одам зотидан қўрқмаслик учун Оллоҳдан қўрқишни ўрганиш лозим. Бу санъатга ўрганганингиз он сиз на мухолифлардан, на оломондан ва ҳатто на халқингиздан қўрқажаксиз. Халқ орасига чиқаркан, муҳофизлар лашкарига эҳтиёж қолмаяжак.
Жаноб Президент, камина ўзига келган қуллардан биттасидир. Камтарроқ айтсам, ўзига келиш лозимлигини англаган қуллардан. Яъни Нафс шаъридан қутулишга уринаётган, бу мажбуриятдан сесканиб ўзига келганлардан бири. Нафс шаъридан қутилиш учун унинг ҳақиқий юзини кўришга ҳаракат қилмоғимиз керак. Уни кўрганларни шундай  даҳшатли қўрқув босармишки, худди  оёқ остида ер ёрилиб, бошингга қоялар қулаётгандай ҳис этиладиган қўрқув. Ва қўрқув сизни ЎЗИНГИЗГА КЕЛТИРИШИ мумкин. Ўшанда дунё кўзингизга бом-бошқа кўринажакдир. Бугунги ашаддий душманларингиз дўстга айланажак ва кўзларингиздаги у даҳшатли изтироб буғланиб, ҳавога учажакдир.
Камина — Оллоҳга беадад шукрлар бўлсин — бу нуқтадаман, бу ердаман. 
Унга тинмай шукр қиламан, сабабларим сонсиздир. Унга 1991 йил Президентлик  сайловларида сизга ютқаздиргани учун шукр қиламан. Сизнинг воситангиз билан мени сургунларда, ёт элларда саргaрдон этгани учун шукр қиламан. Яна сизнинг воситангиз ила менга фарзандларим, яқинларим билан бирликда бу изтиробни чектиргани учун шукр этаман. Шу улуғ дарсни бергани учун шукр киламан: БУ ДУНЁДА ИЗТИРОБ ЧЕКМАГАН ОДАМ НА ЎЗИНИ, НА ЯҚИНИНИ, НА ДЎСТЛАРИНИ ВА НА-ДА ХАЛҚИНИ ТУШУНИБ, АНГЛАЯЖАКДИР.
Ҳолбуки, халқ номидан майдонга чиққан ҳукмдор ҳар ким бу хилқатни, халқни англамоғи  вожибдир. Ки бу хилқат ҳукмдорни бутун хизматкорлари тарк этган  ул охират кунида ҳукмдорни ўша  пашша азoбидан қутқарсин.

(2005)

Мухолифатчилар

(«Озодлик» радиосининг 2005 йил 5 май куни программасидаги «Қурултой» рукнидан олинди) 

Ўзбекистондаги Мухолифатчиларни шартли равишда тўртта синфга бўлиш мумкин.
Биринчи синфга аламзадалар киради. Буларнинг деярли ҳаммаси собиқ коммунистлардир. Булар катта ва ё кичик лавозимларда ишлаган социалистик давлатнинг маъмурлари. Улар у ёки бу сабабга кўра ишдан олинганлар, бунга аччиқ қилиб, мухолифат сафига ўтган кимсалардир. Булар иқтидорга келса, худди аввалгилар каби бойлик тўплаш ва уларни ишдан ҳайдаганлардан ўч олиш билан машғул бўладилар. Яъни давлат ўз моҳиятини ўзгартирмайди.
Иккинчи синфга давлатнинг пинжида яшаб, бойлик орттирган янги бойваччалар киради. Бу типлар маҳфий хизмат ходимлари ва миршабларни маблағ билан таъминлаб турадилар. Булар Президент саройининг доимий гумаштаси, бизнесни сарой билан амалга оширадилар ва даромадни ҳам тенг бўлишадилар. Бу типлар мухолифатга «қўшилганда» на сарой, на миршаб, на-да Миллий Хавфсизлик қаршилик қилади, аксинча, уларнинг мухолифат сафларига тезроқ кириб, адаптация бўлиши учун ёрдам берадилар. Булар давлатнинг мухолифат ичидаги Троя отларидир. Бошқа таъбир билан айтганда, Бешинчи колоннасидир. Бу типлар ўз мухолифатини Президентга эмас, президент атрофидаги одамларга қарши йўналтириб, Президентни оригинал бир услуб билан ҳимоя киладилар. Бу типлар ҳокимиятга келса, давлат ҳеч нарсасини йўқотмайди, статускво ўзгармайди, ҳокимиятда худди аввалги зеҳният ҳоким бўлади. Бу ерда ўзгарадиган нарса давлат тепасидаги шахс исми, холос. Айни ўғирлик, айни зўравонлик, айни зулм давом этаверади. Буларнинг яна бир хусусияти, мухолифатга қанчалик тез кирган бўлсалар, ундан шунчалик тез чиқиб кетиш қобилиятидир. Моддий манфаат қайси тарафда бўлса, ўша тарафга йўналадилар. Уларда ҳеч қандай аҳлоқий принцип йўқ, аксинча, улар принципли инсонлар устидан кулишади.
Учинчи синфга динчи мухолифат киради. Бу синф, асосан, мустабид режимнинг диндорларга қарши юритган адолатсиз ва золим сиёсати оқибатида пайдо булган мухолифатдир. Уларнинг аксари қисми динига юракдан боқлиқ, ихлосли муслимонлардир. Фақат бу мухолиф оқимини ўзининг маҳдуд сиёсий мақсадларида қўлланаётган кучлар уларни асл мақсадларидан чалғитиб, қандайдир умумжаҳон исломий салтанатини қуриш каби хомхаёллар билан машғул қилмоқда.
Бу диний мухолифатни умумдемократик элпоза (спектр) ичига тортиш ва динимиз учун хайрли бўлган кураш шаклини уларга англатиш — ватан ва миллатини ўйлаган ҳар кимнинг бурчидир.
Мухолифатчиларнинг тўртинчи синфи ҳам бор, бу синфга идеалистлар, ўз ҳаётини муайян бир ғояга бағишлаган шахслар киради. Бу тип мухолифатчилар президентни ўзгартиш билан муаммо ҳал қилинмаслигини чуқур англаган типлардир. Улар сиёсий системани ўзгартириш тарафдоридирлар. Советлардан қолган диктаторлик системасини ҳуқуқий давлат билан алмаштирмагунча — ҳокимиятга ким келса келсин — халқнинг аҳволи ўзгармаслигига инонган инсонлардир. Ва бу инонч йўлида муросага бормайдиган, бир нави қайсар шахслардир.
Уларнинг кураш услуби ҳар кимга ёқавермайди. Чунки уларнинг услубида курашиш — узун нафасли марафон демакдир. Турмалар, сургунлар, қувғинлар демакдир. Уларнинг бу курашдан соғ-салим чиқиш эҳтимоли юксак эмас, чунки ҳаётлари доим таҳлика остидадир. Аммо агар бу типларнинг омади чопиб, ўлмай қолсалар ва ҳокимиятга келсалар, улар кечирган бу оғир ҳаётнинг мукофоти уларга эмас, халққа берилажактир. Халқ уларнинг иқтидори воситасида чинакам ҳурриятга ва иқтисодий рафоҳга эришиши мумкин. Бу феноменни Нелсон Манделла ва Вацлав Хавел каби лидерлар мисолида кўрдик.
Ўзбек халқи ақлли халқ. Каримовдан кейин яна бир Каримовни ҳокимиятга келтирадиган даражада авом эмас, бир ўғридан қутулиб, иккинчисини уйига киритадиган даражада содда эмас, бир золимни тахтдан тушириб, иккинчисини тахтга чиқарадиган даражада аҳмоқ эмас ўзбек халқи.
Етарки, унга демократик сайлаш имконини беринг. Етарки, унинг берган овозини сохталаштирмасинлар. Яъни, биринчи навбатда, биз демократик ва ҳур сайловлар учун кафолат олишимиз керак. Бу сайловларни бутун дунё шаффоф бир шаклда кузатиши лозим. Бунга эришиш диктатурадан қутулишнинг энг тўғри йўлидир.
Афсуски, бундай Сайловга эришиш учун биз инқилобга муҳтожмиз, диктатура бизга инқилобдан бошқа альтернатив қолдираётгани йўқ. Агар бизга — Конституцияда ёзилгани каби — эркин сайлов имконияти берилганда эди, биз на Украина ва на Гуржистон инқилобига муҳтож бўлган бўлардик. Бўлажак инқилобнинг асос талабларидан биттаси — эркин сайловлардир. Шундай бир сайловки, унга истаган ҳар ким кирсин ва бу сайловдан ҳар ким ўзининг бўй ўлчовини олиб чиқсин.   
  

29 июн куни Америка Қўшма Штатлари Конгресси Хельсинки Комиссияси мажлисида ўқилган нутқи

Муҳтарам хонимлар ва жаноблар,
Муҳтарам Сенатор Броунбак,
бу машваратни ташкил қилганингиз ва бу ерга ташриф буюрганингиз учун ташаккурларимни қабул этинг.
Ўзбекистонда юз берган қатлиомнинг миқёси кун ўтган сари янада яққолроқ кўринмоқда. 13 май куни Андижонда, Бобур майдонига Ўзбекистон президенти Каримов айтганидек экстремистлар эмас, халқ чиқди, Ўзбек халқи чиқди.
Албатта, халқнинг тузумга қарши бу ғазабидан ўзининг тор мақсадлари учун фойдаланиб қолишга интилган кланлар доим топилади. Андижонни ҳам бундан истисно қилиб бўлмасди. Лекин иддао қилинаётган «акромийлар» Ўзбек маҳфий хизматининг уйдирмасидан бошқа нарса эмас, чунки Ўзбекистонда бундай бир диний тариқат йўқ.
Тўғри, битта факт бор: адолатсиз судланиб қамалган фуқароларни турмадан қутқариш учун қилинган бир ноқонуний акт бор, буни амалга оширганлар, албатта, қонун доирасида жазоланиши керак. Аммо бу Президент Каримовга бу қуролли гуруҳга ҳеч бир алоқаси бўлмаган, қуролсиз ва тинч йўл билан ўз муаммоларини тилга келтирган халққа қарши ўт очишга асло ҳуқуқ бермасди.
Бошқа томондан, ўша қуролли гуруҳ ҳам ҳукумат билан муросага чақирганди, Русия президенти Путиннинг воситачи бўлишини исташганди. Аммо Каримов уларнинг бу истагини рад этди ва қуролли гуруҳга эмас, майдонда тўпланган қуролсиз оломонга ўт очишга амр берди. Чунки Каримов «калашников»лар билан қуролланган «экстремист»лардан эмас, ўз муаммоларини муҳокама қилаётган халқдан қўрқарди. Каримов айнан шу қуролсиз ва маъсум инсонларга ўт очди, ки, бу инсонлар Қирғизистон, Украина ва Гуржистондаги каби бир инқилоб ҳақида орзу этишга жасорат кўрсатмасинлар.
Турмага ҳужум қилиб, ўз қариндошларини қутқарган қуролли гуруҳ Каримов учун халқни ўққа тутишга яхши баҳона бўлди (Бу гуруҳ ичида маҳфий хизмат вакиллари бўлганлиги ҳақида тахминлар ҳам бор).
Андижон қатлиоми миқёс жиҳатидан 1989 йил Пекинда юз берган Тянь-Ань-Мэнь фожеаси билан тенгдир. Аммо дунё бу қатлиомга Тянь-Ань-Мэнга кўрсaтилгани қадар эътибор кўрсатолмади.
Ғарб давлатларининг бу қатлиомни бетараф тафтиш қилиш чақириғига Хитой ва Русия қарши чиқди. Улар бу чақириқни мустақил давлат — Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашув, дея баҳолади. Қизиғи шундаки, улар Каримов режими амалга оширган Ўзбек халқига қарши жиноятни дастаклар экан, буни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашув, дея ҳисобламайдилар. Улар мустақил давлат деркан, Каримовнинг мустақиллигини назарда тутганга ўхшайди.
Шундай экан, Каримовнинг бу кўзёши ва қон ичида ҳали ҳам чўкмай, юзаётганига ҳайратланмаса ҳам бўлади.
Каримов Ғарб давлатларининг танқиди ва талабларига чидамай, дарҳол Пекин йўлларига тушди ва Ғарбга қарши Хитойнинг кўмагини истади. Ва бу кўмак учун Хитойга берилган пора сифатида 650 миллион долларлик энергетика бўйича бир шартнома имзолади.
Аммо халқ мақолида айтилганидек, қўрқувнинг ажалга таъсири йўқ. Каримов режими йиқилишга маҳкумдир. Гап унинг қандай йиқилишида. Йиқилар экан, атрофдаги фауна ва флорага зарар бермасдан йиқилса, не гўзал. Бу хунук иншоот йиқилар экан, инсонлар тагида қолмасин, қон тўкилмасин. Бундай зарарсиз йиқилишни таъминлашда бутун тараққийпарвар дунё иштирок этмоғи лозим. Бунинг йўли эса, ҳар нарсадан аввал, Каримов режимига берилган фундаментал таърифлардан воз кечилиши лозим. Масалан, Каримов режими йиқилса, унинг ўрнини фақат ва фақат ислом радикаллари тўлдиради, деган асоссиз иддаодан воз кечилиши керак. Ўзбекистонда ўз орқасидан халқни эргаштиришга қодир бирорта ҳам диний гуруҳ йўқдир. Уларнинг аксарияти тарқоқ ва маргинал гуруҳлардир, битта мулланинг атрофида тўпланган, мафкуравий базаси заиф, муайян дастури булмаган кишилар йиғиндисидир. Буларнинг ичида бир истисно – Ҳизбут-таҳрир партияси. Аммо у ҳам бизнинг минтақада чуқур илдиз ота олмайди, чунки бу ҳизб уммат номидан гапирса-да, амалда ботиний панараб ғоясини сингдиришга уринмоқда ва миллат тушунчасини тубдан рад этмоқда. Бу гуруҳнинг Ўзбекистонда фаоллиги сабаби ўлароқ халқимизнинг қашшоқлигини кўрсатиш тўғри бўлади. Ўзбекистонда арзимаган пулга ўсмирларни тўплаб, уларга ҳизб варақаларини тарқаттириш ҳеч гап эмас ва бу халқ орасида тез акс-садо бериши ҳам нормалдир. Бу ҳизб тарафдорларининг яна бир хусусияти узига ўхшамаганларни «кофир» деб аташидир. Бу радикализм халқни ундан узоқлаштирган кучли омилдир.
Шу боис, бу каби гуруҳлар ҳатто Каримовга ашаддий мухолиф гуруҳлар ичида ҳам бегона унсур бўлиб қолишга маҳкумдирлар.
Диний радикалларни Каримов режимига ягона альтернатив сифатида кўрсатишга уринишлар, аслида, Каримовнинг гапини такрорлашдир. Каримов ҳам йилларча «мен кетсам, ўрнимга ислом фундаментализми келади», дея иддао қилиб дунёни қўрқитиб келмоқда.
Бу иддао унинг ҳокимиятини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда. Ҳолбуки, на статистик маълумот, на жамоатчилик фикри бу иддаони тасдиқлай олмайди.
Ғарб Ўрта Осиёда демократик ҳаракатларни қўллаб-қувватламоғи лозим. Истанг-истаманг, йиллар давомида дунё эътиборидан четда қолган бу ҳаракатлар минтақамиз муаммоларини ечишга қодир ягона альтернативдир. Сиз бу феноменнинг намуналарини Гуржистон, Украина ва Қирғизистонда кўрдингиз.
Биз шуни англамоғимиз лозим: Андижон қатлиомини амалга оширишда президент Каримовдаги жазосиз қолиш туйғуси катта роль ўйнади.
У ўз жиноятлари учун жазо олмаслигидан амин бўлгани учун қўлини қонга ботиришга журъат қилди. Золимнинг юрагидан бу журъатни суғуриб олиш пайти келди.
Ўтган йил Америка Қўшма Штатлари Сенати Лукашенко режимига қарши «Демократия акти» қабул қилди ва бутун дунёга гўзал бир ўрнак кўрсатди. Муҳтарам Сенат бу йил Каримов режимига айни «Акт» ни эълон қилиб, дунёни яна бир кез тасанно айттириши мумкин эмасми?
Бизнинг Ғарб давлатлари ва Америкадан истакларимиз мухтасар шакли шулардир:
1. Демократик мухолифатнинг Ўзбекистонда машруълашувига кўмак.
2. Мухолифат лидерларининг Ўзбекистонга БМТ кафолати остида қайтишини таъминлаш.
3. Муддатидан олдин эркин сайловлар ўтказиш ва унда мухолифанинг иштирокини таъминлаш
4. Мамлакатда эркин матбуотни йўлга қўйиш.
Илк босқичда биз учун шу минимум етарлидир. Бизнинг қаноатимизга кўра шу минимум демократик йўл билан антидемократик режимдан тинч йўл билан қутулиш имконини беради. Ҳар қандай бошқа андозалар, масалан, ёвуз Каримовнинг ўрнига кунгилчан Каримовни олиб келиш сценарийлари бизнинг халқимизга қилинган энг катта хиёнат бўлади. Ҳозир шундай сценарийлар ёзилмоқда, Тошкентда Каримовнинг қизи орқасида турган қандайдир «Серқуёш коалиция» ҳар ерда жавлон урмоқда. Аммо Ўзбек халқи ортиқ алданмайди. Фигуралар эмас, зеҳниятлар алмашуви зарур. Янги ва замонавий қадриятларни ўзига сингдирган зеҳният соҳиблари сиёсатчиларни кутаяпти Ўзбек халқи. Бу хил сиёсатчилар бизнинг демократик ҳаракатларимизда мавжуддир.
Совет Иттифоқи қулагандан сўнг, бизлар «Қизил майдон»лармизни «Озодлик майдонлари», деб атадик. Аммо бу майдонларда Озодлик эмас, диктаторларнинг кўланкалари сайр этди ва сайр этмоқда. Фақат Гуржистон, Украина ва Қирғизистондаги оламшумул воқеалар Озодлик тушунчасининг майдон исмидан буюкроқ нарсаларни ифодалаши мумкинлигига бизни ишонтирди. Биз буюк бир шавқ ила бу майдонларда инсонларнинг давлат қуллигидан давлат соҳибларига айланганини кўрдик.
Шундай экан, биз Ўзбеклар ўз келажагимизга некбин боқмоқдамиз ва Оллоҳнинг изни ила асрлар давомида интилганимиз Озодликка эришажакмиз.
Диққатларингиз учун раҳмат.

(29.06.2005, Вашингтон) 

Буюк йиқилишнинг ибтидоси  

Тарихда «Қайта қуриш» деб ном олган бу оламшумул зилзила — менинг шахсий ҳаётимда балки энг буюк воқеа бўлиб қолажак. «Қайта қуриш» давридаги пайдо бўлган нисбий ҳуррият сабабли эмас. «Қайта қуриш»нинг оламшумуллиги бу ижтимоий зилзила оқибатида дунёнинг энг буюк колониал давлати Шўролар Иттифоқи сассиз-садосиз бир кунда йиқилганидадир. Биз, ёш миллиятчилар сифатида, йиқилишини орзу қилган, аммо йиқилиши тушимизга ҳам кирмаган бир йиқилиш эди бу.
Бугун Ўзбекистондаги баъзи одамлар очлик ва қашшоқликдан қийналганидан Совет Иттифоқининг дориломон кунларини орзу қилаётган бўлиши муқаррар, аммо мен буни ҳеч орзу қилмайман ва бу «дориломон»ликни қайта яшашини халқимига раво кўрмайман. Чунки ўзбекларни бу аҳволга солган сиёсий раҳбар ўша «дориломон система»нинг зурёдидир, айнан ўша система яратган лидер туфайли қашшоқлик кун сайин чуқурлашмоқда.
Совет тузумидаги энг нафратланганим хусусият — инсонларга қуллик зеҳниятини сингдирганидир. У қадар теран сингдирдики, йиқилганига 15 йил бўлди, биз ҳали ҳам бу манфий хусусиятдан қутула олмадик.
Ўзбекистондаги мутажовуз режимни зоҳирда миршаблар ва маҳфий хизмат органи оёқда тутиб турган бўлса, ботинда уни оёқда тутиб турган нарса — биздаги қуллик зеҳниятидир. Бизга Совет Империяси сингдирган бу хасталикдан қутулмагунча, бошимиздаги диктатордан қутулишимиз амри маҳолдир.
Шу маънода, «Қайта қуриш» қуллик зеҳниятига урилган биринчи тарихий зарба эди. Ва албаттаки, бу биз учун, ўша пайтдаги ёш шоирлар учун, мисли кўрилмаган бир байрам бўлди. Бу байрамга биз руҳан ва жисмонан тайёр эдик.
Горбачёв ҳокимиятга келмасдан бир йил аввал Ўзбекистон Марказий қўмитаси тарафидан миллий қадриятларимизга қарши жиддий ҳужум бошланганди, бу бизнинг миллий туйғуларимизни яхшигина қабартирган эди. Китоблардан «Оллоҳ», «Пайғамбар», «фаришта» каби сўзларни олиб ташлаб, тарихий шахслар ҳақидаги китоблар муаллифларини тазйиқ остига олишлар ва масжидларни бузиб, унинг қуббасидаги хилол ва юлдузни ўроқ ва болғага алмаштиришлар бошланганди. Бу ҳақорат бизни қаттиқ изтиробга солганди ва биз саросимада эдик. Ниҳоят, 85-йилнинг январ ойида Совет Ўзбекистони газетаси «Ғоявийлик — бош мезон» деган редакцион мақола эълон қилди. Газетанинг бош муҳаррири Лазиз Қаюмов эди. Балки мақоланинг муаллифи ҳам у эди. Совет тузумининг оташин ҳимоячиси ва жадид ҳаракатининг ашаддий душмани, Чўлпон, Фитрат, Беҳбудий каби шоир ва ёзувчиларнинг асарларида Совет давлатига қарши таҳлика кўрган фан доктори эди. Бу мақоладан кейин кўпчилик Сталин давридаги каби репрессиялар бошланажагини башорат қилганлар ҳам бўлди. Чунки унда Ўзбек Совет шоирининг қандай ёзиши кераклиги «аниқ» кўрсатилган ва чиғириқдан чиққанларга қарши таҳдид оҳанги кучли эди.
Бу мақола бир гуруҳ ёш шоир ва ёзувчиларни Политбюрога мактуб ёзишга ундади. Бу мактубга 51 та ёш шоир ва 5 та ёзувчи имзо чекди. Мактубда миллий қадриятларнинг топталишига қарши тадбир олиниши сўралган эди Политбюродан.
Мактуб янглишмасам, январ ойининг охирида Москвага жўнатилди. У пайтда КПССнинг Генерал Секретари Черненко эди. Аммо бизнинг мактубимизга жавоб Черненко ўлимидан кейин, Михаил Горбачёв деган янги бир лидер идорасидан келди. Биз учун, менинг авлодим учун «Қайта қуриш» шундай бошлaнди.

(2005)

Абдурауф Парфининг вафотига
 
Бугун Туркистон буюк шоирини йўқотди. Бугун Абдурауф Парфи вафот этди. Бугун, Ватанимизнинг энг қоронғу кунларидан бир кунда кетди.
Биз у билан ватандош эдик, зулматда занжирларини шарақлатиб, озодлик учун чирпинаётган бир ватанда ватандош эдик.   
У бир дўст эди, ўз дўстлигимизнинг гувоҳи бўлдик, миллат йўлида куйиб битган ғаройиб дўстликнинг гувоҳи.   
У бир орзудош эди. Орзу этмакдан чарчамаган бир орзудош. Тинмай озодликни орзу этдик, икки аср тинмай орзу этдик бу анқонинг уруғини. Демак, буюрмабди.   
ИншоОллоҳ, бу ерда чекканларининг мукофотини у ерда олар Абдурауф Парфи.   
Абдурауф Парфи, азиз оғамиз, устодимиз, Оллоҳ гуноҳларингни афу этсин.  
Яхши инсон эдинг, одамларга доим яхшилик истаган бир инсон эдинг. Ниятларинг ҳар доим яхши эди. Раҳмон ва Роҳийм булган Раббимиз сени яхши ниятинг учун кечирган булсин, Абдурауф Парфи, oмин!

(2005)
 

М. Солиҳнинг сўнгги йилларда АҚШга қилган биринчи сафаридан сўнг берган интервьюси

Фарғона.Ру, Коммерсантъ, 05.07.2005

“Америкаликлар Ўзбекистон воқеаларининг мағзини тушундилар”

Ўтган ҳафта сўнгида АҚШ Конгрессида Ўзбекистондаги вазият юзасидан тингловлар бўлиб ўтди. Тингловга Ўзбекистон мухолифатидаги “Эрк” партиясининг қувғинга учраган раҳбари Муҳаммад Солиҳ таклиф қилинди. У “Коммерсантъ” мухбири Михаил Зигарга Вашингтондан телефон орқали суҳбат берди.
— Конгрессдаги тинглов қандай ўтди?
— Биз уларга Андижон воқеалари ҳақида гапириб бердик. Менинг ҳамкасбларим намойишчилар қирғин қилингани тўғрисидаги ашёвий далилларни кўрсатдилар. Сенатор Броунбек Ўзбекистон халқи мамлакатда АҚШ ҳарбий базаси мавжудлигига қандай муносабат билдираётгани билан қизиқди. Унга ҳарбий базанинг мавжудлиги кўпроқ ижобий таъсирга эга, деб жавоб берилди. 2002 йилда Жорж Буш ва Ислом Каримов ўртасида имзоланган шартномага кўра, агар Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва демократия борасидаги мажбуриятларини бажарса ҳарбий ёрдам берилишига эришади. Бироқ Каримов шу кунгача бу бандни бажармади. Андижон воқеаларидан сўнг бу ҳеч кимда шубҳа қолдирмади.
— Америкаликларда ҳамми?
— Умримда биринчи марта америкалик сиёсатчилар Ўзбекистонда нималар бўлаётганини тушуниб етганларини ҳис қилдим. Каримов Тошкентга борган Жон Маккейн раҳбарлигидаги уч сенаторни қабул қилишдан бош тортгач, кўп нарса ўзгарди. Ўйлайманки, АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати ўзгаради. Ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай қарор йўқ, бироқ конгрессменлар кайфиятидан ижобий ўзгаришлар бўлишини илғаш мумкин.
— Қандай ёрдамга умид қилаётирсиз?
— Мен АҚШ ва Европа Иттифоқи Каримовни қандайдир ислоҳотларни амалга оширишга мажбур қилади, деб ўйлайман. Бу эса мухолифатнинг фаоллашувини тезлатади, халқ қаршилигини жонлантиради.
— Сизнинг ташрифингиз аниқ натижалар бердими?
— Ҳеч бўлмаганда АҚШ Давлат котиби ўзининг куни кеча қилган баёнотида Ислом Каримовни Лукашенко билан бир қаторда кўрсатиб ўтганини эслаш кифоя.
— Сиз америкаликлардан нималарни илтимос қилдингиз?
— Биз қўлдан келмайдиган ёрдамни сўрамадик. Мухолифат партияларини рўйхатга олиш, мамлакатга мухолифат лидерларининг қайтишига йўл очилиши, парламент ва президентликка эркин сайловлар ўтказилишига таъсир қилиш борасида ёрдам сўрадик. Шунинг ўзи тузумни тинч йўл билан алмаштириш учун етарлидир.
— Маблағ сўрамадингизми?
— Йўқ, бу иккинчи масала. Бу масалани сиёсатчилар билан эмас, жамғармалар билан ҳал қилиш лозим. Сиёсатчилардан эса фақат сиёсий ёрдамни кутиш мумкин.
— Зокир Алматов ҳақида эшитдингизми?
— Ҳа, унинг Москвадаги Кремль касалхонасида эканини, юрак хуружига учраганини эшитдим. Каримов Андижон воқеаларидан кейин махсус хизматлар раҳбарларини алмаштириш жараёнини бошлаганга ўхшайди. Агар Алматов бўшатилса, у Каримов режими ҳақида кўп нарсаларни гапириб бера олади. Каримов мамлакатнинг асосий бошқарувчисидир. Мамлакатда у нима истаса шу бўлади. Балки Алматов яна қайта иш бошлар, балки уни қамашар. Каримов исталган диктатор каби ҳаракат қилади. Мамлакатни қўрқувда сақлайди.

(Муаллиф – Михаил Зигарь. Манбаа – “Коммерсантъ”, 04.07.2005, 9 – бет)

«Мeнинг прeзидeнтлик қилиш муҳaббaтим йўқ»
Oдил Рузaлиeв  
Aмeрикa oвoзи рaдиoси, Вaшингтoн  

Aмeрикa Қўшмa Штaтлaридa сўнгги мaртa рoппa-рoсa ўн йил илгaри бўлгaн, Ўзбeкистoндa қaйд этилмaгaн «Эрк» пaртиясининг aсoсчиси вa ҳoзирдa Еврoпaдa истиқoмaт қилaётгaн Муҳaммaд Сoлиҳнинг AҚШгa икки ҳaфтaлик сaфaри ўз ниҳoясигa етди. Вaшингтoн вa Нъю Йoркдa Бирлaшгaн Дeмoкрaтик Кучлaр Кoaлитсиясининг рaиси сифaтидa кeлгaн Сoлиҳ тaшрифи дaвoмидa Ўзбeкистoн кeлaжaги билaн қизиқaётгaн вa Ўзбeкистoнгa нисбaтaн AҚШ сиёсaтининг қaндaй бўлиши кeрaклиги ҳaқидa мунoзaрaлaр oлиб бoрaётгaн aйрим сиёсaтчи вa мутaxaссислaр билaн учрaшди.
Муҳaммaд Сoлиҳ рaсмий Тoшкeнт тoмoнидaн Ўзбeкистoндa 1999 йилдa сoдир этилгaн тeррoр xуружлaридa қўли бoр ҳaмдa Ўзбeкистoн Ислoм Ҳaрaкaти вaкиллaри билaн aлoқaси бoр, дeб тeррoрчиликдa aйблaнгaн вa ҳaттoки унгa қaрши Тoшкeнтдa ҳукм ҳaм чиқaрилгaн. Бирoқ Ўзбeкистoндa 1991 йилги прeзидeнт сaйлoвлaридa нoмзoд бўлгaн Сoлиҳнинг ўзи бу aйблoвлaрни рaд этиб кeлмoқдa.
Унинг aйтишичa, Aндижoн вoқeaлaридaн сўнг, муxoлифaт ниҳoят бирлaшишгa қaрoр қилди. У, шунингдeк, Кaримoвгa шу пaйтгaчa ҳaйрихoҳ бўлиб кeлгaн AҚШдaги бaъзи кoнсeрвaтив тaшкилoтлaр ҳaм Ўзбeкистoн жиддий ўзгaришлaргa муҳтoжлигини тaн oлa бoшлaдилaр, дeди.
Муҳaммaд Сoлиҳ: «Aйтгaн гaплaримизни улaр қизиқиш билaн кутиб oлдилaр. Aввaлгидaй лoқaйдликни кўрмaдик. Ўйлaймизки, Aмeрикaнинг Ўзбeкистoн вa Ўртa Oсиё сиёсaти яқин oйлaр ичидa ўзгaрaди вa янги бир сиёсaт бўлaди, чунки бундaй кeйин ҳaм aйни қoлиши мумкин эмaс.»
Ҳoзирдa кoaлитсиягa Фaрғoнa вилoяти ҳoкимининг сoбиқ муoвини Aвaзҳoн Муxтoрoв, Ўзбeкистoннинг Туркмaнистoндaги сoбиқ элчиси Aбдурaшид Қoдирoв, Гулнoрa Кaримoвaнинг сoбиқ ҳисoбчиси Фaрҳoд Инoғoмбoeв, Oлий Мaжлис сoбиқ дeпутaти Aбдувoҳид Пaттaев вa бoшқaлaр киргaнлaр. Муҳaммaд Сoлиҳ муxoлифaтнинг Aндижoн вoқeaлaридaн кeйин бирлaшиш кeрaклигини aнглaб етгaнлигини яxши ҳoл, дeб ҳисoблaйди.
Муҳaммaд Сoлиҳ: «Мeн Aмeрикaгa кeлгaн куним дўстлaримиз кутиб oлишди вa ўзбeк муxoлифaтининг бaъзи вaкиллaри мeн билaн учрaшмoқчи экaнини aйтишди. Йиллaрчa бир-биригa лoй отгaн oдaмлaр бўлсa ҳaм, aгaр улaр сaмимий бирлaшишгa интилгaн бўлсa, улaрни кeчирдим, дeдим вa учрaшувгa бoрдим. Биз ҳeч қaчoн лoй отиш билaн шуғуллaнмaгaнмиз. Биз бирлaшиш учун бaъзи шaртлaрни aйтдик. Бирлaшиш фикри бaрчa тoмoнидaн қўллaб-қуввaтлaнди вa ҳoзир ҳaм диaлoг кeтяпти.»
У, шунингдeк, Ўзбeкистoн ҳудудидaги ҳaрбий бaзaлaрнинг Рoссия қўшинлaригa бeрилиши мумкинлиги ҳaқидaги xaбaрлaргa сaлбий ёндaшишини мaълум қилди.
Муҳaммaд Сoлиҳ: «Мeнинг бунгa мунoсaбaтим сaлбий, чунки Рoссия ҳaли ҳaм ўзининг буюк дaвлaтчилик мaфкурaсидaн вoз кeчгaни йўқ. Шунинг учун ҳaм буни xaвфли дeб билaмaн. Русия ўзининг гeoсиёсий тaъсирини сaқлaб қoлиш учун, у ердa ўз қўшинигa эгa бўлсa, Ўзбeкистoн дaвлaтининг ички ишлaригa aрaлaшиш имкoнигa эгa бўлaди вa бизнинг мустaқиллигимизгa зиён этишидaн қўрқaмaн. Шунинг учун мeн Русиянинг у ергa ўз қўшинини киритишигa қaршимaн. Русиянинг у ердa бўлиши Xитoйнинг ҳaм иштaҳaсини oчaди вa Xитoй ҳaм у ергa киришгa интилaди.
Муҳaммaд Сoлиҳнинг фикричa, Ўзбeкистoндa клaнлaр тизими, кўпчилик ўйлaгaнидeк, мaҳaллийчилик aсoсидa эмaс, бaлки иқтисoдий мaнфaaтлaр aсoсидa фaoлият юритaди. Муҳaммaд Сoлиҳ, шунингдeк, прeзидeнтликкa дaъвoси ҳaқидa ҳaм тўxтaлиб ўтди.
Муҳaммaд Сoлиҳ: «Шу рeжим кeтмaгунчa, ўзгaрмaгунчa, биз дoим ҳoкимиятгa дaъвoгaр бўлaмиз. Мeнинг прeзидeнтлик қилиш иштиёқим ёки муҳaббaтим йўқ. Лeкин xaлқим зулм oстидa яшaр экaн, бу зулмдaн қутқaриш учун aгaр прeзидeнтлик қилиш кeрaк бўлсa вa ҳoкимиятгa интилиш кeрaк бўлсa, биз интилaмиз. Буни xизмaт дeб билaмиз. Aгaр бирoртa қaҳрaмoн чиқиб туриб, булaрни ўзгaртирсa вa биз буни қилaмиз дeсa, мeн унгa рaxмaт aйтaмaн вa ўзимнинг ёзувимни ёзиб, нaфaқaдa ўтирaмaн.»

(11.07.2005)

М. Солиҳ: Тошкент режимини ислоҳ қилиб бўлмайди
BBC, 17.12.2005

Мухолифатдаги «Эрк» партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ 12 йилдан буён муҳожирликда яшамоқда. Ўзбекистон ҳукумати уни 1999 йил февралида Президент Ислом Каримовга суиқасд уюштиришда айблаган. Халқаро муносабатлар бўйича қироллик институти таклифи билан Лондонга келган Муҳаммад Солиҳ Би-би-сига интервю берган.

Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистондаги асосий муаммо — қолган барча муаммоларнинг манбаи бўлган режимдир. Бу режим муаммоси ҳал этилса, у алмашса, ўйлайманки, қолган муаммоларни ҳал қилиш йўли очилади.
Би-би-си: Сизда бу муаммони ечиш режаси борми?
Муҳаммад Солиҳ: Режа эмас, дастур бор. Бу дастурнинг унсурлари Андижон воқеаларидан кейин бизга янада яққолроқ кўрина бошлади. Шуни аниқ айтиш мумкинки, бу режимни ўзгартириш шароити етилди. Бунга, биринчи навбатда, халқ тайёр, иккинчидан, мухолифат деярли жипслашиб бўлди. Барча сиёсий гуруҳлар бир фикрда якдиллар — бу режимни ислоҳ қилиб бўлмайди, уни алмаштириш керак.
Бу режимни ҳокимиятдан четлатиш йўли, дарров айтаман, демократик бўлади. Ҳатто, ҳозир амал қилаётган қонунлар доирасида бўлади. Балки бизнинг фақат митинглар ва намойишлар тўғрисидаги қонуннинг бир бандини бузишимизга тўғри келар — Ўзбекистонда рухсат этилмаган митинг ва намойишлар таъқиқланган.
Би-би-си: Бу Андижондагидек намойишнинг инқилобга айланишини англатадими?
Муҳаммад Солиҳ: Биз Андижондагидек бўлишини хоҳламаймиз, чунки Андижондаги чиқишлар тартибсиз бўлиб, дастурга эга эмас эди. Мухолифатнинг бу митингга ҳеч қандай алоқаси йўқ эди. Бизнинг вазифамиз, омманинг норозилик кайфиятини назоратга олиб, Украина, Гуржистон ва Қирғизистонда бўлгани каби демократик оқимга йўналтиришдир.
Би-би-си: Бу Сизга бирмунча аён бўлган сценарий. Лекин бу сценарийнинг аниқ қадамлари ўзингизга аёнми? Уларни тайёрлаяпсизми?
Муҳаммад Солиҳ: Албатта. Биз жамиятнинг барча қатламлари вакиллари билан ишлаяпмиз. Шунингдек, куч тизимларидаги одамлар билан иш олиб бораяпмиз. Биз норозиликнинг ҳақиқатдан халқ норозилиги бўлишини истаймиз: ҳам юқорида, ҳам оммада, ҳам пастда. Кўплаб ҳукумат вакиллари Каримов сиёсатидан норози. Армия зобитлари, ҳатто МХХ зобитлари орасида норозилар кўп. Ва биз улар билан бирга ишлаяпмиз.
Би-би-си: Буларнинг ҳаммаси — мамлакат ичкарисида. Ташқарида-чи, Марказий Осиёда геополитик манфаатига эга давлатлар билан иш олиб бораяпсизми?
Муҳаммад Солиҳ: Ҳа. Биз Оврупо Иттифоқига аъзо давлатлар билан мулоқотдамиз.
Би-би-си: Россия, Хитой билан-чи?
Муҳаммад Солиҳ: Афсуски, бизниинг Россия билан муносабатларимиз жуда заиф. Андижондан кейин алоқаларимиз деярли узилиб қолди. Биз, барибир, бу вазиятдан чиқиш йўлларини қидирамиз. Биз Россия билан музокаралар юритишни истаймиз.
Би-би-си: Марказий Осиёда Ислом ҳам сиёсатнинг, ҳам ижтимоий, маиший ҳаётнинг жуда жиддий омилларидан ҳисобланади. Сиз — Ўзбекистондаги дунёвий мухолифат раҳбарларидан бири Ислом омилига қандай қарайсиз?
Муҳаммад Солиҳ: Ислом омили Марказий Осиёда, айниқса, Ўзбекистонда азалдан жуда кучли бўлиб келган. Ҳар қандай раҳбар бу омил билан ҳисоблашишга мажбур. Афсуски, Каримов усули исломий экстремизм деб аталаётган нарсанинг кўпайишига олиб келди.
Би-би-си: Қандай қилиб?
Муҳаммад Солиҳ: Дунёвий мухолифатни сиёсий фаолият, сиёсий жараёнлардан узоқлаштириб, у бу бўшлиқни, ўзини «Ҳизбут-таҳрир» ва бошқа номлар билан атаётган радикал исломий гуруҳлар билан тўлдирди.
Би-би-си: Ҳозир биз 2006 йил арафасидамиз. Нима деб ўйлайсиз, 2006 йилда Ўзбекистонда нималар содир бўлади?
Муҳаммад Солиҳ: Мен башорат қилишни ёқтирмайман ва бу нотўғри ҳам. Бироқ 2006 йил Ўзбекистон тарихидаги муҳим йиллардан бўлади. Ҳатто, катта ўзгаришларнинг бошланиши ҳам бўлиши мумкин.

Инсон туйғуси

Янги йил яқинлашаркан, шуларни ўйлаяпман. Инсон зоти келажaкни билаолмаслиги ҳақидаги ҳикматни билмаган чоғларимда йилда нималар бўлажaгини башорат қилиш жoҳиллигини кўрсатган пайтларим бўлди. Оллоҳ кечирсин. Кейинги вақтларда  бундай жoҳилликка тушмаслик учун эҳтиёткор гапирадиган бўлдим.  
Бу эҳтиёткорликни унутмасдан шуни айтиш мумкин, яқин йиллaрда Яратганнинг изни билан Катта ўзгаришлар  бўлишини кутяпмиз. Халқимиз учун, Каримов  режимининг 17  йиллик зулмидан кейин бир нур кўринаётганга ўхшайди олдинда. Балки бу нур фақат менга кўринаётгандир, балки бу ҳам бир саробдир.
Барибир, камина такрор умид тузоғига тушди ва такрор ҳуррият ҳақда ойдин хаёллар уйқуни бузабошлади. Аммо бу  туйғу  ўз-ўзидан ҳеч бир қиймат касб этмаслигини ҳам англайман.  
Агар бу туйғуни бизнинг 27 миллионлик мазлум халқимиз ҳам яшаганда эди, бу туйғунинг  қиймати тарихий бўларди балки. Чунки бутун тарихий қўзғолишларнинг илк турткиси  —  туйғудир, руҳнинг бир ҳадаф (мақсад) сари йўналган таважжуҳидир, интилишидир.  
Туйғу қанча кучли эса, у туртки берган ҳаракатнинг самараси ҳам шу қадар буюкдир. 
Бу туйғу ҳар хил бўлиши мумкин: инонч  туйғуси, адолат туйғуси, озодлик туйғуси, тенглик  туйғуси, очлик туйғуси, алам туйғуси ва ҳаказо.  
Бу саналган тартибда туйғуларнинг қувват (энергетика) даражаси пастга инади.  
Бу туйғуларнинг ҳар бири мaълум савияга юксалганида халқнинг қўзғолишига сабаб бўлиши мумкин. Ва бу қўзғолишнинг сифати ўша туйғунинг даражаси билан тенгдир. Ундан ҳам муҳими, бу туйғу сабаб ўртага чиққан вазият ва шароит, ижтимоий ва сиёсий ўзгаришлар ҳам қандайдир нисбатда ўзида ўша туйғунинг тамғасини ташимоғи мумкин. 
Дейлик, Эрон инқилобига, асосан, диний қадриятларни янгидан иншо қилиш туйғуси билан ва  жуда оз миқдорда, Ғарб маданияти тарафдорлари туйғулари туртки бўлди. Ва инқилобнинг маҳсули сиёсий режим характери ўша бошланғич  турткининг расми шаклида пайдо бўлди.  
Украина, Гуржистон ва Қирғизистондаги бугунги мавжуд режимларнинг сурати ҳам уларга туртки берган туйғуларнинг  инъикоси, десак муболаға бўлмайди.  
Бизнинг вазиятда аҳвол фожеали даражада фарқлидир. Юқорида зикр этилган психологик турткиларнинг деярли ҳаммаси йил сайин, ой сайин ва кун сайин қабармоқда. Халқимиз фақат инонч ҳуррияти тақчиллигидан эмас, адолат тақчиллигидан ҳам азоб чекмоқда, у фақат демократик, сиёсий ҳурриятларнинг йўқлигидан эмас, меҳнат қилиш ва бу меҳнат ҳаққини олиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум, очлик ва аламзадаликка маҳкумдир. Айнан шу боис, унинг қўзғолиши  минтақада бугунга қадар кўрганимиз қўзғолишлардан ҳайбатлироқ ва миқёслироқ бўлиши эҳтимоли юксакдир. Бу  муҳтамал қўзғолишнинг мусбат ва манфий (позитив ва негатив) асоратларини олдиндан ўлчашнинг имкони йўқ. Аммо бу асоратларнинг мусбат йўналишда  шаклланишини  таъминлаш учун бугундан бошлаб тадбир олишимиз керак. Ҳар кимдан аввал  ўзбек халқининг мунавварлари бу муҳтамал уйғониш натижаларининг энг камида тарихимизни ўзгартириш даражасида  муҳим бўлажагини идрок этишлари лозим.  Улар халққа халқ  қудратининг  нақадар халоскор ва айни пайтда нақадар таҳликали бўлиши мумкинлиги тушунтирсинлар. Фақат бу ташвиқотни юритар экан, баъзи асаби заиф ақлавваллар каби «уйдан чиқманг, чиқсангиз уруш бошланади» қабилида ваҳимачи услубда эмас, ўз ҳақ-ҳуқуқи учун курашмаган ҳеч бир халқ бу ҳақларни ҳақ этмаслигини, аммо бу йўлда ақлли ҳаракат этилиши кераклигини англатмоқ лозим. Буни тушунтиришга қобил мунавварларимиз ҳам, буни тушунадиган халқимиз ҳам бор, Худога шукр.

(2005)
 

  
Буюк Британия Киролият Институти Чaтҳaм Ҳoусда 19 январ 2006 да ўқилган нутқ Андижон воқеаларига туртки бўлган сабабларМуҳтарам хонимлар ва жаноблар. Бу нуфузли минбардан сўзлаш шарафини берганингиз учун ташаккурларимни қабул этинг. Изнингиз ила, Ўзбекистондаги сиёсий ва иқтисодий вазият ҳақида Андижон воқеалари фонида қисқа билги беришни истайман.
Шу кунгача Андижон воқеалари буйича 151 киши устидан маҳкама жараёни ўтказилиб, уларга 12 йилдан 20 йилгача қамоқ жазолари берилди.
2005 йил 13 май куни Андижондаги Бобур майдонига минглаб одамларни кўчага чиқишга мажбур қилган нарса – ҳокимият юргизаётган аксилинсоний сиёсатдир. Митингга чиққан қуролсиз одамларни отишга буйруқ берган шахс — Ўзбекистон Президентнинг шахсан ўзидир. МДХ давлатларидан бирининг махсус хизмат органларидан яқинда олганим бир маълумот ҳам Андижон фожиаси Каримов тарафидан ўта совуққонлик билан, олдиндан таёрлаган қатлиом бўлганлигини тасдиқламоқда. Халққа қарши бу қатлиом шахсан Президент тарафидан ҳозирланган.
Мана, МДХ давлатларидан бирининг махсус хизмат органлари тарафидан тайёрланган ҳисоботидан парча: »Андижонда тинч намойишга чиққан оломонни ўққа тутганлар ичида, Каримовга ёлланган полковник Маҳмуд Худойбердиев жангарилари ҳам бўлган. 2005 йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати томонидан аҳоли орасида митингга чиққан одамлар арзини тинглаш учун Андижонга Президент Каримов келади деган миш-миш тарқатилган. Андижонликлар ўз президентини кўриш учун оммавий равишда кўчага чиқишган. Бундан тўрт кун олдин, яъний, 8 май куни, Русиянинг Тюмен вилоятидан ҳарбий-транспорт учоғи воситасида М. Худойбердиевнинг 50 нафар жангариси Фарғонанинг Сох анклавига олиб келинган. Бу гуруҳ Шоҳимардондаги 250 кишилик тиш-тирноғигача қуролланган бошқа бир гуруҳга бориб қўшилган. Маълумки, Худойбердиев жангарилари 1999 йилдан бери Ўзбекистон президенти буйруғи билан чегараларга «қўриқчилик» қилмокда.
2005 йил 10 май куни Худойбердиев бошчилигидаги 300 нафар жангари МХХ (Миллий Хавфсизлик Хизмати) «шамсияси» (раҳнамолиги) остида Андижон вилоятига кириб келди. Этаси куни, яъний, 12 май куни МХХ улар учун Андижон буйлаб «экскурсия» уюштирди: уларга ҳужум қилиниши лозим бўлган объектлар – Андижон қамоқхонаси, ҳарбий қисм ва милиция постлари кўрсатилди.
Худойбердиев жангариларининг асосоий қисми 10-12 май кунлари Андижон вилояти МХХ биносида истиқомат қилишган.
Соат тунги 01.00 дан 02.00 гача Худойбердиевнинг бу қуролли тўдаси милиция постига, ҳарбий қисмга ва Андижон қамоқхонасига ҳужум қилишган. Президент Каримов талаби билан Ички Ишлар вазири Алматов Ички ишлар вазирлигига оид ҳарбий қисмлардаги ходим ва офицерларга 12 май куни соат 24.00 дан то 13 май соат 06.00 гача қурол олиб юришни таъқиқлаган.
Андижон қамоқхонаси яхши қўриқланадиган, сиганлизация тармоқлари яхши йўлга кўйилган қамоқхоналардан ҳисобланади. «Акромийлар» деб аталган гуруҳ ҳужуми пайтда на бу сигнализация ва на телефон алоқаси ишлаган ва на қамоқхона қўриқчилари бу ҳужумга қаршилик кўрсатган.
Худойбердиев жангарилари Андижон кўчаларида ётган ярадор намойишчиларни бирма-бир ўлдириб чиқишган, шунингдек, улар Бобур майдонида яраланиб, касалхонага ёткизилган одамларни ҳам касалхонларга кириб, ўлдириб чиқишган».
Намойишчиларни жазолаш учун профессионал қотилларни ёллаб, Каримов ўзининг ўзбек армиясига ишонмаслигини намойиш этди. Ҳа, Андижон қатлиоми режиссёри Каримовдир ва бу шахс, мана, 17 йилдан бери мамлакатни бошқармоқда.
У қандай қилиб бунча узоқ муддат ҳокимиятда қолаолди?
Каримов мухолиф лидерларнинг деярли ҳаммасини ўлкадан ҳайдаб чиқарди. Мамлакат ичида қолган мухолифат вакилларига тазйиқ ўтказиш, қамашларни давом эттирди. У Президентлик муддатини ноқонунй равишда чўзиш орқали ҳам ҳокимиятда қолмоқда. Каримов Президентлик муддатини икки марта ноқонуний референдум билан ва икки марта антидемократик сайловлар билан чўзди.Унинг президентлик ваколати 2007 йилда тугайди ва навбатдаги сайловлар олдидан Каримовнинг Конститутсияни ўзгартиб, ўзини бир умрлик ҳукмдор деб эълон қилмаслигига кафолат йўқ.
Ғарб узоқ вақт мобайнида Ўзбекистон режимини мамлакатда иқтисодий ва демократик ислоҳотлар ўтказишга ундаб келди, аммо бу уринишлар натижасиз қолди ва бу кутиш Андижонда минглаб одамларнинг қирғин этилиши билан якунланди. Каримов режими бундай режимларнинг ислоҳи имконсиз эканлиги кўрсатди, улар фақат алмаштирилиши керак. Бундай режимлар билан дипломатик ўйинлар қилиш яхшиликка олиб келмайди, бундай режимларни ярим-ярти жазолашдан фойда йўқ. Демократик жамиятларда, агар қотиллик содир этилса, бу қотиллик ярим-ярти жазоланмайди. Давлат миқёсидаги қотилларга нисбатан ҳам айни ҳуқуқий стандартлар уйғуланиши керак.
Каримовнинг ҳокимият тепасида узоқ қолишиига яна бир сабаб — давомли репрессия ва террордир. Қийноқлар, қотилликлар, одамларни ўғирлаб кетиш, шантаж ва ҳар куни мухолифатчи ва ўзгача фикрловчиларнинг қамалишлари халқнинг бир юмруқ бўлиб, ўз елкасидан режимни ағдариб ташлашига тўсиқ бўлиб келди. Бошқача айтганда, халқнинг психологик ҳолати муҳим рол уйнади. Аммо бугун тоталитар режим пайдо қилган бу психологик тўсиқдан ошиб ўтилди.

Мавжуд режимдан қутулиш йўли. Ўтиш даври

Мавжуд режимдан фақат Каримов ҳукуматини алмаштирш йўли билангина қутилиш мумкин. Каримовнинг ўз ихтиёри билан истеъфога чиқишига ишониш қийин. Халқаро жамоатчилик Каримов тинч йўл билан ҳокимиятдан воз кечиши учун режимга босим ўтказиши керак. Бундай тадбирнинг зарурлигига қўшни давлатлар, хусусан, бугунги кунда Каримовнинг ягона умиди ва таянчига айланган Русияни ишонтирш лозим.
Каримовнинг диктаторлик режими Андижонда митингга чиққан тинч аҳолини отди. Бу ишни Андижонда амалга оширди, аммо бошқа жойда бу қатлиомни такрорлай олмайди, чунки, армия ва Ички мшлар вазирлиги қўшини орасида бундай ғайриинсоний буйруқларга бўйсунмаслик кайфияти пишиб етилди. Бундай кайфият тобора кучайиб бормоқда.
Каримов ҳокимиятдан кетганидан сўнг демократик мухолифат иштирокида уч ойлик муддатга, то парламент сайловларигача амал қиладиган муваққат ҳукумат тузилиши мумкин. Муҳими, мамлакатда ҳокимият ваккуми ҳосил бўлишига йўл қўймаслик.

2006 йилнинг 20 январь куни Буюк Британия Муҳофозакорлар партияси Институти — PolIcy Exchange да ўқилган нутқУдумдан чиққан ”инқилоб” сўзининг ҳимоясиПостсовет ўлкаларининг сиёсий элитаси бугун собиқ Совет Империяси ҳудудларида амалга оширилган «зарғалдоқ инқилоблари”ни танқид қилмоқда. Собиқ совет жумҳуриятларида бундай ”рангли инқилоблар” амалга ошганига бир йил ҳам тўлгани йўқ, бу инқилобларнинг ”мағлубияти» борасида заҳархандалар том авжида. Заҳархандачилар инқилоб юз берган ўлкаларда ҳеч нарсанинг ўзгармагани, халқнинг ҳали ҳам қашшоқ экани, ишсизлик аввалгидай юксак ва коррупцияга барҳам берилмаганини сўйламоқдалар. Гўё аввалги режимлар бўлганида, бу муаммоларнинг ҳаммасини бир йил ичида ҳал қилишарди.
Аслида, уч ўлкада юз берган бу инқилоблар биз учун Горбачевнинг қайта қуриши сиёсати каби, эҳтимол, ундан ҳам муҳимроқ тарихий аҳамиятга эгадир. «Қайта қуриш» тепадан пастга инган ташаббус эди, ”рангли инқилоблар” эса, ”паст”дан юқорига интилган бир ҳаракат сифатида дунёга келди. Қайта қуришдан фарқли ўлароқ, бу инқилоблар зеҳний савияда амалга ошди. Бу воқеаларни ”инқилоб” деб аташдан қўрқмаслик керак, чунки, улар ҳақиқатан ҳам инқилоб эди. Шунингдек, ”революция” сўзига қарши ”эволюция” сўзини қалқон қилиб, сўз масхарабозлиги қилиш ножиддийликидир. Зеро, революция эволюциянинг ҳал қилувчи босқичидир. Яъни, эволюция жараёни асосларида ижтимой мутация — ”революциялар” силсиласи ётади.
Очиқ гапириш ва воқеликка тик боқишимиз лозим. Совет Иттифоқи қулаганидан сўнг минтақамиз ўзининг 20 аср бошларидаги шаклига қайтди. Ўрта Осиё минтақаси яна дунё жуғрофий-сиёсатининг (геополитикасининг) муҳим парчасига айланди. Бу минтақага эгалик қилиш бутун Евросиёда ҳегемон бўлиш имконини беради. Бундай устуворликка эга бўлиш учун 20 аср бошларида Буюк Британия жон-жаҳди билан минтақа ичкарисига кириб боришга уринди, аммо Чор Русияси билан биргаликда 18 асрда қурган буфер давлат – Афғонистондан нарига ўтолмади.
Англия минтақа учун олиб борилган бу геополитик курашда Ленин бошчилигидаги большевиклар ҳокимиятидан енгилди. Петр Биринчининг ”ўз этикларини Тинч океани сувларида ювиш” орзуси ўша Петрнинг коммунист набираси Ленин тарафидан амалга оширилишига унча узоқ қолмагандай кўринарди. Аммо бу орзу амалга ошмади. 1979 йилда Совет Иттифоқи Афғонистонга бостириб кирди, аммо 10 йил сўнгра уни тарк этишга мажбур бўлди. Бундан бир йил кейин Совет Иттифоқи парчаланди. Шундай қилиб, буюк шахмат ўйинининг эски тахтаси яна тикланди, аммо энди ўйинчилар ичида Буюк Британия йўқ, унинг ўрнига Осиёда, ҳатто дунёда устувор давлат бўлишни мўлжаллаётган Хитой майдонга чиқди.
”Рангли инкилоблар” асосан Евросиёдаги шу икки катта ўйинчи, яъни, Хитой ва Русиянинг ғашига тегмоқда. Инқилоблар бу икки давлат позициаларини минтақада заифлаштиради, инқилоблар тоталитаризмнинг қайта тикланишига халал беради, инқилобчиларга халқаро майдонда машруълик, легитимлик яратади, уларни ўз оёқларида мустақил туришга ва ўз мамлакатининг эгалари бўлишга ўргатади.
Айнан шу сабаб, Андижон намойишчиларининг ўққа тутилиши Хитой ва Русия тарафидан қўллаб-қувватланди. Айнан Русия ва Хитой минтақадаги ”Ғарб томонидан алданаётган Ўрта Осиё халқлари ҳимоячиси” тўнини кийиб, ”инқилоб экспорти”нинг зарари ҳақидаги сафсата воситасида демократик ташаббусларга қарши турмоқда.
Ҳолбуки, инқилоб экспорти деган нарса бўлмади.
Аммо энди, бундан буёғига минтақадаги воқеаларнинг кейинги ривожи асосан Ғарбнинг (энг аввало Европа Иттифоқининг) бошланган янги геополитик ўйинда иштирок этиш ёки этмаслигига кўп жиҳатдан боғлиқдир.
Ғарб минтақада ўз таъсирини ўрнатиш учун қанчалик даражада риск ола олади?
Маьлумингиз, дунёда бир қутб устуворлиги барқарорлаштирувчи фактор эканлигига шубҳаланаётганлар сони кўпаймоқда. Айни пайтда, Осиё ва Оврупа бундай устуворликка муқобил бўлувчи нима таклиф қилиши мумкин?
Дунё мувозанатини ўрнатишга даъвогарлик қилаётган учлик – Хитой, Русия ва Ҳиндистон аргумент сифатида фақат ўзларининг демографик оғирлигини қўйишлари мумкин, холос. Лекин уларнинг ҳозирча на АҚШникига тенг келадиган ҳарбий кучи, на иктисоди ва на-да демократик сиёсий режимлари бор.
Шунга қарамай, Кремль раҳбарлари таркибига Русиядан бошқа тўртта Марказий Осиё жумҳурияти ва Хитой кирган Коллектив Хавфсизлик Битими Ташкилоти НАТОнинг минтақавий алоқалардан масъул бўлишини истамоқда. Бугунда минтақадаги давлатлар билан икки томонлама муносабатларни НАТО бевосита, ўзи олиб бораётир. Агар Коллектив Хавфсизлик Ташкилоти НАТО ва Марказий Осиё жумҳуриятлари ўртасида координатор мақомини олса, бу — Москванинг минтақадаги таъсирини кучайтиради ва Ўрта Осиё жумҳуриятларининг Европа Иттифоқи билан алоқаларини Кремль назорат остига олади.
Аммо бу геополитик маконда яшаётган халқлар буюк қўшниларнинг орқа боғчаси мақомида қолишлари энди имконсиздир. Украина, Гуржистон ва Қирғизистонда содир бўлган инқилоблар – бу инқилоблар дуч келаётган қийинчиликлар устидан қанча заҳарханда қилишларига қарамай – шуни кўрсатди-ки, энди ҳеч нарса ўтмишдагидай бўлмаяжак.
Чора – глобал демократиклашувдадир. Марказий Осиё идеалистларини буюк давлатларнинг энергия заҳиралари учун ва минтақада геополитик устуворликкка эга бўлиш йўлидаги кундалик ивир-сивири чалғитмаслиги лозим. Улар ўз диққатини минтақада яшаётган оммани бу ҳудудларда демократик ҳамлаларни тайёрлаш ишига қаратмоқлари керак. Биз биламиз, ҳеч ким бугун ”инқилоб” сўзини биз каби жиддий қабул қилмайди. Чунки, бу нарсанинг зарурлигини ҳис эттирган воқеаларни ҳеч ким биз сингари бошдан кечирмади.  

«Каримов режими билан жиддий иш олиб борилмоқда…»  
(Суҳбат)
 
Суҳбатдош Инера Сафаргалиева 
«Арена» , 27.04.2006
 
Муҳаммад Солиҳ — таниқли ўзбек мухолифат лидери, «Бирлик» халқ ҳаракати ва «Эрк» партияси асосчиси, 1991 йилги муқобил сайловда Ислом Каримовга ютқазган. 1993 йилдан эътиборан мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган.
«Арена»: Кейинги тажрибалар шуни кўрсатаяптики, бир кишининг қўлида жамланган ҳокимият очиқ-ойдин таҳқирлаш ва деспотлик тузумига олиб келаркан. Шу муносабат билан Президентлик бошқарувини бекор қилиб, Парламент республикасига ўтиш борасидаги Сизнинг фикрингизни билмоқчи эдик.
М. Солиҳ: Бу борада бизнинг биринчи вазифамиз Ислом Каримовнинг ўз халқига қарши олиб бораётган «ғайриинсоний» тузумни йўқ қилишдан иборат. Сўнгра эркин сайловлар ўтказиб, мавжуд Конституция асосида Президент сайлаб, ундан кейингина бу масалани умумхалқ референдиумига қўйиб, қандай давлат бошқаруви маъқуллигини муҳокама қилиш мумкин бўлади. Ҳозирги вазиятда Парламент республикасига ўтиш масаласини кун тартибига қўйиш эрта ва нореал.
«Арена»: Миллий масала бугун Ўзбекистонда кун тартибида бўлмаса-да, лекин у барибир долзарб ва қалтислигича қолаётир. Шундай бир вазиятда рус тилига расмий мақом бериш масаласига қандай қарайсиз? Қолаверса, республика аҳолисининг каттагина қатламини ташкил этувчи, ўз миллий ва маданий ҳуқуқларидан батамом айрилган тожиклар тилига ҳам давлат тили мақоми бериш борасидаги фикрларингизни билишни истардик. Сизнингча, мана шу халқ ва элатлар тилига бараварига расмий мақом бериш ва кейин қўшни давлатлардан ҳам ўзбек тилига нисбатан худди шундай муносабат талаб қилиш сиёсати ўзини оқлаши мумкинми?
М. Солиҳ: Бугун Ўзбекистон аҳолисининг қайси миллат вакили бўлишидан қатъий назар, оддий инсоний ҳуқуқлари таъминланмаётган бир пайтда бошқа этник гуруҳларининг маданий ва миллий ҳуқуқлари топталиши ҳақидаги сўзларингизга мен умуман тушунолмадим. Расмий тиллар масаласида эса менинг қатъий фикрим мавжуд. Бугун Ўзбекистон аҳолисининг 7 фоизини руслар ва 4,5 фоизини тожиклар ташкил этади. Уларнинг рус тилида мулоқот қила оладилар, ўз фикрларини бошқаларга тушунтира оладилар. Рус ва тожик тилларига расмий мақом беришдан олдин ўзбек тилининг давлат тили масаласи муаммосини ҳал қилиб олиш лозим. Бугун ўзбек тили Конституцияда белгилаб берилган ўз вазифаларини бажара олаяптими? Менимча, йўқ. Адашмасам бизда тил ҳақидаги Қонун 1989 йилнинг октябрида қабул қилинди, унга асосан давлат тилини ўрганиш муддати 8 йил қилиб белгиланган эди. Шу муддат давомида ҳукумат тизимларида давлат тилини билмайдиган бирорта ҳам мулозим қолмаслиги керак эди. Бугун орадан саккиз эмас, 17 йил ўтди, барча ҳукумат аъзолари олдин рус тилида қандай гаплашган бўлсалар, бугун ҳам шу тилда гаплашиб келяптилар. Президентнинг давлат тилидаги нутқларини тингласангиз, унинг ғализ тили ва саводсизлигидан уялиб, қулоқларингизни беркитасиз. Тошкентда ҳужжатлар рус тилида юритилади, корчалон ва маьмурлар маърузаларини русча ўқишади, кўча-куйда ва ўзаро гурунглар ҳам аксар ҳолларда рус тилида олиб борилади. Демоқчиманки, рус тили шундоғам Ўзбекистонда давлат тили даражасида. Ҳар қалай, юқори доираларда, пойтахтда бу ҳолни кузатиш мумкин. Ва мен ҳозирча бу ерда этник гуруҳларга қарши тил билан боғлиқ таҳқир кўрмаяпман.
«Арена»: Сизни очиқ-ойдин миллатчиликда айблашган баъзи ҳолатларга эътиборингизни қаратмоқчи эдим. Агар ёдингизда бўлса, 80-йилларнинг охири ва 90-йилларнинг бошларида бирликчиларнинг митинг ва намойишларида ашаддий миллатчилик руҳидаги шиор ва чақириқлар янграгани боис, ваҳимага тушган ГорОНО мутасаддилари мактабларга хабар бериб, оврупо миллатига мансуб ўқитувчи ва ота-оналарни ўз болаларига нисбатан хушёр бўлишга, уларни назоратсиз уйдан чиқармаслик ва ёлғиз мактабга юбормасликка чақирган эди. Ўзбекистоннинг баъзи доираларида бу Муҳаммад Солиҳ ва бошқаларнинг «хизмати» деган қараш мавжуд. Бу айбловларга Сиз нима деб жавоб берган бўлардингиз?
М. Солиҳ: Одамларнинг шууридаги шу ва шунга ўхшаш нотўғри фикр ва хулосаларни жамиятда бошланаётган қайта қуриш ва ошкораликка қарши салбий муносабат уйғотиш учун миллий хавфсизлик хизмати яратган. На мен на да бошқалар бу ишни қилмади.Ўша вақтда ҳам, мустақилликка эришганимиздан сўнг ҳам. Баъзи нохуш ҳоллар содир этилган бўлса, булар махсус хизмат ходимлари томонидан уюштирилган бўлиши мумкин. Мен бу хусусда ҳамиша ўз тарафдорларимни қаттиқ огоҳлантириб келганман. Фақатгина мухолифатга қарши носоғлом муносабат уйғотиш истагидаги маълум шахслар ва ташкилотларгина ўзбек мухолифатини ашаддий миллатчиликда айблаши мумкин. Биз ўз она тилимизга қарши шовинистик кўринишдаги ҳар қандай қарашларга қарши бўлганмиз, миллий қадриятларни ҳимоя қилганмиз ва бу бизнинг ҳаққимиз эди.  Агар руслар рус бўлганликлари билан фахрланиб, ҳар қадамда руслигини эслатиб турмаганларида эди, мен ўзбеклигимни унутардим. Бизнинг «миллатчилигимиз» рус шовинизмига  жавоб,яьни миллий кимлигимизни муҳофаза этиш йўли эди. Миллатчиликни ирқчилик билан алмаштирмаслик керак. Ирқчилик — ўзга миллат вакилларини камситиш ва ҳақоратлашга асосланади, миллатчилик эса ирқчиликка қарши ҳимоя рефлексидир. Миллатчилик – ўз-ўзини сақлаб қолиш сифати билангина ижобий роль ўйнаши мумкин, холос. Ундан бошқа масалада эмас. Масалан, бугун ўзбеклар ўзларидан кўпроқ бўлган бошқа миллатлар томонидан на маданий ва на демографик жиҳатдан камситилмаётганликлари боис миллатчиликка эҳтиёж сезмайдилар. Шунинг учун ҳам биз — Горбачёв даврининг идеалист сиёсатчилари ўз халқини хўрлашдан завқ олиб, «юксакликка» интилаётган Каримов тузумидан ҳазар қиламиз.  
2003 йилда бўливб ўтган «Эрк» партиясининг 5-съездига йўллаган мурожаатномамдан сатрларни шу келтирмоқчиман: «Мамлакатнинг шаҳарларидаги ватандошларимизнинг бир қисми ўзларини «миллий озчилик» сирасига киритадилар. «Миллий озчилик» калимасини кўпам хушламайман. Улар бизнинг партиямиз сиёсатидан ташқарида қолиб кетмасликлари даркор. Улар бизнинг ватандошларимиздир. Ҳа, биз қайта қуриш йилларида ўзимизнинг миллий кимлик (идентичность) сиёсатига ургу бердик. Бу бизга ўзимизни коммунистик шовинизмига қарши туриш учун зарур эди. Бугун эса, биз «халқ» ва ё «миллат» деганда, шу диёрда яшаб — миллатидан қатъий назар — Ўзбекистонни ўз Ватани деб билувчи ҳар бир фуқарони назарда тутамиз. Биз ирқчилик ва шовинизмнинг ҳар қандай кўринишини, у кимдан чиқишидан қатъий назар, инкор этамиз».
«Арена»: Сизнингча, Ўзбекистон сиёсий ва иқтисодий борада ким билан ҳамкорликни йўлга қўйгани маъқул? Либерал қарашдаги Ғарб биланми, Ислом давлатлари биланми ва ё эски синашта қадрдони Россия биланми?
М. Солиҳ: Албатта, биринчи галда ён қўшнимиз мамлакатлар, Марказий Осиёдаги давлатлар, сўнгра — Россия, Хитой ва Афғонистон билан. Ундан кейин, бизни иқтисодий ривожланган ва демократик давлат сифатида кўришни орзу қилган барча мамлакатлар, жумладан, Оврупа Иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари билан. Албатта, Ислом давлатлари билан ҳам  ҳамкорликни йўлга қўйиши керак.
«Арена»: Ўзбекистон раҳбариятининг Россия билан яқинлашуви борасидаги фикрингизни билишни истардик. Айни пайтда АҚШ билан деярли барча алоқаларининг узилишини қандай баҳолаган бўлардингиз?
М. Солиҳ: Агар бу яқинлик Андижон қатлиомининг қонли фожеалари асносида, демократик ислоҳотлар ва тамойиллардан тамомила узоқлашиш ва Каримовнинг мустабид тузумни янада мустаҳкамлаш эвазига бўлмаганида эди, мен Ўзбекистоннинг Россия билан бу яқинлашишини чин дилдан қўллаб-қувватлаган  бўлардим. Баьзилар Путинни Марказий Осиё халоскори қилиб кўрсатишга интилмоқдалар, лекин Путин ўз халқининг жаллоди бўлган бир лидернинг халоскоридир.
АҚШ билан муносабатларнинг узилиши табиий ҳолдир, Андижон фожеаларидан сўнг ҳам бу муносабатларнинг давоми Американинг ўз принципларидан чекиниши бўларди. Американинг иштироки, гарчи у ҳарбий соҳада бўлса-да, жамиятимиз учун манфаатига эди, бироқ Андижон воқеалари вазиятни тубдан ўзгартириб юборди. Демократиянинг ор-номуси ва ё Америка иштироки, деган савол кўндаланг қўйилди. Биз демократия йўлини танладик, америкаликлар ҳам.
Биз бугун ютқаздик — таъқиб ва тазйиқлар кучайди. Лекин узоқ келажакда ютдик — эътиқодимиздан чекинмадик ва бу билан муқаддас курашимизга халқнинг ишончини янгиладик.
«Арена»: 2007 йилнинг январидаги Президентлик сайловлари натижаларини башорат қила оласизми? Ислом Каримов ҳокимиятда қолиши мумкинми? Агар қолмаса, Сизнингча, унинг ўрнига ким даъвогарлик қилиши мумкин?
М. Солиҳ: Башорат қилишни ёқтирмайман. Лекин партиямиз 2007 йилги сайловларда иштирок этиш учун тайёр.
Авваламбор, 1999 йил Ўзбекистон томонидан менинг масаламда чиқарилган суд ҳукмига ҳуқуқий баҳо бериш масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси суриштирув ишлари олиб бормоқда.
БМТнинг бу қарорини Каримов режими тан оладими-йўқми, бундан қатъий назар, у менга Ўзбекистонга қайтишим учун халқаро нормалардан келиб чиққан ҳолда ҳуқуқий кафолат беради. Қолаверса, Ғарбнинг кўзга кўринган сиёсий арбоблари (ҳозирча давлатлари демайлик), ниҳоят, янги Марказий Осиё сиёсатини барпо қилиш илинжида бизнинг минтақага қизиқа бошладилар. Ниҳоят, халқимиз ҳам шу пайтга қадар Каримов режими умрини узайтириб келган ўз қўрқувини енгиб, кўзларини очди, уйғонди. Энди фақат кенг халқ оммасининг қаршилик ҳаракатларини тўғри бошқариб, тинч йўл билан ҳокимият алмашинувини амалга ошириш қолди, холос. 
«Арена»: «Серқуёш Ўзбекистоним» мухолифат партияси лидери Санжар Умаровнинг узоқ йиллик қамоқ жазосига тортилиши билан унинг келаси йилги Президентлик сайловларидаги эҳтимолий иштироки орасида ўзаро боғлиқлик кўриш мумкинми?
М. Солиҳ: Истаган тийрак ва бироз фаросатли одам Каримовга рақиб бўлиши ва бирозгина ҳалолликка йўл қўйилган демократик сайловларда енгиб чиқиши мумкин. Бугун Каримов халқнинг шу қадар жонига теккан. Ана шу ҳақиқатни билгани учун ҳам Каримов токи тирик экан, ҳеч қачон эркин ва демократик сайловлар ўтказишга йўл қўймайди.
Эркин сайловлар бугунги ўзбек Президенти учун давлат тўнтариши ёҳуд халқ исёни билан баробар. Негаки, у икки маротаба бу озодликнинг соясини кўришга улгурди. Биринчи маротаба тўқсонинчи йилларда сиёсий саҳнада урф бўлган одатга амал қилиб, мухолифатчини Президентлик сайловларида иштирок этишига рухсат берганида, ўшанда ҳам, озодликнинг ўзини эмас, балки соясини кўриб жазавага тушган эди.
1991 йилги сайловлар Каримов учун эс-ҳушидан ажралишдек «шок» ҳолатни юзага келтирди. У ҳали ҳам бундан ўзини ўнглаб ололмади, ҳануз эс-ҳушини йиғиб ололгани йўқ. У ўшанда биринчи маротаба ўзининг аксини халқ хоҳиш-иродаси ва эрки ойнасида кўриб, даҳшатга тушган эди. Ўша пайтдаги Президент сайловининг   бир тирик гувоҳининг билдиришича, сайлов кечаси тонгга қадар улар Каримовнинг рақиби(камина)га берилган овоз бюллетенларини ёқиб, Каримов учун янги бюллетенларни тўлдириб чиқишган. Шу билан бирга мухолифат танқидчиларининг: «Муҳаммад Солиҳ 13 йилдан буён мамлакатда бўлмагани боис, одамлар уни унутди ва ҳаказо…» деган гап-сўзлари келсак. Агар менга Тошкентда 13 дақиқалик жонли эфир(минбар беришса,  13 йил муқаддам Ўзбекистонда қандай машҳур бўлган бўлсам, худди ўшандай машҳур бўлардим. Каримов ўз ҳокимиятини йўқотиш васвасаси сабаб, бугун улкани буткул иҳоталаб ташлади. У ўзи билан рақобатлашиши мумкин бўлган ҳар бир кишидан чўчийди.
«Арена»: Сиз 2007 йилги Президентлик сайловларида қатнашиш ниятида эканингизни айтдингиз. Ўзбек қонунчилигининг сўнгги ўн йил мамлакат ҳудудида яшамаган кишиларни олий давлат ўринларига даъвогар сифатида рўйхатга олмаслиги ҳақидаги бандидан хабардормисиз?
М. Солиҳ: Юқоридаги диктаторлик бошқарувига мос қонунлардан ҳам Каримов биздан нақадар қўрқишини кўриш мумкин. Лекин халқимизда бир ибора бор: «Қўрқув ажални кечиктираолмайди». Менинг назаримда, Каримов режимининг ажали яқин ва қонунлар бу режим ҳалокатини тўхтатиб қололмайди.Қонунларнинг Каримов учун ҳеч бир қадр-қиммати экан, нега биз учун уларнинг қадр-қиммати ва таъсири бўлиши керак? Қолаверса, бу таъқиқловчи Қонунлар бўлмаган тақдирда Каримов бизни сайловларга қўйиши мумкинмиди? Шўрлик Санжар Умаров! У ахир бор-йўғи Каримов атрофидагиларни жуда одоб билан, жуда мулойим танқид қилди, холос. Ўшанда ҳам ҳукмдорга тил теккизмай, эҳтиёткорлик билан танқид қилди. Лекин бу хушёрлик ҳам унга расмий мухолиф бўлиш имконини бермади-ку! Биз Ўзбекистонга бормоқчимиз, Каримов марҳамат қилиб бизни кутиб олишга ҳозирлик кўрсин. Яратган Эгам кимни ёнини олса, ўша ғолиб бўлади.
«Арена»: Олдингизда турган вазифаларни амалга оширишда чет эл демократик (институтлари) тузилмалари ёрдамидан ҳам умидвормисиз?
М. Солиҳ: Ҳа, Ғарб ўзбек демократиясини конкрет ва аниқ ҳаракатлари билан қўллаб-қувватлаши мумкин. Масалан, улар Каримов режимига БМТ, ОБСЕ, Европа Парламенти, НПО ва оммавий ахборот воситалари орқали сиёсий босим кўрсатиши, Америка Қўшма Штатлари ва Европа Иттифоқи эса Ўзбекистондан демократик мухолиф партияларни рўйхатдан ўтказишни талаб қилиши ва бу режимга нисбатан сиёсий чекловлар жорий этиши (халқаро йиғин ва мажлисларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилиш, қолаверса, ҳукумат расмийларининг бундай анжуманларда иштирок этишини чеклаш, Каримовнинг яқинлари, қизлари ва ўзининг банкдаги маблағларини музлатиб қўйиш ва ҳаказо…) мумкин.
Қолаверса, Ўзбекистонга қўшни давлатлар ҳукумати ва Россия билан жиддий ишлаши, Ўзбекистон ва Марказий Осиё дуч келаётган бозор иқтисодиёти ислоҳотлари ва демократия муаммоларини муҳокама ва таҳлил киладиган халқаро форум ва анжуманлар ташкил этиши, Ўзбекистон давлат лойиҳалари молиялашувини чеклаши ва бунинг эвазига хусусий сектор ишини қўллаб-қувватлаши шулар жумласидандир.
«Арена»: Сизда ички ва ташқи сиёсат, хусусан, мамлакатнинг иқтисодини ривожлантириш борасида аниқ дастур ва ҳаракат асослари мавжудми? Сизни сайловга қўйишса, Ўзбекистон халқи хузурига қандай дастур билан чиқмоқчисиз?
М. Солиҳ: Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз, мамлакат аҳолиси яшаш шароитини қисқа даврда, ҳеч бўлмаганда, Россия савиясига келтиришдан иборат. Бунинг учун бир-бири билан боғлиқ бўлган   биринчи галдаги вазифалар шулар: Том маьнода Бозор иқтисодиёти асосларини жорий этиш, қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, ерни хусусийлаштириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватловчи инвестиция марказини барпо этиш, нефть ва газ соҳасининг энг муҳим тармоқларини ривожлантириш билан бирга шаффоф энергетика сиёсатига уйгулаш. FDI ни амалга ошириш,  технологик ётиримларга кенг йўл очиш, жойларда эркин савдо муносабатини қарор топтириш ва очиқ чегара савдосини йўлга қўйиш, гайримашру («теневой») иқтисод боис содир бўлган бўшлиқни тўлдириш мақсадида ўзбек миллий сўмининг конвертациясини тезлаштириш, хусусий сектор ва савдодан давлат назоратини бекор қилиш каби ишлар шулар жумласидандир. Шу билан бирга, кучли ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш ва бутун жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш, ривожланиш ва барқарорлаштириш Фондини ҳамда Солиқ тизимини ислоҳ қилиш, хусусий савдо ва чет эл инвестициясини рағбатлантириш, кўзбўямачилик ва коррупцияга олиб келувчи «яширин» («теневой») иқтисодга кўз юмиш каби бемаъни сиёсатдан воз кечиш ва бюжетнинг талон-тарож бўлишини тўхтатиш ҳам жуда муҳимдир. Шу билан бирга, коррупцияга қарши кенг миқёсда кураш олиб бориш ва бу муаммо натижаларини ҳукуматнинг барча тизимларида тадқиқ ва таҳлил этиш ва бу борада янги қонунчилик тизимини яратиш керак. Бозор иқтисодиётига асосланган янги ижтимоий ҳимоя сиёсати ҳам жуда зарур. Аҳолининг аҳволи «танг» қисмини адресли ижтимоий ҳимоялаш учун малакали пенсия ислоҳотини амалга ошириш лозим.
Мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этишини таъминлаш учун барча замонавий, демократик ва сиёсий гуруҳларни оқлаш, реабилитация қилиш, эркинликнинг барча турлари: сўз, виждон, митинг ва йиғинлар эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларида цензурани батамом бекор қилиш ва суд (маҳкама) тизимини тубдан ўзгартириш зарур. Марказий Осиёдаги давлатлар билан терроризм, диний экстремизм, наркотрафик ва уюшган жиноятчиликка қарши биргаликда курашиш учун яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, улар билан биргаликда регионда содир бўладиган барча воқеа ва ҳодисаларда бир тану, бир жон бўлиб иштирок этиш, АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва Хитой билан алоқаларни муста xкамлаган ҳолда, савдо, транспорт алоқаси, энергия маршрутларини кенгайтириш, электроэнергия ва коммуникация жиҳозлари етказиб беришни йўлга қўйиш лозим. Агар мана шу вазифаларни тезлик билан амалга ошириб, зарур чора-тадбирлар кўрилмаса, ҳукуматга нисбатан омма ишончи тамом сўнади. Бу ишонч буткул «эррозия»га учраган. Ўзбекистон ҳукумати бугун ана шундай жар ёқасида турибди…
«Арена»: Сиз – сиёсий эмигрант, муҳожирсиз. Халқнинг қайси қатламлари кўмагидан умидворсиз? «ЭРК» бугун Ўзбекистонда не қадар қудратли, нима қила олиши мумкин?
М. Солиҳ: Биз Ўзбекистоннинг халқининг барча қатлам ва гуруҳлари ҳамкорлигидан умидвормиз. Зотан, бизнинг дастуримиз аввал бошданоқ уларнинг барча манфаатларини — сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда ҳимоя қилиб чиққан эди. Сўнгги сиёсий лойиҳамиз баёни Ўзбекистон Миллий Нажот Қўмитасининг веб-сайтимизда эълон қилинган қисқа дастурида ифодаланган. Лекин гап дастурда эмас. Ҳар ойда янги бир дастур ёзиб, эълон қилиш мумкин. Каримовда ҳеч қачон дастур бўлмаган ва ҳозир ҳам йўқ. Гап бошқа нарсада. Ўзбек сиёсатчилари учун доим бир муаммо мавжуд — сиёсий эркининг йўқлиги, эски тузим ислоҳоти олдидаги қўрқув, ўз сўзида турмаслик, очкўзлик, алдов ва тутуриқсизлик. «ЭРК» партияси сиёсати ҳамиша бу коммунистик руҳ қолдиқларига қарама-қарши бўлиб келган ва шунинг учун ҳам бизнинг ўзимизга ишончимиз кучли. ИншоОллоҳ, халқ бизни қўллагай, чунки биз ўз сўзимизда туришимизга, мамлакат ривожланиши учун зарур бўлган қарорлар қабул қилиш учун бизда сиёсий эрк ва шижоат борлигига халқимиз ишонади!. 1999 йил Наманганда мусулмонлар (уларни «ваҳҳобийлар» деб аташарди) агар Ўзбекистоннинг ҳалифалик давлати бўлишига қаршилик қилмасам, Президентлик сайловларида мен учун овоз беришларини айтган эдилар. Мен уларнинг бу таклифларини рад этдим. Шундан кейин улар Каримов учун овоз беришди, чунки Каримов уларга шундай деган эди: «Агар халқ ҳалифаликни истаса, мен қандай бунга қарши бўлишим мумкин?»   Ёлғон сиёсати бугунги режимнинг доимий ҳамроҳидир. Бизда ҳозир битта муаммо бор — кўнглимиздаги гапни одамларга етказиш муаммоси, омма — электорат билан боғланувчи алоқа ва коммуникация воситаларининг етишмаслиги муаммоси бор. Лекин бу муаммо ҳам айни пайтда ечилиш арафасида. Каримов режими билан жиддий иш олиб борилаяпти. Воқеалар ривожини кузатиб боринг.
«Арена»: Сиз демократия ғалабаси учун барча воситалар маъқул, жумладан, қуролли қўзғолон ҳам, деган фикрдамисиз ёки қачон мамлакатга таклиф қилиб, уни «бошқар» дейишларини кутасизми?
М. Солиҳ: Йўқ, мен коммунистларнинг йўлидан бормоқчи эмасман, ҳатто демократия учун ҳам одамларни ўлдириш ниятим йўқ. Айни пайтда, қўл қовуштириб ўтирмоқчи ҳам эмасман, бор имкониятим билан бу гайримиллий режимига қарши курашаман. Асосий орзуим Президентлик эмас, балки халқимни барча бало-қазолардан озод ва халос кўрмоқдир. Мен ўзимнинг илк сиёсий манефестимни 1985 йил Метрополиянинг маданий таҳқир сиёсатига исён сифатида, Москва зулмига қарши ёздим. Буни Президент бўлиш эмас, халқимнинг таҳқирланишига чидаёлмганим учун ёздим. Бугун эса, «ўзимизнинг мустақил» диктаторга қарши, мустақиллик ниқоби остида халқимни хўрлашда  давом эттираётганларга қарши ёзмоқдаман. Яъни, вазифам 20 йилдир ўзгармабди. Каримов режими ағдарилишига аминман. Оллоҳ бу режимдан  зулм чеккан бандаларини ҳам, уларнинг ёнини олганларни ҳам,  мағфиратига олар, иншоOллоҳ.
(Рус тилидан Исмат Хушев таржимаси )

М. Солиҳ: ‘’Мақсадим -байналмилал легитимлик’’

Мухолифатдаги «Эрк» демократик партияси Ўзбекистонда 2007 йилда ўтажак президентлик сайловларида партия раҳбари Муҳаммад Солиҳ номзодини илгари суришини маълум қилган.
Муҳаммад Солиҳ 1991 йилги илк президентлик сайловларида Президент Ислом Каримовнинг рақиби бўлган ва орадан кўп ўтмай, мамлакатни тарк этган эди.
Ўзбекистон Олий маҳкамаси уни 1999 йилги Тошкент портлашларида айблаб, сиртдан ўн олти ярим йиллик қамоқ жазосига ҳукм этган. Ўзбекистон қонунларига мувофиқ, судланган ва 10 йил давомида мамлакатдан ташқарида яшаган шахс президентлик сайловларида иштирок эта олмайди. Хўш, шундай шароитда Муҳаммад Солиҳ жаноблари қандай қилиб сайловларда қатнашмоқчи?
Муҳаммад Солиҳ: — Бу ўринли савол. Ва бу саволга мен шундай жавоб беришим мумкин. Олти ойдирки, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари қўмитасида менга қарши чиқарилган ҳукмнинг тафтиши кетаяпти. Бу масалада бизнинг адвокатимиз Салима Қодирова Ўзбекистон Олий судига ва у ердаги бошқа мақомларга икки йил олдин мурожаат қилиб судда кўрилган менинг ишимнинг материалларини сўраган эди. Ҳимоячига ҳар хил баҳоналарни рўкач қилиб, материалларни бермаганлар. Шунинг учун ҳам Бирлашган Миллатлар ташкилотига оширилди бу иш. Улар, бу ишни олдик ва унинг устида ишлаяпмиз, деб маълум қилишди бизга.
Ҳозир бу хусусда Ўзбекистон ҳукуматига мактуб ёзишган. Мактубга ҳеч қандай ижобий жавоб келмаслигини биз биламиз. Чунки ижобий жавоб Муҳаммад Солиҳнинг мутлақо айбсиз эканини тан олиш, дегани бўлади.
Би-би-си: — Бирлашган Миллатлар ташкилоти Инсон ҳуқуқлари қўмитасининг қарори Ўзбекистондаги маҳкаманинг сизга нисбатан чиқарган ҳукмини бекор қилолмайди. Сиз буни биласиз, шундайми?
Муҳаммад Солиҳ: — Бу қарор байналмилал платформада бекор қилади. Халқаро юридик қонунлар бўйича бекор қилиши мумкин.
Би-би-си: — Лекин Ўзбекистон қонунлари бўйича сиз терроризмда айбланган ва мамлакат ичкарисида 10 йил мобайнида яшамаган шахс сифатида қоласиз. Бу ҳолатда ҳеч ким сизни номзод сифатида рўйхатга олмайди…
Муҳаммад Солиҳ: — Бу энди уларнинг иши. Ҳатто ундай бўлмаганда ҳам рўйхатга олмаяпти-ку. Бу бошқа масала.
Би-би-си: — Яъни, бунда сиз ташқаридан қандайдир аралашувга умид қилиб номзодингизни илгари сураяпсизми?
Муҳаммад Солиҳ: — Йўқ. Ҳеч ким четдан аралашиб уларнинг қонунини ўзгартиролмайди. Мен байналмилал платформда менинг бу сайловда қатнашишим мумкинлигини ва бунинг учун, яъни, байналмилал қонунлар асосида ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини исбот қилмоқчиман. Ва байналмилал легитим бир шахс сифатида, легитим сиёсатчи сифатида дунёга тан олдиришни истайман ўзимни.
Би-би-си: — Лекин бу нарса Ўзбекистонда реалликка айланиши учун қайсидир маънода мўжиза юз бериши керак. Сиз бунга розимисиз?
Муҳаммад Солиҳ: — Мўжиза эмас, халқ ўз ҳақларини талаб қилиб кўчага чиқиши керак ва халқ ўзининг иродасини ўша сайловларда бевосита кўрсатиши керак.
Би-би-си: — Шунга шароит бор, деб ўйлайсизми?
Муҳаммад Солиҳ: — Албатта бор. Фақат ташкилотчилик иши заиф халқнинг ичида. Мен ташкилот деганда бирор бир партияни айтаётганим йўқ. Халқнинг ўзи ташкиллашмаган. Яъни, халқнинг ўзи бу қарорга келгани йўқ. Аммо бу қарорга келса, халқ бир кунда кўчага чиқади. Андижон эмас, бутун вилоятларда кўчага чиқади. Фақат халқ ҳали шу фикрга келгани йўқ.
Би-би-си: — Сиз 2007 йилга келиб Ўзбекистонда эркин ва адолатли президентлик сайловлари бўлиши мумкин, деб ишонасизми?
Муҳаммад Солиҳ: — Йўқ. Бу тузум бор экан, бу режим иқтидорда экан, бундай сайловнинг бўлишига мен ишонмайман. Бундай сайлов фақат халқнинг кучли тазйиқ, таъқиби остида, Қирғизистондаги ва Украинадаги, Гуржистондаги халқнинг кўчага чиқиб ўз ҳақларини қандай талаб қилган бўлса, бизда ҳам худди шундай шаклда талаб қилсагина, бу режим биз истаган демократик сайловни қилиши мумкин. Бошқа бирор бир шаклда бу ҳукумат қилмайди ва агар қиламан, деган бўлса ҳам мутлақо ёлғон. Бунга халқимиз ҳам ишонмайди, биз ҳам ишонмаймиз.

(28.04.2006)


Ёшларга мактуб

(Электрон почтадан келган бир мактубга жавоб)

Азиз укамиз Жамшидбек, мактубингиз учун ташаккур. Сиз мусулмон жамоасидан эканингизни ёзибсиз ва атрофингиздагилар каминани «американинг одами » деяётганини билдирибсиз. «Ҳизб ут Таҳрир» ташкилоти аъзолари бизнинг куфр йўлида эканлигимиз ҳақида ташвиқот юритаётганини ёзибсиз. Жиҳод ҳақида фикримни сўрабсиз. Ҳокимиятга келсак, халқ референдумда Халифат истаса бунга қандай қарайсиз, деб сўрабсиз. Бу мавзуларга қисқа жавоб бераман.
Каминани Совет даврида «Москва одами» қилиш учун йилларча ҳаракат қилишди, коммунист партиясига олиш учун аввал яхши сўз билан, сўнгра таҳдид билан ундадилар, аммо эплаёлмадилар. Мен бир Туркистонлик ўзбек мусулмони ўлароқ қолмоқ истадим ва, Яратганга шукр, мени шундай қолдирди. Оллоҳнинг изни ила мен яна у яратган қолипда — унга қуллиқ қилиш учун энг қулай қолипда — қолишни умид этмакдаман. Фитратимдаги бу қатъий чизгини билганлари учун, каминани ўз одами қилиш учун уринаётганлари йўқ.
Албаттаки, биз билан кўришмоқ истаган ҳар ким билан кўришамиз ва муаммоларни тортишамиз. Аммо бизнинг Ҳизбчилардан фарқимиз шуки, бизнинг фикримизга қўшилмаган ҳар кимни кофир эълон этишдан қўрқамиз, чунки мусулмоннинг ҳақиқий мусулмон эканлиги ёки йўқлигини фақат Оллоҳ таоло белгилай олишини биламиз. Ва яна Унинг ғазабидан қўрққанимиз учун туҳмат қилиб қўймайлик дея, бу мавзуларда тилимизни тийишга ҳаракат қиламиз.
Бизни кофир дейдиганларнинг ёрдамига асло муҳтож эмасмиз, биз, аввало, Оллоҳ, сўнгра унинг халқ этгани суюкли халқимизнинг ёрдамига муҳтожмиз. Халифат эртаги билан халқимизни алдаб юрганларга ачинаман.
Алданган тоза ниятли ва шаффоф қалбли ёш биродарларимнинг беҳуда кетган вақт ва меҳнатларига ачинаман.Уларнинг турмада қийноқларга тобе тутилаётганига изтироб чекаман. Бу ёшларнинг ҳар бири битта муслимонга Қуръон ўқишни ўргатса, хайрли иш қилган бўлардилар. Афсус.
Албатта, улар ўзларининг тоза ниятлари учун афу этилар иншоллоҳ, аммо уларнинг софлигидан фойдаланиб, уларнинг белига бомба боғлаб, ўз-ўзини ўлдиришнинг жиҳод эканини ўргатаётган жоҳиллар ҳам бу қилган жиноятларига жавоб беришига шубҳамиз йўқ.
Чунки, Исломда ўз жонига қасд қилиш катта гуноҳдир.
Ўз жонига қасд қилибгина қолмай, бу портлатган бомбалари билан сиёсатга мутлақо алоқаси бўлмаган бегуноҳ ва масъум инсонларни қатл этиш иккинчи бир жиноятдир.
Бу — муқаддас динимиз Исломга душманликдир, уни дунёга ёмон кўрсатишдир, демак бу — яна бир карра жиноятдир.
Ҳизбчиларга бу сўзларимни айнан етказишингиз мумкин, сиёсатчи эмас, бир мусулмон биродарининг сўзи сифатида етказинг лутфан.
Ўз жонига қасд қилишнинг гунох эканлигига ҳадиси шарифдан бир хужжат: Пайғамбаримиз (САВ) бир жангда қаҳрамонлик кўрсатган бир аскарни «бу киши жаҳаннамлик» деганларида, саҳобалар бунинг сабабини сўрайдилар, Пайғамбаримиз (САВ) «уни кузатинглар, сабабини ўрганасизлар» , дея жавоб берадилар. Кузатишганида бу аскар қаҳрамонларча жанг қилади, аммо олган жароҳатлари оғриғига чидай олмай ўз-ўзини ўлдиради. Ва шу боис аскарни бутун қаҳрамонликларига қарамай, жаҳаннамга тушишини башорат қилганди 18 минг олам сарвари Пайғамбаримиз.
Бугунги жиҳодчилар эса бир эмас, бирданига икки жиноят қилмоқдалар, ўзини ўлдирар экан, атрофдаги бегуноҳ инсонларни ҳам ўлдирмоқда, ўз биродари бўлмиш мусулмонларни ҳам қатл этмоқда.
Бу жиноятни жиҳод, деб аҳли исломни йўлдан ураётганларнинг баҳонаси шу: «Фаластинлик мусулмонларни яҳудийлар ўлдираяпти, уларга қарши қўлимизда бошқа қуролимиз бўлмаса, нима қилайлик?» дейишади. Биз деймизки, сен ҳам қўлингга қурол ол ва уларга қарши машру услуб билан, ислом ҳаром қилмаган услуб билан кураш, исломнинг таъқиқлаган йўлига кирма!
Сенинг сиёсатингни билмаган, на яҳудий ва на-да американи танимаган масъум инсонларнинг нима гуноҳи бор, нега уларни ўлдирасан?
Нега бир муслимонни ўз жонига қасд қилишга, жиноятга ундайсан?
Ислом бегуноҳ инсонларни — у яҳудийми, кофирми, бундан қатъий назар, ўлдиришни қатъиян тақиқлагандир.
Хизбутчиларнинг яна бир хусусияти, Араб миллиятчилигини Марказий Осиёда ёймоқ истагидир. Булар Араб миллиятчилигини Умматчилик билан ниқоблайдилар. Масалан, улар қурмоқчи бўлган давлатда расмий тил Араб тили бўлар эмиш. Яъни улардан бошқа ўз миллатини айтса, бу дарҳол қавмчилик ҳисоблайдилар, лекин ўзлари Араб миллатиниинг устунлигини ҳар қадамда сездиришни қавмчилик ҳисобламайдилар.
Қавмчилик ирқчиликнинг кўринишидир. Аммо бир қишлоқлик муслимон — Ўзбек йигити Ҳизбга кирган заҳоти Каримовнинг қатл этаётгани ўз қариндошларини эмас, Фаластиндаги зулм ҳақида сизга нутқ ўқийди.
Албатта, биз Фаластиндаги биродарларимизни ҳам ўйлашимиз керак, аммо нега бу ўз онамизни унутиш эвазига бўлиши керак?
Агар икки хотин сувда чўкаётган бўлса, улардан бири сизнинг ҳурмат қилган бир қўшнингиз, икккинчиси онангиз бўлса, сиз биринчи бўлиб кимни қутқарган бўлардингиз? Албатта, онангизни қутқарардингиз ва буни ҳеч ким қавмчиликка йўймаган бўларди.
Мустабид Каримов 15 йилдан бери Ўзбек мусулмонларига шафқатсиз зулм ўтказмоқда, айтингчи, қайси мусулмон ўлкаси бунга қарши сас чиқарди? Қайси исломий сиёсий партия Ўзбекистонни Фаластин билан тенг қўйди?
Ҳизбчилар ўз партияларининг аъзолари сонини кўпайтириш учунгина қамалган Ўзбек аъзолари ҳимоясини қилишди. Улар мўътадил мусулмонлар, бошқа масҳабдан бўлган мусулманлар, ҳатто баъзи тариқат аъзоларини ҳам кофир, дея миш-миш тарқатмоқдалар. Ва ўзлари билмаган ҳолда буюк гуноҳга ботадилар.
Агар Ҳизб раҳномалари нифоқ ичида бўлмасалар, бу саволларга жавоб берсинлар аввал.
Бошқа бир хусус: Ҳар қандай миллатга айни ҳурматни кўрсатишимиз керак. Араб миллати ҳам биз учун азиз миллатдир, чунки уни ҳам бизнинг Раббимиз яратди. Бу миллат икки карра азиздир, чунки Оллоҳнинг сўнгги Расули ўша миллатдандир.
Аммо Раббим мени ҳам муайян бир қавмга мансуб яратди. Бу қавм Туркий қавмдир. Нега мен буни рад қилишим керак? Мусулмон учун фақат Уммат бор, Миллат йўқ, — деганлар Қуръони Каримдаги Оллоҳу таолонинг «Бир-бирингизни танишларингиз учун сизларни қавм-қавм қилиб яратдик», деган ояти каримасини рад этганлардир.
Миллатни миллиятчилар эмас, Оллоҳу таоло яратди. Миллатни тан олмаганлар Оллоҳнинг муқаддас китобидаги келтирганимиз юқоридаги оятни танимаганлардир.
Миллиятчи демак ўз миллатини севиш дея тушунилиши керак. Аммо ўз миллатини бошқа бир миллатдан устун қўйиш бу — ирқчилик! Бунга исломда йўл йўқ.
Пайғамбаримиз инсоннинг ижтимоий, миллий келиб чиқиши Оллоҳ наздида ҳеч бир аҳамияти йўқлигини, инсон зоти фақат тақвоси билан азиз эканлигини билдирганлар. Демак, мусулмон ирқчи бўлишга ҳаққи йўқ. Ҳатто кофирларга қарши ҳам! Уларнинг кофирлиги ва бизнинг миллатдан бўлмагани учун азият бериш исломда таъқиқлангандир.
Оллоҳ бизга иқтидорни ёзган бўлса, биз мусулмон биродарларимизнинг бутун олинган ҳуқуқларини янгидан иншо этамиз, иншооллоҳ. Мазлумлар ўз ҳақларини қозонажаклар, золимлар ҳам лойиқ бўлган мукофотини олиши муқаррардир.
Бош мавзуга қайтсак, террор ғайриисломийдир. Чунки террорда ахлоқ йўқ. Ислом эса ахлоқнинг ўзидир.
Биз иқтидорга келсак, халифат эмас, тамали Юксак Ахлоққа таянган, одил ҳуқуққа асосланган, диний ва миллий анъаналарни қадрлайдиган, ҳамма миллатларга тенг қарайдиган бир давлат, ҳур инсонларнинг давлатини қурамиз, насиб этса.
Халифат ҳақида референдумда бу хаёл тарафдорлари юзда 1 фойиз ҳам овоз олаолмайди, чунки Туркистон халқи динда Пайғамбаримиз буюрган Ўрта Йўлни тутиб, юришда давом этмакдадир.
Исломнининг энг ноёб олимлари Туркистондан чиққандир. Фиқҳда ҳам, тасавуффда ҳам дунё мусулмонлари ўзларининг диний фаолиятларида Туркистонлик олимларнинг қарашлари билан ҳисоблашадилар. Шундай экан,асрлар давомида бўлганидек,Туркистон мусулмонларининг муаллими Оллоҳнинг китоби Қуръони Карим ва Пайғамбаримизнинг муборак суннатларидир.Ғайри муаллимларга эҳтиёжимиз йўқдир.

(04.05.2006)

Брюсселда нутқ сўзлаган М. Солиҳ Ғарбни Ўзбекистондаги эркин сайловларни қўллашга чақирдиФарғона.Ру, ўз ахб., 12.05.200611 май куни Брюсселда, Европарламент биносида «Андижон воқеаларининг» бир йиллигига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда сўзга чиқиш учун ўзбек мухолифатининг қувғиндаги лидерларидан бири, «Эрк» партиясининг бошлиғи Муҳаммад Солиҳ чақирилган эди. Қуйида унинг нутқи тўлиқ келтирилади.

Муҳаммад Солиҳнинг Европарламентдаги нутқи

Хонимлар ва жаноблар,
Яхшиликсиз ёмонлик бўлмайди, деган гап бор: Андижон шаҳрида Каримов режими томонидан уюштирилган  қирғин бизлар учун шафқатсиз сабоқ бўлиб қолди. Бироқ шу билан бирга бу  қирғин Ўзбекистон аҳолисининг барча қатламларини режим ислоҳ қилиниши керак, деган фикр атрофида бирлаштирди.
Ўзбекистон халқи ва мухолифат бундан буён ягона мақсад: Ўзбекистонни аҳоли қатламларини радикаллаштириш кўрсаткичи, минтақавий низолар ва иқтисодий буҳрон манбаи бўлган тоталитар режимдан озод қилиш йўлида ҳаракат қилишга тайёр. Бу ерда мен халқимнинг умид ва интилишларини маълум қилиб, бизнинг янги давр – демократия даврини очишга тайёр эканимизни эълон қиламан.
Маданиятли дунёнинг барча халқлари каби ўзбекистонликлар ҳам ўз раҳбарларини эркин сайлашни, ўз давлатини бошқаришни ва ўзининг иқтисодий хавфсизлиги, фаровонлигини таъминлашни истайди.
Ишончимиз комилки, фақат демократиягина бизнинг мамлакатимизга ҳақиқий барқарорлик олиб келиб, шахс эркинлиги ва иқтисодиётни либераллаштириш мамлакат ҳаётидаги тараққиётни рағбатлантириши мумкин.
Биз ишонамизки, Каримовга ўхшаган диктаторлар бизнинг дунёимизни янада хавфлироқ қилиб қўядилар, халқ иродасининг эркин намоён қилиниши эса ана шундай хавфнинг олдини олишни кафолатлайди. Ўзбекистонликлар аллақачон демократик сайловларни соғиниб қолган. Ўзбекистон президенти эркин сайловлардан давлат тўнтаришидан ҳам, халқ исёнидан ҳам баттарроқ қўрқади. Чунки у ўз режимини халқ нақадар ёмон кўришини яхши билади.
Конституцияга кўра 2007 йил бошида Ўзбекистонда навбатдаги мамлакат президентлигига сайловлар бўлиб ўтиши керак. Мен сизларнинг барчангизни эркин сайловларга қарши Каримов томонидан қўйилган таъқиққа қарши овозингизни баланд кўтаришга, халқ иродасига солинган кишанларни олиб ташлашга ёрдам беришни сўрайман. Ўзбекистон президентидан мухолифат лидерларининг мамлакатга қайтишига тўсқинлик қилмасликни ва уларнинг президентлик учун беллашувларда иштирок этишларига халақит бермасликни талаб қилишга чақираман. Ҳар бир президентликка номзод сайловчилар учун ўзининг кимлигини ва унинг рақиби кимлигини билиб олишига эришиш керак. Халқ ўзининг эркин сайловларда ким эканини аниқ кўриши керак. Мен ишонаманки, бу ҳолда сиёсатдаги нияти бузуқлар – эркинлик душманларидан бошқа барча ютади.
Андижондаги қирғиндан кейин Ғарбда ўзбек диктаторининг «майда камчиликларига» кўз юмиб қўйиш учун ҳеч қандай асос қолмади. Жаҳон ҳамжамияти Андижондаги геноцидни қоралаб, ўз халқига қарши ёвузликларини давом эттирмаслиги учун Каримовга қарши қаттиқ чора кўриши керак. Бугунги кунда Хитой ва Россиянинг қўлловидан руҳланган Ўзбекистон президенти ундан ўзгача фикрлайдиганлар ва мўътадил диндорларга қарши репрессияларини кучайтириб юборди. Каримов ўз ҳомийларини жангга чақирган вассал каби Ғарбга бўй кўтармоқда ва унинг авантюризмидан Ўзбекистон халқи азият чекмоқда.
Биз Хитой ва Россия ҳукуматларини Ўзбекистон золимини қўлламасликка чақирамиз. Бизнинг дўстона қўшничилик алоқаларимиз конъюнктура мақсадлари, вақтинчалик иқтисодий фойда учун қурбон қилинмаслиги керак. Чунки золим ўтади, халқ эса қолади. Минтақа лидерлари қорни тўқ ва мустақил қўшнининг яхши қўшни эканини яхши билишлари керак. Каримовнинг режими Ўзбекистонни қашшоқлар ва радикаллар мамлакатига айлантириб қўйди. Бундай режимни қўллаш минтақада нотинчлик ва доимий радикализм хавфини қўллаш билан баробардир.
Грузия, Украина ва Қирғизистонда бўлиб ўтган инқилоблар Марказий Осиёдаги демократия тарафдорларини маънавий рағбатлантиришда улкан роль ўйнади. Бу инқилобларни биз биринчи галда сиёсий режимни тинч йўл билан алмаштириш усули сифатида қабул қиламиз. Албатта, уларда камчиликлар кўп, бироқ ана шундай улкан воқеаларда мутлоқ муштаракликни кутиш анойилик бўлган бўларди. Афсуски, бу тарихий воқеалар яқиндан буён авторитар режимларнинг постсовет давлатларида демократик ўлкаларни кўришни истамаган идеологлари томонидан таҳқирланмоқда. Олға силжишни фақат салбий ёки ижобий баҳолаш мумкин эмаслиги маълум. Радикал ислоҳотлар – мураккаб йўл, лекин мавжуд ҳолат тарафдорлари кўрсатишга уринаётганидек бошбошдоқлик эмас.
Мен бизнинг юртимизда инқилоблар давом этишига ишонаман. Золимлар бизларни эзишлари, ҳатто ҳаётимиздан жудо қилишлари мумкин, лекин улар бизнинг орзуларимиз ва озодликка нисбатан интилишимизни тортиб ололмайдилар. Бу орзулар ва озодликка бўлган интилиш – золимларга қарши қудратли қурол ва биз ёвузлик устидан ғалаба қозонишимизга ишонамиз.
Сизларга шуни маълум қилмоқчиманки, мен яқинда икки сиёсий партия ва 57 нодавлат ташкилотлар номидан 2007 йилда бўладиган сайловларда Ўзбекистон президенти лавозимига номзод сифатида кўрсатилдим. Шубҳасиз, бошқа мустақил гуруҳлардан ҳам номзодлар кўрсатилади ва бу жуда яхши. Сайловларда мухолифатнинг иштирок этиши шунчалик муҳимки, Ўзбекистондаги вазиятни яхши томонга ўзгартириш учун биргина ана шу иштирокнинг ўзи камлик қилади. Ўзбекистонда эркин сайловлар ўтиши шунчалик муҳимки, агар Ғарб ўзбек мухолифатига сайловларда иштирок этишга ёрдам берса, Ғарбнинг бизнинг минтақамиздаги ўз вазифасини бажаргани тўғрисида айтиш мумкин бўлган бўларди. Биз Осиёда сизнинг аждодларингиз шу ерда, Европада курашган қадриятлар учун курашмоқдамиз. Бу курашда биз сизларнинг фаол ёрдамингизга умид қиламиз.

Муҳаммад Солиҳ,
Ўзбекистон ЭРК демократик партияси лидери
«Илгари бундай учрашувлар бўлмаган»

Ўзбекистон мухолифатидаги «Эрк» демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ Британия парламенти аъзолари ва инсон ҳуқуқлари фаоллари билан учрашиш мақсадида Лондонга келган. «Эрк» раҳбарининг Лондонга бу галги ташрифи охирги ойлар мобайнидаги учинчисидир. Муҳаммад Солиҳ бу гал Лондонга йўл олган чоғи Стокгольм расмийлари томонидан қисқа муддат ушлаб турилган. Би-би-си ундан ушбу ҳодиса тафсилотларини сўраган.
Муҳаммад Солиҳ: — Тафсилоти у қадар узун эмас. Мен паспорт контролидан ўтаётган пайтимда мени тўхтатишди ва Сизнинг паспортингизни текширишимиз керак, деган баҳона билан 5-6 соат мобайнида ушлаб туришди. Аммо кейин тушунмовчилик бўлипти, деб қўйворишди.
Би-би-си: — Яъни, Сиз ҳали ҳам Ўзбекистон ҳукуматининг сўрови билан Интерполнинг қидирилаётганлар рўйхатида қолаяпсиз. Шундайми?
Муҳаммад Солиҳ: — Мен ундай деб ўйламайман. Аммо ўша аввалги берилган маълумот баъзи компьютерларда қолиб кетган, деб ўйлайман. Шунинг учун улар кечирим сўрашди ва биз янглишибмиз, дейишди. Чунки Оврўпо ҳудудларида доим мен эркин кезганман ва биринчи марта шундай бўлаяпти. Шу сабаб, тушунмовчилик бўлипти, дейишди.
Би-би-си: — Энди бевосита Лондондаги учрашувларингизга келсак. Сиз Британия парламентининг Инсон ҳуқуқлари комиссияси аъзолари билан учрашдингиз. Шу учрашув тафсилотлари қандай?
Муҳаммад Солиҳ: — Табиийки, Инсон ҳуқуқлари комиссияси вакиллари Андижондаги воқеалардан кейинги Ўзбекистонда репрессияларнинг янада кучайгани ҳақида жуда катта информацияга эга. Ва бу информацияга биз сиёсатчи ўлароқ ўзимизнинг фикримизни билдирдик ва иловалар қилдик. Менимча бу келажакда уларнинг кейинги фаолиятида ёрдам беради.
Би-би-си: — Инсон ҳуқуқлари борасидаги вазият биринчи маротаба муҳокама қилинаётгани йўқ. Айниқса Андижон қирғинидан кейин бу масала Оврўпо парламентлари кун тартибига қаттиқроқ қўйилган. Иккинчи томондан бу вазиятни яхшилаш борасида ва Ўзбекистон масаласида қандай йўл тутиш борасида Оврўпонинг аниқ стратегияси бор, деб ўйлайсизми?
Муҳаммад Солиҳ: — Шу стратегия ҳозир ишланаяпти менинг чамамда. Яқиндаги жаноб Тони Блэрнинг чиқиши буни кўрсатаяпти. Ва Америкада сенатор МакКейннинг чиқиши ва Сенатдан Каримов режимига қарши, Каримов ҳукумати аъзоларига қарши санкцияларни қўллашни талаб қилиб чиқиши стратегиянинг ишланаётганини кўрсатади. Ва бу йил ниҳоят Оврўпо ва Америка ҳақиқий санкцияларнинг, ҳақиқий босимларнинг қандай бўлишини Каримов режимига кўрсатади, деб умид қилаяпмиз.
Би-би-си: — Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик битимини қисқартирган ва сиёсий даражадаги мулоқотлар анча камайган. Сизнинг Лондонга ташрифингиз ва Оврўпода юз бераётган жараёнлар Оврўпо Иттифоқи ўзбек мухолифатини қўллаб-қувватлаш борасида сиёсий қарор қабул қилган, деб айтишга асос бўладими?
Муҳаммад Солиҳ: — Асос бўлади. Чунки агар шундай қарор қабул қилинмаганида бугун мени Британия парламентида ва Брюсселда Оврўпо парламентида қабул қилмаган бўлардилар. Бизнинг Лондондаги сиёсатчилар билан, Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашувларимиз бор. Агар қўллаш бошланмаганда эди, бундай учрашувлар ҳам бўлмас эди. Билсангиз, ўтган йили ё ундан олдинги йили бунақа учрашувлар бўлмаган эди. 

(BBC, 18.05.2006)

Америкалик профессорнинг инқирози

Колумбия округи қошидаги Гудзон институти баъзи экспертларининг Ўзбекистон Президентига «асосан стратегик манфаатлар» нуқтаи назаридан ёндашаятганини кўриш ниҳоятда ачинарлидир. Ўзбек диктатори билан шунга ўхшаш ҳатти ҳаракатларни жонлантиришга бўлган интилиш Америка Қўшма Штатларининг демократиялаштириш сиёсатини обрўсизлантириб, Президент Бушнинг сўнгги «Миллатга мурожаати»га тамомила зиддир. Мабодо, АҚШ маъмурияти Ўзбекистон фуқароларини қонга ботирган бу диктатор билан ростдан ҳам алоқа ўрнатишга ҳаракат қилса, Америка сиёсий қадриятларининг танозулга юз тутишини кузатишдан бошқа иложимиз қолмайди.

Каримов билан муваффақиятли амалга оширишнинг иложи бўлмаган сиёсатни яна давом эттириш ва ё жонлантиришга бўлган ҳаракат региондаги вазятни издан чиқарувчилар учун демократия ва умуминсоний қадриятлар ҳақида оғиз кўпиртириб гапираётган Американинг барча учун теппа тенг ва баробар бўлмаган «ўз демократияси» борлигидан ёрқин нишона бўлиб хизмат қилади. Шу билан бирга бу ҳолат — Америка куч қудрати ва шуҳратининг тобора мустаҳкамланиб бораётганини эмас, балки аксинча, унинг ожизлигини, инқирозга юз бурганини англатади. Ўзбекистонга нисбатан ўйланмай қилинган бу ҳаракат, дунёдаги бошқа регион диктаторлари тегирмонига сув қўйиш билан баб баравар. 
«АҚШ билан яқинлашиш сенга кўп манфаатлар олиб келади» деган ақидага  ишонтириб яшаш — ҳозирга қадар демократия бастиони ва таянчи бўлиб келган Америка учун хатарли бўлиб, демократиянинг асл қадриятларига зиёндир.  Америка сиёсий стратегияси ва йўналишларини белгиловчи таниқли олимлар, эксперт ва таҳлилчилар Каримов билан яқинлашишдан олдин ўн карра ўйлаб, сўнг қарор қилишлари лозим. Акс ҳолда, АҚШ оддий одамлар назарида ўз таъсир кучини йўқотиб, охир оқибатда бу халқаро майдонда ҳам унинг обрўсига путур етишини, дарз кетишини бошлаб беради. Агар Америка ташқи сиёсати шундай аморф ҳолда қолиб, «ўз танлаган демократияси» йўлидан бораверса,  АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа озод, эркин ва ҳур давлатлардаги ҳамкорларимиз ёрдамида ҳали Ўзбекистонда жуда кўп иш қилиниши лозим бўлади.  Иқтисоди ундан кун таназзулга юз тутаётган, инсон ҳуқуқлари ақл бовар қилмас ҳолда оёқ ости қилинаётган Ўзбекистондаги бу сиёсат — Каримов режимининг инқирозидан далолатдир! Айнан шу фожеали ҳол боис Каримовнинг  бутун бир регион тинчлигига дахл солаётган жиноий ҳатти ҳаракатлари Вашингтон экспертларини соғлом ақл билан ҳаракат қилишга ва ҳушёр бўлишга даъват этмоғи керак! 
Биз сенатор Джон Мак Кейннинг ўзбек халқини қўллаб қувватловчи  Ўзбекистонга оид позициясини қутлаган ҳолда, бошқа кўзга кўринган  сиёсатчи ва таҳлилчиларни ҳам ундан ўрнак олишга чақирамиз. Шу билан бирга биз Примъер Министр Тони Блэр жанобларининг Каримовга ва Андижон қирғинига берган баҳоси ва муносабатини қутлаймиз ва Британия ҳукуматидан бу борада амалий ҳатти ҳаракатлар ва изчил чора тадбирлар кутиб қоламиз. 
Биз — ўзбек мухолифати аъзолари  Марказий Осиё муаммоларини тўла англаб етиш борасидаги сайи ҳаракатлари учун Британия Парламенти фолиятидан жуда мамнунмиз. Фурсатдан фойдаланиб, инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент қошидаги кенгайтирилган ва аралаш гуруҳи ҳамда Марказий Осиё гуруҳи аъзоларининг хайрли ва савобли ишлари учун ўз миннатдорчилигимизни изҳор этмоқчимиз. Шу муносабат билан биз бу самарали  ва зарур фаолият давом эттирилишига умидвор бўлиб қоламиз. Бизда Американинг Ўзбекистонга бўлган муносабати ўзгаришига умид учқунлари бор. Бу умидворликни биз — АҚШ Давлат департаменти позицияси ўзгаришини урғулаган Давлат Котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ўринбосари Ричард Баучер шарҳларида кўрдик. Давлат Департаментининг бу адолатли ва холис  шарҳига Каримов раҳбарлигидаги «алоҳида ва махсус топшириқлар бўйича» тузилган қўшин «юзлаб» қуролсиз тинч намойишчиларни отиб ўлдирганлиги асос қилиб олинган. Бир сўз билан айтганда, бизда ҳали Марказий Осиёга эътибор беришлари учун етарли асослар мавжуд… Каримовнинг исломчилар билан дунёни қўрқитиб келишига ишонишни бас қилиш фурсати келмадии?  Наҳотки, бошқарувдаги қонли режим билан баб баробар туриб халқ овозига даъвогар бўлиши мумкин бўлган мухолифат сиёсий партияларига мамлакат ичкарисида эркин сиёсий фаолият олиб бориш имконин яратиш пайти ҳануз келмаган бўлса? Наҳотки, Каримовнинг бу манфур ва аксилхалқ тузумининг амалда давом этавериши нечоғлик оғир оқибатларга олиб келишини англаб етиш шунчалар қийин бўлса!  Наҳот Ўзбекистон учун ўзгариш, озодлик  ва ҳурлик насимларига навбат етмаган бўлса?  Консерватор фикр ва қарашлар ташаббускори ва генератори бўлган Гудзон институтида яқинда Каримов ҳукумати томонидан Андижон фожеаларини нотўғри талқин этиб, сохталаштириб яратилган видеофильмини намойиш этилиши бизда таажжуб ва таассуб уйғотди. Айнан каримовча бу пропаганда — Гудзон институтига обрў келтирмайди. Андижон фожеасини «Андижон воқеаси» деб аташ ҳақиқатга хилофдир! Адндижонда оммавий қирғин рўй берди! Агар Жон Хопкинс университетининг ҳурматли профессори Фред Стар ростдан ҳам диктатор Каримовнинг айбсизлигига ишонса, марҳамат қилиб менинг қуйидаги саволларимга жавоб берсин:  Нега қамоқхонанинг марказий дарвозалари бу қадар осон очилдийкин? Нега турма қўриқланмади ва хавфсизлик чоралари кўрилмади? Қамоқхона қўриқчилари ва офицерлар қаерда эди? Нега камералар эшиклари ланг очилган эди? Қамоқхона коридорида қуролларни ким ва нима учун қатор қилиб териб қўйган эди? Кичик офицерлар гуруҳига ўз постини ташлаб кетишга ким рухсат берди?
Агар ниманидир яширишни истамаса, қўрқмаса Каримов бу оммавий қирғин бўйича нега халқаро тергов ўтказишни истамаяпти? Нега у мамлакатдан чет эл матбуот вакиллари ва ноҳукумат ташкилотларини ҳайдаб чиқарди?  Шу муносабат билан Колумбия Округи таҳлилчиларининг Каримовни очиқ ойдин ва ё кўр кўрона қўллаб қувватлашга бўлган интилишлари  кишида таассуб уйғотмай қолмайди. Уларнинг бу ҳатти ҳаракатлари Каримовнинг яқинда Қора денгиз қирғоғидаги Сочида  —   Путин ҳузурида қилган маърузасига айнан монанддир. Ўшанда Каримов шундай деган эди: «Мен америкаликлар томонидан боқинчиларча забт этилишдан кўра, россияликларнинг муҳаббатли муносабатларини афзал кўраман…» Бу ерда изоҳга ҳожат бўлмаса керак. Каримов демократияга амал қилиш талабини — боқинчилик билан забт этиш деб тушунаркан…    
Мен дунёдаги барча демократия ва озодлик тарафдорларини ўзбек мухолифати иштироки таъминланган эркин ва ҳалол сайловлар ўтказиш ҳақидаги талаб ва чақириқларимизни эшитишлари ва бизни қўллаб қувватлашларини истардим. Каримов режимига алтернатива бор ва мавжуд — бу демолкратиядир. Ғарб Каримовнинг «Ё мен ва ё исломчи радикаллар», деган сафсата,ларига ишонишни бас қилиши керак. 
Ўзбекистон — Ғарб учун — агар у сўздан амалий ишга ўтишни чўзаверса — бир кун келиб портлаш мурвати ишлаб турган бомбадир (мина замедленного действия)!  Каримовни жазолашни пайсалга солиш Ғарб обрўсига соя солади ва демократия ғанимларини қуроллантиради.  Каримов билан  алоқани тиклаш ва жонлантиришни истаганлар Ироқ ва Афғонистонда демократия ва озодлик учун жон фидо этган одамлар ва Коалиция қўшинлари руҳига хиёнат қилганлаикларини унутмасликлари керак. Каримов нағмасига учиб, унинг тарафида лўттибозлик қилувчилар эрта бир кун абадий лаънатга дучор бўлишларини эсда тутишларини  истардим. 

(2006)

Қўрқув ўрнига озодлик

Амалдаги президент бошчилигидаги бугунги Ўзбекистон ҳукумати мамлакат ичкарисида ҳам, халқаро майдонда ҳам ўз машруиятини тўла йўқотди. Бугун бу ҳукумат на ички ва на-да ташқи сиёсатни юргизиш қобилиятига эга. Ҳокимиятнинг барча поғоналари коррупция ботқоғига ботгани, самарасиз ишлаб чиқариш ва ношуд аграр сиёсат мамлакат иқтисодига тузатиб бўлмас зарар етказди. Вайрон бўлган иқтисодни тузатишга ҳаракат қилар экан, ҳокимият олинган зарарни табиий бойликларни масъулиятсизларча эксплутация қилиш билан қоплашга уринмоқда. Ишсизлик кун сайин ўсаяпти. Ва ишсизларнинг асосий қисмини 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этмоқда. Ишсизликнинг бу қадар  ортиши ижтимоий-иқтисодий тараққиёт ва демографик юксалиш орасидаги анормал номутаносибликни кўрсатмоқда.
Каримов режими иқтисод либерализациясининг ҳокимият монополиясига таҳдид солувчи, давлатдан мустақил тадбиркор синфини яратишидан кўрмоқда.
Президент Каримов ўтган йили май ойида 1000 дан ошиқ тинч аҳоли вакилларини ўлдирди. Каримовнинг бу ҳаракати унинг режимининг легитимлигини йитирди. Ҳа, бу нуқтада машруият — легитимлик бош масаладир. Легитимлик йўқ жойда ҳокимият вакууми пайдо бўлади. Президент Каримов бу вакуумни кўрмасликка ҳаракат қилаяпти ва айнан  шу  ўжар жоҳиллик — зўравонликнинг манбаидир.
Легитимлик бўлмаганида, дунёнинг глобаллашуви, 60 йил муқаддам Гарри Труман даврида бошланган мислсиз тараққиётни кўрмаган бўлардик. Технологиянинг яшин тезлигида ўсиши туфайли инсонлар ва мамлакатлар ўртасидаги масофа қисқарди ва ҳаммамиз демократик, бозор иқтисодига эга давлатлар билан антидемократик давлатлар ўртасидаги фарқни аниқ кўра бошладик.
Ўзбекистон демократик кучлари Ғарбдаги дўстларнинг Ўзбекистон ва умуман Марказий Осиё минтақасидаги демократик ўзгаришлар ва бозор иқтисоди тараққиёти йўлида олиб бораётган курашларида қўллаб-қувватлашларини истайди.
Глобаллашув тезлашар экан, дунё тораймоқда ва муаммолар ҳам ҳамма учун муштарак муаммоларга айланмоқда. Биз бу янги дунё раҳбарларининг Ўзбекистон халқининг бугунги муаммоларига жиддий ва самимий ёндошаётганларини кўришни истар эдик.
Андижон қатлиомидан сўнг Каримов ўз жиноятлари учун юпанч излаб, Пекинга ва сўнгра Москвага борди. Каримовнинг янги ҳамкорлари унинг диктаторлик ҳокимиятини сақлаб қолишда унга ёрдам беришга ваъда қилдилар. Бунга жавобан Каримов Русия билан ҳарбий-сиёсий «Иттифоқ битими»ни имзолабгина қолмай, Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларини тамоман Русия ва Хитой тарафга бурди. Русия аллақачон Ўзбекистоннинг нефть ва газ заҳираларини ўзлаштириш лойиҳаларини татбиқ этишга киришди. Каримов вазирларига ўзининг янги ҳомийлари учун юборилаётган пахта, метал ва энергетик ресурслар миқдорини кўпайтириш ҳақда буйруқ берди.
Айни пайтда, Каримов Шанхай Гуруҳи аъзоларини мухолифатга, «рангли инқилоблар» ва инсон ҳуқуқларига қарши курашни «терроризмга қарши кураш» статусида қабул қилишга кўндирди. Ғарбнинг демократия талабига жавобан, Каримов — мамлакат миллий манфаатларга зид равишда — Ташқи Ишлар Вазирлиги, Ташқи Иқтисодий Алоқалар, Ташқи иқтисодий фаолият Банки ва «Ўзбектуризм» компаниясига қарашли ҳорижий ваколатхоналар ходимлари сонини қисқартиришга буйруқ берди.
Ўтган йил октябр ойида Ташқи Ишлар Вазирлиги АҚШ, Ғарб давлатлари ва Европа Тараққиёт ва қайта тиклаш Банки ҳамда БМТ сингари халқаро ташкилотлар ва уларнинг ваколатхоналари билан алоқани чеклаш ҳақда фармон чиқарганди. Ташқи Ишлар Вазирлиги ходимлари раҳбарият рухсатисиз Ғарб давлатлари дипломатлари билан учрашмаслик, улар билан телефон орқали гаплашмаслик, уларнинг сўровларига жавоб бермаслик, музокара мавзусини олдиндан раҳбариятдан тасдиқлатиб олиш, Ғарб давлатлари ташкил килган анжуманларга бормаслик талаблари ёзилган ҳужжатга имзо қўйдилар.
Каримов мамлакатни узил-кесил айғоқчилар уясига айлантиришга қарор қилди. У дипломатик ваколатхоналарда ходимларини маҳфий хизмат органлари ходимлари билан алмаштиришга буйруқ берди. Оврупа Иттифоқи давлатларидаги дипломатик ваколатхоналар ходимларининг ҳаммаси Миллий Хавфсизлик Хизмати ва Мудофаа Вазирлигининг Бош Истиҳбарот (Разведка) Бошқармаси ходимлари билан алмаштирилди. Шу зайлда Ўзбекистон Русия билан Оврупада изчил истиҳбарот (разведка) фаолиятига киришмоқда. Бу – «совуқ уруш»нинг бошланиши, десак муболаға булмайди.
Ғарб Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг демократлашув жараёнида нима қила олиши мумкин?
— БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти, Овропарламент, Мустақил  ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари орқали режимга қарши босимни кучайтириши;
— АҚШ ва Оврупа Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматининг ғайридемократик моҳияти борасида ўз нуқтаи назарини очиқ ифода этиши ва ҳукуматдан демократик мухолифат партияларини легаллашувини талаб қилиши;
— Мавжуд режимга қарши сиёсий санкциялар жорий этиши (халқаро ташкилотларда овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум этиш, халқаро ташкилотлар томонидан ташкил этилган анжуманларда ҳукумат расмийлари иштирокини чеклаш ва ҳаказо);
— Ўзбекистон демократик кучларининг тикланиши ва тараққий этишига ёрдам бериш, Каримовдан демократик мухолифат билан музокаралар олиб боришни талаб қилиши мумкин.
Шунингдек, Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ваколатхоналарининг ўлкада демократлашув ва инсон ҳақларини ҳимоя қилиш борасидаги БМТнинг тараққиёт Дастурини татбиқ этиш, Демократик институтлар ва инсон ҳақлари бўйича Бюро очиш, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилоти ва Хьюман Райтс Вотч сингари бошқа ташкилотлар фаолиятига шароит яратиши лозим.
— Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатлар ва Русия билан биргаликда Ўзбекистондаги ва Марказий Осиёдаги бозор иқтисоди ва демократия истиқболларига доир масалалар муҳокама қилинадиган форумлар ўтказиши;
— Ўзбекистоннинг давлат лойиҳаларига бериладиган молиявий ёрдам миқдорини қисқартириб, хусусий секторга кўрсатиладиган ёрдам миқдорини ошириши мумкин.
Биз мавжуд режимга муқобил нима таклиф қиламиз?
Бизнинг мақсадимиз қисқа муддатда мамлакатимиз аҳолисининг яшаш стандартини Русия ва Қозоғистон аҳолисининг турмуши савиясига эриштирмакдир. Бунинг учун биз бир-бирига боғлиқ қатор масалаларни ҳал қилишимиз лозим. Булардан энг муҳимлари шулардир:

1. Иқтисодий модернизация
Бозор иқтисодига ўтказиш зарурати бўлган барча соҳаларда бозор иқтисоди принципларини жорий қилиш;
Қишлоқ хўжалигини ислоҳ этиш, советлар давридан қолган колхоз тизимини бекор қилиш, ерни хусусийлаштириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлайдиган инвестиция Маркази барпо этиш;
Очиқ, шаффоф энергетика сиёсати юргизиш, энг муҳим нефть ва газ тармоқларини ривожлантириш;
Бевосита Ҳорижий Инвестициялар (FDI) миқдорини купайтириб, сармоя технологиялари оқимини кенгайтириш, минтақада эркин савдо алоқалари ўрнатиш, чегараларни савдо-сотиққа очиш;
Қора бозор яратган бўшлиқни тўлдириш учун ўзбек сўми конвертизациясини тезлаштириш;
Хусусий тармоқлар ва савдо-сотиқ устидан давлат назоратини олиб ташлаш;
Кучли ижтимоий таъминот тизимини барпо этиш, Дунё Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш;
Тараққиёт ва стабилизация (истиқрор) Фондини ислоҳ этиш;
Солиқ ислоҳоти ўтказиш;
Хусусий тижоратни ва ҳорижий сармояларни рағбатлантириш;
Бюжетдаги тирқишларни бекитиш ва қора бозорга шароит яратувчи сиёсатдан воз кечиш;
Коррупцияга қарши кенг миқёсда кураш олиб бориш ва бу муаммога давлатнинг барча поғоналарида барҳам бериш, бу соҳага оид янги қонунлар жорий этиш.

2. Ижтимоий модернизация
 Бозор иқтисоди қонунларига асосланган янги ижтимоий сиёсат жорий қилиш; муҳтож қатламларни ижтимоий таъминлаш учун самарали пенсия ислоҳоти ўтказиш (бунда Қозоғистоннинг уч поғонали пенсия жамғармалари тизими шаклидан фойдаланиш мумкин);

3. Демократия ривожи ва сиёсий тизимни модернизация этиш
 Мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этишлари учун барча дунёвий, демократик, сиёсий гуруҳларни реабилитация этиш; Тамал инсон ҳуқуқларини жорий этиш: сўз ва виждон эркинлиги, тўпланиш ва митинглар ўтказиш эркинлиги билан таъминлаш, оммавий ахборот воситалари устидан ўрнатилган цензурани бекор этиш;
Маҳкама тизимларини қайта қуриш; хусусий, ҳорижий сармоялар – ҳаммаси халқаро адлия мезонларига мос адлия тизимига боғлиқ бўлиши лозим.

4. Миллий хавфсизлик
Терроризм, диний экстремизм, гиёҳ савдоси ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш учун Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш;
НАТО ва бошқа Ғарб давлатлари мудофаа тизимлари билан ҳамкорликни давом эттириш; Ўзбекистон армиясини модернизация этиш; Русия ва Хитой билан ҳамкорлик қилишнинг самаралироқ йўлларини излаш.

5. Ташқи сиёсат йўналиши
Минтақадаги барча жараёнларда Марказий Осиё жумҳуриятлари билан яқин ҳамкорлик этиш; АҚШ, Оврупа Иттифоқи, Русия ва Хитой билан ҳамкорлик боғларини мустаҳкамлаш;
Қўшни давлатлар билан икки томонлама яқинроқ ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, савдо, транспорт алоқалари, энергия маршрутлари, электр энергияси етказиб бериш, коммуникация воситалари кўламини кенгайтириш; Терроризмга, диний экстремизмга, наркотик савдосига қарши курашда бу давлатлар билан яқинроқ ҳамкорлик ўрнатилмоғи лозим.
Жамиятда давлат тизимларига бўлган ишончнинг емирилиб бораётгани – минтақамиз юзма-юз турган энг катта хатарлардан биридир. Бу хатарга ёрқин мисол сифатида — Толибон режими ағдарилганидан сўнгги ижобий ўзгаришларни ҳисобга олмаганда — Афғонистондаги вазиятни келтириш мумкин.
Биз мутараққий ва ҳур дунё жамоатчилигини минтақа инсонлари қалбларидаги қўрқув ўрнига озодлик ва ойдин келажак туйғуларини уйғотишга восита бўлишга чақирамиз.  

(2005)
  
  

Кaрнеги институтида қилинган маърузаси

Вашингтон шаҳри, 24.07.2006

Ҳурматли хонимлар ва жаноблар!
Каримов режими изоляция синдромини бошидан кечирмоқда. Европа Иттифоқининг кичик бир рамзий чеклови ва баъзи АҚШ сенаторларининг ҳам айни санкцияларни қўллаш ҳақидаги чақириқларининг ўзиёқ бу ўртаосиёлик диктаторни саросимага солиб қўйди. Унинг бу аянчли ҳолатини шу йилнинг 13 май куни Сочида Россия Президенти В. Путин билан бўлган учрашувда яққол кўриш мумкин эди. Андижон фожеаларининг бир йиллиги арафасида ўтказилган бу учрашувда Путин бир қўли билан ўзининг суюкли ити Конини, иккинчи қўли билан эса Каримовнинг бошини силаб турарди.
Изоляция синдромининг дастлабки асоратлари шу қадар аччиқ эдики, ўзини тамомила йўқотиб қўйган Президент Каримов субординация қоидаларини ҳам унутиб, Андижон қўзғолонига алоқадор хисобланган етакчиларни ҳибсхоналардан ҳузурига чақириб, Америка ва маҳаллий сотқинлар туфайли нураб бораётган обрў-эътиборини сақлаш учун ёрдам беришларини илтимос қилган. Бу чорасиз тутқинлар ҳам Ғарб давлатларидан сиёсий бошпана олган қариндош-уруғларини қон ва тер ҳиди анқиб турган қоронғу камераларидан туриб, ортга қайтишларини сўраб хатлар ёза бошлашди. Бу ҳаракатларнинг маҳсули ўлароқ, 12 қочқин яқинда тавба-тазарру билан ўзларини авф этган ўзбек диктаторига ҳамду санолар айтиб, Ўзбекистонга қайтишди.
Бундан бир ой муқаддам Германияда яшовчи бир гуруҳ қочқинлар ҳам Ўзбекистон Президентига мактуб билан мурожаат қилиб, ўз Ватанларига қайтиш орзусида эканликларини маълум қилган эдилар. Андижон билан чегарадош бўлган Ўш шаҳридаги қочқинлардан олинган хабарга кўра «акромийлар» идеологи Акром Йўлдошев ўз тарафдорларига хат билан мурожаат қилиб, Андижон хунрезлиги гувоҳларининг барчасини Ўзбекистонга қайтишларини илтимос қилган.
Агар Каримов режимининг уларга бўлган муносабати самимий бўлганда эди, биз қочқинларнинг ўз Ватанларига қайтишга бўлган иштиёқларини қутлаган булардик. Афсуски, ундай эмас. Қочқинларни ортга қайтариш билан Каримов улар воситасида ўзининг Андижондаги қонли жиноятларини хаспўшлаб, дунё ҳамжамияти олдида ўзини оқлаш ва сўниб бораётган нуфузини қайта тиклашни мақсад қилиб қўйган. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг Акром Йўлдошевни руҳан синдириб, уни расмий ҳукумат доиралари билан ҳамкорлик қилишга кўндириш учун амалга оширилган ёвуз ҳаракатлар миқёсини тасаввур қилиш қийин эмас.
Яна шуни айтиш жоизки, Каримов Андижонда юзлаб тинч намойишчиларни отиб ўлдирганидан сўнг ўз қотиллиги учун жазоланиши мумкинлигини ўйлаб, уч ой давомида ваҳима ва саросима ичида яшади. Бу жазодан қўрқиб, гоҳ Пекинга чопди, гоҳ ўзини шармандаларча Россия Президенти оёқлари остига отди. Жазо муқаррарлигини нафақат Каримов, балки унинг яқин элитаси — ҳамтовоқлари ҳам кутган эди. Андижон намойишини бостиришга у ёки бу шаклда алоқадор бўлган қувват тизимларининг барча раҳбарлари ўзлари, оиласи ва фарзандларининг келажагидан қаттиқ хавотирга тушиб, типирчилаб қолгандилар.
Бундай қўрқув ва парокандаликни нафақат қувват тизимлари мутасаддилари, балки Каримов ҳукуматининг барча юқори табақа мулозимлари ҳис қилишган эди. Чунки Ўзбекистон Ғарб томонидан буткул изоляция қилинса, бу давлатларга сафар қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлишдин қўрққандилар. Негаки, уларнинг аксарияти ўз арзандаларини Ғарбнинг тинч ва фаровон давлатларида ўқитар, тўплаган беҳисоб бойликларини ҳам айнан шу давлат банкларида сақлар эдилар.
Лекин уларнинг бу хавотирлари оқланмади. Ғарб Каримов ва унинг ҳукумати кутган жазо чораларини қўлламади. Шу тариқа, уч ойлик қўрқув ва саросима тугаб, қасос ва ўч олиш мавриди келди. Андижон намойишида иштирок этган ва омон қолган одамлар, оммавий қирғин ҳақида дунёга хабар тарқаган журналистлар, мухолифат аъзолари ва ўзгача фикрловчи барча кишиларга нисбатан мисли кўрилмаган даражада зулм, таъқиб ва тазйиқлар бошланди. Мингларча инсон қамоққа ташланди. Ҳеч бир изоҳсиз, барча ҳорижий ноҳукумат ташкилотлар ва фондлар бирин-кетин таъқиқланди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ва мухолиф ҳаракат лидерлари ҳибсга олинди ёки мамлакатдан бадарға қилинди.
Қилинган жиноятга яраша муносиб жазо қўлланилмагач, режим ўз фаолиятини яна олдингидай давом эттира бошлади. Ҳолбуки, улар саросимага тушган дастлабки уч ойда, Ғарб Каримовни танқид қилиб, изоляция таҳликаси қуюқлашган пайтда унинг ҳукумати аъзолари ўзларини қутқариш ва Ғарб билан муносабатларни сақлаб қолиш учун ҳатто «сарой тўнтариши» қилиб бўлса-да, ўз Президентларидан юз ўгириш ҳақида ҳам ўйлай бошлаган эдилар.
Каримовнинг ўзи ҳам Европа Иттифоқи давлатлари ва Америка Қўшма Штатлари билан муносабатларнинг совуқлашиб, халқаро изоляция тобора кучайиб бораётган бир пайтда Россия ва Хитойдан топилган юпанч ва таскин унга етарли эмаслигини, бу вақтинчалик эканини яхши биларди. Ғарб иқтисодидан узилиш оқибатлари аллақачон ўзини кўрсата бошлади. Шу билан бирга, Каримов ўзининг бу давлатларда — Оврупа Иттифоқи ва Америка Қўшма Штатларида — исталмаган меҳмон эканини ҳам тобора чуқурроқ англаб етмоқда. Ўзининг халқаро нуфузи пасайиб, фақат Россия, Хитой ва собиқ МДҲ давлатлари доирасидагина жон сақлаётгани, бу ҳол ачинарли ва истиқболсиз эканини Каримов яхши билади.
Шунга қарамай, саросима ва парокандаликдан бир оз ўзига кела бошлаган Каримов тушиб бораётган обрўйини яна тиклашга уринмоқда. Каримов нуфузини тиклаш уринишлари натижаларини қуйидаги шаклларда кўриш мумкин: Ватанига қайтаётган қочқинлар ва уларнинг раҳнамолари оммавий суръатда тавба-тазарру қилиб, гўё Андижон фожеаларига сабабчи бўлган халқаро экстремистик кучларга қарши гувоҳлик бериши воситасида, Андижонда қон тўккан режим ҳаракатлари маъқулланиб, дунё ҳамжамияти олдида Каримовнинг оқланиши кўзда тутилмоқда. Ҳатто баъзи Ғарб давлатларининг ундан Андижон борасида «чалғитилганлари» учун узр сўрашлари умид қилинмоқда.
Оврупа Иттифоқи билан яна олдингидек сиёсий ва иқтисодий муносабатларни тиклашга имо-ишоралар қилинмоқда. Элёр Ғаниевнинг яна олдинги лавозимига қайтарилиб, унинг ўрнига Ўзбекистоннинг Оврупа Иттифоқи ва Бельгиядаги элчиси Владимир Норовнинг Ташқи ишлар вазири этиб тайинланиши ана шу янги стратегиянинг бир парчасидир.
Бундан бир оз аввал, Андижон фожеаларига бевосита алоқадор Ички ишлар вазири Зокир Алматов ўз вазифасидан олиниб, Мудофаа вазири Қодир Ғуломов эса жиноий жавобгарликка тортилган эди.
Ўз халқига қарши қилинган жиноятнинг вақт ўтиши баробарида унутишидан умид қилган Каримов Андижон фожеаларини энди қувват тизимларининг баъзи лаёқатсиз раҳбарлари томонидан «нотўғри ва бемақсад қурол қўллаш» оқибатида содир бўлган, деб қайта таъриф бермоқчи. Ва Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларининг Америка Қўшма Штатларига нисбатан олиб бораётган тарғибот урушидан қатъий назар, Каримов аллақачон норасмий каналлар орқали АҚШ билан илгариги муносабатларини тиклаш умидида. Боз устига, бу қудратли давлат ҳарбийлари ичида бу ҳамкорликка қизиқувчилар ҳали ҳам бор. Вашингтондаги баъзи университетларининг баъзи профессорлари ҳам Каримовга бу борада ёрдамчилик қилишмоқда.
Бугун Андижон фожеаларига разм солсак, шундай манзара намоён бўлади:
Андижон воқеаларидан сўнгги ўтган давр мобайнида Ўзбекистонда вазият жуда ёмонлашган. Ўлка демократия тамойилларидан жуда узоқлашди. Баъзи таҳлилчилар буни Ғарб Ўзбекистондан юз ўгиргани билан изоҳлашмоқда. Лекин бу нотўғри таассурот. Назаримда, Ғарб ва АҚШ Каримов режимига унинг Андижонда ишлаган жиноятига муносиб жавоб бермагани оқибатида у демократиядан узоқлашди.
Ғарб, ҳаттоки, Белорус Президенти Александр Лукашенкога қўллаган санкциясининг ўндан бир қисмини ҳам Каримовга нисбатан қўлламади. Албатта, Лукашенко режими нодемократик тузум ва у Вацлав Хавел билан муқояса қилинганда, унинг автократлиги шубҳасиздир. Бироқ, Каримов билан солиштирилганда Лукашенкони «демократ» деб юборгинг келади. Агар Каримов режимига Лукашенко режимига нисбатан қўлланган санкция ва жазо чоралари қўлланганда эди, балки бугун Ўзбекистондаги вазият буткул бошқача бўлар эди. Аммо тушкунликка тушиш керак эмас. Ҳали умид бор.
Биз АҚШ ва Оврупа Иттифоқидан Каримов режимига нисбатан уларнинг халқаро майдондаги ўз салоҳият ва мавқеларига мос муносабат кутамиз. Одатда, диктаторларни дипломатик йўл билан тарбия қилиш жуда қийин. Бунга тарихда мисоллар жуда кўп, энг сўнгги мисол Саддамдир.
Фақатгина кучли ва қаттиқ халқаро босим ва санкцияларгина Каримов режимига таъсир қилиши мумкин. Мен бу борада сенатор МакКэйннинг таклиф ва мулоҳазаларини қўллаб-қувватлайман ва бу ташаббусни эътиборга молик, деб биламан.
Шу билан бирга, биз сенатор МакКэйннинг бу ташаббуси Сенат ва Конгрессда қўллаб-қувватланишини ва унинг тадрижини кутамиз. Америка сиёсатчилари инсониятнинг тараққийпарвар кучлари улардан ҳамиша ўрнак ҳаракат кутаётганини унутмасликлари керак.
Эътиборларингиз учун ташаккур!

(2006)  

Марказий Осиё муаммолари бўйича АҚШ Конгрессида қилинган маъруза

Вашингтон шаҳри, Колумбия Округи, 25 июл 2006 йил 

Биз Каримов режими билан ҳамиша мулоқот тарафдори бўлганмиз ва Ғарбнинг мазкур режим билан олиб борган мулоқотларини ҳамиша қўллаб-қувватлаганмиз. Бу мулоқотлар асносида Ғарб Ўзбекистондан демократия тамойилларига амал қилиш билан бирга, унинг иқтисодий ривожланишига замин яратиб, мустақиллигимизнинг мустаҳкамланиб боришига баҳоли қудрат ҳисса қўшгани учун ҳам бу мулоқотларни олқишлаган эдик.
Бироқ, Президент Каримов ўзбек халқининг иродасига қарши бориб, Ғарб демократиясидан юз ўгирди ва бу билан бутун дунё ҳамжамиятига унинг режими учун Ўзбекистонда демократик тамойилларнинг шарт эмаслигини маълум қилди.
Каримов режими билан мулоқотларни бугун ҳам давом эттириш тарафдорлари Ғарб Ўзбекистонни халқаро изоляция (иҳота) сари қалтис қадам қўйса, ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан ютқазади, дейишмоқда. Бу дўстларга тасалли бермоқчиман: Ғарб Ўзбекистонда на сиёсий, на иқтисодий ва на ҳарбий соҳада ҳеч нарса йўқотгани йўқ. Негаки, бу жабҳаларда қозонилган ҳеч нарса йўқ. 15 йил давомида Тошкент билан бўлган ҳамкорликнинг самараси ҳаминқадар эди. Бугун, минг афсуски, улар ҳам йўқ ҳисоби.  
Сиёсий соҳани олиб кўрайлик. Ғарб билан 15 йиллик ҳамкорлик давомида тузилган демократия тамойилларини шакллантирувчи институтлар ҳамиша Президентининг инжиқ ва жиловсиз табиатига боғлиқ бўлиб келди. У истаган пайтда бу ташкилотларни бир зумда таъқиқлаб, йўқ қилиб юбориши мумкин эди. Ғарб ундан Андижон хунрезлигининг мустақил терговини талаб қилганида шундай бўлди ҳам!  
Энг ачинарлиси,15 йиллик ҳамкорлик давомида Ғарб Ўзбекистонда мухолифат фаолиятини қонуний(машруъ)лаштириб, унинг иштирокида сайлов ўтказишга ёки бирорта мустақил номзодни сайлов рўйхатидан ўтказишга эриша олмади.
Ўтган шу 15 йил мобайнида Каримов режими билан баҳслаша оладиган, унга мухолиф бўлган бирорта сиёсий партия рўйхатдан ўтказилмади. Атиги иккита ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти расмийлаштирилди, аммо кўп ўтмай уларнинг фаолияти ҳам таъқиқланди.  
Тўғри, бир муддат Ғарб давлатлари ва халқаро жамоат ташкилотлари сайъи-ҳаракати билан Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишини қўллаб-қувватловчи дастур қабул қилиниб, демократия ва ошкораликни ривожлантирувчи институтлар фаолияти йўлга қўйилди. Қашшоқликка қарши кураш ҳаракати беминнат иш олиб борди. Бу хайрли ва савобли ишлар учун қанчадан-қанча маблағ ва гуманитар ёрдамлар, не-не мутахассис ва олимлар, таҳлилчи ва тадқиқотчилар меҳнати сарфланмади, дейсиз. Аммо Ғарбнинг бу уринишлари ўша Битта одам истаги билан бир онда чиппакка чиқди!
Шу ва шунга ўхшаш барча самимий истак ва интилишларига қарамай, Ғарб Каримовдан инсон ҳуқуқларини яхшилаш, диний ва сиёсий қарашлари учун инсонларга уйғуланаётган қийноқ ва репрессияларга барҳам беришда бирор бир натижага эриша олмади. Албатта, Ғарбнинг бу талаблари режим бедодликларини бир оз бўлса-да жиловлаб туришга хизмат қилди. Лекин, минг афсуски, бу Президент Каримовнинг ички сиёсатини ўзгартириш учун етарли эмас эди. 
Ҳарбий масалаларда ҳам, террорчиликка қарши кураш ва наркотик ва қурол савдоси бўйича ҳам аҳвол деярли шундай.
Кўп шов-шувга сабаб бўлган Хонобод базаси ҳам АҚШ ва унинг НАТОдаги шериклари учун Марказий Осиёдаги узоқ муддатли режаларини амалга оширадиган манзил вазифасини ўтай олмади. Унинг вазифалари стратегик мақсадлардан кўра тактик йўналишлар савиясида чегарали қолди. Ва унинг тақдири ҳам, бошқа кўпгина ҳолларда бўлгани каби, яна ўша Битта кишининг иродасига боғлиқ бўлиб чиқди. 
Каримов режимига ноқонуний наркотиклар ва қуроллар айланишига ҳамда террорчиликка қарши кураш доирасида Ғарб томонидан берилган ҳарбий-техникавий ёрдам Каримов томонидан ўзгача фикрловчи кишиларга ва мухолиф кучларга қарши кураш учун ишлатилди. Буни нафақат Андижонда, бошқа жойларда ҳам кўриш мумкин эди.  
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳали ҳам Афғонистондан келаётган наркотрафик оқимининг асосий базаси бўлиб қолмоқда. Бу трафикни назорат қилувчи жиноий структура ва гуруҳлар Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари ва юқори доирадаги ҳукумат мулозимлари билан тил бириктирган ҳолда фаолиятларини олиб бормоқда.
Терроризмга қарши кураш учун ажратилган халқаро маблағнинг асосий қисми Президентнинг шахсан ўзини ва оиласи хавфсизлигини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш учун ишлатилмоқда.
Иқтисодий аҳвол манзаралари бундан-да аянчли. Президент Каримовнинг ҳукмронлик давридан бўён мамлакатда ҳали ҳам Ғарб сармоядорлари (инвестицияси) учун мўътадил вазият яратилмаган. Ўзбекистон ҳануз тадбиркорлик фаолиятининг барча кўринишлари учун хавфли зона бўлиб қолмоқда. Барча ташқи иқтисодий ва савдо операциялари шахсан Президент, унинг оиласи ва яқинлари томонидан назорат қилинади. Аксар ҳолларда ўзбек томони чет эллик шериклари билан имзолаган катта контрактлардаги молиявий мажбуриятларга амал қилишмайди. Шу боис, қатор ғарблик иқтисодий шериклар Ўзбекистонга фақат давлат, Президент кафолати билангина инвестиция (маблағ) киритишни одат қилишган. Айни масала бўйича кимлар билан шерикчилик қилиш ва қайси суммада, қандай контрактларни имзолаш ҳуқуқи яна ўша биз билган Битта одамга ва унинг шахсий  манфаатлари билан чамбарчас боғлиқ.
Бунинг ёрқин мисоли сифатида яқингинада Ўзбекистон ҳукумати қабул қилган бир қарорни келтириш мумкин.  Чет эл инвестициясига эга бўлган 30 га яқин йирик қўшма корхоналар учун солиқдан озод қилинганлиги ҳақидаги имтиёзлар бекор қилинди. Улар орасида «Ньюмонт Голд», «Тексако», «Нестле» ва бошқа корхоналар бор. Солиқдан озод қилиш ҳақидаги имтиёз фақат Россиянинг «ЛУКОЙЛ» ва «Газпром» ширкатларига насиб этган, холос.
Кўриб турганингиздек, ҳукумат ва ҳатто Президентнинг кафолатлари ҳам — худди унинг ташқи сиёсати каби — инсонларда ишонч уйғотишга уйғота олмайди. Бу Битта одам кеча Ғарб инвестицияларига ишонч билдирганди, бугун Россия афзал кўрмоқда. Эртага нима бўлишини айтиш жуда қийин. Эртага Россия инвесторлари Ғарбнинг бугунги аҳволига тушмаслигига ким кафолат бера олади? Эрта бир кун Ўзбекистоннинг навбатдаги стратегик ҳамкори Шимолий Корея бўлиб, Президент Каримовнинг шахсий хавфсизлигини бугун уни террорист деган одамлари қўриқлайдиган бўлса ҳам, бунга ҳеч ким ажабланмайди.  
Каримовнинг беқарор феъли ва жиловсиз табиати давлат осойишталигига доим раҳна солиб туради. Хавфли характерга эга бўлган лидер юрт хавфсизлигига қандай кафил бўлаолади? 
Сўзимнинг якунида бир аниқлик киритиб ўтмоқчиман. Мен Ғарб Ўзбекистонда ҳеч нарса йўқотмади, деганимда бир оз янглиш гапирдим. Ғарб, ҳар қалай, ниманидир йўқотди. Ғарб у ерда Вақтини йўқотди. Бу ҳайф бўлган вақт Ўрта Осиё диктатураси табиатини ўрганиш учун кетди. Зулм, тазйиқ ва давлат террорига таянган  тузум билан ҳамкорлик қилиш беҳуда эканини англашга сарф бўлди бу вақт. Биз Президент Буш  ва Президент Путин бир овозда «террорчилар билан мулоқот мумкин эмас!» деганларини тушунамиз. Лекин биз Ўрта Осиёдаги давлат террорининг бош меъмори Ислом Каримов баъзи давлат раҳбарлари учун самимий мулоқот субъекти бўлаётганини ҳеч тушунолмаймиз.
Юқорида айтилганлардан келиб чиқиб, шундай хулоса қилиш мумкин: 
Бутун Марказий Осиёда Ўзбекистондан бошқа бирор бир давлат йўқки, бир кишининг хоҳиш-иродасига шунча нарса боғлиқ бўлсин. Лекин, бошқа томондан, диктаторлик режими айнан шу жиҳати билан ҳам бир ажиб заифликка эга: яъни ўша Битта кишини, атиги Биттагина кишини алмаштириш билан бутун бир мамлакат ва ҳатто минтақада вазиятни тубдан ўзгартиш мумкин. Коммунист Каримовнинг ўз таъбири билан айтганда, «Одам йўқ, муаммо ҳам йўқ».
Мен ўзбек ҳукмдорини куч ишлатиб ағдариб ташлашга даъват этмоқчи эмасман. Бор-йўғи, дунё ҳамжамияти Ўзбекистондаги бу Битта кишининг шахсий ҳокимиятига барҳам бериш йўллари ҳақида ўйлашига фурсат етганини айтмоқчиман, холос.  
Янада очиқроқ айтсак, масала шу. Бутун куч ва саъйи-ҳаракатни демократия институтлари ривожи каби турли тадбирларга сарф этмоқ мантиқлими ёки бутун бу тадбир ва ҳаракатларимизнинг муваффақияти ёки мағлубияти яна ўша Битта одамнинг иродасига боғлиқлигини ҳисобга олиб, бу Битта одамнинг чегарасиз ҳокимиятига чек қуйиш мантиқлироқми? 

«Жазо чоралари кучайтирилиши керак»

Ўзбекистоннинг мухолифатдаги «Эрк» демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳ АҚШ ва Оврўпо Иттифоқини Президент Каримов тузумига қарши қаттиқроқ жазо чораларини қўллашга чақирган.
Вашингтондаги Карнеги марказида (Carnegie Endowment for International Peace) гапирган жаноб Солиҳга кўра, Ўзбекистондаги вазиятни фақат халқаро ҳамжамиятнинг қатъий ҳаракатлари билангина ўзгартириш мумкин.
Америка Қўшма Штатлари Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказишга чақирган, аммо Ўзбекистонга нисбатан жазо чораларини қўллашдан бош тортган.
Муҳаммад Солиҳ Вашингтондаги чиқишида Сенатор Жон МакКейн ва Конгрессмен Кристофер Смитлар таклиф этган жазо чораларини олқишлаган.
Бу — «Эрк» партияси раҳбарининг Андижон воқеаларидан сўнг Америкага иккинчи сафаридир. Би-би-си Муҳаммад Солиҳдан бу сафарги ташрифдан мақсад нима, деб сўраган.
Муҳаммад Солиҳ: Бу сафарги ташрифимиз ўтган йили бошланган диалогнинг давоми, деса бўлади. Бу сафар ҳукумат доираларида ҳам учрашувларимиз бўлди. Уларда ҳам Ўзбекистон тақдирига, Ўзбекистондаги вазиятга қизиқиш, у ердаги муаммоларни нақадар тез ечиш мумкин ва ғарб давлатларининг бу муаммоларни ечишдаги роли ҳақида анча яқиндан қизиқиб, саволлар беришди ва бизнинг фикрларимизга қулоқ солишди, бу келажакда Американинг Ўзбекистон сиёсатида ижобий маънода акс этади, деб умид қилаяпмиз.
Лекин диктаторларни ҳеч қачон дипломатия тарбия қила олгани йўқ. Диктаторларга санкциялар, қаттиқ санкциялар керак.
Би-би-си: Лекин Америка Ўзбекистон ҳукуматини Андижон воқеалари юзасидан жавобгарликга тортиш борасида аниқ ҳаракат қилишга унчалик ҳам иштиёқи бор кўринмайди, қайтага, Вашингтонда сўнгги пайтларда Президент Каримов билан муносабатларни қайта тиклаш истагида бўлганлар ҳам борлиги айтилаяпти. Сизга ҳам шундай туюлмаяптими?
Муҳаммад Солиҳ: Албатта, Америкада ҳам ҳар хил давлат тизимларида ҳар хил ўйлайдиган одамлар бор, бу табиий. Давлат сиёсатини шакллантиришда бу гуруҳларнинг ҳаммасининг фикри олинади. Шунинг учун бу ерда битта йўналишдаги ёки бир хил ғояни кўриш, уни кутиш мумкин эмас. Лекин ўйлайманки, Америка ҳукумати Андижондаги қонли воқеаларнинг миқёсини яхши ҳис қилади, фожеанинг миқёсига мос бир сиёсат ўртага қўяди, деб умид қиламиз. Биз Американинг Ўзбекистонга нисбатан санкциялар қўллашини талаб қиламиз ва бунинг нима учун зарур эканлигини бу ердаги мулоқотларимизда тушунтираяпмиз.
Би-би-си: Аммо иккинчи тарафдан, санкциялар Ўзбекистон ҳукуматига қанчалик таъсир кўрсатиши мумкин? Масалан, Оврўпа Иттифоқи жорий қилган санкциялар амалда ҳеч қанақа таъсирга эга бўлгани йўқ-ку?
Муҳаммад Солиҳ: Мен бундай деб ўйламайман. Таъсирга эга бўлди ва таъсирга эга бўлгани учун ҳам Ислом Каримов бугун бир саросима ичида. Агар саросимада бўлмаганда эди, ўша ташқарига чиқиб кетган андижонликларни қайтариш учун ва уларнинг тили билан режимни оқлаш учун, янги бир миф, янги бир афсона уйдириш учун ҳаракат қилмаган бўларди. Бу очиқчасига кўринаётган нарса. Каримов бугун ўша изоляция синдромини яшаяпти.
Би-би-си: Лекин амалда унчалик ҳам яккаланиб қолаётгани йўқ-ку. Хусусан, Оврўпо Иттифоқининг ҳайъатлари Ўзбекистонга бот-бот ташриф буюраяпти. Икки ҳафта муқаддам Олмония ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Ўзбекистонда бўлди. Ўзбекистоннинг парламент ҳайъати Франсага сафар қилаяпти. Шу маънода «Ўзбекистон яккаланиб қолаяпти», деб айтиш қанчалик ўринли?
Муҳаммад Солиҳ: Ўзбекистон Хитой ва Россия xориж бошқа давлатлар билан яқин алоқада бўлаётгани йўқ. Албатта, постсовет ҳудудидаги давлатлар билан, қўшнилар билан алоқалар бор, улар ҳам аслида таранг алоқалар, дейиш мумкин. Ҳа, тўғри, Олмония бошқа Оврўпо ўлкаларидан фарқли ўлароқ, Ўзбекистонга нисбатан доим прагматик бир сиёсатни маъқул кўрган. Лекин диктаторларни ҳеч қачон дипломатия тарбия қила олгани йўқ. Диктаторларга санкциялар, қаттиқ санкциялар керак.
(BBC, 27.07.2006)


Мундарижа

ФАРИШТАЛАРНИ УНУТМАНГ ……………………………..

ТЎҚСОН ОЛТИНЧИ ЙИЛГА БИР НАЗАР ………………………

БУГУН ЎЗБЕКИСТОНДА НИМА ҚИЛИШ КЕРАК ? ……..……..

ҚАЙТИШ ҲАҚИДА …………………………………………………..

УМИД САСИ …………………………………………………………..

САРОСИМАГА ТУШГАНЛАР ҲАҚИДА …………………………

САССИЗ ҲАЙҚИРИҚ …………………………………………………

Зиё Бунёдов …………………………………………………………

ЭСКИ МУХОЛИФ – ЯНГИ МАДДОҲ …………………………………

ИСТАНБУЛДА ЖУМА ………………………………………………

ИЛМ ………………………………………………………………………

АНГЛИЯДА САЙЛОВ …………………………………………………….

Миллат пора-пора бўлди порадан …………………………….

“ОЗОДЛИК” ТУРКМАН РЕДАКЦИЯСИГА ЖАВОБЛАР ……………

Байрамдан беш юз метр нарида ………………………………..

Мустабид тузум матбуоти ва зиёлилар ……………………

Миллий манфаат доирамиз ………………………………………

Ушалмас орзулар ……………………………………………………….

Ҳайратланиш насиб бўлмади ……………………………………

Жасорат бер, Оллоҳим бизга! …………………………………….

Қайтиш масаласида ………………………………………………….

Мунофиқликдан сақланинг ………………………………………
Қоп-қора ёлғон …………………………………………………………..
Минтақадаги хавф ……………………………………………………..
МАҲКАМАДАН АВВАЛ… ……………………………………………….

СОХТА ГУВОҲНИНГ ТУШИРГАН ҚОВУНИ ……………………….

ЖАР ЁҚАСИДАГИ ДАВЛАТ …………………………………………….

…Маҳкамадан сўнг …………………………………………………

‘’ЎРТА ОСИЁ СИЁСАТИНГИЗНИ…’’ ……………………………………

Ўзбекистонда матбуот ……………………………………………

«Унлилар уйғунлиги» ……………………………………………..

Ўзбекистонда диний ва сиёсий мухолифат …………….

ОВОЗИ ЎЧИРИЛГАН ХАЛҚНИНГ ОВОЗИ ……………………………

МЕНИНГ ПАНТУРКЧИЛИГИМ ВА ШАРИАТЧИЛИГИМ …………

БИР ЁЛҒОННИНГ ТАРИХИ ……………………………………………..

РЕЖИМ ҚАЗИГАН ЧУҚУР ………………………………………………

Ақлнинг йўли – демократия ……………………………………

Яхшилик ва Ёмонлик ………………………………………………

ТАЪҚИҚЛАНГАН ТАРИХ ……………………………………………….

Ўз тупроқларимизни ўзимиз фатҳ этайлик ……………

ТЕРРОРНИНГ ИЛДИЗИНИ ХАЛҚ КЎРСАТИШИ КЕРАК… ……..

АФҒОНИСТОН ХАВОТИРЛАРИ ………………………………………

МАҲКУМНИНГ ЎЗ БАШАРАСИДАН АЙРИЛИҒИ ………………..

«OЗOДЛИК» РAДИOСИГA БEРГAН ИНТEРВЬЮ … ……………….

«МУҲТАРАМ ДАЙН ЖАНОБЛАРИ» …………………………………

АбдулҲамид Исмоил ҳақида ……………………………

«ОЗОДЛИК» РАДИОСИГА ИНТЕРВЬЮ (24.01.2002) ……………. ………

АМЕРИКАНИНГ ШУБҲАЛИ ИТТИФОҚИ …….…………………….

«ОЗОДЛИК» САВОЛЛАРИГА ЖАВОБЛАР ………………….…………….

М. Солиҳнинг «RADIO LIBERTY»ГА ИНТЕРВЬЮcИ ..…………

Янги душман ким? ………………………………………………….

Террордан қутилишнинг йўли ………………………………..

‘’Шарқ деспотизми…’’ ……..………….

Эрк Партияси Қурултойига хиCоб  …………………………..

Диктатура тамғаси ………………………………………………….
 
ББC Рaдиoси сaвoллaригa жaвoблaр ………………………….

Давлат террорининг хроникаси

Диктaтoрлaрни етиштиргaн иқлим

БМТга, Туркия Буюк Миллат Мажлисига  Мурожаат ……………..

Шантаж …………………………………………………………………….

Глобал террорнинг икки ажралмас қисми ………………

Укаринадаги Президентлик сайловлари ҳақида ……….

Суймаганга суйкан… ………………………………………………..  

Киноя рефлексини йўқотган дунё   …………………………..

Бошқалар учун имтиҳон …………………………………………..
  
Жорж Бушнинг қайта сайланганлиги ………………………

«Бизнинг халқимиз ҳам украинлар каби…’’ …………….

Эски харитадаги янги чизгилар  ………………………………
  
Очиқ хат (Ўзбекистон Президенти  Каримовга) ……………

Мухолифатчилар ……………………………………………………..

АҚШ Конгресси Хельсинки Комиссиясида нутқ ……..

Буюк йиқилишнинг ибтидоси  ………………………………..

Абдурауф Парфининг вафотига  ………………………………
 
АҚШга қилинган сафардан сўнг интервью ……………….

«прeзидeнтлик қилиш муҳaббaтим йўқ» ………………

Тошкент режимини ислоҳ қилиб бўлмайди …………….

Инсон  туйғуси ………………………………………………………….

Киролият Институти Чaтҳaм Ҳoусда ўқилган нутқ ….

Буюк Британия PolIcy Exchange да ўқилган нутқ ……

‘’режим билан жиддий иш олиб борилмоқда…’’ …………..
 
‘’Мақсадим -байналмилал легитимлик’’ ………………………………..

Ёшларга мактуб ……………………………………………………….

Брюсселда сўзланган нутқ ……………………………………..

«Илгари бундай учрашувлар бўлмаган» ……………………

Америкалик профессорнинг инқирози …………………….

Қўрқув ўрнига озодлик …………………………………………….

Кaрнеги институтида қилинган маърузаси …………….

АҚШ Конгрессида қилинган маъруза ………………………..

«Жазо чоралари кучайтирилиши керак» ………………….

About these ads

Комментарии»

No comments yet — be the first.

Добавить комментарий

Заполните поля или щелкните по значку, чтобы оставить свой комментарий:

Логотип WordPress.com

Для комментария используется ваша учётная запись WordPress.com. Выход / Изменить )

Фотография Twitter

Для комментария используется ваша учётная запись Twitter. Выход / Изменить )

Фотография Facebook

Для комментария используется ваша учётная запись Facebook. Выход / Изменить )

Google+ photo

Для комментария используется ваша учётная запись Google+. Выход / Изменить )

Connecting to %s

Отслеживать

Get every new post delivered to your Inbox.

%d bloggers like this: